loader
Foto

Россияда "Искандер" ракеталарини ишлаб чиққан муҳандисни ўлдиришди

Владимир Недошивин подъездда тан жароҳатлари билан топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, низога унинг подъездда ҳожат чиқаргани сабаб бўлган.



Россияда "Искандер" ракета мажмуасининг яратувчиларидан бири Владимир Недошивин ҳалок бўлди. Унинг қўшниси томонидан ўлдирилгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Telegram каналлари хабар берди, деб ёзади УНН.



Тафсилотлар



Дастлабки маълумотларга кўра, ўлим 9 май куни, россияликлар Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба кунини нишонлаётган вақтда содир бўлган. Уни Коломнадаги уйининг подъездида яримжон ҳолатда топиб, "Тез ёрдам" чақиришган. Шифокорлар ихтирочини касалхонага етказишган, у ерда у бир неча кундан кейин вафот этган.



Кейинроқ маълум бўлишича, ўлимга Владимир Недошивинга қўшниси етказган тан жароҳатлари сабаб бўлган. Низо Недошивиннинг маст ҳолатда подъездда ҳожат чиқаргани (сийгани) туфайли келиб чиққан. Бу унинг 32 ёшли қўшнисига ёқмаган ва у уни зинапоядан итариб юборган.

Недошивин вафот этган вақтда 74 ёшда эди.



Эслатма



Россияликлар Украина шаҳарларига зарба бериш учун ўзлари ишлаб чиқарган ва Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ноаниқ баллистик ракеталардан қасддан фойдаланмоқда. Шу билан бирга, Шимолий Кореянинг KN-23 ракеталари ташқи кўринишидан Россиянинг "Искандер" ракеталарига ўхшайди.

Абу Муслим