loader

043. Зухруф сураси

Маккада нозил бўлган, 89 оятдан иборат

“Зухруф” сўзи луғатда «зеб-зийнат, безак» маъносини билдиради, Қуръони каримнинг қирқ учинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 89 оятли. Зухруф сураси ҳам бошқа маккий суралар каби, имон, эътиқод масалаларини муолажа этиб, мазкур нотўғри тушунчаларни ўнглашга уринади. Сура Қуръони каримни шарафлаш билан бошланади. Сўнг мушрикларнинг Аллоҳга ўзгаларни «шерик» қилиш даъволари аниқ ҳужжатлар билан кескин рад этилади. Унда Иброҳим ва Мусо алайҳиссаломларнингдаъватлари ва чеккан азоблари нақл этилади. Сурада Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига далолат қилувчи - осмонлару Ер, тоғ- тошлар, денгизлар, осмондан тушган сув, сув устида юрувчи кемалар, инсонга беминнат бериб қўйилган ҳайвонларнинг яратилиши ҳақида сўз кетади. Сурада бу дунё олтин-кумуш ва зеб-зийнатлари Аллоҳ таоло наздида қандай мартабада экани баён қилингани учун у шу номни олган. Ушбу ҳақиқатнинг далили сифатида Мусо алай-ҳиссалом ва Фиръавн қиссаси келтирилади. Мол-дунёси, салтанати ва мартабаси билан ғурурга кетиб, Мусо алайҳиссаломдан ўзини юқори тутган золим Фиръавннинг оқибати тилга олинади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Ҳа миим.
Қуръони каримнинг кўплаб суралари бошида келган булар каби кесик ҳарфлар (ҳуруфи муқаттаъот)нинг маъносини ёлғиз Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч бир зот билмайди.

2. Очиқ-ойдин Китобга қасам.
Қуръони каримнинг бир неча сураларида Аллоҳ таоло бандала-ри эътиборини ўта муҳим бир ҳақиқатга қаратмоқчи, буни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи бўлганида муборак нарсаларнинг номига қасам билан хитоб қилади. Ушбу ўринда эса У Ўзининг ваҳийси, муқаддас Китоби, ҳамма нарсани очиқ-ойдин ва муфассал баён қилиб берган Қуръони каримга қасам деяпти.

3. Биз уни араб тилидаги Қуръон қилдик, балки ақл юритарсизлар?
Яъни, инсонлар ақл юритишлари, ваҳийларимиз ҳақида тафаккур қилиб, уларни ҳаётларига татбиқ этишлари учун Биз Қуръонни араб тилида нозил қилдик. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси билан нозил қилинган. Жаброил алайҳис-салом Қуръони карим оятларини Аллоҳ таолодан қандай эшитган бўлсалар, шундайича Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга омонат етказганлар. Уламолар таърифига кўра, Қуръон Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи илоҳий Китобдир. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан арабий тилда, араб адабий тилининг намунаси, барча араб қабилалари лаҳ-жаларининг онаси ҳисобланган энг фасоҳатли ва чиройли Қурайш лаҳжасида нозил қилинган. Бухорий ва Муслимларнинг ривоят қи-лишича, Қуръони карим етти ҳарф (услуб)да нозил бўлган. Лекин мусулмонлар ўртасида ихтилоф ва тафриқалар бўлмаслиги учун битта Қурайш лаҳжасида қироат қилиш буюрилган.

4.    Дарҳақиқат, у ҳузуримиздаги асл Китобдадир, олиймақомдир, ҳикматлидир.
Ушбу ояти карима Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло наздида юксак мақомга, улуғ мартабага эгалигидан, ҳикмат ва насиҳатга тўла китоб эканидан дарак беради. Уламолар оятдаги «асл китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуздир», дейишган. Демак, Қуръони карим ниҳоятда қадрли бўлгани учун Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда сақланган. “Лавҳул-Маҳфуз”дан мурод, Аллоҳ таоло халойиқ тақдирларини ёзган нарсадир, унга имон келтириш мўминликнинг шартларидан биридир.
Қуръони мажид Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилина бошлаган. «Қуръони Карим Қадр кечасида нозил қилинган» дейдиган муфассирларнинг фикрлари икки хил: улардан баъзилари «Қадр кечасида Қуръоннинг ҳамма оятлари Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига туширилган, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё осмонидан эҳтиёжга қараб амр ва қайтариқ, ҳалол ва ҳаром, ваъз-насиҳат тарзида йигирма уч йил давомида бўлиб-бўлиб нозил қилинган», дейишса, айримлари ушбу кечада Қуръони карим оятларининг бир йилга зарур миқдори Лавҳул-Маҳфуздан дунё осмонига туширилган, сўнг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказиб турилган», дейишади. Лекин Қуръоннинг ана шундай юксак мақомда эканига қарамай, айрим одамлар уни инкор қилишади, у ҳақда шак-шубҳага боришади, илоҳий ваҳийлардан юз ўгиришади.

5. Ҳаддидан ошган қавм бўлганингиз учун сизлардан Зикрни буриб юборайликми?
Яъни, Аллоҳ таоло ушбу оятида илоҳий даъватни инкор этиб, Зикр Қуръони каримдан юз ўгирган кофир тоифаларга қарата таҳдид билан шундай хитоб қилади: “Биз ваҳийни тўхтатиб ва Куръонни туширмай кўйиб, сизларни ҳалок қилайликми? Йўқ, Биз нуримизни охирига етказамиз ва динимизни камолига олиб борамиз”.
Инсон зурриёти ўта ношукр мавжудотки, Аллоҳ берган неъматлардан истаганча фойдаланади, аммо бунинг шукрини қилмайди. Ўзи тинч, ҳаёти фаровон, тани соғ-омон ва ишлари юришиб турганида ҳеч нарса билан иши бўлмайди. Бордию Аллоҳ таоло тарафидан бирор кулфат, зарар етиб қолса, дарров Унга дуо-илтижолар қилишни бошлайди. Ётса ҳам, турса ҳам, юрса ҳам асосий машғулоти ана шу кулфат-балоларни тезроқ кетказишни Аллоҳ таолодан сўраб, ёлбориш бўлиб қолади. Парвардигор унинг дуоларини ижобат қилиб, фалокатини аритса, яна бепарво бўлиб, олдинги ношукрлигини бошлайди. Гўё Аллоҳ таолодан ҳеч нарса сўрамагандек, Уни батамом унутади.
Кофирлар ана шундай ношукр кимсаларнинг энг ёмонларидир. Улар Куръонга имон келтирмасликлари билан ҳаддиларидан ошиб, Аллоҳ уларга берган неъматларни ўз жойига эмас, балки бекордан-бекорга сарфловчи исрофгарлар эканларини кўрсатдилар. Аслида Аллоҳ таоло уларнинг тилларида Китобни нозил қилиши улар учун улуғ неъмат бўлиши керак эди. Аллоҳ таоло ушбу Китоби билан уларга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб қўйган эди. Аллоҳ таоло уларга Қуръони каримни қиёмат куни ҳақида огоҳлантирувчи эслатма қилган эди. У ана шундай нобакор, золим ва ҳаддидан ошган кимсаларни аслида жазолаши ҳам керак эди. Аммо У Зот бандаларига ўта меҳрибон бўлгани учун ҳам ҳаддидан ошган золим қавмларни Қуръон ҳидоятидан тескари томон буриб юборгани йўқ.

6. Аввалгиларга ҳам қанчадан-қанча пайғамбарлар юбордик.
Инсон зоти қанчалар ношукрлик қилмасин, Аллоҳнинг Китобини инкор этиб, осийлиги туфайли ундан юз ўгирмасин, Аллоҳтаоло уни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Итоатсиз кимсаларнинг охиратда қаттиқ азобга қолишини истамай, уларга бирин-кетин пайғамбарлар юбориб, уларга инсонларни қиёмат даҳшатларидан, охиратдаги савол-жавобдан, мукофот ва жазодан огоҳлантириш вазифасини юклади. Охирги умматларга Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборилишлари аслида янгилик эмас. Аллоҳтаоло бундан олдин ҳам инсонларни тўғри йўлга бошлаш учун ўнлаб, юзлаб пайғамбарларини юборган.

7. Улар ҳам ўзларига келган пайғамбарларни фақат масхара қилишарди.
Эй мўминлар, Макка мушрикларининг сизлар эргашаётган Пайғамбарни масхара ёки калака қилаётгани тушкунликка солмасин, имонингизда шубҳа уйғотмасин. Олдинлари ҳам аввалги қавмларга пайғамбар келса, албатта уни масхара қилишган.
Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилаётган илоҳий амрлари билан кишилик жамиятини тартибга солиб, бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишса, бошқалари уни инкор қилишди. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина одам Аллоҳнинг элчиларига эргашган. Муборак даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу қавмлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга имон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди.

8. Улардан кўра кучлироқларни ҳалок қилганмиз. Аввалги-ларнинг мисоллари ўтди.
Аммо инсониятнинг жуда оз қисми пайғамбарларга эргашган. Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган: «(Эй Муҳаммад), агар улар сизни ёлғончига чиқаришаётган бўлса, булардан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самуд ҳам ёлғончига чиқаришган эди; Иброҳим қавми ва Лут қавми ҳам худди шундай. Мадян аҳолиси ҳам, Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди” (Ҳаж, 42-44). Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса дўзахдаги аламли қийноқлар кутаётганидан огоҳлантирилган.

9. (Эй Муҳаммад), улардан: «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли, билувчи Зот яратган», дейишади.
Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягоналиги ҳар бир қалби солим, ақли етук ва пок вужудли одамнинг ботинида қатъий ўрнашган буюк ҳақиқатдир. Қуръони каримнинг кўпгина оятларида баён қилинишича, мушриклар ҳам Аллоҳнинг борлигини ва Унинг буюк яратувчилик қудратини эътироф этишар, аммо ҳавойи нафслари ва кибрлари туфайли Қуръони каримнинг ҳукмларини тан олишни исташмас эди. Бу эса кофир ва мушрикларнинг энг оддий мантиққа ҳам тескари иш тутишларини яққол кўрсатиб турибди. Шу боис улар Аллоҳга куфр келтиришади, У Зотнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганига ишонишмайди, Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни нозил қилганига шак-шубҳада бўлишади. Аммо уларга “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб савол берсангиз, ҳеч иккиланмай: “Уларни қудратли ва билимли Аллоҳ яратган”, деб жавоб қилишади. Шундай бўлгач, унда нега осмонлар ва Ерни яратган ўша қудрат ва билим эгаси бўлган Зотга имон келтирмайсизлар? Нима учун ўша қудрат-ли ва билимли Аллоҳ юборган Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтириб, у зотга эргашмайсизлар? Нега ўша қудрат ва билим эгаси нозил қилган Қуръонга имон келтириб, унга амал қилмайсизлар?!

10. У сизларга ерни бешик қилиб берган ва ҳидоят топишингиз учун сизларга унда йўлларни пайдо қилиб қўйган Зотдир.
Аллоҳ таоло Ерни инсонларга бир бешик, яъни яшаш учун қулай бир маскан қилиб яратиб берган. Инсонлар тўғри йўлни топишлари учун яна Ерда турли йўлларни ҳам барпо этиб қўйган. Қуръони карим оятларида буларни эслатиш билан Аллоҳ таоло инсонларни борлиқнинг яратилиши ҳақида бир тафаккур қилиб кўришга чорлайди: “Осмонлару Ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида акуг эгалари учун аломатлар бордир” (Оли Имрон, 190). Қуръондаги илмий далиллар унинг илоҳий китоб эканини тасдиқламоқда. Ўн тўрт аср илгари, бу даражада салмоқли илмий далилларни ўзида мужассам қилган мана шундай бир китобни ёзишга ҳеч бир инсон боласи қодир бўлмаган. Шуларни ҳисобга олиб, айтиш мумкинки, Қуръон илмга бағишланган эмас, балки оятлар белгилар, ишоралар, мўъжизалар, аломатлар китобидир. Ушбу оятлар инсонни Ердаги ҳаётидан мақсадни англашга ва табиат билан уйғунликда яшашга чорлайди. Қуръон ҳақиқатан ҳам бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори - Аллоҳдан келган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Осмонлару Ерни яратган Зот Ерни инсонларга чақалоқнинг бешиги каби қулай қилиб берди. Яна уларга Ер юзида йўлларни ҳам яратиб қўйди. Ўша йўллар орқали улар кўзлаган мақсадларига ета олишади. Ушбу ҳақиқатларни тушуниб етиб, инсофга келишади ва ҳидоят йўлини топишга муваффақ бўлишади.

11. У осмондан ўлчов билан сув туширди. Шунда Биз у билан ўлик юртни “тирилтирдик”. Сизлар ҳам мана шундай чиқариласизлар.
Қурғоқчилик нималигини билмайдиган, сувга сероб юртларда яшайдиганлар осмондан ёғин ёғишини одатий ҳол ҳисоблайдилар. Аммо сув кам ёки умуман бўлмайдиган жойлардагилар ушбу оятнинг ҳикматини жуда яхши тушунишади. Сабаби, улар осмонлар ва Ерни яратган ўта қудратли ва ҳамма нарсага қодир Аллоҳнинг осмондан ёмғир-қор ёғдириб, махлуқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда аниқ ўлчов билан сув туширишини яхши билишади. Аллоҳ азза ва жалла осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида ўлик ерларни тирилтиради, қақроқ ерларга ҳаёт бағишлайди, инсонлар ва ҳайвонларининг сувга бўлган эҳтиёжини қондиради, ўсимлик ва дарахтларнинг барқ уриб яшнашига имкон яратади. Бу ишларга қодир Зот инсонларни вафот этганларидан сўнг қайта тирилтиришга ҳам қодирдир. Дунёда ўлчов билан сув тушириб, ташна ерларда экинларни ер бағридан ўстириб чиқарадиган Аллоҳ қиёмат куни инсонларни ҳам худди наботот каби ер бағридан “ундириб” чиқишга қодирдир. Ишларнинг оқибати шундай бўлганидан кейин, барча инсонлар қиёмат куни ҳамма нарсага қодир Парвардигорнинг ҳузурига тўпланишлари аниқ бўлганидан кейин улар нега ўзларини ўнглаб, имонга келишмаяпти, Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришда сусткашлик қилишяпти?

12. У барча нарсаларни жуфт-жуфт яратди ва сизларга кемалар ҳамда ҳайвонлардан миниладиган уловлар қилиб берди.
Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида зикр қилинганидай, Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсани ўз жуфти билан яратган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир. Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Бирисиз иккинчисининг қадри, аҳамияти тушиб кетади.
Аллоҳ таоло яна инсонлар учун қулайлик қилиб, оғир юмушларини енгиллатишни ирода қилиб уларга турли уловларни ҳам яратиб қўйган. Қуръони карим янги нозил бўла бошлаган пайтларда одамлар минадиган туя, от, эшак, қўтос каби уловлар, шамол воситасида юрадиган кемаларгина инсониятга маълум бўлса-да, Ислом билан янги шарафланган Араб жазирасида кемаларнинг сувда сузиб, одамлар ва юкларни ташиши ҳақида ҳали тасаввур ҳам бўлмаган эди. Инсоният илм-фан, техникада тараққиётга эришгани сайин бу уловларнинг хили ва кўриниши ҳам ўзгариб, камолга етиб борди. Олдинлари шамол ҳаракатга келтирадиган кемаларга ишониб юрганлар ҳозирга келиб буғда, электр қувватида, атом кучи билан юрадиган кемаларни ўйлаб топишди. Ерда юрадиган автомобиллар, поездлар, осмонда учадиган самолётлар кашф қилинди.

13. Сизлар улар устига минганларингизда, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб, шундай дейсизлар: «Бизларга буни бўйсундириб қўйган Зот поқдир, бунга ўзимиз қодир эмас эдик;
Қадим замонлардан буён одамлар улов сифатида ушбу икки хил нақлиёт воситаси: кемалар ва миниладиган уловлардан фойдаланиб келишади. Инсонларнинг узоғини яқин, оғирини енгил, машаққатини осон қиладиган бу нарсалар Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эди. Бу ҳақда озгина фикр юритган, инсоф қилган ҳар қандай одам ўзига уловларни ато этган, уларни одамларга бўйсундириб қўйган, йўлига юришга кўнадиган қилиб берган ҳар қандай инсон Аллоҳ таолонинг бу атосини яхшилик билан эслаб, У Зотга тинмай шукр айтиши лозим. Бордию, ўша туя ёки хачирни асов, бўйсунмас, қирчанғи қилиб қўйганида ёки ясаган кемаси сувга чўкиб кетадиган бўлиб қолганида инсон не кўйга тушган бўларди? Парвардигорининг бу қулай неъматларига шукр айтиш одобини инсонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатади: “Сизлар ўша уловларнинг устига минганларингизда яхшилаб ўрнашиб олгач, “Бизларга бу уловни бўйсундириб, айтганимизга кўнадиган қилиб қўйгани учун Аллоҳ таолони поклаб, Унга тасбеҳлар айтамиз, ҳақиқатан бунга ўзимиз қодир бўла олмасдик” деб дуо қилиш Аллоҳга шукр айтишнинг одобидир.

14. ва албатта бизлар Парвардигоримизга қайтувчилармиз».
Ҳақиқатан, инсон яхши бир уловга минганида ўзида аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Айниқса, бошқаларга миниш насиб бўлмаган ноёброқ, қимматбаҳо улов ёки машина минган кишида ана шундай ғурур кўпроқ учрайди. Мана шундай ҳолатларда ўша киши дарҳол унга улов-маркаб миниш имконини берган Зотни, яъни Аллоҳ таолони эсласа, Унга шукрона сифатида юқорида келган оятлардаги дуони ўқиса, Аллоҳ берган неъматнинг ҳаққини ва шукрини адо этган бўлади, иншааллоҳ! Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анхумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига минишда уч бор такбир айтиб: “Субҳаналлази саххоро ланаа ҳаза ва маа куннаа лаҳу муҳринина ва иннаа илаа Роббинаа ламункрлибуун”, дер эдилар” (Термизий ривояти). Маъноси: “Бизларга буни бўйсундириб кўйган Зот покдир. Бизлар ўзимиз бунга крдир эмас эдик ва албатта Парвардигоримизга қайтувчилармиз” (Зухруф, 13-14).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқаётиб, уловга минсалар, уч марта «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтар ва сўнгра қуйидаги дуони қилар эдилар: «Бизга буни бўйсундириб кўйган Зот покдир. Бизлар бунга крдир эмасэдик ва албатта Парвардигоримизга крйтувчилармиз». Эй Аллоҳ, Сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, Ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз. Эй Аллоҳ, Ўзинг бу сафаримизни осон қилгин, унинг узоғини яқин қилгин. Эй Аллоҳ, Сенинг Ўзинг сафардаги соҳибсан, аҳли-аёлдаги халифасан. Эй Аллоҳ, Сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳли-аёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман”.

15. Улар бандаларидан Унга бўлак (ҳукм) қилдилар. Албатта инсон очиқ-ойдин ношукрдир.
Бу ва шундан кейинги оятларда мушрикларнинг «фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган бузуқ ақидаси муолажа қилинади. Баъзи жамиятларда ёйилган ширк турларидан бири Аллоҳдан бошқа илоҳга ёки “Аллоҳ таолонинг ўғил-қизлари бор” деб, уларга ибодат қилишдир. Қадимги ҳиндлар Кришна ва Будда ҳақида шундай тасаввурда эдилар. Араблар ҳам фаришталарнинг Аллоҳнинг қизлари, деб ҳисоблашар эди. Мушрикларнинг адашуви шунда эдики, улар инсонлар ва жинлар каби Аллоҳ яратган махлуқотлардан бўлмиш фаришталарни Аллоҳнинг бир жузъи-бўлаги, яъни фарзанди деб ўйлашарди. Маълумки, фарзанд ота-онанинг бир парчаси, эр ва хотиннинг қўшилувидан туғилган жасад ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мушрикларнинг «фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган ақидалари «Улар Аллоҳнинг бир бўлагидир» дейиш билан тенглаштирилмоқда. Аслида эса фаришталар Аллоҳнинг бўлаги фарзанди эмас, У Зот яратган, Унга бўйсинувчи бандалардир. Шундай бўлгандан кейин мушрикларнинг бу даъволари ғирт бемаъниликдир, Аллоҳга шерик нисбат беришдир.

16. Ёки Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб, сизларни ўғиллар билан сийладими?
Ислом келмасидан олдинги жоҳилият замонида Араб жазирасида ҳам аёлларнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган. Эркаклар беҳисоб уйланишар, жорияларини фоҳишалик қилиб пул топишга мажбурлашар, аёл зоти билан бир хонада ўтиришмас эди. Ўша пайтда Қурайш, Ҳинд каби қабилаларда қиз бола туғилса, тириклайин кўмиб юборишдек қабиҳ бир одат бор эди. Қиз туфайли фақирлик келиши ёки унинг оилага доғ тушириши, урушда асир тушиб номуси булғанишини ўйлаб шундай йўл тутишарди. Никоҳ, мулк тасарруфи, ахлоқ соҳасида аёлларнинг ҳуқуқлари паймол этиларди, иззат-нафслари камситиларди, инсон сифатида хўрланарди. Аёлларга ана шундай ҳақсизлик билан муносабатда бўлиб келган мушриклар энди ўзларини яратган Парвардигорга ўзлари ёқтирмайдиган, хорлайдиган қизларни муносиб кўришяптими? Нима, Аллоҳ азза ва жалла Ўзига қизларни қолдириб, мушрикларни ўғил билан сийлаб қўйибдими? Бундан ортиқ жаҳолат, бундан ортиқ нодонлик ва бемаънилик бўладими?

17. Қачон уларнинг бирортасига Раҳмонга мисол қилган нарсасининг хушхабари берилса, юзи қорайиб кетади, ғазабга тўлади.
Жоҳилият давридаги араблар учун қиз фарзанд ор-номус ҳисобланар эди. Шунинг учун мушриклардан ҳеч ким қиз фарзанд кўришни хоҳл амас эди. Қуръони карим ушбу ҳолатни қаттиқ танқид қилди: «Улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетади» (Наҳл, 58).
Яъни, мушрикларнинг бирортасига оиласида қиз бола туғилгани ҳақида хушхабар берилса, хафа бўлганидан, ғам-аламга тўлганидан юзи қорайиб кетар эди. Мушрикларнинг гумроҳлиги шу даражада эдики, улардан бирортаси ўз оиласида қиз фарзанд туғилганини эшитса, бу хабарнинг «ёмон»лигидан уялиб, одамларга кўринишни хоҳламай, улар кўзидан яшириниб юрган. Чунки у қабиладошларининг “Қиз кўрибсан” деб масхара қилишларидан қўрққан. Ўша беркиниб юрган ҳолида “бу қизни нима қилсам экан, ўзимга ор-номус қилиб, олиб юраверсаммикан ёки ерга тириклай кўмиб юбор-саммикан” деб, бир-биридан қабиҳ режалар тузган. Мушриклар «Аллоҳнинг фариштадан қизлари бор» дейишади-ю, ўзларига «қиз кўрдинг» деган хушхабар келса, нега хафа бўлиб, юзлари аламдан қорайиб кетади, ғазабга тўлишади? Ўзига қиз фарзанд бўлишини шунчалар ёмон кўрганлар ўзлари ёқтирмаган нарсани қандай қилиб Аллоҳ таолога нисбат беришади?
Ислом дини мукаммал илоҳий тузум ўлароқ, дунёдаги мавжуд барча нуқсонларни, жумладан, инсониятнинг нафис қисми саналмиш аёлларга бўлган муносабатдаги мавжуд нуқсонларни ҳам тузатишга киришди. Бунинг учун жоҳилиятнинг аёл зотига нисбатан бўлган муносабати қаттиқ қораланди. Қуръони карим жоҳилият аҳлининг аёл зотига нисбатан адолатсизлигини танқид қилиш билан кифояланиб қолмади, балки улар бу ишларидан қиёматда ҳисобга тортилишлари, қилмишларининг жазосини албатта тортишлари ҳақида хабар ҳам берди.

18. Зеб-зийнат ичида ўстириладиган ва жанжал пайтида очиқ сўз айта олмайдиган кимсаними?!
Маълумки, аёл зоти ожиза, сал нарсадан кўнгли оғрийдиган, назокатли ва ҳассос бўлади. Аёлларнинг яна бир хислати уларнинг зеб-зийнатларга ўчлигидир: узук, сирға, билагузук, маржон каби тақинчоқларни тақишни севмайдиган аёл зоти бўлмаса керак. Шу боис, ҳар қандай аёл зеб-зийнат ва безаклар, ором ва фароғат ичра авайлаб парваришланади. Аёллар табиатан мулойим, назокатли бўлишгани учун қўполликни, уруш-жанжал, талашиб-тортишиш, можароларни ёқтиришмайди. Араб мушрикларининг ҳаёти эса кўпроқ уруш-жанжал, жангу жадал билан ўтар эди. Бу талашиб-тортишишлар ва ўзаро урушларда уларга кўпроқ ўғиллар асқатарди. Қизларни ёмон кўришларининг сабабларидан бири ҳам ана шу бўлган. Шундай экан, нима учун ўзларига ёқмаган нарсани, яъни зеб-зийнатга ўч бўлса-да, уруш ва можароларга ярамайдиган жинс вакилларини Аллоҳга нисбат беришади? Нега ўзлари ўғилларни ёқтириб, қизларни Аллоҳга муносиб кўришади? Уларнинг бу ишла-ри ўз тасаввурлари ва дунёқарашлари нуқтаи назаридан ҳам ғирт инсофсизлик, адолатсизлик-ку?!

19. Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёллар ҳисобладилар. Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлишганми? Бу гувоҳликлари албатта ёзилади ва ўзлари сўроққа тутилишади.
Қуръони каримда фаришталарнинг аниқ васфи келтирилган. Шуларга кўра, улар Аллоҳ таолонинг гуноҳ қилиш қобилияти бўлмаган бандаларидир. Улар доимо итоатда, ибодат қилувчи ва ҳар бир буйруқни бажарувчи, гуноҳлардан холи, беморлик (заифлик ва қарилик)ка учрамайдиган, емоқ-ичмоқ каби сифатлари бўлмаган, қазои ҳожат, бурун қоқиш ва ел чиқаришдан пок, жинслари ҳам йўқ, жисмлари нурдан яралган, асл тузилишини Аллоҳ таолонинг Ўзи биладиган, кўзга кўринмайдиган, мўминлар учун дуо ва истиғфор айтишга қодир, агар кўринишни исташса, ихтиёрий суратда кўринишга ҳам қодир зотлардир. Аллоҳ таоло фаришталарга имон келтиришни Ўзига, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёматга ва қазои қадарга имон келтириш билан бир қаторга қўйган. Фаришталарнинг макони кўпроқ осмонда, фақат Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариш учун Ер юзига тушишади. Фаришталар Аршни кўтариб туришади, жаннат ва унинг аҳлига хизмат қилишади, дўзах ишларини ва унинг аҳлини жазолаш вазифасини ҳам бажаришади. Бандаларнинг яхшилик ва ёмонликларини амал дафтарларига ёзиш учун одамнинг ўнг ва чап томонидаги икки фаришта вакил қилинган, қиёмат куни ана шу амал дафтарига кўра ҳисоб қилинади. Яна ер юзида ҳар бир бандани офату фалокатдан сақлаб (олдида ҳам, ортида ҳам) юрувчи фаришталар бор.
“Ақоиди Насафия”да ёзилишича, фаришталар Аллоҳнинг бандаларидир. Унинг барча буйруқларини тўла бажарадилар. Улар эркаклик ёки аёллик жинси билан сифатланмайдилар. Инсонлар фаришталар борасида ана шундай ақидада бўлишлари буюрилгани ҳолда мушриклар Раҳмон сифатига эга Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни ўзларича аёл жинсидан ҳисоблашяптими? Бундай қилишга уларнинг нима ҳаққи бор? Ёки Аллоҳ таоло фаришталарни яратаётган пайтда мушриклар бунга гувоҳ бўлиб туришганмиди? Ўшанда Аллоҳ фаришталарни аёл жинсидан қилиб яратганини кўриб туришганмиди? Шак-шубҳа йўқки, мушрикларнинг «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган даъволари номаи аъмолларига ёзиб қўйилади ва қиёмат куни улар бу ҳақда албатта сўроққа тутиладилар.

20. Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида бизлар уларга ибодат қилмаган бўлардик», дейишди. Уларда бунга илм йўқ. Улар ёлғон тўқишяпти, холос.
Яъни, мушриклар ўзларининг қилмишларига баҳона сифатида шундай “далил”ни келтиришади: “Агар фаришталарга сиғинишимизни Аллоҳ хоҳламаса, унда нега бизларни бу ишдан қайтармайди?”. Улар шу тариқа ўз масъулиятларини Парвардигорларига юкламоқчи бўлганларини, яъни Аллоҳ уларни Ўзидан бошқа ҳеч бир зотга сиғинмаслик ҳақида огоҳлантирганини унутмоқчи бўлишади. Ўлар бу қилмишлари билан илоҳий ҳақиқатни инкор қилмоқчи бўлишади. Чунки ҳозиргача бирор илоҳий таълимот, бирор самовий китоб инсонларни Аллоҳдан ўзга нарсаларга сиғинишни буюрмаган.
Маълумки, мушриклар орасида фаришталарга сиғинадиганлари ҳам бор эди. Улардан «Нега фаришталарга ибодат қиласиз?» деб сўралса, «Улар Аллоҳнинг қизлари-ку, шунинг учун уларга ибодат қиламизда» деб жавоб қилишар эди. Фаришталарни Аллоҳнинг қизлари деб ҳисоблаш қанчалик ботил иш бўлса, фаришталарга Аллоҳнинг қизи сифатида сиғиниш ҳам шунчалик ботил ишдир. Озгина ақлини ишлатган киши мушрикларнинг бу қилмишлари ғирт бемаъни, ҳеч қандай соғлом ақл ва мантиққа тўғри келмайдиган ҳаракат экани аниқ бўлади. Мана шундай ҳолатда улар вазиятдан қутулиш учун ҳийла йўлига ўтиб, «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз фаришталарга ибодат қилмас эдик, бу иш бизнинг хоҳишимиз билан эмас, Аллоҳнинг истаги ила бўлмоқда. Ахир бу дунёда ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлади-ку», деган сафсатани сота бошлашади.
Аслида дунёдаги ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билан бўлиши ҳақ, аммо «Аллоҳ фаришталарга ибодат қилишимизга рози бўлди» дейиш ботилдир. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ҳидоят ёки залолатни танлаш имкониятини ҳам бериб, сўнгра унга ҳидоят йўлида бўлишни буюрган. Агар инсон ҳидоят йўлини танласа, рози бўлишини, куфр ва залолат йўлини танласа, норози бўлишини айтган. Мушриклар эса ўзларини оқлаш учун ана шундай баҳона тўқишмоқда. Ҳолбуки, бу ҳақда уларда ҳеч қандай илм ёки ҳужжат йўқ.

21.Ёки ундан олдин уларга бир китоб берганмиз-у, улар ўшани тутиб олишганми?
Мушрикларга Аллоҳни қўйиб, Ундан бошқа бирор нарсага сиғиниш ҳақида уларга ҳеч қандай самовий китоб ҳам, бошқа бирор далил-ҳужжат ҳам юборилмаган. Шундай бўлганидан кейин улар қайси китоб ёки таълимотга суяниб, фаришталарнинг Аллоҳнинг қизлари деб аташга ҳад қилишяпти? Ёки улар бирор китоб ёки таълимотда “Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир” деган гапни ўқишганми ва ана шу гапга таяниб фаришталарга ибодат қилишяптими?

22. Йўқ, улар: «Биз ота-боболаримизни бир дин узра топдикки, бизлар улар изидан бориб албатта ҳидоят топувчилармиз», дейишади.
Инсонлар ўртасидаги ихтилофларнинг сабабларидан бири шуки, уларнинг айримлари ҳеч бир далил-ҳужжатсиз кимгадир тақлид қилиб эргашиб кетишаверади. Қуръони карим оятларига эътибор берсангиз, унда ота-боболарига ва ўзларидан катталарга тақлидий эргашиб кетган ғофил, жоҳил ва адашган кишиларнинг баёнини топасиз. Қуръондан олдин уларга ҳеч қандай китоб ҳам берилмаган, улар ҳеч қандай китобга суянганлари ҳам йўқ. Уларнинг бирдан-бир ҳужжат-далиллари ота-боболарининг қилган амаллари, тутган йўлларидир. Улар ўзларича, “ота-боболаримизга кўр-кўрона эргашиш билан ҳидоят йўлини топамиз” деган хомхаёлларга боришади. Ҳидоят йўлини топиш ўрнига ҳақ йўлдан тамоман адашиб кетишади.

23. (Эй Муҳаммад), шу каби сиздан илгари қайси бир шаҳарга огоҳлантирувчи юбормайлик, албатта ўша ернинг маишатпарастлари: «Бизлар ота-боболаримизни бир дин узра топганмиз ва бизлар албатта уларнинг изларидан эргашувчидирмиз», дейишган.
Яъни, Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига хитоб қиляптики, эй Муҳаммад, уларнинг бу гапларию қилмишларига, ота-боболарига тақлид қилиб ҳақ йўлдан юз ўгириб кетишларига ажабланманг, хафа ҳам бўлманг. Ўз куфр ва залолатларига ота-боболарининг иш-амалларини ҳужжат-далил қилиб олиш фақат Қуръон нозил бўлгандан кейинги мушрикларга хос эмас. Балки бу кулфат барча замон ва маконлардаги мушрикларнинг ўрганиб қолган одатидир. Ўша юртнинг бадавлат зодагонлари, маишатга муккасидан кетган аслзодалари Аллоҳ таоло томонидан юборилган огоҳлантирувчи пайғамбарларнинг ҳақ динга даъватини ҳамиша инкор қилишган. Пайғамбарларга эргашиш ўрнига ўзлари қолиб, бошқаларни ҳам ҳидоят йўлидан четга буришган, адаштиришган. Уларнинг энг катта далиллари ота-боболарининг йўлини тарк этмаслик, уларга тақлидан залолатда адашиб юраверишдир. Ота-боболарга ва улардан бошқаларга эргашиш инсонлар ўртасида катта келишмовчилик-ларни келтириб чиқаради. Айниқса, бу тақлидга ўжарлик, ҳақни тан олмаслик, ҳою ҳавасга берилиб кетиш каби иллатлар қўшилса, ихтилоф янада чуқур илдиз отади.

24. У: «Агар сизларга ота-боболарингизни унда топганингиздан ҳам ҳидоят қилувчироқни келтирган бўлсам-чи!» деганида улар: «Бизлар сизлар билан юборилган нарсага кофирдирмиз», дейишди.
Яъни, ҳар бир пайғамбар куфр ҳамда ширкка ботган инсонларни Аллоҳнинг дунё ва охиратдаги жазосидан огоҳлантириб, ўз қавмига шундай сўзлар билан мурожаат қилган эди: “Сизларга ота-боболарингиз сиғиниб юрган нарсалардан кўра тўғри йўлга бошловчироқ таълимотни етказсам, сизлар ширкингиздан воз кечасизми?”. Яъни, «Мен келтирган дин ота-боболарингизнинг динидан кўра ҳақроқ, тўғри йўлга бошловчироқ бўлса ҳам сизлар ота-бобонгиз динида юришни давом эттираверасизларми?! Мен келтирган динни инкор қилишда бардавом бўлаверасизларми?!». Мана шундай ҳақ сўзлар қаршисида баҳона топа олмай ноилож қолган кофирлар гапни хас-пўшлаб ўтирмай, очиқчасига ўз кофирликларини эълон қилишди: “Бизлар сен олиб келган динни инкор қиламиз, унга куфр келтирамиз ва сенга эргашмаймиз”.

25. Шунда улардан интиқом олдик. Энди уларни ёлғончига чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!
Яъни, Аллоҳ таоло кофир кимсаларнинг жазосини шу дунёнинг ўзидаёқ бериб қўйди: улар Аллоҳнинг ҳақ динини тан олмай, одамларнинг энг ёмони, тубанига айланишди. Куфрлари билан жонларига зулм қилишди, охиратда эса абадий азобга гирифтор бўлишди. Қиёматда эса Аллоҳ таолонинг пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, уларга эргашишдан бўйин товлаган нобакорларнинг оқибати қандай бўлишини яқинда ҳамма ўз кўзи билан кўради. Аллоҳ таолонинг рисолатини олиб келган пайғамбарни ёлғончига чиқарган ҳар бир қавмнинг тарихига назар солсангиз, уларнинг бари илоҳий жазога учраган, уларнинг оқибати вой бўлган, ўзлари Ер юзидан йўқ қилиб юборилган. Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлардан бирортаси ҳам омонда қолмаган. Бундан кейин ҳам ким Пайғамбарни ёлғончига чиқарса, аввалги кофир-мушриклар учраган балога йўлиқиб, ҳалокатга юз тутади.
Маълумки, араблар, хусусан, Ҳижоз араблари ўзларини Иброҳим алайҳиссаломнинг сулоласидан деб билишар, у зотдекулуғ пайғамбар боболари борлиги билан жуда фахрланишар эди. Бу эса уларнинг “биз ота-боболаримизга эргашамиз, Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашамиз” деган гапларининг мутлақо нотўғрилигига аниқ ҳужжат эди. Чунки улар ўзларининг энг катта боболари бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломга эргашмаётганлари аниқ эди. Агар улар Иброҳим алай-ҳиссаломга эргашганларида мушриклик йўлини тутмаган, Аллоҳга турли шерикларни нисбат бермаган бўлишарди. Чунки Иброҳим алайҳиссалом ҳеч қачон Аллоҳга ширк келтирган эмаслар, балки ширк балосига қарши қаттиқ кураш олиб борганлар. Бундан ташқари, Иброҳим алайҳиссалом ота-боболарига кўр-кўрона эргашмаганлар, балки мушрик оталари ва қавмларининг бутларга сиғинишига қарши чиққанлар, тинмай уларни тавҳидга чорлаганлар.

26. Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Мен сизлар сиғинаётган нарсадан безорман;
Тавҳиднинг амалга ошиши учун зарур бўлган илкунсур Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишдир. Ундан бошқага лозим кўрилмайдиган таъзим, севги, ибодатнинг, яъни улуҳиётнинг фақат Унга хос қилинишидир. Иккинчи унсур эса, маъбудларни инкор этиб, уларга сиғинган, уларни дўст тутганлардан узоқлашишдир. Ҳаққа имон фақат куфр ва ботил аҳлидан узоқлашиш билан намоён бўлади. Шу сабабли муваҳҳидларнинг имоми Иброҳим алайҳиссалом қавмининг “илоҳ”ларидан, бутларидан воз кечиш билан уларга душман эканини эълон қилган эди. Иброҳим алайҳиссалом отасига (баъзи муфассирларга кўра, амакисига) ҳамда қавмига хитоб қилиб, “Мен сизлар сиғиниб-ибодат қилаётган нарсаларга дахлдор эмасман, улардан безорман”, деди. Чунки Иброҳим алайҳиссалом-нинг отаси ва қавми турли бутларга, ўша пайтдаги золим подшоҳ Намрудга сиғиниб-ибодат қилишарди.


27. мени яратган Зотгина мустасно, У мени албатта ҳидоят қилади».
Яъни, «Эй Муҳаммад, Иброҳимни эсланг. У «Иброҳимнинг миллатиданмиз, ота-боболаримизнинг изидан эргашамиз» деб даъво қилаётган мана бу мушрикларга мутлақо ўхшамас эди. У асло Бизга ширк келтирмаган, ҳаниф тоза динда эди. Ҳақиқий тавҳид Аллоҳга имон ва Унга ибодат қилиш билан, маъбуд-илоҳларни инкор қилиш ҳамда уларнинг дўстларидан узоқлашиш билан охирига етмайди. Бунинг учун бутун пайғамбарларнинг даъватига биноан ягона Аллоҳга ибодат қилиш, шайтондан узоқлашиш, илоҳларни ва уларнинг дўстларини буткул инкор қилиш керак бўлади. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом “Мени яратган Зот - Аллоҳгина мени икки дунё саодатига йўллайди, бошқа ҳеч бир зот мени ҳидоят қила олмайди. Шунинг учун ҳам фақат У Зотнинг Ўзигагина ибодат қиламан, Унинг ягоналигига, тавҳидига имон келтираман”, демоқда.

28. Шояд қайтишса деб, у буни ўз ортида қолувчи сўз қилди.
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга ибодат қилмаслик ҳақидаги Сўзни, тавҳид калимаси бўлмиш «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни (“Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ” калимасини) ўзидан кейин келадиган зурриётлари орасида боқий қоладиган қилди. Шояд, ўша зурриётлари куфр ва ширкдан имонга қайтиб, ҳидоят йўлига юришса!
Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу сўзи, яъни тавҳид калимаси у зотнинг зурриётларидан саналган барча пайғамбарлар, жумладан, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар орқали тавҳид калимаси сифатида Ер юзида боқий қолиб келмоқда. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эсланг, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб, (айтишди): «Парвардигоро, биздан қабул эт, албатта Ўзинг эшитувчисан ва билувчисан. Парвардигоро, иккимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат ҳил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни ҳабул эт. Албатта Ўзинг тавбани кўплаб ҳабул ҳилувчисан, раҳмлисан. Парвардигоро, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат ҳилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор.Албатта Ўзинг кудратлисан, ҳикматлисан» (Бақара, 127-129).

29. Мен эса анавиларни ва уларнинг ота-боболарини, то уларга ҳақ ҳамда аниқ Пайғамбар келгунича баҳралантирдим.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Китоб нозил қилмай ва уларни қиёматдан огоҳлантирувчи Пайғамбар юбормай туриб уларни азоблашгз шошмадим. Ояти каримадаги «анавилар»дан мурод Макка мушрикларидир. Аллоҳ таоло уларни ҳақир-паст санаб, «анавилар» демокда.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга оид гап-сўзларни кўйиб, мушрикларнинг бевосита ўзларига тегишли сўзларни бошламоқда. Ўша мушрикларга ва уларнинг ота-боболарига ҳақ Қуръон ва очиқ-ойдин Пайғамбар - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунга қадар дунё неъматларидан баҳраманд қилдириб турганини эслатмоқда.Уларни яратиб, беҳисоб неъматлари билан баҳралантирган Зот уларга ҳақ Китобни нозил қилиб, очиқ-ойдин Пайғамбарни юборганида хурсандлик билан кутиб олиб, дарҳол имон келтиришлари лозим эди. Аммо улар бунга тамоман тескари иш тутиптди.

30. Уларга Ҳақ келганида эса: «Бу сеҳрдир ва биз бунга куфр келтирамиз», дейишди.
Оятдаги “Ҳақ”дан мурод, Қуръони каримдир. Яъни, мушрикларга Қуръон оятлари тиловат қилинганида улар ваҳийларга ишонишмади. Уларга куфр келтириб, уни «сеҳр» дейишгача боришди. Қуръони каримнинг Аллоҳ томонидан нозил қилинганига ишонмаганлари учун ана шундай гумроҳликка боришди. Улар ҳатто Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам у зотнинг рисолат келтирганларига ишонмай, яна кофирликларини қилишди.

31. Яна улар: «Бу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди», дейишди.
Мушриклар «икки шаҳар» деганда Макка ва Тоиф шаҳарларини кўзда тутишган эди. Мушрикларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича мол-дунёси кўп, мансаби ва қўлда ҳокимияти бор одам “улуғ киши” саналарди. Гўё ана шундай кишигина пайғамбарликка лойиқ бўларди. Бундай сифатларга эга бўлмаган Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарликларига уларнинг ишонгиси келмасди.
Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомдаги ўз номзодлари бор эди. Маккада Валид ибн Муғийра, Тоифда эса, Урва ибн Масъуд Сақафий исмли боёнлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эди. Шунинг учун улар “Агар бу Қуръ-он ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган етим, камбағал ва ҳеч бир мансаби бўлмаган кишига эмас, балки Валид ёки Урва каби баобрў кишиларга тушган бўларди”, дейишди. Ҳолбуки, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлик мақомига бошқаларга қараганда лойиқ ва муносиб эканлари барчага аён эди. Чунки у зот насаби тоза ва олий табақадан келиб чиққанлар. Рим императори Ҳирақл Абу Суфёндан Пайғамбаримизнинг насаблари ҳақида сўраганида Абу Суфён: “У ичимизда аслзодадир”, деб жавоб берган эди. Шунда Ҳирақл: “Сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, сен унинг ичингизда насл-насаби буюк эканини айтдинг. Ҳа, шундай, пайғамбарлар ўз қавмининг аслзодалари бўлишади”, деган эди.
Бир куни Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу кофирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларида таҳқиромуз гапларини эшитиб қолади ва тўғри Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига ғазабланган ҳолда келади. У кишининг гапларини эшитган Пайғамбар алайҳис-салом насабларини баён қилиш учун минбарга кўтариладилар. Танбеҳ бериш маъносида қавмга қарата: “Мен кимман?” деб сўрайдилар. (Саҳобалар саволни тушунмай): “Сиз Аллоҳнинг элчисисиз”, деб жавоб беришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибман (яъни, сизлар ота-боболаримни яхши биласизлар). Аллоҳ таоло махлуқотни (яъни жин ва инсонларни) яратди. Мени уларнинг яхшилари ичида қилди. Сўнгра уларни икки гуруҳга (араб ва ажамга) бўлди. Мени энг яхшиси ичида қилди. Сўнгра уларни қабила-қабила қилди. Мени энг яхши қабила (Қурайш) ичида қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени энгяхши хонадон (Бани Ҳошим) ичида қилди. (Фахр эмас), мен жон жиҳатидан ҳам, хонадон (пок насаб) жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшиси бўлдим” (Зеро, Аллоҳ мени охирзамон Пайғамбари этиб тайёрлар эди), дедилар (Термизий, Аҳмад ривояти).

32. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг раҳматини улар тақсимлашадими? Дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам улар ўртасида Биз тақсимладик ва баъзилари бошқаларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримлариникидан устун қилиб қўйдик. Парвардигорингизнинг раҳмати улар тўплайдиган нарсалардан яхшироқдир.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, мушриклар нега “анави пайғамбар бўлсин, манави киши бўлмасин” деб ўзларича илоҳий тасарруфга аралашишяпти? Ёки улар Парвардигорингизнинг раҳматини тақсимлашга вакил қилинганми? Ҳолбуки, пайғамбарлик Аллоҳнинг бандаларига берадиган энг катта раҳматидир, ўша раҳматни кимга ва қандай тақсим қилиш ёлғиз Парвардигорингизнинг ишидир, бунга мушрикларнинг аралашишга заррача ҳақлари йўқ. Пайғамбарликни ҳам, ўша кофирларгача бериладиган оддий ризқ-рўзни ҳам Унинг Ўзи тақсимлайди.
Аллоҳ таоло Ўзининг адли ва ҳикмати билан дунё ҳаётидаги тирикчилик, ризқ-рўзни одамлар орасида турлича тақсимлаб қўйган. Бир одамнинг ризқи бошқасиникидан, бир жамиятники иккинчисиникидан, бир замонники бошқа замонникидан фарқли бўлади. Ризқнинг одамлар ўртасида турли даражада бўлишининг ҳам ҳикмати бор, чунки баъзи кишиларнинг бошқа одамларни бўйсундириб, хизматларига олишлари учун айримларининг даражасини бошқаларникидан устун ҳам қилиб қўйган. Бу инсонлар ризқ-рўздаги тафовутлари туфайли бир-бирларига хизмат қилишади, деганидир. Мана шу асосда давлат раҳбари деҳқонга, деҳқон давлат раҳбарига, бой камбағалга, камбағал бойга хизмат қилади. Бу дунёдаги ризқ масаласи ана шундай тасарруф қилинган. Катта илоҳий раҳмат бўлмиш пайғамбарлик билан дунёнинг матоҳи, ҳою-ҳаваси орасида ҳеч қандай алоқа йўқ. Шу боис бундай маънавий неъматлар фақат пок, тақводор ва дунё матоҳига ўзини урмаган кишиларга берилади. Сийрат китобларида зикр қилинишича, “Макканинг улуғларидан Валид ибн Муғийра шундай деган: “Мен Қурайшнинг каттаси ва саййиди бўлсам, Абу Масъуд Амр ибн Умайр Сақафий эса Сақиф қабиласининг саййиди бўлатуриб, Қуръон биз қолиб, Муҳаммадга тушириладими? Ваҳоланки, биз иккимиз икки юртнинг (Макка ва Тоифнинг) улуғларимиз-ку?!” деди. Ривоят қилишларича, шунда Аллоҳ у ҳақда ушбу оятни нозил қилди”.

33. Агар одамларнинг бир миллат бўлиб қолишлари бўлмаганида Раҳмонга куфр келтирадиганларнинг уйлари шифтини ҳам, унга чиқадиган нарвонларини ҳам кумушдан қилиб қўяр эдик;
Кўпинча айрим тушунмаган одамлар шундай савол бериб қолишади: «Бир ишга сира ақлим етмайди. Аллақаёқдаги безори, тоат-ибодатдан йироқ, золим одамларга мол-дунё керагича, ҳатто ортиғи билан бериб қўйилган. Аксинча, доимо ибодатда бўлган, меҳнаткаш, яхши одамлар пул-давлатдан қисилган, камбағал қилиб қўйилган. Назаримда, шу ерда адолат бўлмаганга ўхшаб кўринади». Агар ана шу савол эгаси мол-дунёнинг Аллоҳ наздида заррача қадри йўқлигини, бир кишига мол-давлатнинг кўп берилгани унга марҳамат эмас, аксинча, қаттиқ синов эканини, Аллоҳ инсонларни синаш учун яхшига ҳам, ёмонга ҳам, обидга ҳам, фосиққа ҳам мол-дунё бераверишини тушунган бўлганида бу каби саволларга ўрин қолмас эди.
Бир инсонга бойлик ато қилиниши адолат-у, берилмаслиги адолатсизлик эмас. Мол-дунёнинг зарар ва офатлари ҳам диний, ҳам дунёвий бўлади. Чунки мол-дунё инсонни Аллоҳнинг маърифатидан, Унинг азамати ва қудратини ҳис этишдан, неъматларининг шукрини қилишдан тўсиб қўяди. Шунинг учун одамларнинг бир миллат бўлиб қолишлари хавфи, яъни кофир ва мушрик кимсаларнинг бой-бадавлат, фаровон яшашларини кўрган мусулмонларнинг “Бизлар ҳам анави бойларга ўхшаб кофир бўлсак, яхши бўларкан” деган хаёлда куфрга ўтиб кетишлари хатари бўлмаганида Раҳмон сифатли ЗотЎзига куфр келтирганларнинг уйлари шифтинию уларга олиб чиқадиган нарвон-зинапояларни ҳам олтин-кумушдан қилиб юборган бўларди.

34. ва уйларининг эшикларини ҳам, устида ястаниб ётадиган сўриларини ҳам;
Агар мусулмонларнинг бой-бадавлатликда кеккайиб юрган кофирларга тақлид қилиб, улар томонга ўтиб кетишлари бўлмаганида Раҳмон сифатли Зот Ўзига куфр келтирганларнинг уйларидаги эшикларни ҳам, улар устида ястаниб ётадиган сўриларини ҳам, борингки, бошқа барча жиҳозларини ҳам олтин-кумушдан қилиб юборган бўларди. Бу дунёга қизиққан одамлар кўпинча бой-бадавлат одамлардан ўрнак олишга, уларга тақлид қилишга уринишади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган инсондаги бу табиатни яхши билади ва шунга биноан тадбир қилади. Аслини олганда, бу дунёнинг ўткинчи матоҳлари Аллоҳ таолонинг наздида шу қадар қадрсизки, У Ўзига куфр келтирадиганларни мол-дунё, зеб-зийнатга кўмиб ташлаши, истаса, ўша кофирларнингуйларидаги шифтларигача, юқорига чиқадиган зинапояларигача, эшикларию ётадиган сўриларигача олтин-кумушдан қилиб ташлаши мумкин эди. Аммо бу ҳолни кўрган бошқа одамлар ҳам зеб-зийнатга қизиқиб, “кофир бўлсанг, бой бўларкансан” қабилида ўзларини куфрга уришлари, оқибатда ҳамма бир миллатга, яъни кофир миллатига айланиб қолиш хавфи пайдо бўлмаслиги учун Аллоҳ таоло бу ишни қилмайди.

35. ва зеб-зийнатларни ҳам. Барчаси дунё ҳаётининг матоҳларидир, охират эса Парвардигорингиз наздида тақводорлар учундир.
Аллоҳ таоло айтяптики, агар мўминлар учун куфрнинг хавфи, хавотири бўлмаганида Биз кофир кимсаларни батамом тилла-кумуш безаклар, зеб-зийнатларга, мол-дунё ва давлатга ғарқ қилиб юборган бўлар эдик. Чунки Бизнинг ҳузуримизда мол-дунёнинг заррача қадри, қиймати йўқдир. Ҳақиқий давлат охиратдадир ва бу нарса Аллоҳ таолонинг тақволи бандаларига аталгандир. Агар юқоридаги мулоҳаза бўлмаганида, Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирганларни ҳам зеб-зийнату безакларга кўмиб ташлар эди. Аллоҳ таолонинг ўлчовида, Ислом ўлчовида мол-дунё, зеб-зийнат ана шундай қадрсиз, ўткинчи нарсалардир. Буларнинг бари дунё ҳаётининг бир нафас ҳузурланиладиган арзимас матоҳидир. Бу фоний, вақтинчалик дунё ҳаёти тугаши билан ана шу мол-дунё ва зеб-зийнатларнинг ҳаммаси тугайди. Уни ишлатган ҳам, кўрмаган ҳам бир хил бўлади. Ҳали охиратда буларнинг ҳисоб-китобини бериш ҳам бор. Аммо абадий роҳат, ҳақиқий неъмат диёри бўлган охират Парвардигорингиз наздида Аллоҳдан қўрқувчи тақволи зотларга атаб қўйилгандир.

36. Ким Раҳмоннинг Зикридан кўз юмиб олса, унга бир шайтонни бириктирамиз, шунда у ҳамроҳ бўлиб олади.
«Раҳмоннинг Зикри» деганда Қуръони карим ва Ислом дини тушунилади. Баъзи кимсалар жоҳилликлари туфайли Раҳмон сифатли Зотнинг Зикри бўлган Қуръонга ҳам, Унинг охирги дини бўлмиш Исломга ҳам имон келтиришмайди. Худди кўр одамлар каби ана шу илоҳий неъматлардан кўзларини юмиб олишади. Улар атрофларидаги ўзларини қизиқтирган ҳамма нарсани яхши кўра олишса ҳам, аммо Қуръонга ва Исломга келганда кўрмайдиган, эшитмайдиган, тушунмайдиган бўлиб олишади. Уларнинг бу сохта кўрликлари ўзларига фақат зарар келтиради, холос. Аллоҳнинг Зикридан - эслатмасидан ғофил бўлиб, уларни кўрмасликка, билмасликка олаётган, Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умидини узган нобакорларга Парвардигор бир шайтонни бириктириб, унга улфат қилиб қўяди. Оқибатда ўша шайтон бундай осийнинг елкасига миниб, бурнига жилов солиб олади, хоҳлаган томонига судрайди. Гуноҳларини ўзига чиройли кўрсатиб қўяди. Ундан бир нафас ҳам ажралмай, доимо васвасага солиб юради. Хуллас, лаънати шайтон уни Аллоҳнинг ҳақ йўлидан тамоман адаштириб, икки дунёсини ҳам барбод қилади.

37. (Шайтонлар) уларни йўлдан тўссалар ҳам улар ўзларини ҳидоят топувчилардан ҳисоблашади.
Раҳмоннинг Зикридан кўз юмиб, кўр бўлиб олган кимсаларни шайтон осонгина йўлдан оздиради. Улар шайтон тузоғига тушиб, унга гумашта бўлганларини тан олмай, ўзларини ҳидоят топганлардан деб ҳисоблаб юришади.
Шайтон жаннатдан қувилганидан кейин Аллоҳдан қиёматгача инсонларни йўлдан оздиришга, адаштиришга изн сўради ва унга изн берилди. Шайтон одамзодни тўғри йўлдан оздиришга Аллоҳдан ижозат олган бўлса ҳам у хоҳлаган одамини куфр ва гуноҳга бошлай олмайди. Чунки Пайғамбар алайҳиссаломга истаган кишисини ҳидоятга бошлаш салоҳияти берилмагани каби лаънати иблисга ҳам хоҳлаган кишисини гуноҳ ва жиноятга ботириш имкони берилмаган. Шунингучун бир гуноҳишни қилиб қўйиб, “Шайтон мени йўлдан оздирди” деган баҳонани ишлатиш ярамайди. Одам боласи шайтон билан дўстлашганидан кейингина Аллоҳнинг осий-итоатсиз бандасига айланади. Лаънати иблис айни шундай пайтда инсонни ўз домига илинтиради. Аксинча, инсон имонли, тақволи бўлса, ҳамиша итоатда ва ибодатда бўлса, қалби Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлса, бундай ҳолда шайтон унинг бирор тукига ҳам тега олмайди. Шайтон мўмин ва тақволи инсонларни асло тузоғига илинтира олмайди. Унинг домига кўпроқ имони суст, Аллоҳдан қўрқмайдиган, гуноҳ ва савобни, ҳалол ва ҳаромни ажратишга қодир бўлмаган жоҳил кимсалар тушишади. Бундай кимсалар озгина алдов ва ҳийла туфайли шайтоннинг ноғорасига ўйнаб кетишади, у зийнатлаб кўрсатиб қўйган гуноҳ ишларга осонгина қўл уришади.

38. Хузуримизга келганда (шайтонга): «Қанийди, мен билан сенинг орамиз мағриб билан машриқ орасичалик узоқ бўлса эди. Нақадар ёмон ҳамроҳсан-а!» дейди.
Аллоҳнинг зикридан юз ўгириб, ғафлатда қолган кимсалар қиёмат куни Парвардигор ҳузурида пайдо бўлишганида ўзларини адаштириб, залолат йўлига ташлаб кетган шайтонлар билан орани очиқ қилиб олмоқчи бўлишади. Улар ҳамма бало шайтондан келганини, у ҳақ йўлдан адаштирганини сезиб, ана шу ёмон ҳамроҳларига маломат қилишни бошлаб юборишади: “Қанийди, сен билан орамиз мағриб билан машриқ ораси каби узоқ бўлсайди, сенга йўлиқмаган, сени умуман учратмаганимда эди, бошимга бундай бало-мусибатлар келмаган бўларди, сен бунчалар ёмон, йўлдан адаштирувчи ҳамроҳ бўлмасанг!”.
Аммо бундай кимсаларнинг охиратдаги афсус-надоматлари асло фойда бермайди. Энди қиёмат қойим бўлди, фурсат бой берилди, тавбалар йўли беркилди. Фурсат ўтганидан кейин қилинган афсус-надоматлардан асло фойда йўқ. Бундайлар дунё ҳаётида шайтоннинг малайларига айланиб, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ўғрилик, судхўрлик, қиморбозлик, шаҳватпарастлик, бузуқлик кўчаларига кириб кетишди. Улар қиёмат келганида шайтон ўзларини аро йўлга ташлаб, улардан бутунлай қочиб кетишини, бу билан қўлидан ҳеч нарса келмаслигини кўрсатиб қўйишини билишмади. Дунё ҳаётида шайтоннинг макрига алданиб, унинг йўлидан юрганлар энди ҳеч қандай ёрдамсиз қолиб, шайтонни ҳам, ўзларини ҳам маломат қила бошлашади. Улар суянган шайтоннинг асло ёрдами тегмайди, аксинча унинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб туради. Ана шундай ҳеч қандай ҳимоячисиз, кўмакчисиз, нажоткорсиз қолган кимсалар Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутганлари учун Парвардигорнинг абадий жазосига, мангу азоб-қийноқларига гирифтор бўлишади.

39. Зулм қилганингиз учун бугун азобга шерик бўлишингиз сизларга асло фойда бермайди.
Яъни, инсон бирор гуноҳ ишни қилиб қўйиб, “Шайтон мени йўлдан оздирди” деган баҳонани ишлатиши ярамайди. Чунки инсон бир чиркин иши билан шайтонни ўзига дўст қилиб олади, унинг гуноҳ иши шайтонни севинтиради. Одам боласи шайтон билан дўстлашганидан кейингина Аллоҳнинг осий-итоатсиз бандасига айланади. Лаънати иблис айни шундай пайтда инсонни ўз домига илинтиради. Одатда, бошига кулфат тушган мусибатзадалар бир-бирларини кўриб, ўзларига тасалли беришади: «Кўпга келган тўй экан, битта мен эмас, бошқаларнинг ҳам бошига тушибди» деб, ўз дардларини енгиллаштирмоқчи бўлишади. Аммо охират куни шайтонлар билан уларга эргашганлар азобда шерик бўлсалар ҳам азоблари асло енгиллашмайди. Чунки тавба эшиклари ёпилгани учун охиратда ҳеч кимнинг азоби енгиллатилмайди.

40. (Эй Муҳаммад), “кар”ларга эшиттира олармидингиз ёки “кўр”ларни ва аниқ адашувда бўлганларни ҳидоят қила олармидингиз?
Яъни, эй Пайғамбарим, сиз уларни ҳаргиз ҳидоят қила олмайсиз, ҳидоят Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сизга фақат таблиғ вазифаси, инсонларни ҳақ йўлга чорлаш, уларни охиратдаги илоҳий азобдан огоҳлантириш вазифаси юкланган, холос.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло кофир ва мушрикларни кўр ва кар деб эълон қилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, асли кўр ёки кар одамга бирор нарсани кўрсатиш ё эшиттириш амри маҳол бўлганидек, қалб кўзи кўр ёки кар кимсаларга ҳам ҳидоят йўлини кўрсатиш ё эшиттириш қийин иш эканини айтмоқда. Қуръони карим оятларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли берилар экан, одамларнинг ҳидоят топиши ёки залолатга кетиши фақат Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқлиги, Пайғамбарнинг бу ишга дахли йўқлиги, у зотнинг вазифаси фақат рисолатни етказиш экани таъкидланади. Шунинг учун Аллоҳнинг элчиси илоҳий даъватни етказа бошлаган дастлабки пайтларда баъзилар унга қулоқ осади, баъзилар эшитмайди. Пайғамбар эшитганларга даъватни давом эттиради, уларга ҳидоят йўлини кўрсатади. Аммо ким пайғамбарнинг даъватларига қулоқ солмаса, у маънавий кар бўлади, унга бир нарсани эшиттириб бўлмайди. Ундай одам маънавий кўр бўлади, унга ҳидоят йўлини кўрсатиб бўлмайди. Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам даъватга қулоқ солмаётган, ундан юз ўгираётган кишилар ҳақида кўп ўйлаб, ташвиш қилмасинлар, тушкунликка тушмасинлар. Улар билан дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳисоб-китоб қилиб олади.

41. Агар сизни кетказсак ҳам, Биз улардан албатта интиқом оламиз.
Исломнинг илк даврларида Маккада янги дин тарафдорлари тобора кўпайиб кетаётганидан хавотирга тушган мушриклар нима қилиб бўлса ҳам бу динни олиб келган охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни жисман йўқ қилиш режасини тузишади, у зотни пойлашга тушишади. Аммо ҳийла бобида улардан тадбирлироқ Аллоҳ азза ва жалла бундан Ўз Пайғамбарини воқиф қилади. Улар алданганларидан қаттиқ ғазабга келиб-тутоқиб, у зотни таъқиб қилишни давом эттиришади. Охири у зотдан қутулиш учун Мадинага кўчишга мажбур қилишади. Аммо Пайғамбарни шаҳардан чиқариб ҳам мушриклар мақсадига ета олишмади. Аллоҳ уларни ҳар жабҳада таъқиб қилди, жонларидан, молларидан маҳрум қилди, ғазотларда хорлаб, қийнаб ҳалок этди. Охири Ислом бутун Араб жазирасига, кейинроқ эса дунёга тарқалди. Уларнинг охирзамон Пайғамбарини жисман йўқотиш ҳақидаги орзулари орзулигича қолиб кетди. Аллоҳ таоло ушбу оятда айтяптики, «эй Муҳаммад, қилмишлари учун кофирлардан ўч олишимиздан, уларни азоблашимиздан олдин сизни вафот эттириб, бу дунёдан кетказсак ҳам, бу иш шу ҳолича қолиб кетмайди, Биз улардан албатта интиқом - ўч оламиз”.

42. Ёки уларга ваъда қилганимизни сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга қодирдирмиз.
Яъни, Макка мушриклари бошларига келган барча мусибат ва йўқотишларда охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни айблашга уриниб, у зотни йўқотиш пайидан бўлишарди. Агар уни йўқотсак, ҳамма ишлар жойига тушади, деб ўйлашарди. Аммо улар билишмасдики, Аллоҳ таоло у зотни кетказмай, вафот эттирмай туриб ҳам мушрикларни азоблаш ҳақида Пайғамбарига ваъда қилган ҳодисаларни у зотга кўрсатиб қўйиши мумкин. Яна Аллоҳ ваъда беряптики, Биз улар устида нимани ҳукм қилсак, албатта рўёбга чиқарамиз, қачон хоҳласак, ўшанда азобимизни берамиз. Шунинг учун эй Пайғамбарим, кўнглингиз тўқ бўлсин, кофирларнинг сизга ва мусулмонларга кўрсатаётган таъқиб ва зулмларидан ташвишланиб юрманг. Ҳаммаси Биз ирода қилгандай бўлади.

43. Ўзингизга ваҳий қилинган нарсани маҳкам ушланг! Сиз албатта тўғри йўлдадирсиз.
Аллоҳ яна Пайғамбарига хитоб қиляптики, Аллоҳ сенга ваҳий қилаётган Қуръонни маҳкам ушланг. Уни умматингизга етказишда, ундаги амр-фармонларга амал қилишда собитқадамлик кўрсатинг! Ўз йўлингиздан асло чекинманг, бошқаларнинг гап-сўзларига, маломатларига сира қулоқ солманг! Хотиржам бўлинг, сиз тўғри йўлдасиз, Биз танлаган ва умматингизга таклиф этган ҳақ йўлдасиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан дўзах вожиб бўлган ўн кишига шафоатчи қилади», деганлар.

44. Зикр сизга ҳам, қавмингизга ҳам шарафдир ва яқинда сўраласизлар.
Зикр, яъни Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шону шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръон у зоти бобаракотнинг номларини бутун оламга таратди, дунёдаги миллионлаб одамларни у зотга уммат қилди. Қуръони каримни тиловат қилувчи сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар томонидан доимий равишда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтиб турилишига сабаб бўлди. Айни пайтда Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмларига ҳам шон-шараф келтирди. Улар Қуръон уммати ўлароқ бутун дунёга танилишди. Қуръонга амал қилишгани учун дунёнинг пешқадам умматига айланишди.
Омир ибн Восиладан ривоят қилинади: «Нофеъ ибн Абдулҳорис Асафонда Умар розияллоҳу анҳуга йўлиқди. Умар уни Маккага омил қилган эди. Шунда у: «Аҳли Қурога кимни омил қилдинг?» деди. «Ибн Абзани», деди. «Ибн Абза ким ўзи?» деди. «Озод қилган қулларимиздан бири», деди. «Уларга озод қилинган қулни омил қилдингми?» деди. «У Аллоҳ азза ва жалланинг Китобининг қориси, фароиз (мерос) илмининг олими. Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ бу Китоб билан бир қавмларни кўтаради ва у билан бошқаларни туширади», деганлар», деди» (Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қалбнинг зангини нима кетказади, деб сўрашганида: «Қуръон тиловати ва ўлимни ёд этиш. Қиёмат кунида Ҳақ субҳанаҳу ва таоло назарида ҳеч бир шафоат қилувчи пайғамбар, фаришта ва бошқаларнинг мартабаси Қуръон ўқувчи мартабасига тенг бўлолмайди. Ким Аллоҳни ва мени севса, Қуръонни, Қуръон тиловатини ва Қуръон ўқувчини севсин», деб жавоб берганлар.

45. Сиздан олдин юборган пайғамбарларимиздан сўрангчи: Раҳмондан бошқа ибодат қилинадиган “илоҳ”лар қилган эканмизми?!
Яъни, дунё тарихида ҳеч бир пайғамбар ҳам, ҳеч бир Китоб ҳам, ҳеч бир таълимот ҳам Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишни жоиз санамаган. Ҳеч бир пайғамбар ўз умматини Аллоҳдан бошқага ибодат этишга чақирган эмас, ўзи Аллоҳдан бошқа илоҳга ибодат қилган ҳам эмас. Дунёда ўтган барча пайғамбарлар фақат Раҳмон сифатли Аллоҳ таологагина ибодат қилишган ва одамларни ҳам фақат Раҳмон сифатли Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга чақиришган.
Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларини тавҳид динига чақирганлар, ягона Аллоҳ таолога имон келтириш ва Унгагина сиғинишга даъват қилганлар. Олдинги оятларда зикр қилинганидек, у зотнинг камбагалликлари, бирорта мансаб эгаси бўлмаганлари учун Макка мушриклари у зотнинг пайғамбарликларига ишонишмаган ва пайғамбарликка Макка ёки Тоифдаги бой-бадавлат қабила бошлиқларидан бирини тавсия қилишган эди.
Ушбу ва кейинги оятларда эса ушбу фикрларга мисол тариқасида тарихда бўлиб ўтган бир воқеа - Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн қиссаси келтирилади. Фиръавн оддий бир қабиланинг раҳбари эмас, қадимий маданиятлар бешиги бўлган Мисрдек буюк бир давлатнинг подшоҳи эди. Мол-мулкда, иззат-ҳурматда ҳеч бир одам унга тенглаша олмасди. Аммо Аллоҳ таоло пайғамбарликни Фиръавнга эмас, ҳеч нарсаси йўқ, қабиласи Фиръавнга хизматкорлик қилган, ўзи гўдаклигида фақат Аллоҳнинг инояти билангина ўлимдан қутулиб қолган Мусо алайҳиссаломга берди. Қуйидаги оятларда Мусо алайҳиссаломнинг подшоҳ Фиръавнни ҳидоят йўлига қандай усуллар билан бошлагани зикр қилинади.

46.    Аниқки, Биз Мусони Ўз мўъжизаларимиз билан Фиръавнга ва унинг аъёнларига юбордик. Шунда у: «Албатта мен оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман», деди.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафидан Фиръавн ва унинг қавмига илоҳий мўъжизалар билан, уларни фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга чақириш, куфр ва ширк иллатларидан тозалаш учун юборилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, «Биз Мусони унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Миср подшоҳи Фиръавнга ва унинг аъёнлари олдига юбордик. Мусо уларнинг олдига бориб: “Мен бутун оламлар Парвардигори томонидан юборилган пайғамбардирман”, деди. Уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканини тасдиқловчи мўъжизаларни кўрсатди”.

47.    Уларга мўъжизаларимизни келтирганида баногоҳ улардан кула бошлашди.
Яъни, Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг аъёнларига Аллоҳнинг чексиз қудратига далолат қилувчи мўъжизаларни олиб келганида улар ҳатто фикр юритиб ҳам кўрмай, нодонларча масхара қилишга, бирданига пайғамбар ва мўъжизалар устидан кулишга ўтишди. Бу уларнинг калтабинлигидан, қаршиларида турган илоҳий мўъжизалардан ҳам ибратланмайдиган даражада куфрга кетганларидан дарак берарди.

48.    Уларга бирор мўъжизани кўрсатсак, у албатта олдингисидан каттароқ бўлар эди. Шояд, қайтишса деб, уларни азоб билан ушладик.
Ушбу ояти каримадан билиниб турибдики, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ато этган мўъжизалар тўққизта - асо, қўл, қаҳатчилик йиллари, дарё, тўфон, чигиртка, бит, қурбақа ва қон бўлган. Буни Ибн Аббос, Мужоҳид, Қатода ва бошқалар ривоят қилишган. Мўъжизаларнинг тўққизта деб чекланиши Мусо алайҳиссаломга бундан бошқа мўъжиза берилмаган, деган фикрга олиб бормаслиги керак. Усул илми уламоларининг таъкидлашларича, бирор нарсани аниқ бир миқдор билан ифодалаш унинг ўша сондан зиёда бўлиш эҳтимолини инкор қилмайди.
Шу тариқа Фиръавн ва унинг қавмига бу мўъжизаларнинг ҳаммаси бирин-кетин кўрсатилди. Ҳар бир мўъжиза ўзидан олдингисига нисбатан кучлироқ, муддати узунроқ бўлди. Чунки ҳар бир мўъжизадан кейин кофир қавмнинг инкори янгиланар, кучаяр эди. Бу уларнинг қалби тошдек қотиб кетгани, илоҳий мўъжизалардан тариқча ҳам таъсирланмасликларини кўрсатиб турарди. Жоҳил қавм шояд ҳақ йўл сари юзланиб, хатоларини ўнгласа, ўзининг ботил йўлидан қайтса деб, Аллоҳ уларга вақти-вақти билан азобини ҳам юбориб турарди. Бу ердаги “азоб”дан мурод, мана шу ўткинчи дунёдаги қийинчилик ва машаққатлардир. Аммо улар ҳидоятга келмади, илоҳий мўъжизаларни ҳам инкор қилиб, уларни ҳатто масхаралашгача борди. Шунда муқаррар жазонинг келиши аниқ бўлиб қолди.

49. Улар: «Эй сеҳргар! Сенга берган ваъдасига биноан бизлар учун Парвардигорингга дуо қил! Бизлар албатта ҳидоят топувчилармиз», дейишди.
Яъни, фиръавнийлар Мусо алайҳиссаломга хушомад қилишга ўтишди, улар ўзларини бечораҳол кўрсатиб, маккорлик ва сохта ҳурмат кўрсатаётгандек қилиб, шундай дейишди: “Ўз сеҳри ва илми билан бизлардан устун келган эй моҳир сеҳргар, пайғамбарлик билан бирга сенга берган ваъдасига биноан бизлар учун дуо қилиб Парвардигорингдан сўрагинки, У бизлардан ушбу азобни бутунлай аритсин! Шунда бизлар сенга имон келтирамиз, айтганларингни қилиб, қайтарган ишларингдан четланамиз”.
Ушбу оятдан Фиръавн ва қавмининг нақадар ашаддий кофир экани билиниб турибди. Уларнинг инкори шу даражадаки, «Эй Мусо!» ёки «эй пайғамбар!» дейишга тиллари бормай, унга “эй сеҳргар” деб мурожаат қилишяпти. Уларнинг жоҳиллиги шу даражадаки, куфрларини пайғамбарга шарт қўйиш орқали яширмоқчи бўлишяпти: «Аввал биздан азобни кўтарасан, кейин ҳидоятга юрамиз». Аслида «Мўъжизани кўрдик, азобни тотдик, энди сенинг ҳақ пайғамбар эканингга ишондик, сенинг айтганларингга имон келтирдик» дейишлари лозим эди. Аммо улар ҳақ йўлда эканларини даъво қилишса ҳам ҳидоятга юришни исташмади. Ушбу ояти каримадан мазкур қавмга хос бўлган разил бир одат намоён бўлмоқда: улар гўё Аллоҳ таоло уларнинг эмас, фақат Мусо алай-ҳиссаломнинг Парвардигоридек “бизлар учун Парвардигорингга дуо қил!” дейишмоқда.

50. Улардан азобни аритганимизда бирданига улар (ваъдаларини) буза бошлашади.
Яъни, улардан азоб аритилса, улар берган ваъдаларини яна буза бошлашади. Қавмининг имонга келишига ўта ҳарис бўлган Мусо алайҳиссалом уларнинг ваъдасини эшитиб, севиниб кетди ва Аллоҳ таолога дуо қилиб, улардан азобни кетказишни сўради. Пайғамбари томонидан ихлос билан қилинган дуо Аллоҳ таоло тарафидан ижобатсиз қолдирилмади. Лекин бунинг натижаси кутилганидай бўлмади: “иши битиб, эшаги лойдан ўтган” нодон қавм ҳидоятга келиш ўрнига ваъдасини бузиб, аввалги кофирлигини давом эттираверди.

51. Фиръавн ўз қавмига нидо қилди: «Эй қавмим! Миср подшоҳлиги ва остимдан оқиб турган мана бу анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми;
Фиръавн қавмининг шарафли ва аслзода одамларини саройига чорлаб, уларга шундай хитоб қилди: “Эй қавмим, Миср подшоҳлиги фақат менинг ўзимга тегишли, уни ҳеч ким мендан тортиб ололмайди. Бирор кимса менинг амримга қарши иш қилолмайди. Бундан ташқари, сизлар кўриб турган Нил дарёсидан келаётган мана бу дарёлар қасрим тагидан оқиб турибди. Менинг куч-қудратим, салтанатимнинг буюклиги ва шаънимнинг улуғлигига далолат қилувчи ушбу аломатларни кўрмаяпсизларми, ахир?!”

52. мен мана бу ҳақир, очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхшироқ эмасманми?;
Бу ерда Фиръавн “мана бу” деганда Мусо алайҳиссаломни назарда тутмоқда. Яъни, устига-устак мен бу фақир ва ҳақир (арзимас), ҳеч қандай куч-қувват ва бойликка эга бўлмаган, айни пайтда бир сўзни эплаб гапиролмайдиган (Мусо алайҳиссалом бир оз дудуқланар эди), фикрни тўғри тушунтириб беролмайдиган одамдан яхшироқ эмасманми? Мана шу саволнинг ўзидан Фиръавннинг нақадар туғёнга кетгани, кибрда ҳаддан ошгани кўриниб турибди. Мутакаббир кимсалар ўзини ҳатто пайғамбардан ҳам устун санайдиган бўлиб қолади.

53. унга олтин билагузуклар ташланганида ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келишганида эди!»
Яна Фиръавн айтяптики, агар Мусо ҳақиқатан пайғамбар бўлганида ўзини олтиндан бўлган билагузуклар билан безаган ва бизларнинг олдимизга келганида унинг атрофини фаришталар ўраб олишар ва ўша фаришталар унинг ростгўй пайғамбар экани тўғрисида гувоҳлик берган бўлишар эди.
Фиръавн бу гапи билан қавмини ўзидек Миср подшоҳини қўйиб, Мусога эргашиб кетмасликка тарғиб қилмоқчи бўлди. Фиръавн айтаётган сўзлар унинг ўтакетган нодон ва кофир кимса эканидан дарак беради. Фиръавн ўзини мақтаб, пайғамбарни ерга уришда ҳар қандай пасткашликдан ҳам қайтмайди. Фиръавнийларнинг аҳмоқликларидан яна бири шуки, улар Аллоҳнинг динига чақирувчи кишилар оддий инсон эмас, қандайдир ғайритабиий одам, балки фаришта, ҳеч бўлмаганда фаришта билан бирга юрадиган бўлиши керак, деб ўйлашларидир.
Ибн Касир айтади: “Фиръавнни (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) ёлғон ва туҳматдан иборат сўзларни айтишга уни фақат куфр ва ношукрлик ундади. У Мусо алайҳиссаломга куфр дарчаси орқали қараб, унда баъзи нуқсон ва камчиликларни кўрди. Ваҳоланки, Мусо ақл эгалари наздида азиз ва хушсурат киши эди” (“Тафсиру Ибни Касир”, 7-жуз, 218-бет).

54. У қавмини лақиллатган эди, унга итоат қилди, чунки улар фосиқлар қавми эди.
Яъни, Фиръавн Мусо алайҳиссаломга айтадиганини айтиб бўлгач, энди қавмига юзланиб, уларни ўзига ижобат қилишга ундади. У қавмини тезлаб, уларни лақиллатган эди, маънан сўқир, фосиқ қавм унга “лаббай” деб жавоб берди. Оятдаги арабча “фастахоффа” сўзи “тезлаш, қисташ, лақиллатиш, қўзғаш” маъноларини билдиради. Аслида фосиқликдан қайтмайдиган фиръавнийлар хукмдорларининг ёлғон гапларига учиб, унга итоат қилишди ва Мусо алай-ҳиссаломдан юз ўгиришди.

55. Бизни дарғазаб қилишгач, улардан интиқом олдик - барчаларини ғарқ қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло айтяптики, “Фиръавнни ва унинг қавми куфру исёнда оёқ тираб, қаттиқ туриб олишлари билан Бизнинг ғазабимизга учради. Шунда Биз улардан интиқом-қасос олдик, барчаларини тўп-лаб, денгизга ғарқ қилиб юбордик”.
Фиръавн ўз одамлари билан Мусо алайҳиссалом ва у кишининг қавмини қувиб борганида Бани Исроил Мусо алайҳиссалом бошчилигида Аллоҳнинг ёрдами билан Кулзум (Қизил) денгизини кесиб ўтиб, қутулиб қолди. Фиръавн уларни тутиш ниятида ортларидан денгизга тушганида Аллоҳ таоло уни одамлари билан тўплаб, денгизга ғарқ қилиб ҳалок этди. Улар Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишгани, Унинг пайғамбарига осий бўлишгани ва куфр йўлини танлашгани учун шу дунёнинг ўзида қаттиқ азобга учрашди. Охиратда эса уларни бундан ҳам қаттиқроқ, бунданда аламлироқ жазо кутиб турибди.

56. Уларни кейингилар учун ибратли ўтмиш ва мисол қилиб қўйдик.
Аллоҳ таоло ҳаддидан ошган ва золимликни кучайтирган Фиръавн ва унинг қўшинини ҳалок қилиб, улар ҳаётини ўтмишга айлантиргач, уларни бошқаларга ибрат-намуна қилиб ҳам қўйдики, то ўша бошқалар яна куфр йўлини тутишмасин, ёмон амалларни қилиб, Парвардигорларининг ғазабига ва азобига учрашмасин.
Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг одамларини нима учун бошқаларга мисол қилиб қўйганини шарҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Ўшандан буён бутун дунёда Фиръавн ҳаддидан ошиб, туғёнга кетган, дунёда «Аллоҳнинг эмас, менинг айтганим бўлиши керак» дейдиган ҳоким ва подшоҳларнинг ёмон тимсоли бўлиб қолди. Ҳатто қаттиқ туғёнга кетган Фиръавн ўлаётиб имон келтирмоқчи бўлган, аммо унинг жон чиқар пайтдаги имони асло ёрдам бермаган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳтаоло Фиръавнни ғарқ этгач,у тавҳид калимасини айтаётганда Жаброил алайҳиссалом сув остида ўрнашиб қолган лойқа-балчиқдан олиб, унинг оғзига тиқа бошлаган. Сўнг Фиръавннинг жасадини тўлқин ташқарига отган. Одамлар худолик даъвосини қилган золим подшоҳнинг аъзои баданига денгиз ўт-ўланлари ёпишган, оғзига балчиқ тўлган ҳолда ўлиб ётганини кўришган. Унга подшоҳлиги ҳам, молу мулки ҳам, тилла билагузуклари ҳам, аскарлари ҳам ёрдам бера олмаган.

57. (Эй Муҳаммад), Марям ўғли мисол қилиб келтирилса, қавмингиз қичқира бошлайди.
Суранинг олдинги оятларида баён қилинганидек, мушриклар фаришталарни “Аллоҳнинг қизлари” деб эътиқод қилар, уларга сиғинишар эди. Эътиқоди бузилган насронийлар эса Марям ўғли Исо алайҳиссаломни “Аллоҳнинг ўғли” деган эътиқодда у кишига ибодат қилишарди. Ҳар икки эътиқод ва ибодат ҳам ботил эканини баён қилиш мақсадида қуйида Исо алайҳиссалом қиссалари келтирилмоқда.
Муфассирларнинг келтиришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга Анбиё сурасининг 98-оятидаги «Сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиган нарсаларингиз дўзах ёқилғисидирсиз, сизлар унга кирувчиларсиз» оятини тиловат қилганларида Абдуллоҳ ибн Зибъаро Тамиймий исмли мушрик: “Муҳаммаддан сўрангларчи, “Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган барча илоҳлар ва ибодат қилувчилар дўзахда бўлармикин? Ваҳоланки, бизлар фаришталарга сиғинамиз, яҳудийлар Узайрга, насронийлар Исо ибни Марямга сиғинишади. Агар ана шулар ҳам дўзахга тушишса, бизларнинг ва илоҳларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб бир оз жим қолдилар. Мушриклар эса Абдуллоҳ ибн Зибъаро ютиб чиқди, деб ўйлаб, шодланганча кулишни, бақир-чақир билан шовқин кўтаришни бошлашди. Яъни, эй Пайғамбарим, уларга оид мазкур сўзлар олдида сизнинг мот бўлиб қолишингизни ўйлаб, шод бўлишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларга: «Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган бирон нарсада яхшилик йўқдир», дедилар. Улар: “Сен Исони банда, пайғамбар, солиҳ киши демайсанми? Агар сен айтганингдек бўлса, у ҳам худди бизнинг илоҳларимиздек-ку?” (яъни, насронийлар унга ибодат қилишади-ку), дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди”.

58. «Бизларнинг илоҳларимиз яхшими ёки уми?» дейишди. Уни фақат тортишиш учунгина сизга мисол қилиб келтиришди. Аслида улар хусуматчи қавмдирлар.
Яъни, “Сизлар ва Аллоҳдан ўзга маъбудларингиз дўзахга ўтин бўласизлар” деган оят нозил бўлганида мушриклар ҳазрати Исо алай-ҳиссаломни мисол қилиб келтиришар эди. Бундан маккаликлар хушнуд бўлиб севиниб кетишди. Ҳолбуки, Исо алайҳиссалом уларга маъбудлик даъвосини қилмаган, бундай ҳукм ҳам бермаган, маъбудликка рози ҳам бўлмаган эди. Унда мушриклар нега ҳазрати Исони мисол қилиб келтиришади? Яъни, «Бизнинг маъбудларимиз яхшими ёки Исо яхшими?» дейишади. Уларнинг бу саволларидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси: «Исодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг илоҳларимиз ҳам тушса нима бўлибди?!» деган; иккинчиси: «Насронийлар Исога ибодат қилишса, бизлардан айримларимиз фаришталарга сиғинамиз. Фаришталар яхшироқми, Исо яхшироқми?» деган маъно англашилади.
Аслида улар “Сизлар ва Аллоҳдан ўзга маъбудларингиз дўзахга ўтин бўласизлар” деган оятдан кўзланган асл мақсадни жуда яхши билишади. Шунингдек, Исо алайҳиссалом ўзларини маъбуд-илоҳ демаганларини ҳам аниқ билиб туришади. Лекин мушрикларнинг табиатлари бузуқ бўлгани учун тинмай бўлар-бўлмас баҳоналар топиб, хусумат чиқаришаверади.
Одамлар ўртасида хусумат қўзғаб, ихтилофга сабаб бўлиш динимизда қаттиқ қораланган ишлардандир. Абу Усома розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамларнинг олдига чиққанларида улар Қуръон ҳақида тортишиб туришган эди. У зот бундан қаттиқ ғазабландилар. Худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра: «Аллоҳнинг Китобининг баъзиси билан баъзисини урманглар! Фақат тортишишга мубтало бўлган қавмгина залолатга кетгандир» деб, «Уни фақат тортишиш учунгина сизга мисол қилиб келтиришди» оятини тиловат қилдилар».

59. У бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик.
Аллоҳ таоло айтяптики, Исо (алайҳиссалом) ҳам Биз яратган бандаларнинг биридир, у илоҳ ҳам эмас, илоҳнинг ўғли ҳам эмас, ёки айрим тоифалар даъво қилаётгандай муқаддас Учликнинг бири ҳам эмас. Исо ҳам фақат бир банда, холос. Биз унга пайғабарликни неъмат қилиб бердик ва уни отасиз яратиш билан бошқаларга ибрат бўлиши учун Бани Исроил қавмига бир мисол қилиб қўйдик.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Исо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир» деб гувоҳлик берса, нима амал қилган бўлса ҳам Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

60. Агар хоҳлаганимизда ўрнингизга фаришталарни Ердаги ўринбосарлар қилиб қўйган бўлардик.
Яъни, Биз сизлардан баҳожатдирмиз, сиғинишларингиз ва ибодатларингизга муҳтож ҳам эмасмиз. Агар хоҳлаганимизда сизларни лаҳзада ҳалок этиб, Ер юзидан йўқ қилиб юборган, ўрнингизга Ўзимиз учун ўринбосарлар қилиб фаришталарни пайдо қилган бўлардик. Улар асло исён ва осийлик қилмай, Парвардигорларига ихлос билан ибодат қилган бўлишарди.
Аксар муфассирлар ушбу оятдан қуйидагича маъно чиқаришган: “Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яратиш иши ёлғиз Аллоҳ таолонинг изни-ихтиёрида. У нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам бунга аралаша олишмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардандир. Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида Ер юзида мушрикларнинг ўрнига ўринбосар қилиб фаришталарни пайдо қилган ёки аксинча, одамлардан фаришталар яратган бўларди”.

61. Албатта, у қиёмат учун аломатдир. Сизлар у ҳақда сира шубҳа қилманглар. (Эй Муҳаммад, айтинг): “Менга эргашинглар, мана шу тўғри йўлдир”.
Яъни, Исо алайҳиссаломнинг тушиши қиёматнинг келиши учун далиллардан биридир. Исо алайҳиссаломнинг осмондан қайтиб тушиши ғайбий эътиқод масалалари доирасига кирадики, ушбу оят шунга ишора қилади. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам бунинг баёни келган. Бу масалада Қуръон ва ҳадисдан бошқа ҳужжатга эътиқод қилинмайди.
Қиёмат яқинлашганида Дажжол Ер юзини фитна-фасодга тўлдириб турган бир пайтда Исо алайҳиссалом осмондан тушади ва уни ўлдиради. Исо алайҳиссалом осмондан тушганидан сўнг Ислом шариати билан ҳукм қилади, унут бўлган ҳукмларни қайта тиклайди. Ер юзида Аллоҳ таоло хоҳлаган муддат ичида яшаб, вафот этади.
Мусулмонлар у зотга жаноза ўқиб, дафн қилишади. Қуръони каримда Исо алайҳиссалом ҳақида нозил бўлган қуйидаги ояти карима бор: «Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб кўйилди, холос. Албатта Исо ҳаҳида талашиб-тортишган кимсалар унинг ҳаҳида шубҳада ҳолишган. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир, балки Аллоҳ уни осмонга кўтаргандир» (Нисо, 157-158).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таолога қасамки, яқинда орангизга Исо ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушади. Хочни синдиради, тўнғизларни ўлдиради, жизяни бекор қилади. Мол-дунё кўпаяди, ҳатто ҳеч ким садақа олмай қўяди. Бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги бор нарсалардан яхшироқ бўлиб қолади» (Бухорий ва Муслим ривояти); Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун фидойилик билан жанг қилади. Шунда Исо ибн Марям тушади. Уларнинг амири унга: “Кел, бизга намозга ўт”, дейди. У: “Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир”, дейди» (Муслим ривояти).

62. Шайтон сизларни ҳаргиз тўсмасин, албатта у сизларга аниқ душмандир.
Одамларни Аллоҳнинг тўғри йўлидан фақат шайтон тўсиб, уларни ушбу диндан узоқлаштириб юбориши мумкин. Исо алай-ҳиссалом ҳақида бефойда тортишиб юрганларни ҳам шайтон тўғри йўлдан адаштиргани ҳақ. У инсон зотига азалий душман бўлгани учун одамзодни тўғри йўлдан адаштиришда ҳар қандай имкониятни қўлдан чиқармасликка уринади. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор шайтоннинг гапига кирмаслик, алдовига учмаслик лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди, уни ким яратди?» дейди. Ҳатто «Парвардигорингни ким яратди?» ҳам дейди. Қачон шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти). Дарҳақиқат, шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан буён одам боласига душмандир. У қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлга келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Парвардигорингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам мумкин. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда одам дарҳол: «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм» деб шайтоннинг васвасасидан Аллоҳдан паноҳ сўраши, мазкур хаёлларни миядан қувиши лозим.

63. Исо ҳужжатлар билан келганида айтди: «Мен сизларга ҳикмат билан ва сизлар ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Насронийларнинг адашган тоифаси Исо ибн Марям ҳақида турли гумонларга бориб, ихтилоф қилиши ақлга сиғмаган нарсадир. Ваҳоланки, Исо Масиҳнингўзи Бани Исроилга қарата “Менингҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга қуллик-бандалик қилинглар”, деган. Аллоҳга кимнидир ёки ниманидир шерик қилганлар энг улкан гуноҳни қилган бўлишади, бундайларнинг жойи абадий азоб-қийноқ жойи бўлмиш жаҳаннамдир, улар ҳеч қачон жаннат юзини кўрмайди ва уларга бу азоблардан қутулишда бирор ёрдам берувчи ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, Исо алайҳис-салом ўз қавмига улар ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиб бериш учун юборилганини ҳам айтяпти. У Лавҳул-Маҳфузда ёзилган нарсаларни, Аллоҳтаоло унга китобни (Инжилни) берганини, ҳикмат ато этиб пайғамбар қилиб яратганини эслатди. Шунинг учун ҳам жоҳил қавм ўзларини яратган ягона, ҳеч бир шериксиз Аллоҳдан қўрқишлари, У Зот юборган пайғамбар Исо алайҳисса-ломга эргашишлари лозим.

64. Аллоҳ албатта менинг ҳам Парвардигорим, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Унга ибодат қилинглар, мана шу тўғри йўлдир».
Исо алайҳиссалом Бани Исроилни Аллоҳнинг ваҳдониятига чақириш ва ўзининг ҳақ пайғамбар эканига далолат қилувчи очиқ-ойдин оятлар, аниқ ҳужжатлар ва мўъжизалар билан келди. У ўз қавмига ўзининг ва қавмининг ягона Парвардигори бўлган Аллоҳнинг ваҳдониятига имон келтиришга чақирди. Исо алайҳисса-лом адашган Бани Исроилга айтяптики, “Менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз ёлғиз Аллоҳдир. Унгагина бандалик қилинглар, Унгагина итоатда бўлинглар, Унинг ваҳийларига имон келтиринглар. Чунки энгтўғри йўл, ҳидоят ва ҳақ йўли фақат шудир! Агар бу борада тортишсанглар, ихтилофга борсанглар, икки дунё саодатини қўлдан бой берасизлар.

65. Сўнгра ўз ораларидаги фирқалар ихтилоф қилишди. Зулм қилганларга аламли Кун азобидан вой бўлсин!
Яъни, Исо алайҳиссалом Бани Исроилга пайғамбар қилиб юборилганди. Ҳазрати Исо Бани Исроилга уларнинг Мусо алайҳис-салом шариати хусусидаги ихтилофларига барҳам бериш, ягона Аллоҳнинг ибодатига чақириш учун ҳикмат, яъни пайғамбарлик билан келган эди. Аммо улар бу даъватга муносиб жавоб беришмади. Балки Исо алайҳиссаломга қарши чиқиб, у кишидан кейин пайғамбарнинг шахси ҳақида ихтилофга тушиб кетишди: баъзилари «Исо илоҳдир» деса, бошқалари «У Аллоҳнинг ўғли», деди. Айримлари «Исо муқаддас Учликнинг биридир», деди. Бундайлар турли фирқаларга бўлиниб олиб, ҳозиргача мана шу масалада ихтилоф қилишяпти, бир-бирлари билан тортишиб келишяпти. Улар Исо алайҳиссалом таълимотларини бузиб, турли фирқаларга ажралиб чиқишди ва ўзаро ихтилофга тушиб, ўзларига катта зулм қилишди. Энди ана шу зулмлари учун ўта аламли кун бўлмиш қиёмат кунида ҳолларига вой бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен одамлар ичида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Исо ибн Марямга энг ҳақлисиман», дедилар. «Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Набийлар турли оналардан бўлган оға-инилардир, оналари турлича бўлса-да, динлари бир. Бизнинг орамизда бошқа пайғамбар йўқ», дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

66. Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида тўсатдан қиёмат келишини кутмоқдалар, холос.
Олтинхон тўра тафсирида келишича, “Исо алайҳиссалом Бани Исроилга пайғамбар қилиб юборилгач, қавмдагиларнинг бир тоифаси у кишини илоҳ деб атади, булар “яъқубия” деб аталади. Яна бир тоифа ҳазрати Исони “Худонинг ўғли” деб ишонди, булар “марқусия” дейилади. Бошқа бир тоифа эса муқаддас Учликнинг (яъни уч илоҳнинг) бири деб ҳисоблади, булар “милкония” деб ном олди. Яна бирлари эса ҳазрати Исони Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари деб тан олишади, аммо улар Саййиди олам Пайғамбаримизнинг нубувватларига ишонишмайди”. Ана шу адашган кимсалар ўзлари сезмаган ҳолда жазолари бериладиган қиёматни кутишяпти, холос. Улар албатта жазоларини олишади.

67. Ўша Кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирига душмандирлар.
Қиёмат куни, ҳамма қаттиқ қўрқув ичра турган бир пайтда зулм билан боғлиқ нафрат ва душманлик айниқса яққол очилиб қолади. Мана шунинг ўзиёқ золим кимсаларга бериладиган жазонинг бошланишидир. Қиёмат кунидаги қўрқув туфайли бу дунёда ўзаро яқин дўст бўлганлар бир-бирига ашаддий душманга айланади. Чунки дунёда бир-бирларига ёрдам бериб юрган бўлишса-да, охиратда ёмонликларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб, жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, дўст дўстини ёқтирмай қўяди, бир-бирини айблаб, маломат қилишга ўтади. Фақат тақводор дўстларнинг оқибати ўша куни яхши бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно ҳилиб кўйдию, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон», 103).

68. Эй бандаларим, бугун сизларга хавф йўқдир ва хафа ҳам бўлмайсизлар.
Яъни, Аллоҳдан қўрққан ҳолида ўз дўстларига яхшилик қилган, уларга ёрдам кўрсатган, ғам-ташвишларига шерик бўлган, фақат Аллоҳ учун дўстлашган бандаларга қиёмат куни ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди. Улар оқибатларидан ташвишга тушишмайди, ғамга ҳам ботишмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам (айбини) беркитади» (Бухорий ва Муслим ривояти); Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир-паст санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда (деб қалбларига уч марта ишора қилдилар). Яна: «Мусулмоннинг ўз биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти).

69. Оятларимизга имон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар!
Аллоҳ таолонинг оятларига имон келтирган ва У Зотга таслим бўлиб, мусулмонликни танлаганлар ана шу исломий биродарликка риоя қилганларида зафар қучишган, мусулмонга хос йўлни тутишган.
Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, Ислом биродарлигига хиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: «Аник, ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф ҳилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана шундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон, 105).

70. Ўзларингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнун ҳолларингизда жаннатга киринглар.
Ояти каримадаги “азваж” сўзи луғатда “турмуш ўртоғи, энг яқин дўст” маъноларини англатади. Аллоҳга имон келтириб, солиҳ амаллар қилган бахтиёр зотларнинг ўзлари ҳам, имонли хотинларию яқин дўстлари ҳам биргаликда жаннатга оқибатларидан мамнун ҳолда киришади. Улар дунёдаги имонлари, яхшиликлари ва солиҳ амаллари эвазига мукофот сифатида сазовор бўлган жаннат боғлари кўзлар, ақл-онглар ва қалбларни қувнатувчи абадий роҳат-фароғат, розилик, мамнунлик маконидир. Инсонлар қайғу-аламларга, касаллик-бахтсизликларга, нохушлик-мусибатларга тўла бу тўс-тўпалон дунёда жаннатнинг нақадар оромбахш, гўзаллик ва фаровонлик маскани эканини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдилар. Бу дунёда дўст бўлиб ўтган кофир, мунофиқ ва осийлар бир-бирига душманга айланиб, хусуматлашиб турган бир пайтда тақводор мўмин-мусулмонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи: Эй бандаларим, ўзларингиз ҳам, имондаги хотинларингиз ҳам жаннатга хурсанд ва мамнун ҳолда кираверинглар!” дейди. Бундан ортиқ бахт, бундан ортиқ роҳат, бунданда гўзал оқибат бўлиши мумкинми?

71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар ва қадаҳлар айлантирилади. У ерда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланади-ган нарсалар бор. Сизлар у ерда мангу қолурсиз.
Ушбу ояти карима ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатнинг энг қуйи манзили шундайки, унинг (эгасининг) атрофида ўн минг хизматчи қоим бўлади. Ҳар бир хизматчининг қўлида икки лаган бўлиб, уларнинг бири олтиндан, бири кумушдан. Уларнинг ҳар бирида бошқасидан ўзгача нав бор” (Буни Қитбий “Уйунул-ахбор”да ривоят қилган). Муфассирлар айтишади: “Энг қуйи манзилдаги кишини етмиш минг ғулом (хиз-маткор) завқлантириб, олтиндан бўлган лаганлар билан айланиб юришади. Идишларнинг ҳар бирида бошқасида бўлмайдиган таом бўлади. Охиргисидаги таомни худди биринчисидан егандек иштаҳа билан тановул қилади”.

72. Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат шудир.
Аллоҳ таоло Ўз Китобида жаннатни кишида шубҳа қолдирмайдиган даражада сифатлаб берган. Ушбу оятда эса У мўмин бандаларига хитоб қилиб, ўзлари гувоҳи бўлиб турган жаннатнинг уларнинг дунё ҳаётида қилган амаллари, эзгу ишлари эвазига мерос қилиб берганини баён қилмоқда. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам жаннатни очиқ-ойдин ҳужжатлар билан васф қилганлар. Ибн Ваҳб Ибн Зайддан ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Инсон сураси нозил бўлаётганида ҳузурларида қора танли бир одам бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи нарсаларни сўраётган эди. Умар ибн Хаттоб унга “Бас қил, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга халақит берма!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўявер, Ибн Хаттоб”, дедилар. Сура иниб бўлгач, бояги қора танли одамга ўқиб бердилар. Оятларда баён қилинган жаннат васфларини эшитиб, унинг нафаси қисдию, жони узилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунда: “Жаннатга бўлган шавқ биродарингизнинг жонини чиқарди”, дедилар”
.
73.    Сизлар учун у ерда кўплаб мева бўлиб, улардан ейсизлар.
Жаннат аҳли учун у ерда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлар, абадий роҳат-фароғат ва дунёда кўришмаган лаззатлар бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоним “қўли”да бўлган Зотга қасамки, жаннат аҳли мевалардан тўшакларида ястанган ҳолларида тановул қиладилар. Ҳали оғизларига олиб бормай туриб ўрнида яна бошқаси пайдо бўлади” (Яҳё ибн Салом ривояти).

74.    Гуноҳкорлар дўзах азобида албатта мангу қолувчидир.
Кофир ва мушрик кимсалар охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ягона Аллоҳга имон келтиришга қилган даъватларга қулоқ солишмади, имонга келишмади. Аксинча, улар илоҳий ваҳийларни инкор қилиб, Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончига чиқаришди. Қиёмат куни уларнинг аламли азобга гирифтор бўлиб, абадий дўзах азобини тортишлари аниқ бўлиб қолди. Улар ўзларининг бу аянчли оқибатлари ҳақида қанчалар бош қотиришмасин, алам билан надоматлар қилишмасин, энди ортга қайтишнинг асло иложи йўқ эди. Уларнинг бундай хатарли оқибатга қолишлари Аллоҳга турли нарсаларни шерик қилиб, мушрик бўлишгани учундир. Қиёмат куни афсус-надоматларнинг энди фойдаси йўқ, тавба қилишнинг асло имкони қолмаган, чунки ўша куни барча ҳукмлар олий ва буюк Аллоҳгагина тегишли бўлади. Куфр ва ширк эгаларига ўша куни ҳеч қандай раҳмат ва мағфират бўлмайди.

75.    Улардан енгиллатилмайди ва улар ўша ерда тамоман ноумиддирлар.
Яъни, жаҳаннамда қийноқларга солинган дўзахийлардан азоб асло енгиллатилмайди.Улар ўша аламли азоб ичида, қийноқлардан қутулишдан, гуноҳлари кечирилиб, дўзахдан чиқарилишдан ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетишади. Уларнинг жонига ора кирадиган, азобларини бир оз енгиллатадиган, оғир дамларида ёрдамга келадиган бирор зот топилмайди. Улар ишонган, шафоатидан умидвор бўлган бут-санамлари ҳам ўзлари ночор ҳолда қаёққадир ғойиб бўлиб қолади

76. Уларга зулм қилмадик, лекин ўзлари золим бўлишди.
Дўзах азобига гирифтор бўлиб, ўзларига бирор кимсанинг раҳми келмагани, ёрдам кўрсатмагани учун аламда қолган мушрик кимсалар Аллоҳ ўзларига зулм ва адолатсизлик қилгани ҳақида ўйлаб, азоб устига азобга қолишади. Агар улар озгина фикр қилишганида уларнинг қиёматда дўзах азобига учрашлари ўзларининг қилмишлари, осийликлари сабабли юз берганини тушунган бўлишарди. Аммо ўз қилмишлари бошларига тушган азобларнинг асосий сабаби эканини билмай, Аллоҳ ноҳақ жазолаётгандай туюлади. Ваҳоланки, Аллоҳ уларга зулм қилмади, адолатсизлик кўрсатмади. Ҳаммаси илоҳий адолатга мувофиқ бўлди. Чунки Аллоҳ дунёда Ўз Пайғамбари ва Китоби орқали уларни охиратнинг азобларидан огоҳлантириб, имонда, итоатда бўлишларини истаган, уларга тавба қилиб, мағфират сўрашга имконият берган эди. Мушриклар эса буларнинг ҳаммасини рад этиб, ўз жонларига ўзлари зулм қилишди ва қаттиқ азобга қолишди.

77. Улар «Эй Молик, Парвардигоринг бизни битирақолсин!» деб нидо қилишганида у: «Сизлар тураверасизлар», деди.
Молик луғатда “хукмдор, эга, хўжайин” маъноларини англатади, бу ерда дўзахнинг қўриқчиси-посбони бўлган, дўзахийларни азоблашга масъул фаришта назарда тутилади. Яъни, дўзахийлар ўзларига берилаётган азобларнинг оғриғи, алами ва қаттиқлигига чидай олмай, дўзах ишларига масъул бўлган Молик исмли фариштага қараб: “Парвардигорингга айт, бизларнинг ишимизни тезроқ битирақолсин, жонимизни олиб, азобларимизни сал енгиллатсин! Чунки Унинг азобларига чидай олмаяпмиз, бу оғриқ-қийноқлардан кўра ўлиб кетганимиз яхши эди”, деб нидо қилишади.
Ҳақиқатан уларнинг дўзахдан қутулиш, ундан қайтиб чиқиб, яхши ишлар қилишга имконлари бўлмагани, азобни енгиллатишдан асло умид ҳам йўқлиги сабабли ана шундай орзу қилишади. Аммо уларнинг бу орзулари мутлақо амалга ошмайди, улардан дўзах азобини енгиллатишга ҳеч ким қодир бўла олмайди. Шунинг учун ҳам дўзахнинг ғазабнок посбони Молик уларга қарата шундай дейди: «Эй дўзах аҳли, сизларнинг бу орзуларингиз бефойда, оҳвойларингизга ҳеч ким қулоқ солмайди. Парвардигорим сизларни йўқ қилиб юбормайди, жонингизни ҳам олмайди. У ҳолда сизлар қилмишларингиз жазосини олмай, жазодан қутулиб кетган бўлардингиз. Сизлар албатта дўзахда, унинг аламли азоби ичра минг йиллар абадий туриб қолишингиз керак».

78. Сизларга ҳақни келтирдик, лекин кўпларингиз ҳақни ёмон кўрувчидирсиз.
Барча замон ва маконларда юз бергани каби Маккада Ислом дини эндигина куртак ёяётган пайтларда мушрик ҳамда кофир кимсалар ғурур ва кибрлари сабабли Аллоҳ юборган ҳақ динни, ҳақ Пайғамбарни, ҳақ самовий китоб бўлмиш Қуръонни тан олгилари келмай, осонгина инкор қилиб қўя қолишди. Аллоҳнинг Пайғамбарини ҳатто ёлғончи ва мажнунга чиқариб, у зотга итоат қилиш, эргашишдан бош тортишди. Пайғамбар олиб келган ҳақ динни ёқтирмай, бутун куч-имкониятларини унга қарши курашга ташлашди.
Ёлғон ва алдовлар дунёсида яшайдиган қавмлар ҳамиша ҳақни кўра олмай, ёқтирмай, унга ботил йўл билан курашишади, уни Ер юзидан йўқ қилиб юбормоқчи бўлишади. Аммо илоҳий адолатга ва ҳикматга кўра, ҳақ ҳамиша ғолибдир, ботил эса йўқлик сари кетувчидир. Ҳақ қанчалар аччиқ, машаққатли, оғир бўлмасин, у барибир ўзига йўл топа олади. Ботил қанчалар жозибали, осон ва ширин бўлмасин, барибир ҳалок бўлғусидир. Куфр ва ширк эгалари мана шу ҳақиқатни тушунишганида куфр йўлини танламай, Аллоҳга имон келтирган бўлишарди. Жонсиз, ожиз бут-санамларга сиғинмай, қудратли, ягона Аллоҳга ибодат ва итоат қилган бўлишарди. Залолат йўлларида адашиб юрмай, ҳидоят йўлини, ҳақ йўлни танлаган бўлишарди.

79. Ёки улар бирор ишга қарор қилишдими? Биз ҳам қарор қилувчидирмиз.
Яъни, инсонлар ҳеч қачон борлиқнинг асосий қонуниятларига аралаша олишмайди, илоҳий низомни ўзгартиришга, унга бирор янгилик киритишга қодир эмаслар. Агар улар Аллоҳнинг ҳақ динига қарши борадиган бўлишса, Аллоҳнинг низомини ўзгартиришга ёки тўхтатиб қолишга уринишса, албатта ҳалокатга учрашади. Агар улар ҳақни тан олиб, ягона Парвардигорларига имон келтиришса, нажотга эришиб, икки дунё саодатига эришишади. Улар ҳақ динни инкор этиб, уни йўқотишга ҳаракат қилишса, уларнинг бу ишидан ҳеч қандай натижа чиқмайди: Аллоҳ таоло ушбу ҳақ динни устувор, собит ва ғолиб қилаверади. Улар ҳақ Пайғамбарга ёмонлик қилиш режасини тузаётган бўлишса, Аллоҳ азза ва жалла Ўз Пайғамбарини қўллаб-қувватлашга, уларнинг ёмонликларидан асрашга қарор қилади. Улар ҳақ Китобнинг обрўсини туширишга, уни бузишга қарор беришган бўлса, Аллоҳ таоло ушбу Китобнинг шаънини ва мақомини кўтаришга, уни қиёматгача муҳофаза этишга қарор қилади.

80. Балки уларнинг гумонича, Биз уларнинг сирларини ва пичирлашувларини эшитмаётгандирмиз? Йўқ, Бизнинг элчи-ларимиз уларнинг олдида ёзиб туришади.
Инсонлар ўзларининг ноқис ақлларига суяниб, кўпинча “Бизнинг режаларимизни, нималарни ўйлаб турганимизни, қандай қарорларга келишни мўлжаллаётганимизни Аллоҳ билармиди?” деган хомхаёлларга боришади. Ваҳоланки, бутун махлуқларни, жумладан инсонларни яратган, уларга ақл, идрок, онг, туйғуларни берган Аллоҳ наҳот уларнинг арзимас фикру хаёлларидан бехабар бўлса? Ваҳоланки, Унинг кечаю кундуз тиним билмайдиган итоаткор фаришталари бандаларнинг қилмишларини миридан-сиригача ёзиб туришади. Унда ўша нодон кимсалар нега ҳаққа, Исломга, Қуръонга ва Пайғамбарга қарши чиқиб, улар ҳақида турли бўлмағур туҳмат-ёлғонларни тарқатишади? Нима учун улар Аллоҳнинг динига, Пайғамбарига, Китобига душманлик қилиб, уларни инкор қилишади? Ишларимиз, сирларимиз ошкор бўлмасин, деб нега улар пинҳона режалар тузишади? Гапларимиз ошкор бўлиб қолмасин деб, нима учун пичирлашиб гаплашишади?
Ҳолбуки, уларнинг ҳар бир гап-сўзини қолдирмай ёзиб туради-ган Аллоҳнинг котиб фаришталари бор-ку?! Шунинг учун Аллоҳ айтяптики, “Уларнинг бу гумонлари, шубҳалари мутлақо нотўғри. Биз уларнинг ҳамма ишларини ипидан-игнасигача яхши биламиз. Биз уларнинг пичирлашиб қилган маслаҳатларини ҳам эшитиб турамиз. Бунинг устига уларнинг ҳар бирига бириктирилган элчи фаришталаримиз ҳар бир ишларини, гап-сўзларини уларнинг олдида туриб, аниқ қилиб ёзиб боришади. Вақти келганда ўша элчиларимиз ёзган номаи аъмолларини уларга кўрсатамиз. Ҳужжатда уларнинг Исломга, мусулмонларга қарши қилган ишлари, айтган гаплари вақти ва гувоҳи билан очиқ-ойдин ёзилган бўлади. Уларга ўша нома кўрсатилиб, гуноҳларига иқрор қилингандан кейингина муносиб жазолари берилади.
Бандаларнинг номаи аъмоллари - уларнинг тоат ва гуноҳлари котиб фаришталар томонидан ёзилган китобнинг ва бандалар ҳисобга тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан, кофирларнинг номаи аъмоллари ортлари ва чап томонларидан берилиши ҳақдир. Ҳар бир кишининг қилган ишлари унинг икки томонидаги фаришталар (кироман котибийн) томонидан ёзиб борилади. Қуръони каримда шундай мазмунли оят келган: «Биз Қиёмат куни унга очик, ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (номаи аъмолини) кўрсатурмиз» (Исро, 13).

81. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг фарзанди бўлганида мен унга ибодат қилувчиларнинг биринчиси бўлар эдим».
Ислом дини Аллоҳнинг бирлигини илм ва амаллар билан исботлаб, ширкка қарши ақида кучи билан мужодалага киришади. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Муҳаммад, Бизга турли шерикларни ва фарзандларни нисбат бераётган ўша мушрикларга раддия сифатида шундай деб айтинг: “Агар Раҳмон сифатли Зотнинг фарзанди бўлганида мен унга биринчилардан бўлиб ибодат қилишни бошлаб юборган бўлардим. Сизларнинг Унга ўғил ёки қиз фарзандларнинг нисбат беришингиз ғирт бемаъниликдир, У сизлар тақаётган айбу нуқсонлардан тамоман пок Зотдир”.
Агар ҳақиқатан Аллоҳнинг боласи бўлсаю, унга ҳам ибодат қилиш лозим бўлганида бу нарсани энг яхши билувчи зот Аллоҳнинг Пайғамбари бўлардилар. Чунки у зотга Аллоҳдан ваҳий келиб, ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлиб турибди. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳеч қачон «фарзандим бор» ҳам демаган, «ўша фарзандимга ибодат қилинглар» ҳам демаган. Аксинча, «Мендан бошқа ибодатга сазовор бошқа зот йўқ», демоқда.

82. Осмонлару Ернинг Парвардигори, Аршнинг Парвардигори улар қилаётган васфдан покдир.
Яъни, осмонлар ва Ерни яратиб, уларни Ўз низоми асосида бошқариб турган Зот, Аршни яратиб, бунинг тадбирини қилиб турувчи Зот мушриклар Унга тақаётган «шериги ёки фарзанди бор, фаришталар Унинг қизларидир» деган айбу нуқсонлардан покдир. Аллоҳнинг ҳеч бир шериксиз, ягона Зот эканига имон келтириш тавҳиднинг асосидир.
Тавҳид эса икки хил: рубубиёт тавҳиди ва улуҳиёт тавҳидидан иборат. “Рубубиёт” тавҳидининг маъноси Аллоҳтаолонинг осмонлару Ернинг ягона яратувчиси ва Парвардигори эканига, Унинг ушбу оламнинг ёлғиз Эгаси эканига, тасарруфида ҳеч бир шериги йўқлигига, ҳукмида ҳеч кимга ҳисоб бермаслигига, ҳар бир жонзотга ризқни фақат У беришига, бутун ишларни бошқариб туришига, ёлғиз Унинг ўзи махлуқини юксалтирувчи ёки ерга урувчи эканига, ҳамма нарса ёлғиз Аллоҳтаолонинг истаги ва изни билан бўлишига, Угина ёрдам ёки зарар беришига ишонишдир. “Улуҳиёт” тавҳиди эса, ибодатда, бўйсунишда, итоатда, осмонлару Ерда Аллоҳ таолонинг асло шериги бўлмаган деб ишонишдир. Тавҳид ана шу икки имоннинг қўшилуви натижасида келиб чиқади, буларсиз тавҳиднинг ўзи мукаммал бўлмайди. Мушрик араблар рубубиёт тавҳидини тан олишгани ҳолда “Аллоҳнинг шериги бор” деб ҳисоблашганлари уларнинг Исломга киришларига тўсқинлик қилди. Насронийлар эса Аллоҳ таолонинг осмонлару Ернинг Парвардигори эканини инкор этишмади, аммо Унга Масиҳ Исони шерик қилишди, уни Аллоҳ каби илоҳ деб билишди. Шу сабабли Қуръон уларга жаннат йўли беркилганини ва улар ҳам дўзах эгаси бўлганлари хабарини берди.

83. Уларга қўйиб беринг, ўзларига ваъда қилинаётган Кунга рўбарў бўлгунларича шўнғиб, ўйнаб юришаверсин.
Эй Пайғамбарим, мушрикларга ваъда қилинган қиёмат қойим бўлгунича уларни ўз ҳолларига қўйиб беринг: турли ёмонликларга, гуноҳ ишларга шўнғиб, кўнгиллари тусаган аҳмоқликларни қилиб, ўйнаб-кулиб, шаҳватларга ғарқ бўлиб юришаверсин. Қиёмат куни улар албатта қилмишларига яраша муносиб жазоларини олишади. Ўшанда улар билан Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳисоб-китоб қилади. Қиёмат куни уларнинг сабаб-баҳоналарию, афсус-надоматлари, гуноҳларига бошқаларни айбдор қилишларию, ўзларини қиёмат ҳақида огоҳлантирувчи бўлмагани ҳақида даъволари - ҳеч бири инобатга олинмайди.

84. У осмонда ҳам Илоҳ, ерда ҳам Илоҳдир. У ҳикматлидир, билувчидир.
Бутун коинотда, борлиқда ҳукмини юритувчи фақат битта Илоҳ ибодатга, итоатга, сиғинишга, мақтовларга, шукр айтишга сазовор Зот Аллоҳ таоло бордир. Аллоҳ таолонинг Ўзи осмонларда ҳам, Ерда ҳам ягона Илоҳдир, Унинг ҳукми борлиқдаги барча мавжудот учун баробар тегишлидир. У борлиқни Ўз ҳикмати билан яратган ва ана шу ҳикматига асосан бошқаради, тасарруф қилади. Ў Ўзи яратган махлуқотининг ҳамма ишини, қилмишларини, эҳтиёжини, илтижоларини кўриб-билиб туради. Ҳақиқат шу бўлганидан кейин унда нега айрим инсонлар Унга имон келтиришмайди, Унинг амр-фармонларини бажаришга киришишмайди. Аксинча ягона Парвардигорнинг ваҳийларини инкор қилишади, Унга турли шериклар, фарзандлар ўйлаб топишади?

85. Осмонлару Ер ва улар орасидаги нарсаларнинг хукмронлигига эга Зот баракотлидир. Қиёмат илми Унинг ҳузуридадир ва Унгагина қайтариласизлар.
Яъни, аввалда ҳеч нарса бўлмаганида Аллоҳ таоло барча махлуқотларни йўқдан бор қилиб яратди. Ана шундай қудратли яратувчи Зот осмонлар ва Ерда Ўзининг олий ва баркамол сифатларига эга. Унинг сифатларига ҳеч ким шерик бўла олмайди, яқин ҳам кела олмайди. У осмонлару Ер ва улар орасидаги ҳамма нарсаларнинг ягона ҳукмдори бўлгани учун ҳам баракотлидир, қудратлидир, мақтовга сазовордир. Қиёмат илми, яъни унинг қачон келиши, унинг даҳшатлари, бандаларнинг қиёмат кунидаги ҳолати кабиларнинг илмини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Барча инсонлар ўша куни Парвардигорлари ҳузурига қайтишади, У бандаларининг амалларини ҳисоб-китоб қилади. У ўхшаши, тенги, шериги бўлмаган Зотдир. Унинг Ўзи барча сифатларида яккаю ёлғиздир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан азиз, қудратли ва ғолиб, ҳар бир нарсани ўта ҳикмат билан қилувчи Зотдир.

86. Ундан ўзга сиғинаётган нарсалари шафоатга эга бўлишмайди. Билган ҳолларида ҳаққоний гувоҳлик берганларгина мустасно.
Яъни, мушрикларнинг Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бут-санамлари, сохта “илоҳ”лари қиёмат куни уларга асло шафоатчи бўла олмайди, уларни муқаррар азобдан қутқариб қола олмайди. Чунки уларнинг шафоати Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Шафоати қабул бўладиганлар эса билиб, тушуниб, ишониб, тавҳидга Аллоҳнинг ягоналигига гувоҳлик берган кишилар бўлади. Улар эса мушрикларни асло шафоат қилишмайди. Аллоҳ таолодан баъзи имонли, лекин гуноҳкор бандаларнинг гуноҳларидан ўтишни сўраш «шафоат» дейилади. Пайғамбарлар ва солиҳ кишиларнинг (авлиё, уламо ва зоҳидларнинг) Аллоҳ таоло изни билан шафоат қилишлари ҳақдир, собитдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ фазлдир. Шафоат Аллоҳ таолонинг изни билангина, У берган изн чегарасидагина бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатлари мўмин ҳолида ўлган осий ва гуноҳкор мусулмонларга бўлажақцир, иншааллоҳ.

87. (Эй Муҳаммад), агар улардан ўзларини ким яратганини сўрасангиз, улар албатта «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?!
Ушбу суранинг 9-оятида кофир ва мушрик кимсалар осмонлару Ерни Аллоҳ яратганини эътироф этганлари ҳолда Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, нозил қилган Китоби Қуръонга имон келтирмасликлари ақлга ва соғлом мантиққа тўғри келмаслиги баён қилинган эди. Ушбу ояти каримада эса Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, “Агар улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, Аллоҳ яратган”, деб жавоб беришларини эслатмоқда. У ҳолда “Улар нега ана шу буюк Яратувчига, Унинг Пайғамбари ва Китобига имон келтирмай, залолат сари бурилиб кетишяпти?” деган ҳақли савол туғилади.
Ҳа, Аллоҳнинг борлигини, У борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси эканини мўминлар ҳам, мўмин бўлмаганлар ҳам бирдай эътироф этади. Аммо бандалар орасида адашганлари ҳам етарли. Улар ҳаққа қарши чиқмоқчи бўлишади, ўзларининг шубҳа-гумонларига ўралашиб юришади. Ҳолбуки, Аллоҳни танитиш, одамларни тўғри йўлга бошлаш, фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишга чорлаш учун Ер юзига пайғамбарлар юборилган, самовий китоблар нозил қилинган. Аммо ғофил ва ақлини ишлатмайдиган кимсалар ана шу исбот-далиллар қаршисида туриб ҳам имонга келишмайди, ҳидоят йўлига юрай дейишмайди.

88. (Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг): «Парвардигоро, албатта, ана-вилар имон келтирмайдиган қавмлардир», деган гапини ҳам (билади).
Қуръони карим - бутун инсониятга юборилган илоҳий китобдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофир ва мушрикларни ҳақ динга даъват қилганларида ўзларидан олдин келган пайғамбарлар олиб келган ҳақиқатларни алоҳида таъкидлаб, одамларни фақат ягона Аллоҳга тоат-ибодат қилишга чақир-ганлар. Чиндан ҳам Аллоҳ элчиларининг вазифаси битта: илоҳий ҳақиқатларни одамларга етказиш, уларни охиратдаги ҳисоб-китобдан огоҳлантириш эди. Шундан кейин ҳам улар имон келтиришадими-йўқми - бу Аллоҳнинг Ўзига ҳаволадир. Ушбу оятдаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога мушриклардан ши-коят қилиб айтадиган “Парвардигорим, анавилар албатта имон келтирмайдиган қавм экан” деган сўзларини ҳам Аллоҳ таоло яхши билиб турибди. Улар имонга келишмаяптими, демак, бу ҳолда улардан юз ўгириш, барини Парвардигорнинг Ўзига ҳавола қилиш лозим.

89. (Эй Муҳаммад), улардан юз ўгиринг ва: «Саломатлик бўлсин», денг. Улар яқинда билиб олишади.
Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, мушрикларнинг ғаламисликларига, итоатсизликларига ва фитналарига эътибор берманг. Яхшиси, улардан юз ўгириб қўяқолинг. «Саломатлик бўлсин, яқинда қилмишларингизнинг жазосини кўрасизлар”, денг. Бунга жуда оз қолди, қиёматда ҳамманинг амалига яраша мукофот ва жазо берилиши ҳақдир. Ана шу осийлар яқинда Аллоҳнинг Пайғамбарини инкор этишнинг оқибати қандай бўлишини билиб олишларига жуда оз қолди.
Ушбу ояти каримадан шундай хулоса чиқади: агар баҳс-мунозара пайтида такаббур, манман кимсалар гарчи фикрлари нотўғри бўлса ҳам ўзларини ҳақ санаб, ғала-ғовур кўтаришса, ғурурга берилиб, баҳс-сўзлашув одобини эсдан чиқаришса, улардан дарҳол узоқлашиш, бефойда баҳс-тортишувларга чек қўйиш, ҳамма нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиш лозим. Аллоҳ таоло бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ана шундай йўл кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло айтади: “Сиз эса улардан юз ўгириб, Аллоҳга таваккул крлинг, вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир!” (Нисо, 81).

Орқага Олдинга