loader

063. Мунофиқун сураси

Ўн бир оятдан иборат бўлган бу сура Мадинада нозил қилингандир.
"Мунофиқун — Мунофиқлар" деб номланган бу сура уларнинг кирдикорларини — тубан ахлоқларини, ярамас сифатларини, тиллари билан диллари бошқа-бошқа эканлигини ва ниҳоят улар устларига Ислом тўнини кийиб олишиб, одамларни Исломдан тўсишларини фош этади.
Сура ниҳоясида мўъминларни дунё зийнатларига алданиб қолмасликка ва бошларига ўлим келиб қолишидан илгари Аллоҳ таъоло уларга ато этган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилишга буюрилади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон мунофиқлар Сизнинг олдингизга келсалар: "Гувоҳлик берамизки, Сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Пайғамбаридирсиз", дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, Сиз Ўзининг Пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур.
Изоҳ: Яъни, мунофиқлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига чин дилдан иймон келтирганлари йўқ балки фақат тилларидагина гувоҳлик бердилар, демак, уларнинг бу гувоҳликлари ёлғон гувоҳликдир.

2. Улар ўзларининг (мусулмон эканликлари ҳақида ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг Йўлидан тўсдилар! Уларнинг қиладиган иш-амаллари нақадар ёмондир!

3. Бунга сабаб, уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!

4. Қачон Сиз уларга боқсангиз, уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) Сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар! Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлаган! Қандай адашмоқдалар-а!

5. Қачон уларга: "Келинглар, Аллоҳнинг Пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар", дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва Сиз (эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз.
Изоҳ: Ушбу ва қуйидаги оятлар мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Салул ҳақида нозил бўлгандир. Воқеа бундай бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан банул-Мусталиқ қабиласига қарши жанг қилиб ғалаба қозонганларидан сўнг Мадинага қайтаётганларида бир мунофиқ кимса муҳожир мусулмонлардан бири билан сув талашиб жанжаллашиб қолишади. Шу пайт ўша ерда ҳозир бўлган Абдуллоҳ ибн Салул ҳалиги муҳожир ва умуман барча муҳожир мусулмонлар ҳақида ножўя сўзлар айтиб, уларни ҳиқорат қилади ва ўз қавмига қараб:
"Бу келгиндиларги (яъни, муҳожирларга) ёрдам ва хайр-саҳоват қилманглар, токи улар Муҳаммадни яхшилаб ўз юртларига қайтиб кетсинлар. Ҳали Мадинага қайтганимизда албаттта кучлилар (яъни, бизлар) кучсизларни (яъни, мусулмонларни) Мадинадан кувиб чиқарур", дейди. Аммо кейинроқ Пайғамбар алайҳиссалом бу воқеадан хабардор бўлганларидан кейин ундан: "Сен шу гапларни айтдингми?", деб сўраганларида эса у қасам ичиб айтган сўзларидан тонади ва ёлғон қасамни қалқон қилиб олади. Энди у ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида оятлар нозил бўлгач, айрим кишилир унга: "Эй Абдуллоҳ сенинг хусусингда қаттиқ оятлар тушди, сен Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўрагин, у киши сенинг гуноҳларингни мағфират қилишини сўраб Аллоҳ таъолога дуо қилсалар, шояд Аллоҳ мағфират қилса", дейишганида, у бундан бош тортади ва: "Сизлар иймон келтир, дединглар, иймон келтирдим; молингнинг закотини бер, дединглар, закот бердим, энди бир ками бориб Муҳаммадга сажда қилиш қолувди", деб жавоб беради. Шунда юқоридаги оят нозил бўлади ва навбатдаги оятда эса ундай мунофиқ кишсалар ҳақида қилинган ҳеч қандай дуо-илтижо ижобат бўлмаслиги уқтирилади.

6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир — Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.

7. Улар шундай кимсаларки, (ўзларииинг тобеъларига): "Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар", дейдилар. Ҳолбуки, осмонлар ва ер хазиналари Ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар.

8. Улар: "Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур", дерлар. Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳники, Унинг Пайғамбариники ва мўъминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар.

9. Эй мўъминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!

10. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: "Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам", деб қолишидан илгари — Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!

11. (Чунки) Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вифот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.

Орқага Олдинга