loader

058. Мужодала сураси

Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган бўлиб, йигирма икки оятдир. Сура аввалида бир аёл ўз эрининг қилмиши тўғрисида шикоят қилиб келиб Пайғамбор алайҳиссалом билан мунозара қилгани баён этилади. Суранинг "Мужодала — Мунозара" деб номланганининг боиси шудир. Сўнгра ўша шикоят қилиб келинган "Зиҳор" масъаласининг ҳукми ва зиҳор қилгувчи зиммасига тушадиган каффорат-тўлов ҳақида сўз боради.
Бу сурада яҳудий ва мунофиқларнинг гуноҳ, зўравонлик ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивир-шивир қилишиб тил бириктиришлари, уларнинг мўъминларга ва хусусан Пайғамбаримизга етказадиган озор-азиятлари ҳамда охир-оқибат топажак азоб-уқубатлари хусусида хабар берилади.
Шунингдек, бу сурада мўъминларга уларнинг ўзаро муносабатларида ва Пайғамбар алайҳиссалом билан қиладиган муомалаларида риоя этишлари лозим бўлган одоб-ахлоқ борасида йўл-йўриқлар кўрсатилади. Сура ниҳоясида Аллоҳ таъолога ва Охират Кунига иймон келтирган кишиларнинг сифат-фазилатлари хусусида сўзланиб, улар эришажак бахт-саодат хабари берилади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Аллоҳ Сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир.
Изоҳ: Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир. Саҳобалардан Авс ибн Сомитнинг хотини Хавла бинти Саълаба исмли бир аёл Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, Авс мени зиҳор қилди", деб ўз эридан шикоят қилади. "Зиҳор" ибораси арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига: "Онамнинг бадани каби сенинг баданинг ҳам менга ҳаром", дейишини англатади. Ислом дини келишидан илгари зиҳор қилинган хотин эри учун онага айланиб колган, демак талоқ қилинган ҳисобланар эди. (Бу хусусда "Аҳзоб" сурасининг тўртинчи оятида ҳам баён қилинган). Шунинг учун мазкур аёл эрининг бу қилмишидан нолиб, ўрталарида гўдак болалари борлиги, агар эр-хотин ажрашиб кетсалар, ўша болаларга жабр бўлишини айтиб келади. Лекин Пайғамбаримизга "Зиҳор" масъаласи ҳақида ҳали-ҳануз Аллоҳ таъоло томонидан бирон ҳукм нозил қилинмаган эди. Шу сабабдан у зот шикоятчи аёлга: "Демак сен эрингга ҳаром бўлиб қолибсан", деб жавоб қиладилар. Аммо у аёл бу жавобдан қаноатланмай яна ўз сўзларини такрорлайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам яна аввалги жавобларини кайтарадилар. Иккалалари шу тириқа басти-жавоб қилиб туришлари асносида бирдан Пайғамбар алайҳиссаломга юқоридиги ва қуйидаги оятлар нозил бўлади ҳамда уларда Аллоҳ таъоло "Зиҳор" масъаласи хусусида Ўз ҳукмини баён қилади.

2. Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнииг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз, улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Аллоҳ шубҳасиз, Афв этгувчи ва Мағфират қилгувчидир.
Изоҳ: Яъни, ўша ўз хотинларини оналарига ўхшатишдек номақбул ва ёмон сўз айтганлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилсалар шак-шубҳасиз, Аллоҳ таъоло Афв этгувчи, Мағфират қилгувчидир. Уларнинг ўртасига ҳеч қандай талоқ тушмайди. Лекин ўз хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат — тўлов тўлаши керак. Энди қуйидаги оятларда ўша каффорат миқдорлари баён қилинади.

3. Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.

4. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса, (унинг зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилинди). Булар Аллоҳнинг (белгилаб кўйган) ҳадлари — қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир.

5. Албатта Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари чизган чизиқдан чиқадиган кимсалар худди ўзларидан аввалгилар ҳалок қилингани каби ҳалок қилинурлар. Дарвоқеъ, Биз очиқ-равшан оятлар нозил қилдик (Мана шу оятларни инкор этгувчи) кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир.

6. (Ўша кофирлар азобга дучор қилинадиган) Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (ҳаёти дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амалар)ни Аллоҳ ҳисоблаб-битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар. Аллоҳ барча нарса устида Гувоҳдир.

7. Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингизми — билмадингизми?! Уч кишининг ўзаро шивир-шивирлари бўлса, албатта У Зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (ўзаро шивир-шивирлари бўлса), албатта У Зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими ё кўп бўладими, албатта У Зот қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир. Сўнгра Қиёмат Кунида уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта Аллоҳ барча нарсани Билгувчидир.

8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзаро ишвир-шивирдан қайтарилганларидан сўнг яна ўзлари қайтарилган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ зўравонлик ва Пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми?! Қачон улар Сизнинг олдингизга келсалар, Сизга бир ибора билан салом берурларки, Аллоҳ Сизга ўша (сўз) билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: "Нега айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаяпти? (Агар Муҳаммад ҳақ пайғамбар бўлганида албатта Аллоҳ бизларни азобга гирифтор қилган бўлур эди)", дерлар. Уларга ўзлари кирадиган жаҳаннам (азоб тўррисида) кифоя қилар! Бас, нақадар ёмон оқибат (бу)!
Изоҳ: Ушбу оят мўминларни кўрганларида бир-бирлари билан пичир-пичир ва турли имо-ишоралар қилишиб уларга озор берадиган яҳудий ва мунофиқлар ҳақидадир. Пайғамбар алайҳиссалом уларни бу қилиқларидан қайтарганларидан кейин ҳам улар ўз висир-висирларидан қайтмайдилар, балки ҳадларидан ошиб Расулуллоҳ алайҳиссаломга рўбарў бўлганларида: "Ассалому алайкум", яъни, "Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин", дейиш ўрнига: "Ассому алайкум", яъни, "Сизларга ўлим бўлсин", дейдилар. Шунинг учун Аллоҳ таъоло уларнинг жазолари жаҳаннамга кириш эканлиги хусусида хабар беради.

9. Эй мўъминлар, сизлар ўзаро шивирлашиб гаплашганларингизда гуноҳ, зўравонлик ва Пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашманглар, (балки) яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашинглар ҳамда сизлар ҳузурига тўпланадиган Зот — Аллоҳдан қўрқинглар!

10. (Яҳудий ва мунофиқларнинг) ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган зотлар (у сабабли) ғамгин бўлишлари учундир. (Лекин у шивир-шивирлар) Аллоҳнинг изни иродасисиз уларга бирон зиён етказа олгувчи эмасдир. Бас, мўъминлар, Ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар — суянсинлар!

11. Эй мўъминлар, қачон сизларга (мажлис-суҳбатларда дўст-биродарларингиз келиб: "Бизларга ҳам шу мажлисдан) жой беринглар", дейилса, дарҳол жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам (Ўз жаннатидан жой берур. Ва Қачон: "(Ўринларингиздан) туринглар", дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.
Изоҳ: Бу ояти каримади мўъминларга мажлис одоблари таълим берилди ва уларни боғрикенгликка, яъни, мажлисларига келиб қўшилмоқни истаган дўстларига ёнларидан жой беришга ва агар ҳамма жойлар банд бўлса, кейин келганлирга ўз ўринларини бўшатиб беришга даъват этилди. Яна бу оятда илмнинг фазилати алоҳида таъкидлаб ўтилганки, бу борада Пайғамбар алайҳиссалом томонларидин ҳам кўпдин-кўп ҳадислар ривоят қилнган бўлиб, улардан бири мана бу ҳадиси шарифдир: "Олимнинг обид устидаги фазилати худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлар устидаги фазилати кабидир". Ҳукамолардан бирининг қуйидаги сўзлари ҳам ибратлидир: "Мен илм топа олмаган одам нима топганини, илм топган одам эса нима йўқотганини билсам эди".

12. Эй мўъминлар, қачон сизлар Пайғамбар билан сирлашмоқ — суҳбатлашмоқни истасангизлар, суҳбатларингиз олдидан (камбағал-мискинларга) бирон хайр-садақа тақдим этинглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва (гуноҳларингизни) поклагувчироқдир. Энди агар (садақа қилгудек нарса) топа олмасангизлар, у ҳолда албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

13. Суҳбатларингиз олдидан хайр-садақалар тақдим этишдан (камбағал бўлиб қоламиз, деб) қўрқдингларми? Бас, сизлар (хайр-садақа) қилмаган экансизлар ва Аллоҳ (бу хатоларингиз учун қилган) тавбаларингизни қабул қилган экан, энди намозни тўкис адо этинглар ва закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоат этинглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.

14. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларга) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни, мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни, яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида ("Бизлар мусулмонлармиз", деб) ёлғондан қасам ҳам ичурлар.

15. Аллоҳ улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир! Дарҳақиқат, уларнинг қилган амаллари нақадар ёмондир!

16. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олишиб, (одамларни) Аллоҳнинг Йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилгувчи азоб бордир!

17. Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ томонидан (бўладиган) бирон нарсани-азобни улардан дафъ қила олмас. Улар дўзах эгаларидир. Улар, ўша жойда мангу қолгувчидирлар!

18. У Кунда (яъни, Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирур. Бас, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У Зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларини (шу ёлғон қасамлари сабабли) бирон (фойда) устида деб ҳисобларлар. Огоҳ бўлингизким, албатта улар ғирт ёлғончи кимсалардир!

19. Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳни эслашни унуттирди. Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон ҳизби (бўлгаи кимсалар) зиён кўргувчилардир.

20. Албатта Аллоҳ ва Унинг Папғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар — ана ўшалар энг хор кимсалар қаторидадирлар!

21. Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): "Шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман", деб ёзиб қўйгандир. Албатта Аллоҳ Кучли, Қудратлидир.

22. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да —дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни ўз томонидан бўлган Руҳ — Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан — У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг хизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотлар) нажот топгувчидирлар!

Орқага Олдинга