loader

113. Фалақ сураси

Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ўзининг биринчи оятидаги «Фалақ» сўзи ном бўлиб қолган. «Фалақ» сўзи луғатда «ёриш» маъносини билдиради. Бу жойда «Фалақ» субҳ–тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриши учун шу ном билан ҳам аталади.
Бу сураи каримада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга барча ёмонликлар, хавф-хатарлардан Ўзидан (Аллоҳдан) паноҳ тилашга ундайди. Аллоҳ уларга ўз ҳимоясини эълон қилади ва худди «Менинг ҳимоямга марҳамат, тинч-омон жойга марҳамат», дегандек бўлади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Тонг Роббисидан  паноҳ сўрайман.
Худди «Ихлос» сурасидагига ўхшаб, «Фалақ» сурасидаги хитоб ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилгандир.Аллоҳ таолонинг Ўзи турли-туман ёмонликлардан қандоқ қилиб паноҳ сўрашни ўргатмоқда. Мўмин-мусулмон инсон ҳар бир вақт, ҳар бир нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан.
Оятда тўғридан-тўғри, Роббимдан паноҳ сўрайман ёки Роббимнинг паноҳига қочаман, деб айт дейилмасдан, Тонг Роббиси паноҳига қочаман, дейишга амр қилинмоқда. Нима учун? Чунки, тонг доимо оғирлик, шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон, худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса, худди тонгни кутишга ўхшайди.

2. У яратган нарсалар ёмонлигидан.
Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам бор, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади.
Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарса ёмонлиги киради.

3. Ва  кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан.
Қоронғу кеча доим даҳшат, хавф-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротлар зарари доим кечаси юзага келади. Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларга ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини Аллоҳга доим боғлиқ қилишга чорлайди.

4. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан.
Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.

5. Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт.
Ҳасад–бир шахс бировга етган яхшилик йўқ бўлиб, ўзига ўтишини орзу қилишлигидир. Чунки ҳасадда бировга ёмонлик орзу қилинади. Лекин фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди, деса ҳасад эмас.
Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. НатижадаАллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.
Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилган туфайли бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул, Қобилникини қабул қилмаган эди.
Ҳасад ниҳоятда улкан гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибат. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманчиликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни Қуръонда алоҳида зикр қиляпти.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР