loader

106. Қурайш сураси

Маккада нозил бўлган. 4 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидан олингандир. Қурайш энг ҳурматли, энг қадрли араб қабиласи ҳисобланади. Ушбу сурада Аллоҳ таоло Қурайш қабиласига Ўзи берган улуғ неъматларни эслатиб, мазкур неъматлар шукронасига улар Аллоҳ таолога, Қурайшга иззат-икром келтирган байтнинг Роббига ибодат қилмоқлари лозим эканлигини эслатади.
«Қурайш» сураси «ал-Фил» сурасининг узвий давомидек. «Ал-Фил» сурасида Абриҳа ва унинг аскари тўғрисида зикр қилинган ҳодисалар Каъба ва унинг атрофида яшаб, ҳожилар хизматини қилиб турувчиларнинг обрўсини янада ошириб юборди. Айниқса, Қурайш қабиласининг обрўси Арабистон ярим оролида ўсди. Ҳамма тарафда қароқчилик, босқинчилик ҳукм суришига қарамай, уларга Байтуллоҳнинг аҳолиси деб ҳурмат қилиб ҳеч ким тегмасди. Улар бу омонликдан фойдаланиб бемалол сафар қилиб юришарди. Қурайш қабиласининг савдо карвонлари ҳам бемалол қишда Яманга, ёзда Шомга сафар қиларди. Бу эса уларга ризқ-рўзнинг мўл бўлиши имконини берарди. Ерларида ҳеч нарса ўсмайдиган қақроқ чўл бўлишига қарамай, улар баракали ҳаёт кечирардилар.
Аллоҳ таоло бу сурада ана шу неъматларини уларнинг эсларига солади ва шукр қилиб Аллоҳга ибодат қилишга ундайди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Қурайшнинг лозим тутиши учун!
Қурайш энг ҳурматли араб қабиласи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу қабиладандирлар.
Ушбу ояти каримада Қурайш ўзига лозим тутган, кўникиб, ўрганиб қолган яхши нарса борлигига ишора қилинмоқда. Қурайшликлар унс-улфат топиб, ўрганиб, лозим тутган нарса нима эканлигини келгуси ояти каримада айтилади.

2. Уларнинг қиш ва ёз сафарларини  лозим тутиши учун!
Қурайшликлар ёзда бир, қишда бир карвон тузиб тижорат сафари қилишга одатланишган ва бу ишни ўзларига фойда манбаъси сифатида лозим тутишган эди. Уларнинг ёзги тижорат сафарлари Шомга, қишки тижорат сафарлари эса, Яманга бўлар эди. Бу икки сафарда қурайшликлар ўз юртларидан тижорат учун яроқли нарсаларни олиб бориб сотиб, қайтишида қавмларига керак бўлган озиқ-овқат ва кийим-кечак каби нарсаларни олиб келар эдилар. Улар ҳам боришда, ҳам келишда тижоратларидан катта фойда кўрар эдилар. Аввало улар хотиржам, ҳеч нарсадан қўрқмай сафар қилар эдилар. Уларга ҳеч ким заррача ҳам ёмонлик соғинмас эди. Чунки, барча одамлар уларни Байтуллоҳнинг қўшнилари, Ҳаромнинг аҳолиси, улар Каъбанинг мутаваллилари, деб ҳурмат қилишар эди. Ҳеч ким уларга озор бермасди, ёмонлик ҳам етказмасди. Айниқса, Фил ҳодисасидан сўнг қурайшликларнинг обрўси яна ҳам кўтарилиб кетди. Уларни амирлар ва подшоҳлар ҳам улуғлайдиган бўлиб қолди. Бинобарин тижоратларидан келадиган манфаат ва фойдалар ҳам мислсиз даражада ўсди. Ушбу ояти карималарда қурайшликларга ўша неъматлар эслатилмоқда.
Келаси оятларда эса мазкур неъматлар шукронасига улар нима қилишлари лозимлиги баён этилади.

3. Бас, улар мана шу Байтнинг Роббисига ибодат қилсинлар.
4. У уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилгандир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло аҳли Маккани улуғ неъматлар ила неъматлантирган. Уларнинг ерларида бирор нарса ўсмаса ҳам турли таомларни сероб қилиб қўйган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бу юртни хавф-хатардан бутунлай омон қилган. Бу эса ўз навбатида Аллоҳга ибодат қилишни талаб қилади.
Имом Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Тафсири Кабир»ларида қуйидагиларни ёзадилар: «Билки, неъмат икки турли бўлади. Биринчиси, зарарни дафъ қилиш. Бу «Фил» сурасида зикр қилинди. Иккинчиси, манфаат жалб қилиш. Бу ушбу сурада зикр қилинди. Аллоҳ улардан зарарни дафъ қилиб ва уларга манфаатни жалб қилганидан кейин, ҳолбуки, икковлари ҳам улуғ неъматлардир, уларни шукронаи неъмат учун ибодат қилишга амр этди».
Инсоннинг моддий фаровон бўлиши–қорнининг тўқ бўлиши, хавфдан омон бўлиши Аллоҳнинг бандасига берган энг улкан неъматларидандир.
Банда бу неъматларнинг шукрини қилмоғи лозим, бу эса Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади.
Аллоҳнинг ибодатини қилмаслик, неъматларнинг шукрини қилмаслик эса, аксинча неъматнинг заволига, очлик ва хавф-хатар ҳукм сурадиган бўлиб қолишига олиб келади. Бу ҳақиқат Қурайш сурасидан бошқа сураларда ҳам, мисол учун «Наҳл» сурасида ҳам таъкидланади:
«Аллоҳ омон, хотири жам, ҳар макондан баракали ризқи келиб турган шаҳарни мисол қилади. Ўша шаҳар Аллоҳга куфрони неъмат қилди. Шу сабабдан Аллоҳ унга, қилганига яраша очлик ва хавф либосини кийгазди».

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР