loader

098. Баййина сураси

Мадинада тушган, 8 оятдан иборат
Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган, «Баййина» луғатда «аниқ ҳужжат», яъни Аллоҳ таолонинг инсониятга юборган аниқ ҳужжат-далили Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом деган маънони билдиради. Суранинг яна бир номи Барийя (халойиқ), бошқа бир номи эса Ламякундир. Бу сурада  Аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийлар ҳамда мушрикларнинг кирдикорлари ҳақида, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига ихлос билан ибодат қилиш лозимлиги тўғрисида, охиратда кофирлар дучор бўладиган азоблар ҳамда иймон ва яхши амал билан ўтган зотларга муяссар қилинадиган мангу саодат хусусида сўз боради. Сурадан Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан юборилган аниқ ҳужжат эканликлари ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олгани сабабли у шундай номланган. Суранинг Макка ёки Мадинада тушгани ҳақида олимлар ихтилоф қилишган, аммо кўпчилик уни маданий деб ҳисоблайди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Китобийлар ва мушриклардан куфр келтирганлари очиқ Ҳужжат келгунича қайтишмаганди.
Яъни, ўзларига китоб туширилган яҳудийлар ва насронийларнинг ҳамда мушрикларнинг куфр келтирганлари Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин, аниқ ҳужжати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келгунларича куфрларидан қайтишмаганди. Абулқосим Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсирида келишича, аҳли китоблар ва мушриклар «Таврот ва Инжилда келиши ваъда қилинган пайғамбар юборилмагунича эътиқод қилиб юрган динимиздан асло қайтмаймиз» дейишарди. Аммо охирги ҳақ пайғамбар юборилганида турли баҳоналар билан бу ваъдаларидан тонишди, ҳазрати Муҳаммаднинг Аллоҳ элчиси эканларини ёлғонга чиқариб, инкор қилишди. Фахри коинот бутун инсониятга, ўзларига китоб (Таврот ва Инжил) берилган китобийларга ҳам, турли бут-санамларга сиғиниб юрган мушрикларга ҳам, ўша даврдаги ва келажакдаги барча инсонларга ҳам пайғамбар этиб юборилгандирлар. У зотга Қуръон нозил қилинганида ҳам куфр ва ширк эгалари гумроҳликдан халос бўла олмаганди. Кейин Аллоҳ таоло уларга залолат ва жаҳолатларини очиқ кўрсатиб берди ва уларни имон келтиришга даъват этди. Бундан кейинги оятда «баййина» (очиқ ҳужжат) нима экани изоҳлаб берилади:
2. Бу Аллоҳ тарафидан юборилган элчи эдики, у пок саҳифаларни ўқирди;
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафида юборилган ҳақ элчидирлар, у зот сизларга ўқиб бераётган саҳифалар Аллоҳ ҳузуридан туширилган илоҳий ваҳийлардир. Молик ибн Амр ибн Собит ал-Ансорийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Лам якуниллазина кафару мин аҳлил-китаб» сураси охиригача нозил бўлганида Жаброил алайҳиссалом: «Эй Аллоҳнинг элчиси, албатта Парвардигорингиз сизга уни (Баййина сурасини) Убайга ўқиб беришингизни буюрмоқда», деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Убай ибн Каъбга: «Албатта Жаброил бу сурани сенга ўқиб беришимни буюрди», дедилар. Убай ибн Каъб: «Эй Расулуллоҳ, у ерда менинг номим зикр қилиндими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. Ровий айтади: «Шунда Убай йиғлади» (Имом Аҳмад ривояти). Шу мазмундаги бир неча ҳадис Анас ибн Молик ва Убай ибн Каъбдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинган.  
3. уларда энг тўғри битиклар мавжуддир.
Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад алайҳиссалом инсонларга тиловат қилиб бераётган пок саҳифалар, яъни Қуръони карим сураларида энг тўғри битиклар, ҳақиқатлар, Аллоҳ таолонинг амр-фармонлари ва қайтариқлари битиб қўйилган. Қуръон саҳифалари ёлғон ва тўқималардан, шубҳа-гумонлардан, ширк- куфрлардан, оятларнинг бир-бирига зид, тескари келишидан покдир. Қуръони каримда аҳли китоблар ва мушрикларга диний ишларида ўзлари шубҳага бораётган барча нарсаларни очиқ ва тўлиқ баён қилиб берувчи ҳақиқатлар бордир. Бу китоб улар гумонга бораётганидай Пайғамбаримизнинг ижоди маҳсули ё тўқиган нарсаси эмас, балки илоҳий ваҳийлардир, инсонларга манфаатли тўғри йўлланма, ҳидоят ва ҳикмат китобидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларига Зикр (Қуръон) келган вақтда унга куфр келтирган кимсалар (азобга учрашади). Шубҳасиз, у азиз Китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмайди. У ҳикмат ва ҳамд Эгаси (томони)дан нозил қилингандир» (Фуссилат, 41-42).
4. Китобийлар фақат Ҳужжат келгандан кейин бўлиниб кетишди.
Аҳли китоблар Пайғамбар алайҳиссалом келганларидан кейин турли ихтилофларга бориб, бўлиниб кетишди. Аллоҳ таоло хабар беради:   «Аниқ ҳукмлар келганидан кейин бўлиниб кетиб, ихтилофга борганларга ўхшаманглар, уларга оғир азоб бордир» (Оли-Имрон, 105). Ҳолбуки улар Таврот ва Инжилда хабар берилганидек, Аллоҳ таоло тарафидан уларга юборилган ваҳийларда, яъни Қуръони каримда ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, бошқа барча динлардан кўра Аллоҳ рози бўлган Ислом динига эътиқод қилишга, ибодатларни Аллоҳга холис қилишга, намозларни адо этишга, закотни ҳақдорларга беришга буюрилган эдилар. Мана шу буюрилган нарсалар ўтган пайғамбарларга ҳам юкланган эди. Барчаларининг йўллари бутпарастликни рад этиб, тавҳид ва ихлос йўлини ушлаган Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф (ширкдан пок) йўлларидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бундай буюрган: «Сўнгра (эй Муҳаммад), сизга ҳақ йўлдан чалғимаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл, 123).
5. Ҳолбуки, улар ҳанифлар каби фақат ягона Аллоҳга холис ва оғишмай ибодат қилишга, намозни адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдир.
Ваҳоланки, аҳли китоблар ҳам, мушриклар ҳам ҳанифлар каби тавҳидга, яъни шериги йўқ, ягона Аллоҳга ихлос ила ибодат қилишга, намозларини беками-кўст адо этишга, молидан ҳақдорларга закот-садақаларни ажратишга буюрилган эдилар, чунки тавҳид йўли, ҳидоят йўли, ҳанифлар йўли энг тўғри йўлдир. «Ҳаниф» луғатда «чин эътиқоддаги, тақводор киши» маъносини англатади. Исломгача бўлган даврда турли қабила бутлари ва санамларга сиғинишни рад этган, тавҳидга астойдил имон келтирган, зоҳид ва тақводор, аммо яҳудийлик ёки насронийликка қўшилмаган ва Иброҳим алайҳиссалом динларида бўлган кишилар «ҳанифлар» деб аталган. Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам «ҳаниф» деб номланган. Милодий саккизинчи-тўққизинчи асрлардан бошлаб ҳаниф кўпинча «мусулмон», ҳанифлик дини эса «Ислом» маъносида қўллана бошлаган.  
6. Китобийлар ва мушриклардан куфр келтирганлари дўзах оловидадирлар ва у ерда абадий қолишади. Улар махлуқларнинг энг ёмонларидир.
Аҳли китоблар ва мушрикларнинг Аллоҳ ваҳийларини инкор қилиб, уларга куфр келтирганларининг борар жойлари маълум: улар осийликлари ва итоатсизликлари учун мангу азоб жойи бўлмиш дўзахга тўшади. У ерда абадий олов ва қийноқ азобини кўришади. Чунки улар Ер юзида юрган жонзотларнинг энг ёмонларидирлар. Ибн Жарир Табарий тафсирида зикр қилинишича, охирзамон Пайғамбарига имон келтирмаганлар Аллоҳ яратган махлуқларнинг энг ёмонларидир, шунинг учун улар дўзахда мангу азобланишади.
7. Имон келтирган ва яхши амаллар қилганлар яратилганларнинг энг яхшиларидир.
Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирганлар ва дунё ҳаётида Парвардигорнинг амр-фармонларидан чекинмай, фақат яхши амал қилиб ўтганлар Аллоҳ таоло яратган махлуқларнинг энг яхшиларидир. Қуръони каримда яхшиларнинг сифатлари бундай баён этилади: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларга буришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган,  намозини тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилардир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар» (Бақара, 177). Уламоларимиз таъкидлашларича, «Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир, ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соµаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бґлади». ПайІамбаримиз Муµаммаддан (алайµиссалом) имон нима, деб сґрашганида шу оятни ґіиганлар. Кейин яна іайта сґрашганида яна шу оятни ґіиганлар. Аллоµ битта оятда эътиіод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажралмайдиган іилган. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай ҳадислари бор: «Сизларга яхшиларингиз кимлиги ҳақида хабар берайми? Ундан яхшилик кутиладиган, ёмонлигидан хотиржам бўлинадиганлар сизларнинг яхшиларингиздир. Ундан яхшилик кутилмайдиган, ёмонлигидан омонда бўлинмайдиганлар сизларнинг ёмонларингиздир» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад», 2-жуз, 368-бет; Термизий, «Жомеъ», 2-жуз, 50-бет). Яхшилар ва ёмонларни фарқлаб олишда Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ушбу ҳадислари энг яхши ўлчовдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга нисбатан фаришталарнинг манзилидан ажабланаяпсизларми, нафсим измида бўлган Зотга қасамки, қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида мўминнинг ўрни албатта ана шундан ҳам улуғроқдир», дедилар ва ушбу оятни ўқидилар».
8. Парвардигорлари ҳузурида уларнинг мукофотлари остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннат боғларидир. Аллоҳ улардан розидир ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишади. Бу Парвардигоридан қўрққанлар учундир.
Ушбу ояти каримада имон келтирганлар ва яхши, солиҳ амаллар қилганларга охират дунёсида Аллоҳ таоло томонидан бериладиган тўртта мукофот: махлуқларнинг энг яхшилари деб сифатланишлари; Адн жаннатига киришлари; унда абадий роҳат-фароғатда яшашлари; Аллоҳ таолонинг улардан рози бўлиши ва ўзлари ҳам Парвардигорларидан рози бўлишлари зикр этилади. Бу ажр-мукофотларнинг ҳаммаси уларга Аллоҳ таолодан қўрққанлари, тақво қилганлари учундир. «Яхшилар албатта жаннатдадир» (Инфитор, 13). Дунё ҳаётида яхши амаллар билан Аллоҳ таоло розилигини топган жаннатийларга жаннатда инсон кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган турфа неъматлар, ақл бовар қилмас роҳат-фароғат тайёрлаб қўйилган. Уларга қадаҳларда хушбўй кофур аралашган шарбат-ичимликлар тортилади.

Орқага Олдинга