loader

015. Ҳижр сураси

Бу сурайи карима ҳам Макка сураларидан бўлиб, тўқсон тўққиз оятдан ташкил топгандир.
Суранинг меҳвари - ўқи турли асрлардаги пайғамбарларни ёлғончи қилиб, уларга қарши чиққан осийларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраганлари атрофида айланади. Шу боисдан сура бундай кимсаларга иймонсизликларининг оқибати бениҳоя хатарли эканлиги ҳақида огоҳлантириш билан бошланади.
Ушбу сурада буржларга бўлинган осмон, ҳаёт кечириш учун мослаб яратилган замин, маъдан-хазиналарни ўз бағрига олиб ўрнашган тоғлар, ёмғирли булутларга “ҳомиладор” бўлган шамоллар зикр қилиниб, буларнинг барчаси Ҳақ таоло тарафидан инсонларга хизмат қилиш учун яратилгани уқтирилади. Сўнгра Яратганнинг Амри билан асли зуваласи “қора лой”дан қорилган инсонга бутун мавжудот сажда қилганида фақат иблисгина бу Фармонга бўйинсунмай кибр-ҳаво қилганини баён қилиш билан шайтоннинг инсониятга нисбатан бўлган адовати биринчи инсон яралган кундан бошланганига ва то Қиёматгача давом этишига ишора қилинади. Яна бу сурада Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари - Иброҳим, Лут, Шуайб ва Солиҳ алайҳис-саломларнинг қиссалари сўйланади. Булардан Солиҳ пайғамбарнинг қавми - Самуд қабиласи Ҳижр (Мадина ва Шом ўртасидаги водий)дан эканлиги зикр қилинади. Суранинг “Ҳижр” деб номланишининг боиси шудир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг - Қуръони Мубийннинг оятларидир.
Қуръони Каримда бир неча суралар мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Бу ҳарфларга аксари муфассир уламолар бирон тафсир айтмайдилар, балки уларнинг маъноси Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзигагина аён, бу Оллоҳ таоло Ўзи биладиган сир, дейдилар.
Ушбу ҳарфлар хусусида Бақара сурасининг илк ояти тафсирида баён қилинди.
Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бор.
Масалан, “Жомиул-баён, “Маолимут-танзил” ва бошқа тафсирларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Алиф, Лом, Ро”нинг маъноси: “Аналлоҳу аро”, яъни, “Мен - Оллоҳ Кўриб тургувчиман”, деганидир.
Заҳҳоқцан ҳам шундай тафсир ривоят қилинди.
Саид ибн Жубайр эса: “Суралар аввалида келадиган: “Алиф, Лом, Ро” ва “Ҳо, Мим”, ҳамда “Нун” ҳарфлари бирлашган ҳолда Оллоҳ таолонинг “Ар-Раҳмон”, деган Сифатига далолат қилади”, дейди. Дарвоқеъ, Ҳақ тао-лонинг биз “Меҳрибон” деб маъно айтадиган “Ар-Раҳмон” сифати Алиф, Лом, Ро, Ҳо, Мим, Нун, ҳарфларидан иборатдир.
“Ушбу (оятлар) Китобнинг - Куръони Мубийннинг оятларидир”.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Китобини “Қуръони Мубийн” - “очиқ-равшан Қуръон” деб сифатлашига сабаб, ушбу Китобни иймон ва ихлос билан тиловат қилган ва унинг оятларини англаб билган инсонга икки олам сирлари очилади, Ҳақ таолонинг Хдқ Йўли очиқ-равшан бўлади, яхшилик нима-ю, ёмонлик нима, қай бир иш савоб-у, қай бир иш гуноҳ, нима ҳалол-у, нима ҳаром - барчаси аён бўлади.
Қолаверса, дунё ва Охират, Ер-у осмонлар ҳамда улардаги бор жонли-жонсиз махлуқот ҳақида, ўтмиш ва келажак ҳақида ҳеч бир китоб Қуръони Мубийн каби аниқ-равшан баён қилиб бера олмагани ҳам ушбу Китоб-нинг барча нарсани Билгувчи Зот томонидан нозил бўлганига ва ягона очиқ-равшан Китоб эканига далолат қилади.
Ояти каримада “Қуръон” олдида “Китоб” лафзи келишининг ҳикмати, муфассир уламоларнинг айтишларича, фасоҳат ва балоғатда тенгсиз, башар зоти ёзишга ожизлик қиладиган Илоҳий услубида ҳам, буюрган ҳукмларида ҳам беназир бўлган бирдан-бир Китоб Қуръони Мубийн эканини таъкидлашдир.

2. Ҳали (Қиёмат Куни) кофир бўлган кимсалар қани эди, бизлар ҳам мусулмон бўлганимизда, деб кўп орзу қилурлар.
Яъни, Қиёмат Кунида, дўзах азобига хукм қилинган кофир кимсалар мўмин-мусулмонларни Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳмати билан жаннатга хукм қилинганларини кўрган вақтларида: “Қани энди бизлар ҳам мусулмон бўлганимизда эди, мана бу мусулмонлар билан бирга жаннатларга кирган бўлар эдик”, деб куфр билан ўтказиб юборган ҳаётларига афсус-надоматлар чекиб, мусулмон бўлишни орзу қилиб қолишлари аниқдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ва бошқа саҳобалар ояти каримани мана шундай тафсир қилганлар.
Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар. “Қачонки дўзах аҳли дўзахда жамланганларида, улар билан бирга аҳли қиблалардан ҳам Оллоҳ хоҳлаганича бор эди. Кофирлар ўзлари билан бирга қибла аҳли ҳам дўзахга тушганларини кўриб: “Сизлар мусулмонлар эмасмидингиз?” дедилар.Улар: “Ҳа”, деб жавоб беришгач, кофирлар: “Демак, мусулмон бўлганларингиз сизларга асқотмабди-да, бизлар билан бирга дўзахга тушибсизлар”, деб масхара қилганларида мусулмонлар мулзам бўлишиб: “Бизлар қилган гуноҳларимизнинг жазосини олмоқда-миз”, дедилар. Бас, Оллоҳ таоло кофирларнинг сўзларидан ғазабланиб, барча аҳли қиблани дўзахдан чиқаришни буюради ва мусулмонлар дўзахдан халос бўладилар. Ана ўша Куни кофир бўлган кимсалар “қани эди бизлар ҳам мусулмон бўлганимизда, деб орзу қилиб қоладилар”. (“Тафсири Бағавий”дан).

3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни қўйинг, еб-ичсинлар, фойдаланиб қолсинлар ва орзу-хаёлларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) албатта билажаклар!
Агар ибрат кўзи билан боқсак, то Қиёмат қоим бўлгунича кўзлари очилмайдиган динсиз кимсалар ҳақида нозил бўлган ушбу ояти кариманинг аввали ҳам, охири ҳам Илоҳий таҳдид, ўртасида эса, уч калима билан кофирлар кечирадиган ҳаёт тарзи тўласича тасвирлаб берилган.
Ҳақ таоло гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ҳак Динни қабул қилишни истамайдиганларни қўйинг, уларга Ҳақ Йўлни кўрсатаман деб овора бўлманг, у ғофил кимсалар Сизнинг жон куйдиришингизга лойиқ эмаслар. Улар шу қадар ғафлатга ботганки, қандай Буюк Мўъжизаларни кўрсатсангиз ҳам Сизга қулоқ солмайдилар, сўзларингиздан ибрат олмайдилар. Уларни қўйинг, ҳайвонлардек еб-ичаверсинлар. ҳалол-ҳаромига қарамасдан мол-дунё тўплаб фойдаланаверсинлар, гўё минг йил яшайдигандек узун-узун режаларни тузиб, хом хаёлларга берилаверсинлар, Охират, ажал ҳақида бирон лаҳза ўйламасдан, тавба қилиш хаёлларига ҳам келмасдан юраверсинлар! Яқинда, Қиёмат Кунида улар ўзлари учун берилган бебаҳо фурсатни - ҳаётларини бой бериб қўйганларини албатта билажаклар!
Айтиб ўтилганидек, ояти карима динсиз, иймонсиз кимсалар ҳақида. Аммо эътибор қилайлик, ўзларини мусулмон санаб юрганлар орасида баайни оятда мазкур бўлган динсиз кимсалардек ҳаётни фақат еб-ичиш, фойда топиш ва чексиз орзу-ҳаваслар ортидан то қабрга кириб кетгунча елиб югуришдан иборат деб биладиганлар йўқми?! Афсуски, бордир! Бўлганда ҳам тўрт кунлик ҳаётини иймон нима, тоат-ибодат нима эканини билмай совуриб юбораётган кимсалар оз эмасдир. Қани энди, ушбу ояти каримадаги Илоҳий таҳдидни англаганимиздан кейин кўзларимиз очилса эди, кеч бўлиб қолмасидан иймон ва Ислом андозасида ҳаёт кечиришни бошласак эди.
Суннати Набавийяда ҳам бу мавзуда кўп ибратли ҳадислар ворид бўлгандир.
Имом Бухорий, Муслим, Насоий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қариб, мункиллаб қолганида ҳам ундаги икки нарса - очкўзлик ва орзу-ҳавас қаримасдан тураверади”, деб огоҳлантирдилар.
Аҳмад, Табароний ва Байҳақий Амр ибн Шуайбдан ривоят қилган ҳадисда бўлса: “Ушбу умматнинг аввали зуҳд ва яқин - аниқ ишонч билан ўнгланиб салоҳиятли бўлди, унинг охири эса, бахиллик ва орзу-ҳавас билан ҳалок бўлур”, деб яна бир бор огоҳлантирдилар. “Муснадул-Баззор”да Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тўрт нарса: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, орзу-ҳаваснинг кўплиги ва дунёга ҳарислик бахтсизликдандир”.

4-5. Биз бирон қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилган эмасмиз, магар унинг учун ёзилган маълум муддат бўлгандир (яъни, ўша муддати-ажали битгандан сўнггина ҳалок қилганмиз). Бирон уммат-авлод ўз ажалидан илгари кета олмайди. Шунингдек, (ундан) ортда ҳам қола олмайди.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло барча инсонларга буюк бир ҳақиқатни эслатади, яъни, Тирилтиргувчи ва Ўлдиргувчи бўлган Зот борлиқдаги ҳар бир уммат, аср, авлод, балки ҳар бир кимса ва нарса бу ҳаёти дунёга аниқ бир муддатга келганини, Яратган томонидан Лавҳул-Маҳфуз Китобида белгилаб қўйилган ўша муддат битиб, ажал етиб келиши билан барча махлуқот, жумладан, ҳар бир инсон ўлимга дучор бўлишини, ҳеч ким бу муддатни бирон сония олдинга ҳам, орқага ҳам сура олмаслигини эслатади.
Ҳақ таолонинг бу Ҳукми ҳаммага - кўз очиб юмгунчалик муддатга дунёга келиб кетадиган энг майда ҳашаротлардан тортиб, энг катта махлуқотларгача барчага баробар дахлдордир. Ҳар бир инсондан тортиб, бутун-бутун умматлар - жамоатларгача мана шу Буюк Ҳақиқат олдида бў-йин эгишга мажбурдирлар. Ҳеч шак-шубҳасиз, келишнинг кетиши ҳам бордир. Келиш вақти ҳам, кетиш муддати ҳам Танҳо Холиқ томонидан аниқ белгилаб қўйилгандир. Бас, ҳеч ким ана ўша муддат битмасдан туриб, яъни, ажал етмасдан туриб ўла олмайди, ажали етгач эса қола олмайди. Демак, “ажали етмасдан ўлди, ажалидан беш кун бурун ўлди”, деган сўзлар нотўғридир. Ким қандай ҳолатда ўлмасин ёки ўлдирилмасин, унинг ўлимига сабаб ажали етганидир. Яъни, инсон касаллик, қарилик ёки жароҳат сабабли эмас, балки ажали етганлиги сабабли ўлади. Агар воқеъга ибрат кўзи билан боқсак, бу Ҳақиқат кўз ўнгимиздадир. Қанчадан-қанча соппа-соғ одамлар ҳеч кутилмаган ҳолатда вафот қилаётганларини, аммо бедаво дардга йўлиққан деб ташхис қўйилган, ана-мана ўлиб қолади деб кутилаётган кишилар эса хотиржам яшаётганларини, неча-неча ёш, навқирон инсонлар ўлиб, қанча-қанча кексалик ёшидан аллақачон ўтиб кетган кишилар яшаб юрганларини кун сайин кўриб турамиз. Албатта ҳар ким узун умр кўришни орзу қилади. Аммо ҳеч ким бу ҳаёти дунёда қанча яшашини билмайди. Динсиз, жоҳил кимсалар эса умрлари муваққат эканини эсламайдилар, ён-атрофларидаги кекса-ю ёш, соғ-у бемор, ҳатто, қаёққа узатса кўллари етадиган подшоҳлар ҳам ўлиб турганини кўриб турсалар-да, ибрат олмайдилар, ҳаёт-мамотларининг Танҳо Эгаси бўлган Зотга бўйин эгмайдилар, иймон келтирмайдилар, ибодат қилмайдилар, оқибат-натижада, ҳеч қандай мол-давлат ёки дори-дармон бир лаҳза ҳам ортга сура олмайдиган ўлим соатлари етиб келгач, куфр ва жаҳолатда - ғафлатда ўтказган ҳаётлари учун минг-минг афсус-надоматлар қилиб, тоғдек гуноҳларини елкаларига ортиб, улар учун мангу азоб диёри бўлган Охиратга чиқариб юбориладилар - ўладилар.
Ояти карима ана ўша ҳаёт соатлари аниқ белгилаб кўйилганини ўйламайдиган, ўлимни эсламайдиган, ўлимдан кейин ҳам ҳаёт борлигига иймон келтирмайдиган ғофил кимсаларга нисбатан Илоҳий Таҳдид, Огоҳлантиришдир.
Ушбу оятлар аввалги асрларда ўтган айрим умматлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилишиб, у пайғамбарлар уларни агар Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейишса - куфрда давом этадиган бўлишса, Оллоҳ таоло белгилаб қўйган муайян соатда бошларига бало тушиб ҳаммалари қирилиб кетишлари аниқ экани ҳақида огоҳлантирсалар-да иймон келтиришмагач, устларига айни айтилган вақтда - бирон соат олдин ҳам, кейин ҳам бўлмасдан, белгиланган ажал-муддатлари битиши билан Оллоҳнинг азоби тушиб, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетганлари ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, тарихда Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуъайб, Лут пайғамбарларнинг - (Барчаларига Оллоҳнинг саломи бўлгай) - қавмлари уларни ёлғончи қилишгани, иймон келтиришмагани сабабли Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлиб, қирилиб кетганлари маълумдир. Узоқ ўтмишда бўлган бу каби фожиалар келажак авлод учун ҳам ибрат бўлсин, улар ота-боболарининг хатоларини такрорламасдан, ҳалокат йўли бўлган куфрдан, бузуқлик - жиноятлардан олис бўлсинлар, деб Ҳақ таоло ушбу оятларни нозил қилди.

6-7. Улар (яъни, Макка мушриклари Муҳаммад алайҳис-саломни масхара қилишиб): “Эй (ўзига) Эслатма - Куръон нозил қилинган, (деб даъво қилаётган) киши, сен ҳеч шак-шубҳасиз, мажнунсан. Агар («Мен Оллоҳнинг пайғамбариман», деган даъвойингда) ростгўилардан бўлсанг, бизга (сўзларингни тасдиқлайдиган) фаришталарни келтирмайсанми”, дедилар.
Қатода айтди: “Ояти каримада келтирилган бу сўзларни Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг устидан кулиш учун Қурайш мушрикларининг катталаридан бўлган Абдуллоҳ ибн Абу Умайя, Назр ибн Ҳорис ва Навфал ибн Хувайлид айтдилар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ҳақ Йўлидан озган ундай кимсалар Ҳақ таолонинг энг суюкли бандаси ва сўнгги Элчисини “мажнун - ақлдан озган” деб ҳақорат қилганлари ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта кофир бўлган кимсалар Эслатма - Куръонни эшитган вақтларида Сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва “(Муҳаммад) шак-шубҳасиз, мажнундир”, дерлар”. (Қалам сураси, 51-оят).
Лекин Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи қасам билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда ҳеч қандай жунун йўқ эканини таъкидлайди: “Нун. Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), - Парвардигорингизнинг Марҳамати билан Сиз мажнун эмасдирсиз”. (Қалам сураси, 1-2-оятлар).
Оллоҳ таоло юборган элчиларни “мажнун” деб масхара қилиш илгари ўтган пайғамбарлар замонларида ҳам бўлган. Масалан, Мусо алайҳис-салом золим подшоҳ Фиръавнни Ҳақ Йўлга даъват қилганида “(Фиръавн)” деди: “Сизларга элчи қилиб юборилган бу пайгамбарингиз шак-шубҳасиз, мажнундир”. (Шуаро сураси, 27-оят).
Шунингдек, Фиръавн ҳам Мусо алайҳис-саломдан худди Макка муш-риклари Ҳазрати Муҳамммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган нарсани талаб қилди: “Бас, унга (Мусога осмондан худди подшоҳлар-нинг бўйнига гулчамбар ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар эди. Ундоқ бўлмагач, нега унга иймон келтирасизлар)?!” (Зухруф сураси, 53-оят).
Мушрикларнинг Пайғамбар алайҳис-саломдан талаб қилган нарсалари ҳақида ушбу оятларда ҳам зикр қилингандир: “Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга огоҳлантиргувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар”. (Фурқон сураси, 7-8-оятлар).
Қуйидаги ояти каримада Ҳақтаоло не сабабдан у қавм устига фариш-таларни туширмаганини баён қилиб уларни огоҳлантиради:

8. Биз фаришталарни фақатгина (кофирлар зиммасига) ҳақ (бўлган азоб) билан туширурмиз ва бу ҳолда уларга (кофирларга) қараб турилмас (яъни, уларга бирон муҳлат берилмасдан, дарҳол ҳалок қилинурлар).
Ояти каримада Ҳақ таоло агар мушриклар талаб қилганидек, осмондан фаришта туширадиган бўлса, уларнинг ҳоли нима кечишини айтиб огоҳлантиради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Агар улар фариштани ўз суратида кўрадиган бўлсалар, юраклари ёрилиб ўлган бўлур эдилар. Чунки уни кўришга тоқат қила олмас эдилар”, дейди. Ҳасани Басрий ва Қатода эса: “Агар осмондан мушриклар талаб қилган фаришталар тушиб, Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга гувоҳлик берсалар-у, шундан кейин ҳам улар иймон келтирмай куфрларида оёқ тираб туриб олсалар, у ҳолда уларга ҳеч қандай муҳлат берилмасдан, дарҳол ҳалок қилинган бўлур эдилар”, дейдилар.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилгандир:
“Улар: «Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга пайғамбарлигини тасдиқ этадиган) бирон фаришта тушса эди», дедилар. Агар Биз фаришта туширсак, иш тугатилган бўлур эди. Сўнгра уларга қараб турилмас - муҳлат берилмас”. (Анъом сураси, 8-оят).
Ушбу оят нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллох соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларини (маккаликларни) Исломга даъват қилиб жуда етук сўзларни айтдилар. Шунда бир неча киши: “Эй Муҳаммад, ёнингда бир фаришта сен томонингдан одамларга сўзласа эди, сен билан бирга юрса эди”, дейишганида Оллоҳуларга жавобан мана шу оятни нозил қилди”.

9. Албатта ушбу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни Сақлагувчидирмиз.
Яъни, то Қиёматгача дунёга келадиган барча инсонлар учун Илоҳий Эслатма бўлган ушбу Қуръони Азимни ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи энг суюкли бандаси ва энг сўнгги Элчиси бўлмиш Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга йиллар давомида нозил қилди ҳамда уни бус-бутун ҳолида сақлаш кафолатини Ўз Зиммасига олди. Бас, энди инсу жиндан бирон кимса бу Эслатмани ўзгартиришга - унга бирон сўз қўшишга ёки ундан бирон сўзни олиб ташлашга қодир эмасдир.
Ушбу ояти карима асрлар оша Қуръоннинг Ҳақ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил қилинган Илоҳий Китоб эканини ва ҳеч ким ҳеч қачон ушбу Китобни йўқ қила олмаслигини ёки унга бирон ўзгартириш кирита олмаслигини, чунки унинг Сақловчиси Буюк Оллоҳ эканини қайта-қайта исботлаб келмоқда. Узоқ ўтмишни қўйиб турайлик, мана шу бизнинг асримизнинг ўзида бу азиз Китобни йўқ қилиш учун қанчадан-қанча хуружлар бўлмади. Уни ўтга ёқдилар, дарёларга оқиздилар, қабрларга кўмдилар. Бугина эмас! Яна Қуръонни ёд олган ёки ҳаётини шу Илоҳий Китобга амал қилиб ўтказмоқни истаган минг-минглаб улуғ зотларни қириб, отиб юбордилар. Кейинчи? Кейин бошқа минглаган кишилар қўлларида, тилларида ва дилларида бирор ҳарфи ҳам заҳаланмаган шу азиз Китоб билан пайдо бўлдилар! “Шубҳасиз Ўзимиз уни Сақлагувчидирмиз”, деган Илоҳий Сўзлар ўз тасдиқини топди. Ислом таълимотига кўра Қуръон Илоҳий Китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин, мана шу оятда уни то Қиёмат йўқотмай, бузмай сақлашни Оллоҳ таоло Ўз зиммасига олгандир. Шу боис, бошқа - илгариги умматларга нозил қилинган Илоҳий Китобларга ўзгаришлар киритилиб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг етмишдан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас). Қуръон мана, ўн тўрт асрдан буён Пайғамбар алайҳис-саломга қандай нозил қилинган бўлса, (йўқ қилишга уринишлар, бало-офатлардан асралиб) худди ўшандай сақланиб келмоқда.

10-11. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (элчилар) юборганмиз. Уларга не бир элчи келмасин, албатта уни масхара қилиб кулар эдилар.
Ушбу оятлар Ҳақ таоло тарафидан Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари масхара қилганлари ҳақида хабар берди.
Ўтмишдан келтирилган бу мисол билан бир томондан, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга тасаллий берилиб, Макка мушриклари у зотга етказаётган озор-азийятлар, у зотни ёлғончи деб туҳмат қилишлар аввал ўтган элчилар ҳаётида ҳам бўлгани, уларни ҳам қавмлари ёлғончи қилишиб, турли озорлар етказишгани айтилган бўлса, иккинчи томондан, Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмаётган, у зотни ёлғончи қилаётган маккаликлар огоҳлантирилмоқда, яъни, агар улар ўзларининг ширкларидан, иймонсизликларидан тавба-тазарруъ қилмасалар, улар-нинг бошларига ҳам худди аввалги динсиз қавмларнинг бошига келганидек бало-офатлар келиши хавфи бор экани айтилмоқда.
Демак, Оллоҳтаоло юборган элчи-пайғамбарлар устидан кулиб, уларни масхара қилиш қадимий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилиб кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара - кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган)”. (Анъом сураси, 10-оят).

12-13. Шунингдек, Биз уни (яъни, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз. Улар (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари - ибратлари ўтгандир (яъни, аввалги ко-фирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз худди аввал, олис-яқин мозийда ўтган турли тоифаларнинг дилларига - Тўғри Йўлга юришдан бош тортганларида - куфрни, элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилишни ва уларни масхара қилиб устларидан кулишни солиб қўйганимиздек, Сизнинг қавмингиз - Макка мушрикларининг дилларига ҳам, Ҳақ Йўлга юришни хоҳламаганларидан кейин, куфр, ширк, Сизни ёлғончи қилиш ва масхара қилиб устингиздан кулиш иллатларини солиб қўюрмиз. Бас, улар энди ҳар қанча мўьжизаларга гувоҳ бўлсалар ҳам на Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига ва на Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтирмайдилар.
“Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари - ибратлари ўтгандир (яъни, аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир)”.

14-15. Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, албатта улар: «Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз», деган бўлур эдилар.
Ушбу оятларда уқтирилишича, Макка мушриклари каби кўнгил кўзи кўр кимсалар уларга самонинг сиру синоатларини, ҳатто ундаги малоикаларни кўриш насиб этганида ҳам барибир Яратганга иймон келтириш ўрнига: «Бизларнинг кўзимизни боғлаб қўйишди, ўзимизни сеҳрлаб кўйишди», дейишдан нарига ўтмас эканлар.
Бу ҳакда Анъом сурасининг 7-ояти ва унингтафсирида ҳам айтилган эди:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Биз Сизга қоғозга (ёзилган) бир мактуб туширсак ва уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», деган бўлур эдилар”. (Анъом сураси, 7-оят).
Макка мушриклари: “Эй Муҳаммад, Тангрига қасамки, то сен бизларга Оллоҳ хузуридан бир мактуб келтирмагунингча ва тўртта фаришта ўша мактубни олиб келиб, унинг Оллоҳ хузуридан келганига ва сен Оллоҳнинг Элчиси эканингга гувоҳлик бермагунларича, биз сенга иймон келтирмаймиз”, дейишганида ушбу оят нозил бўлди.
Яна бошқа бир ривоятда айтилишича, ояти карима мушриклардан Назр ибн Ҳорис, Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ва Навфал ибн Хувайлид Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, у зотга иймон келтиришлари учун бир неча талабларини адо қилишни сўраганларида уларга жавобан нозил бўлган.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, мушрикларнинг бундай талаблари иймон келтиришни истаганлари сабабли бўлмай, аксинча иймон келтирмаслик учун топган баҳоналари эканини айтади. Оятда агар мушриклар талаб қилган нарсани улар айтгандан ҳам зиёда қилиб адо этилганида ҳам, яъни, уларга қоғозга ёзилган мактуб нозил бўлиб, улар уни ўз кўзлари билан кўрганларида ҳам, балки кўрганларига ҳам қаноат қилмасдан, худди кўр ушлаб кўриб ишонганидек, ўша мактубни ушлаб кўрганларида ҳам - бу кўзбўямачилик эмаслигини аниқ билганларида ҳам ўзларининг кофирликларидан қайтмасликлари ва: “Бу очиқ сеҳрдан - кўзбўямачиликдан ўзга нарса эмас”, деб тураверишлари айтилади ва бу мисол билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда барча мўминларга мушрикларнинг бундай найрангларига алданмаслик кераклиги таъкидланади.

16. Қасамки, Биз осмонда буржлар барпо қилдик ва кўрувчи-кузатувчилар учун уни (қуёш, ой ва юлдузлар каби сайёралар билан) зийнатлаб қўйдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло нафақат Ернинг, балки осмонларнинг ҳам Эгаси экани қасам билан таъкидланиб, Унинг чексиз ва тенгсиз Буюк Қудратига далолат қиладиган бир ҳодиса - Жаноби Ҳақ самода буржлар - қасрлар бунёд қилгани ва уни боқиб ибрат олгувчилар учун катта-кичик юлдузлар билан зийнатлаб қўйгани ҳақида хабар берилади. Осмондаги осмонўпар қасрлар маъносини англатувчи буржларнинг саноғи ўн иккита бўлиб, номлари: ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мийзон, ақраб, қавс, жадий, далв ва ҳутдир. Осмоннинг кунботар тарафларида бино қилинган бу буржлар қуёш, ой ва бошқа буюк сайёраларнинг ўн икки ой давомида ботадиган - қўнадиган манзилларидир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир:
“Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқни - қуёшни ва нурли ойни пайдо қилган Зот Баракотли - Буюкдир”. (Фуркрн сураси, 61-оят).
“(У Зот) осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир. (У Зот) бор кунчиқар жойларнинг (ва бор кунботар жойларнинг) Парвардигоридир. Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик”. (Вас-саффот сураси, 5-6-оятлар).
“Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан зийнатладик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз”. (Мулк сураси, 5-оят).

17. Ва уни (осмонни) барча қувилган - лаънатланган шайтон (жин)лардан муҳофаза қилдик.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди: “Илгари шайтон-жинлар осмонлардан тўсилмас эдилар. Шунинг учун улар етти қават осмонга ҳеч қандай тўсиқсиз кириб, у жойлардаги хабарларни келтириб Ердаги коҳин-фолбинларга етказар эдилар. Қачонки Ийсо алайҳис-салом туғилгач, жинлар уч қават осмондан тўсиб қўйилдилар ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топганларидан кейин эса, улар етти қават осмоннинг барчасидан бутунлай тўсилдилар. Энди жинлардан биронтаси осмон хабарларини ўғринча эшитиб олишга урингудек бўлса, албатта унга бир учар юлдуз отиладиган бўлди. Бас, улар ўзларининг ўғринча эшитиб оладиган жойларидан маҳрум бўлиб қолишгач, бу ҳақда катталари иблисга шикоят қилган эдилар, у: “Демак, Ерда бир ҳодиса юз берган”, дедида, жинларни Ернинг ҳар тарафига қандай ҳодиса рўй берганини билиб келиш учун юборди. Шунда улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръон тиловат қилаётганларини кўрдилар ва: “Оллоҳга қасамки, Ерда рўй берган Ҳодиса мана шудир”, дедилар”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Жин сурасининг илк оятларида жинларнинг Ерга тушганлари ҳақида шундай хабар берилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач), дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Куръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз”. (Жин сураси, 1-2-оятлар).
Саҳобалардан Ибн Аббос (Оллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Пайғамбар алайҳис-салом бомдод намозини ўқиётган чоғларида бир гуруҳ жинлар ҳозир бўлишиб, Қуръон оятларини тинглаганлар ва дарҳол Унга иймон келтирганлар. Лекин Расулуллоҳ алайҳис-салом уларнинг келишганидан ҳам, Каломуллоҳга кулоқ тутишганидан ҳам бехабар эдилар. Қачонки ушбу сура нозил қилинганидан кейингина у зот бу воқеадан огоҳ бўладилар. Юқоридаги оятларда жинларнинг Қуръонни эшитишлари билан бу башар сўзи эмас, балки Илоҳий мўъжиза деб иймон келтирганлари тўғрисида хабар берилишидан кўзланган мақсад, муфассирларнинг айтишларича, биринчидан, барча инсониятга Каломуллоҳ фақат инсонлар учунгина эмас, балки жинлар олами учун ҳам Илоҳий кўрсатма бўлиб нозил қилинганини эълон қилиш бўлса, иккинчидан, Муҳаммад алайҳис-саломни шахсан танийдиган ва у кишининг хат-саводлари йўқ эканлигини ҳам жуда яхши биладиган Макка аҳлига - арабларга, ўзларининг тилларида нозил бўлган, фасоҳат-балоғатининг беназирлигидан саводсиз одам эмас, балки дунёдаги энг етук адиблар бирлашиб ҳам ёза олишлари имконсиз бўлган бир Китобга - ҳатто жинлар ҳам эшитибоқ иймон келтирган Каломуллоҳга улар (Макка аҳли) иймон келтирмаганлари учун танбеҳ-дашном беришдир.

18. Магар (у жинлардан) ким (осмондаги малоикаларнинг бирон сўзини) ўғринча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (яъни, ҳалок этар).
Замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикаларнинг ошёнидир. Бу фаришталар «Оллоҳнинг аскарлари» саналиб, Оллоҳ таоло Ўзининг Ердаги бандалари хусусидаги ҳукм-фармонларини адо қилишни ана ўша фаришталар зиммасига юклагандир. Энди оламда учинчи бир тоифа - жинлар тоифаси ҳам борки, улардан айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб, Ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар. Мазкур оятларда уқтирилишича, осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай шайтон-жинларга отилган ўқлардир.
Уммул-мўминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, фаришталар булутлар ичига тушиб, осмонда ҳукм қилинган иш ҳақида бир-бирларига зикр қилганларида, жинлар уларнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиб, Ердаги коҳинларга етказадилар. Бас, у коҳинлар жинлардан эшитганларига ўзларидан юзта ёлғонни қўшиб сўзлайдилар”. (Бухорий ривояти).
Жинлардан Қуръонга иймон келтирганлари ўзларининг илгари қилган қилмишлари ҳақида айтган сўзлари Қуръони Каримда зикр қилингандир: “Албатта бизлар (фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиш учун) осмонга тақилган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта) лар ва (ўғри жинларга отилгувчи учар) юлдузлар билан тўла эканлигини кўрдик. Албатта бизлар (илгари осмондан айрим) жойларга (фаришталарнинг сўзларини ўғринча) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом Пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин) эса, ким (яъни, қайси жин ўғринча) эшитар бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни кўрар. Албатта бизлар Ердаги кишиларга (Оллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғрилик - яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз”. (Жин сураси, 8-10-оятлар).
Мазкур оятлардан маълум бўладики, Муҳаммад алайҳис-салом Пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари, жоҳилият даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларга етказиш билан машғул бўлар эканлар. Аммо Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач эса, жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этганларидек, улар Оллоҳ Ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани, яъни, яхшилик ё ёмонликни ирода қилишидан мутлақо бехабардирлар. Бас, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш нодонликдан ўзга нарса эмасдир. Паноҳ ҳам, нажот ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралиши лозим. Қуръон ушбу оятлари билан мўмин-мусулмонларни ҳар қандай ваҳму гумондан халос этади.

19. Ерни эса ёйиқ - кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига) мос-муносиб бўлган барча нарсаларни (ўсимлик, меваларни) ундириб-ўстирдик.
Юқоридаги оятларда Оллоҳ таолонинг камоли Қудратига ва Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига очиқ далолат қиладиган самодаги айрим белги-аломатлар зикр қилингач, энди ушбу ва қуйидаги оятларда Ердаги оят-аломатлар ҳақида сўз боради ва Ҳақ таоло аслида думалоқ ва доимий ҳаракатдаги сайёра бўлган Ерни Ўз Қудрати билан биз - Ердагилар тасаввурида ёйиқ - текис, яъни, турар-жой ва корхоналар бино қилишимиз, йўллар қуришимиз, боғ-роғлар барпо этишимиз ва кенг далаларида деҳқончилик ишларини йўлга қўйишимиз учун ўта муносиб маскан қилиб қўйганини ва Ер қимирлаб, устидагиларни ҳадеб безовта қилавермаслиги учун ҳар тарафларига қўзғолмас тошларни - тоғларни ташлаб - қоқиб қўйганини ҳамда унинг тоғ-тошларида бошқача, водий-воҳаларида бошқача, дала-даштларида бошқача, денгиз-дарёларида бошқача, яъни, унинг ҳар бир жойида худди ўша жойнинг ўзига мос-муносиб ўсимликларни ундириб-ўстириб қўйганини, яъни, “Ҳар бир нарса Унинг даргоҳида ўлчовли” эканини (Раъд сураси, 8-оят) зикр қилади.
Қуйидаги оятларда Ҳақ таоло биз бандаларига ато этган Ердаги саноқсиз неъматларни эслатишда давом этади:

20. Ва Биз сизлар учун ҳам, сизлар ризқлантирувчи бўлмаган (балки фақат Биз ризқ берадиган сизларнинг кўл остингиздаги) кишилар (ҳамда барча жонзот) учун ҳам тирикчилик - ризқу насибаларни Ерга жойлаб қўйдик.
Дарҳақиқат, агар ибрат кўзи билан боқсак, Оллоҳтаоло Одам алайҳис-саломни ердан - тупроқдан яратиб, сўнгра у ва унинг барча авлод-зурриёти то Қиёмат қойим бўлгунича Ерда ҳаёт кечиришларини ҳукм қилгач, уларнинг ва Ерда яшовчи яна бошқа барча жонзотнинг тирикчилик асбобларини, бошқача айтганда, ризқ-рўзларини мана шу Ерга жойлаб қўйганини кўрамиз. Хусусан, одамзотнинг ейдигани ҳам, ичадигани ҳам, киядигани ҳам, ҳатто касал бўлганида унга шифо бўладиган дори дармонлар ҳам Ердан чиқади, у умр бўйи мана шу она замин устида яшайди, вақти соати етиб ўлганидан кейин эса, унинг бағрида ётади.
Ояти каримада одамлар ҳеч кимга, ҳатто ўз қарамоғларидаги аёллари, фарзандлари ёки хизматкорларига ҳам ризқ бера олмасликлари, балки аксинча, уларнингўзларига ҳам, кўллари остидаги инсонларга ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзи ризқу рўз бериши ва барчаларининг ризқларини улар яшаётган Ерга жойлаб кўйгани таъкидланади. Бу ҳакда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам, сизларга ҳам Биз Ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз катта хатодир.” (Ал-Исро сураси, 31-оят).
Жоҳилият замонида айрим мушрик араблар боқа олмасликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдиришар, айниқса қиз болаларни ҳеч қандай фойдаси бўлмаган текинхўр, жанг-жадалларга қатнашиб ўлжа олиб келиш ҳам қўлидан келмайди, дейишиб улардан қутилиш учун тириклай кўмишар эди.
Қуръони Карим бундай ваҳшийликдан кескин қайтаради ва болаларнинг ризқларини оталар бермаслигини, балки буларни ҳам, уларни ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзи ризқлантиришини айтади. Яъни, Ҳақ таоло кимга ҳаёт неъматини ато этса унинг ризқига ҳам Ўзи Кафилдир.
Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради.

21. (Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг хазиналари - манбалари Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни фақат маълум ўлчов билан (сизларга) тушириб турурмиз.
Яъни, эй инсонлар, Ердаги сизлар фойдаланадиган, сизлар учун ризқ-рўз бўладиган барча-барча нарсани сизларга Биз инъом қилурмиз - уларни Ўз ҳузуримизда яратиб, тўплаб хазина қилиб қўйгандирмиз. Бас, барча махлуқотнинг, жумладан сиз инсонларнинг ризқларингиз ҳам, ана ўша Бизнинг даргоҳимиздаги хазиналардан сизларга тушириб турилади. Фақат Биз уларни аниқ маълум бўлган миқдорда, яъни, кимга-қачон-қанча ризқ беришни ирода қилсак, ана ўша вақтда, ана ўша ўлчовда сизларга тушириб турурмиз.
Уламолар ояти каримадаги “хазиналар”дан мурод, Оллоҳ таоло ҳузурида тўплаб, яшириб қўйилган моддий хазиналар эмас, балки У Зотнинг рўзи азалда, ҳали коинотни яратишидан аввал, Лавхул-Маҳфуз Китобида яралгувчилардан кимга-қачон-қандай ва қанча ризқ ато этиши хусусида ёзиб қўйган тақдири азалийсидир. Оллоҳ таоло Ўзи тақдир қилган ҳар бир нарсани хоҳлаган соатида йўқдан бор қилишга Қодир бўлгани боис, бандаларига берадиган ризқу рўзи Унинг даргоҳида тўплаб қўйилган хазиналарга ўхшатилмоқда, дейдилар. (“Тафсири Мунийр”, “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосий” китоблари).
“Тафсири Қуртубий”да эса, “хазиналар”дан мурод, осмондан вақти-вақти билан ёғадиган ёмғирдир, чунки Ердаги инсонларга ризқ бўладиган барча нарса ёмғир билан кўкаради. Ана ўша ёмғирни Оллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган жойга, Ўзи белгилаган миқдорда бандаларига ризқ-рўз қилиб ёғдиради, дейилади.
Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради.

22-23. Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, сўнг осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Уни сизлар тўплаб олгувчи эмассиз (балки дарё ва кўллар яратиб, у сувни Биз сизлар учун тўплаб берурмиз). Албатта (барча жонзотга) ҳаёт бериб тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Биз Ўзимиздирмиз ва Биз (барча жонзот ўлганидан кейин ҳам Ҳаёт қолгувчи Танҳо) Ворисдирмиз.
Ушбу икки ояти карима мазмунини бизга Аъроф сурасида келган мана бу улуғ оят ва унинг тафсири шарҳлаб беради, иншооллоҳ: “У шундай Зотки, Ўз Раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб олгач, Биз уни (яъни, булутни, чанқоқ) ўлик маконга ҳайдаймиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”. (Аъроф сураси, 57-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ер-у осмоннинг, дунё ва Охиратнинг Танҳо Эгаси Ўзи эканини, бандаларига ризқ-рўз бериш ҳам, Уларни ўлдириб-тирилтириш ҳам Ёлғиз Ўзининг Қўлида эканини бир гўзал мисол билан баён қилади. У Зот ёмғир Ўзининг бандаларга ёғдирган Меҳри-Раҳмати эканини айтиб, шамоллар эса худди денгиз-дарёларда юк тўла кемаларни ҳайдаб юрганидек, осмонда ҳам сув тўла “кема”ларни - вазмин булутларни ҳайдаб юрадиган паҳлавон лашкарларга ўхшатилади. Дарвоқеъ, Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, “шамоллар ва сув Оллоҳ таолонинг лашкарларидандир”. Ояти каримада Яратганнинг Амри билан у лашкарлар сув тўла булутларни ўлик маконга - қақраб ётган ерларга ҳайдаб бориб, Оллоҳ таоло у ерларга ёмғир ёғдириб гулзор-экинзорларга, мевали боғларга айлантириб қўйгани каби Қиёмат Кунида жамийки Ер остида ётган жонсиз жасадлар устига ҳаёт ёмғирини ёғдириб - тирилтириб Ернинг устига чиқариб қўйиши ҳақида хабар берилади ва “Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”, деб инсонларни ўз кўзлари билан кўриб турган, йил сайин уларнинг кўз ўнгида такрорланиб турадиган “ўлик Ернингтирилиши” ҳодисасидан ибрат олиб, Охиратдаги тирилиш ҳам ҳақ эканига иймон келтиришга чақирилади.
Бу муҳим мавзу Қуръони Карим оятларида такрор-такрор эслатилади: “Оллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, унинг ёрдамида ўлган Ерни тирил-тирдик. (Қиёмат қойим бўлган Куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир”. (Фотир сураси, 9-оят). “Оллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг (Оллоҳ булутни) Ўзи хоҳлаган-дек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас, Сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Оллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказса, баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар. Ҳолбуки, улар устларига (ёмгир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар. Бас, Сиз Оллоҳнинг Раҳмати - ёмғирнинг изларига қаранг - У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана Шу (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир”. (Рум сураси, 48-50-оятлар).
Ояти каримада шамоллар ёмғир ёғишини билдирадиган хушхабар экани айтилди. Мўмин инсон ўша шамолларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши лозим экани ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Умар розияллоҳу анҳу билан ҳаж сафарига чиққанимизда Макка йўлида қаттиқ шамол турди. Шунда Умар атрофидаги кишилардан: “Сизларга Қуръон ёки Ҳадисда шамол тўғрисида айтилган бирон хабар етганми”, деб сўраган эди, улар ҳеч нарса дея олмадилар. Мен одамларнинг охирида кетаётган эдим. Умар сўраган савол менга етиб келиши билан туямни тезлатиб унга етиб олдим ва: “Ё амирал-мўминийн, шамол ҳақида сўрабсиз. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Шамол ҳам Оллоҳнинг Раҳматидандир. У раҳмат ҳам, азоб ҳам келтириши мумкин. Бас, сизлар шамолни сўкманглар, балки Оллоҳдан унинг яхшилигини сўранглар, ёмонлигидан паноҳ тиланглар”, деяётганларини эшитганман”, дедим”.
Қиёмат Кунида одамларнинг қайта тирилишлари қандай содир бўлиши ҳақида Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхум шундай дедилар: “Сур биринчи марта чалиниши билан Ер юзидаги барча инсонлар ўлганидан кейин Оллоҳ таолонинг Амри билан тинмасдан қирқ кун ёмғир ёғади. Арш остидан ёғаётган, “ҳаёт суви” деб аталадиган бу ёмғир гўё ота нутфаси она бачадонига жойлашганидек Ерга сингиб кетгач, одамлар қабрларидан ёмғирдан кейин чиққан чечаклардек кўкариб чиқадилар ва қачонки баданлари бутун-мукаммал ҳолга келгач, уларга жон киритилади. Сўнгра уларга уйқу ташланиб, барчалари қабрларида уйқуга кетадилар. Кейин сур иккинчи марта чалиниши билан ҳаммалари уйқусираган ҳолларида қайта тириладилар ва: “Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ухлаб ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?”, дейдилар. Шунда уларга: “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаб хабар берган нарса - Қиёматдир”, дейилади”. “Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Рахдгон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир”. (Ёсин сураси, 52-оят).

24. Сизларнинг орангиздаги аввалгилар хдм Бизга аниқ маълумдир, кейингилар хдм Бизга аниқ маълумдир.
Уламолар ушбу ояти каримани турлича тафсир қилганлар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ояти каримада зикр қилинган “аввалгилар”дан мурод, дунёдан ўтиб кетган инсонлардир, “кейингилар”дан мурод, тириклардир”, деб тафсир қилади.
Мужоҳид: “Аввалгилар - аввалги асрларда ўтганлар, кейингилар - Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидир”, дейди.
Икрима: “Аввалгилар - Оллоҳ таоло ўша оят нозил бўлган вақтгача яратган кишилар, кейингилар эса, Оллоҳ таоло ҳали яратмаган, энди яратадиган кишилардир”, дейди.
Ҳасани Басрий: “Аввалгилар - тоат-ибодат ва яхшиликлар қилишда пешқадам бўлганлар, кейингилар эса, ана шу ишларда орқада қолувчилар”,дейди.
Яна ушбу ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида “Тафсири Бағавий”да бундай дейилади: “Оятдаги “аввалгилар” - намозда аввалги сафларда тургувчилар, “кейингилар” эса, орқа сафда қолгувчилардир. Илгари аёллар ҳам жамоат намозига чиқар эдилар. Улар эркакларнинг охирги сафидан кейин турар эдилар. Шунда кўпинча эркаклар орасидаги қалбида - иймонида шак бўлган кимсалар аёлларга яқинроқ туриш учун эркакларнинг охирги сафига сирғалиб ўтиб олар, аёллардан қалбида шак бўлганлари эса, эркакларга яқинроқ бўлиш учун аёллар сафларининг аввалида туришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда ушбу: “Сизларнинг орангиздаги аввалгилар ҳам Бизга аниқ маълумдир, кейингилар хдм Бизга аниқ маълумдир”, ояти нозил бўлди ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эркаклар сафларининг яхшиси аввалидир, ёмони охиридир, аёллар сафларининг эса, яхшиси охиридир, ёмони аввалидир”, дедилар. (Муслим ривояти).
Авзоий: “Ояти каримада намозни вақти кириши билан адо этувчилар ва уни кечиктириб, охирги вақтида ўқийдиган кимсалар ирода қилингандир”,дейди.
Ибн Уяйна эса: “Аввалгилардан мурод, мусулмон бўлганлар, кейингилардан мурод, мусулмон бўлмаганлардир”, деб тафсир қилади.
Табарий ўз тафсирида: “Менинг наздимда ушбу тафсирларнинг энг дурусти Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган: “Аввалгилар”дан мурод, дунёдан ўтиб кетган инсонлардир, “кейингилар”дан мурод, тириклар ва энди дунёга келадиган инсонлардир, деган тафсирдир”, дейди.
Ояти карима мазмуни улуғларимиз тарафидан турлича тафсир қилиниши ва мазкур саккиз тафсирдан ҳар бири иккинчисига зид бўлмай, балки бир-бирини тўлдириб, оят мазмунини тўлақонлироқ англашимизга ёрдам бериши Қуръони Азимнинг ҳар бир ояти нақадар теран ва сермазмун эканига яна бир очиқ далолатдир.

25. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингизнинг Ўзи (Қиёмат Куни) уларни (яъни, аввалу охир ўтган инсонларни) тўплар. Албатта У Ҳикмат ва Билим Соҳибидир.
Яъни, Парвардигоримиз - ҳар бир иши Ҳикмат, барча махлуқотини Билгувчи бўлган Зот Қиёмат Кунида ҳаёти дунёда яшаб ўтган жамийки инсонларни ҳисоб-китоб қилиб, мукофот-жазоларини бериш учун албатта маҳшаргоҳга тўплайди. Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам: “Ким ниманинг устида, яъни, қандай ҳолда ўлса, Оллоҳ уни ўша ҳолида тирилтиради”, деб огоҳлантирганлар. (Аҳмад, Бағавий ва бошқалар ривояти).
Ана ўша Кунда ҳаёти дунёдан динсиз - иймонсиз ҳолда ўтган кимсаларнинг аҳволи қандай бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда шундай дейилади: “(Оллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган Кунда улар (бу дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек (яшагандек) бир-бирларини танирлар. Оллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар аниқ зиён қилдилар ва Ҳақ Йўлга юргувчи бўлмадилар. (Юнус сураси, 45-оят).
Ушбу оятда Ҳақ таоло одамларга Қиёмат Соатини ва ўша Куни уларнинг барчалари қабрларидан чиқарилиб, маҳшаргоҳга тўпланганларида қай аҳволга тушишларини эслатади.
Ўта қисқа муддат турадиган ҳаёти дунёга алданиб, мангу Охиратни унутиб кўядиган ёки Охират борлигини бутунлай инкор қиладиган кимсаларга Қуръони Каримда ўша Кун такрор-такрор, турли сўзлар билан эслатилади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги улул-азм - сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азийятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг! Улар ўзларига ваъда қилинаётган (азобни) кўрадиган Кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар! (Бу Оллоҳ томонидан нозил қилинган) бир баёнот-хабардир. Бас, фақат итоатсиз қавмгина ҳалок қилинур”. (Аҳқоф сураси, 35-оят), “Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни, бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!” (Ван-нозиот сураси, 46-оят).
“(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар!” (Рум сураси, 55-оят). “Ерда қанча йил турдинглар?», деди (Оллоҳ). Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришталардан) сўрагин». (Оллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (ду-нёда) жуда оз турдингизлар (яъни, сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир)”. (Мўминун сураси, 112-114-оятлар).
Демак, мангу Охират олдида ўткинчи дунёнинг умри ўта қисқа экан. Шу қадарки, Ерда ҳаёт бошланганидан то Қиёмат қойим бўлгунича ўтган, дунё ҳисобида ўта узоқ давом этган муддат ичида яшаб ўтган барча одамлар Қиёмат Куни қайта тирилиб, бир жойга тўпланганларида, гўё ҳаммалари бир кун ё ярим кун ичидаги соатларда бирин-кетин яшаб ўтгандек бир-бирларини танир эканлар! Шунингдек, ҳам аср-замондош бўлган кимсалар ҳам Ер юзида юрган кунларига нисбатан Ер остида турган муд-датлари юзлаб, балки минглаб баробар узун бўлган эсада, Қиёмат Кунида қайтадан Ер устига чиқарилганларида, гўё Ер остида бир кун ёки ярим кун, яъни, ўта қисқа вақт ётгандек, куни кеча бир-бирларидан ажрагандек бир-бирларини таниб, дўзахга хукм қилинган бахтсиз кимсалар ўзларини куфр йўлига чақирган доҳийларига: “Бизни сизлар Тўғри Йулдан оздиргансизлар, деб даъво қилар эканлар. Ўзларининг Қиёмат Кунини инкор қилганлари, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишларини ёлғон деганлари ҳеч ўнглаб бўлмас хато бўлганини, Ҳидоят Йўлига юрмасдан, мангу Охират ўрнига ўткинчи дунёни танлаб жуда катта зиён кўрганларини англаб етар эканлар, аммо у Кунда қилинган тавба-тазарруъ ва афсус-надоматларнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмас экан. Шу боисдан Меҳрибон Парвардигоримиз бугун, хатоларни ўнглаш имкони бўлган фурсат-да, хатолардан тавба қилиб, Тўғри Йўлга юриш мумкин бўлган соатда ўша Кунни эслатиб, бандаларини огоҳлантиради. Албатта, бахтли инсонлар бу Илоҳий огоҳлантиришдан кўзлари очилиб, фойдаланадилар, ўзларини ўнглайдилар, ҳаётлари давомида Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунга қўлларидан келганча таёргарлик кўриб яшайдилар. Бахтсиз кимсалар эса бу Сўзни “эшитмайдилар” ва Қиёмат Кунида ушбу оятлар уларга қарши-ҳужжат бўлади. Ана ўшалар ҳақиқий зиён кўргувчилардир.

26. Аниқки, Биз инсонни - (Одамни асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач) қуритилган лойдан яратдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Буюк Қудрат Соҳиби ва Танҳо Яратгувчи эканини яна бир бор таъкидлаб, ашрафул-махлуқот - жамийки махлуқот ичида энг гўзал, мукаммал ва шарафлиси бўлган инсон зотини дунёдаги энг ҳақир, оёқости бўлган моддадан - тупрокдан яратгани ҳақида хабар беради. Дарвоқеъ, бу Илоҳий хабар ҳақ эканини ҳозирги илм-фан ҳам тасдиқлаб, инсон баданида Ер таркибида бўлган барча жисмлар мавжуд эканини исботлайди.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ушбу оят тафсирида башарият Отаси Одам алайҳис-саломнинг яратилиш жараёни шундай тасвирланади: “Одамнинг асли тупроқ эди. Бас, у Яратганнинг Қўли билан сувга қорилиб, лойга айланди, сўнгра маълум муддат ўтгач, у лой ботқоққа айланди, сўнгра тингач, унга шакл бериб куритилди, сўнгра жаранглаган чинни ҳолига келгач, унга жон киритилиб, гўзал инсон бўлиб яралди! Энг Гўзал Яратгувчи бўлмиш Оллоҳ шак-шубҳасиз Баракотли - Буюкдир!”

27. Жинларни эса, (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик.
Ояти карима аввалидаги “жаанн” калимасини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумо икки хил тафсир қилган. Улардан бирида: “Жаанн” жинлар маъносини англатадиган кўплик шакли, дейилган бўлса, иккин-чисида “жаанн”дан мурод, жинларнинг отаси бўлган иблисдир, дейилади.
“Тафсири Бағавийда” : “Жаанн” жинларнинг отаси, иблис эса, шайтонларнинг отасидир. Жинлар орасида худди инсонлар орасида бўлгани каби мусулмонлари ҳам бордир. Улар ҳам инсонлардек туғилиб - яшаб, ажаллари етгач ўладилар. Энди ўша жинлардан кофирлари бўлган шайтонлар эса, қачон оталари иблис ўлгандагина (яъни, Қиёмат қойим бўлгандагина) ўладилар”, дейилади.
Ояти карима жинлар инсонлардан илгари яратилганига Илоҳий далилдир. Жин сўзининг луғавий маъноси, яшириниб, кўзга кўринмайдиган бўлиб олиш, дегани бўлиб, одамлар кўзидан яширин ҳолда ҳаёт кечирганлари учун бу махлуқлар жин деб аталгандир.
Биз “оташ” деб ўгирган “самум” калимасининг яна бир маъноси, барча нарсани куйдириб жизғанак қилиб ташлайдиган сахро шамоли деганидир. Ибн Масъуд розияллоху анҳу: “Бу самум шамоли жинларнинг асли бўлган самумнинг етмишдан бир бўлагидир”, дейди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Инс ва жиннинг яратилиши ҳақида Ҳақ таоло бошқа бир сурада шундай хабар бергандир: “У Зот инсонни (яъни, Одам алайҳис-саломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди. Жин-иблисни эса алангадан - оловдан яратди. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!” (Раҳмон сураси, 14-15-16-оятлар).

28-29-30-31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач), қуритилган лойдан инсон Яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан пуфлаб киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!», деган эди. Бас, (Оллоҳ таоло Одамни яратиши билан) барча-барча фаришталар унга (яъни, Одамга) сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.
Олис мозийдан - биринчи инсоннинг яралиш тарихидан сўзлайдиган ушбу оятлар Яратган наздида одамзотнинг азиз ва мукаррам эканига очиқ-равшан далилдир. Ҳақ таоло Ўз Қўли билан Одам алайҳис-саломни Ердан - қора тупроқдан яратиб, сўнгра Ўзи унга чиройли сурат бериб ва унинг ичига Ўз Руҳидан киритиб, сўнгра нурдан яралган малоикаларига тупроқдан яралган Одамга сажда қилинглар, яъни, Одамнинг ашрафул-махлуқот - жамийки яралгувчиларнинг энг улуғи эканини тан олинглар, унга таъзим қилинглар, деб амр қилиши билан улар дарҳол саждага йиқилганлари, фақат иблис алайҳил-лаъна Яратганнинг Буйруғига бўйинсунмай, кибр-ҳаво қилиб саждадан бош тортгани ҳақида хабар беради.
Бу сажда Оллоҳга ибодат, Одамга таъзим саждасидир. Барча фаришталар бир нафас тўхтамасдан Яратганнинг Амрига бўйинсундилар - саждага эгилдилар ва бу билан одамзот афзалул-махлуқот эканини эътироф этдилар. Фақат лаънати иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди, саждага эгилмади, кофирлардан бўлди. Оят мазмунини англаган ҳар бир ақлли инсон учун катта бир ибрат ярқ этиб кўриниб турибди: саждага - намозга чорланганида бўйинсунган - сажда қилган киши Оллоҳнинг қули, бош тортган, кибр қилган кимса эса иблиснинг қулидир.
Хўш, бу иблиснинг асли, насли-насаби ким ўзи? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва аксари муфассирлар: иблис ҳам асли фаришталардан эди, Оллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганида уларнинг орасида иблис ҳам бор эди, шунинг учун ҳам фаришталарга берилган буйруқ унга ҳам тегишли эди. Агар иблис фаришталардан бўлмаса уларга берилган буйруқдан бош тортгани учун осий бўлмас эди, дейдилар.
Ибн Аббосдан қилинган яна бошқа бир ривоятда эса, иблис жин қавмидан бўлган, дейилади. Ҳасан, Қатода каби муфассир уламолар ҳам мана шу кўз қарашни илгари сурадилар ва далил сифатида ушбу ояти каримани келтирадилар: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг», дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг Амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Оллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал - ўринбосардир». (Каҳф сураси, 51-оят).

32-33. (Оллоҳ) деди: «Эй иблис, нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга бўлмадинг?» У айтди: «Мен Сен (асли) қора ботқоқдан - қуритилган лойдан яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман».
Албатта Оллоҳ таолога иблис алайҳил-лаъна нима учун сажда қилмагани маълум эди. Чунки У Зот ғойиб-у ҳозирни, ҳатто диллардаги яширинган сирларни ҳам Билгувчидир. Бовужуд, Ҳақ таоло ундан сажда қилмаслиги сабабини сўрадики, бу саволга жавоб бериш билан иблис ўзининг қайсар, кофир, мутакаббир махлуқ эканини эътироф этиб, Одамга ҳасад қилганига очиқ иқрор бўлди. У ўзининг асли бўлган олов Одамнинг асли бўлган тупроқдан яхшироқ эканини айтди. Ҳолбуки, Хожадан Амр бўлганидан кейин қул дарҳол у Амри Илоҳийга бўйинсуниб, саждага йиқилиши фарз эди. Аммо иблис бандалик расмини бузди - сажда қилмади, бу гуноҳи учун Яратгандан кечирим ҳам сўрамади, балки ансинча, “Мен Одамга эмас, Одам менга сажда қилиши керак, чунки мен ундан яхшироқман”, деб барча оламлар Парвардигорининг Амрига қарши тушди ва натижада ўзининг нонкўрлиги, мутакаббирлиги ва итоатсизлигига яраша жазога - Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлди, Унинг Раҳматидан - жаннатидан маҳрум бўлди -

34-35. (Оллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. Ва албатта то жазо (Қиёмат) Кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур».
Шундай қилиб, малъун иблис Яратганнинг Амрига итоат қилмагани ва ўзини Одамдан баланд олгани учун ўзи яратилган жойдан - самодаги жаннатдан қувилди, Оллоҳ таоло даргоҳидан ҳайдалди. Ҳақ таоло унга, модомики, кибр-ҳаво қилар экан, жаннатда туришга ҳақсиз эканини айтди ва энди абадул-абад тубанлик ва хорликка маҳкум бўлганини таъкидлади.
Энди у доимо хор-зорликда ўтади, энди уни одамлар қарғайдилар, лаънатлайдилар. “Аузу биллаҳи минаш-шайтонир-ражийм - қувилганлаънатланган шайтондан паноҳ беришини сўраб Оллоҳга илтижо қиламан”, деб унинг ёмонлигидан паноҳ сўрайдилар. Мутакаббир иблисга берилган бу Илоҳий жазо то Қиёматга қадар дунёга келадиган инсонлар орасидаги ҳар бир мутакаббир учун, Оллоҳ таолонинг Амрига итоат қилмайдиган барча фосиқ кимсалар учун ҳам Илоҳий Огоҳлантириш бўлди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қалбида хардал ўсимлигининг уруғича, яъни, заррача кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди”, деган ҳадислари ушбу оятнинг энг яхши тафсиридир.
Байҳақийнинг “Сунан” китобида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Оллоҳ учун ҳокисор - тавозуъли бўлса, Оллоҳ уни кўтариб қўяди, ким мутакаббир бўлса, Оллоҳ уни пастлатиб кўяди”, деб огоҳлантирдилар.

36-37-38. (Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта тириладиган Кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин». (Оллоҳ) деди: «Бас, сен маълум вақтда (етиб келадиган) Кунгача (Қиёматгача) муҳлат берилганлардансан».
Барча шайтонларнинг отаси бўлган иблис ўзининг жаннатдан қувил-ганини, энди Ерда яшашга маҳкум эканини билгач, яна шайтонлик қилди - Оллоҳ таолодан унга то Қиёматга қадар умр беришини сўради. Унинг мақсади ўзининг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган Одам алайҳис-саломнинг то Қиёматгача дунёга келадиган авлод-зурриётидан ўч олиш - қўлидан келганича уларни Тўғри Йўлдан оздириб адаштириш ва ўзи маҳрум бўлган жаннатдан унинг тузоғига илинган, у чизиб берган йўлга юрган кимсаларни ҳам маҳрум қилиш эди. Иблиснинг бу машъум мақсади албатта ҳар нарсани Билгувчи Оллоҳ субҳонаху ва таолога маълум эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Суддий ва бошқа муфассир уламолар: “Иблис Оллоҳ таолодан сур иккинчи бор чалиниб, барча халойиқ қайта тириладиган Кунгача унга муҳлат беришини, яъни, ўлдирмаслигини сўраган эди - у ҳамма махлуқотнинг бошида бор бўлган ўлим босқичини хатлаб ўтмоқчи эди, чунки Қиёмат Кунида қайта тирилиш воқеъ бўлганидан кейин ҳеч ким ўлмайди. Энди Яратганнинг Ҳукми билан мўминлар жаннатларда мангу роҳатда яшайдилар, кофирлар эса дўзахларда абадий азобланадилар. Демак, шайтон Оллоҳ таолодан уни умуман ўлдирмаслигини сўраган эди, аммо Ҳақ таоло Ўзининг тақдири азалийсида - азалда белгилаб кўйган, ҳеч ким ўзгартира олмайдиган ўлчовида унинг сур биринчи бор чалиниб, бор жонзот ўладиган Кунгача муҳлат берилганлар, яъни, ўша кунгача ўлмайдиганлар қаторида эканини айтди. Қиёмат Куни бошланишида икки бор сур чалиниши ҳақида бошқа оятларда хабар берилган: “Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзотўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳулар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг Амрига) кўз тутарлар.” (Зумар сураси, 68-оят).
Ҳадисларда сурнинг биринчи чалиниши билан иккинчи чалиниши ўртасида қирқ йил муддат борлиги айтилган. Демак, иблис алайҳил-лаъна сур биринчи бор чалинганида ўлади, аммо унгача, яъни, дунё ҳаётининг сўнгги кунигача унга яшаш учун муҳлат берилдики, Оллоҳ таолонинг бу Ҳукми Илоҳийси албатта беҳикмат эмасдир.

39-40. (Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта мен уларга (Одам болаларига) Ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (куфру ширкдан) халос қилинган покиза бандаларинггина (Ҳақ Йўлдан озмай қолурлар)».
Иблис алайҳил-лаънанинг айтган бу сўзлари бошқа оятларда ҳам зикр қилингандир.
“У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) сен уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан”. (Аъроф сураси, 16-17-оятлар).
Яъни, иблис Оллоҳ таолодан уни то Қиёмат қойим бўлгунича ўлдирмаслик ваъдасини олиб хотиржам бўлгач, ўзининг Одам болаларига қарши режалаштирган ғаразли мақсадини ошкора қилди. Гарчи Оллоҳ таолонинг “Сажда қил”, деган Амрига итоат қилмаслик билан иблис ўзи залолат йўлини танлаб олган бўлса-да, яъни, Оллоҳ таоло уни Тўғри Йўлдан оздириб лаънатлашига ўзининг қилмиши сабаб бўлган эса-да, ҳеч уялмасдан (иблисда уят нима қилсин), тап тортмасдан Ҳақ таолога: “Сен мени йўлдан оздирдинг, энди мен ҳам Сенинг Тўғри Йўлингни - жаннатга олиб борадиган Йўлни тўсиб, Одам болаларини адаштираман. Уларга тўрттарафдан ҳужум қиламан. Мен одамларга олдиларида турган Охират тарафидан келиб: “Ҳали Охират деганлари бор нарсами ёки йўқ нарсами”, деб уларни шак-шубҳага соламан, сўнгра орқаларида қолаётган дунёлари тарафдан келиб, уларни мол-дунёга қул қилиб қўяман, сўнгра ўнг тарафларидан - қилган ҳасанотлари, савоб амаллари томонидан келиб,
уларни ўша амалларни холис Оллоҳ учун эмас, эл кўрсинга, риёкорлик билан қиладиан кимсаларга айлантириб қўяман. Сўнгра чап тарафларидан - қилган гуноҳ ва ёмонликлари томонидан келиб, уларга ўша гуноҳ амалларни чиройли кўрсатиб қўяман. Шунда Сенга шукр қиладиган одамлар жуда оз қолади”, деди. Албатта иблиснинг қасам билан айтган бу: “Мен уларни йўлдан оздира олурман”, деган сўзларидан унинг барча одамлар устида ҳукмронлиги келиб чиқмайди, балки бу унинг ўйлаган орзуси ва ўй-гумони эди, холос. Иблис фақат иймони заиф, Охират диёри борлигига аниқ ишонмайдиган кимсалар устидагина ўзининг бу ўйини амалга ошира олади. Бу ҳақда бошқа бир оятда аниқ хабар берилган: “Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги («Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар, фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйинсунмадилар). (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги - фақат Биз Охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Оллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Оллоҳ ва Охиратга сидқидилдан холисанлиллоҳ иймон келтирган ҳамда Яратганга чин ихлос билан ибодат қиладиган покиза инсонларга эса унинг васвасаси кор қилмас). Парвардигорингиз барча нарсанинг устида Кузатиб тургувчидир.” (Сабаъ сураси, 20-21-оятлар).
Оятлар мазмунидан маълум бўладики, иблис алайҳил-лаъна билмагани, жоҳиллиги учун кофир бўлмаган, балки Оллоҳ таолони таниб туриб, Унинг Тўғри Йўли қандай Йўл эканини жуда яхши билиб туриб кофир бўлган. Акс ҳолда у: “Сенинг Тўғри Йўлинг устида йўлтўсарлик қилиб ўтираман”, демаган бўлар эди.
Демак, аниқ маълум бўладики, агар Оллоҳ таоло ҳидоят қилмаса, ҳеч ким Тўғри Йўлга юра олмайди, гарчи у иблис каби қайси йўл Тўғри Йўл эканини кўриб-билиб турса ҳам. Бас, билган билимларига амал қилиб, Тўғри Йўлга юрадиган кишилар - Оллоҳ таоло ҳидоят қилган кишилардир. Аммо билиб туриб амал қилмаган кимсалар эса иблиснинг шогирдларидир.
Иблис одамларни ҳар жабҳада адаштиришга ҳаракат қилиши ҳақида ҳадиси шарифда ҳам хабар берилган.
Аҳмад ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта шайтон Одам болаларининг йўлларида ўтиради. Аввал-бошда у Ислом Йўлини тўсиб ўтиради. Биров Ислом Динини қабул қилиб, мусулмон бўлишни истаганида шайтон унинг йўлини тўсиб: “Сен ўз динингни, ота-боболарингнинг динини тарк этиб мусулмон бўласанми?” деб унинг йўлини тўсди, аммо у инсон шайтоннинг сўзига қулоқ солмади, унга итоат қилмади ва мусулмон бўлди. Сўнгра у мусулмон Маккадан Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганида шайтон ҳижрат йўлига ўтириб олиб: “Мана шу Ерингни, осмонингни ташлаб ҳижрат қилиб кетаверасанми?” деб васваса қилди, аммо у мусулмон шайтонга бўйин эгмасдан ҳижрат қилди. Сўнгра у молу жони билан Оллоҳ Йўлида жиҳод қилиб курашмоқчи бўлганида шайтон жиҳод йўлини ҳам тўсиб: “Сен энди жанг-жадалларда ўлиб кетаверасан, аёлингни бўлса бошқалар хотин қилиб олиб кетаверадилар, мол-мулкинг ҳам бировларга қолиб кетаверади”, деб иғво қилди, аммо мусулмон шайтонга итоат қилмади - Оллоҳ Йўлидаги курашдан қайтмади. Одамлардан ким мана шундай қилган бўлса - шайтонга бўйинсунмаган бўлса, у инсонни жаннатга киритиш Оллоҳнинг зиммасида бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
Юқоридаги оятларда нима сабабдан иблис жаннатдан маҳрум бўлгани зикр қилинди. У мутакаббирлиги сабабли улуғ даргоҳдан қувилди. Лекин унга то Қиёматгача ўлмасдан яшаш имкони берилди ва у доимо Оллоҳнинг бандаларини тўрт тарафдан келиб адаштиришга қасам ичди. Демак, аниқки, инсон бу ҳаёти дунёда Тўғри Йўлдан озмасдан яшаши учун тўрт томондан келган турли йўлларга - турли-туман оқимларга эргашмасдан фақат Осмондан - Оллоҳ таоло ҳузуридан тушган Қуръон Йўлига юргандагина шайтоннинг васвасаларидан халос бўлади ва нажот топади.
Ана шундай мухлас - тоат-ибодат учун халос қилинган покиза банда-ларга ато этиладиган Илоҳий Марҳамат ҳақида “Танвийрул-азҳон” тафсирида келтирилган асар - хабарда айтилади: “Иблис Парвардигор азза ва жаллага: “Сенинг Қудратинг ва Буюклигингга қасамки, мен, Одам болаларини - модомики жонлари баданларида экан - иғво қилиб адаштиришдан тўхтамайман”, деган эди, Оллоҳ таоло: “Қудратим ва Буюклигимга қасамки, модомики улар Мендан мағфират сўраб истиғфор айтар эканлар, Мен уларни мағфират қилишдан тўхтамайман”, деди”.

41-42. (Оллоҳ) деди: «Мана бу Менинг зиммамдаги Тўғри Йўлдир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган адашган кимсаларнигина (бу Тўғри Йўлдан оздира олурсан)».
Ушбу оятларда Ҳақ таоло, иблис алайҳил-лаънанинг айтган сўзларига жавобан, Ўзи бандалари учун Ўз зиммасига олишни ихтиёр қилган Тўғри Йўлни баён қилади ва чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга қуллик қиламан деган бирон бандасини иблиснинг қўлига бериб қўймаслигини, яъни, ҳеч қачон иблис уларга ҳукмрон бўлиб Тўғри Йўлдан оздира олмаслигини, магар ўз ихтиёри билан унга эргашган адашган кимсаларгина шайтоннинг қуллари бўлиб қолишларини таъкидлайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Албатта иймон келтирган ва Ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Оллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир”. (Наҳл сураси, 99-100-оятлар).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ояти каримада Оллоҳнинг Йўли Тўғри деб сифатланишининг маъноси шуки, бу Йўл йўловчисини ҳар жиҳатдан тўғрилаб тўғри жаннатга олиб боради”, дейди. (“Тафсири Куртубий”дан).
Албатта, ояти каримадаги иблис учун мўминлар устида ҳукмронлик йўқ, деган жумлани иблис уларни адаштириш учун васваса қила олмайди деб тушунилмаслиги лозим. Балки иш тамоман аксинчадир. Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Биз мусулмонларнинг намозимиз билан аҳли китоб - яҳудий, насронийларнинг ибодатлари ўртасида фарқ шайтоннинг васваса қилишидир. Кофирлар шайтон йўлига кириб кофир бўлганлари учун у уларнинг амалларига аралашмайди, балки қачон биров кофир бўлса, шайтон унга: “Энди мен сендан бўшадим, яъни, сени васваса қилишимга ҳожат қолмади, усиз ҳам сен энди меникисан”, деб, кофир қилаётган ибодатларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ эканини билгани сабабли уни бўш қўяди. Аммо мўмин эса Оллоҳтаоло буюрган намоз ибодатини адо қилишга киришар экан, шайтоннинг хоҳишига тескари иш қилаётгани учун у жон-жаҳди билан мўминга қарши жангга киришади -унинг хаёлини бўлиб васваса қила бошлайди (шунинг учун ҳам намоз ўқиладиган жой меҳроб, яъни шайтон билан жанг қиладиган жой деб аталади). Ана ўша мўминлар ҳақида Оллоҳ таоло “Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир”, деди. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлида собитқадам бўлган мўминлар чинакам бахтиёр инсонлардир, чунки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларни: “Менинг бандаларим”, деб шарафлайди ва ҳеч қачон шайтон улардан ғолиб бўла олмаслигини таъкидлайди. Аммо ўз ихтиёрлари билан Тўғри Йўлни тарк этиб иблис ва унинг малайлари чизиб берган ботил йўлларга кириб кетган кимсалар эса -

43-44. У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлингувчидир.
Яъни, иблис ва унга эргашганларнинг барчалари шак-шубҳасиз борадиган жой жаҳаннамдир. Жаҳаннам сўзининг маъноси тубсиз жарлик дегани бўлиб, у Оллоҳтаолонинг Охиратдаги зиндонидир. (“Танвийрул-азҳон”дан).
Заҳҳок айтади: “Дўзах бири биридан куйида жойлашган етти қават бўлиб, унинг биринчи қаватида, яъни, энг юқорисида дўзахга ҳукм қилинган аҳли тавҳид мўминлар бўлурлар”. Улар қилган гуноҳларига яраша азобланганларидан кейин ундан чиқарилурлар. Иккинчи қаватда насронийлар, учинчисида яҳудийлар, тўртинчисида собиийлар - фаришталарга сиғинувчи кимсалар, бешинчисида мажусийлар, олтинчисида барча мушриклар, еттинчи, энг қуйи қаватида эса мунофиқлар азобланурлар. Оллоҳ таолонинг: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сурси, 145-оят) деган Сўзининг маъноси шудир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Дўзах - бири биридан қуйида жойлашган етти қаватдир. Биринчиси жаҳаннам, иккинчиси Лазо, учинчиси Ҳутама, тўртинчиси Саъийр, бешинчиси Сақар, олтинчиси Жаҳийм, еттинчиси Ҳовиядир. Ҳовия энг тубан деган маънони англатади. Мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида энг ашаддий азобга гирифтор бўлишларига сабаб, улар куфрда кофирлар билан баробар бўлганларидан ташқари, ўзларини мусулмон деб Исломни масхара қилганларидир. Шунингдек, улар ўзларининг динсиз кофир эканликларин яшириш билан мусулмонлар ичига кириб, уларнинг сирларини билиб, очиқ кофирлардан ҳам мусулмонларга кўпроқ зиён етказадилар. Демак, Охиратда оладиган жазолари ҳам жиноятларига яраша бўлади - у жойда ўзлари учун бирон ёрдамчи - мададкор топа олмай қоладилар!
Кофирларнинг қилган қилмишларига яраша дўзахда тортадиган азоблари ҳам бўлак-бўлак бўлиши ҳақида Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Улардан айримларини дўзах ўти оёғининг ошиғигача ушлайди, айримларини белигача ушлайди ва айримларини томоғигача ушлайди”. (Муслим ривояти).
Ушбу оятларда осий-кофирларнинг тушадиган жойлари зикр қилингач, энди қуйидаги оятларда Оллоҳдан қўрқадиган тақво эгаларининг борар жойлари ҳақида хабар берилади.

45-46. Тақводор - парҳезкор зотлар эса албатта боғлар ва чашмалар устидадирлар. (Уларга: «Жаннатларга) тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур).
Яъни, куфрдан, ширкдан ва бузуқликлардан парҳез қилиб сақланган, Оллоҳ таолонинг азобидан кўрққанлари сабабли шайтоний йўлларга эргашиб кетмаган мўминлар учун албатта Охират диёрида соялари ҳам, мевалари ҳам мангу бўлган гўзал боғлар ва тинимсиз дарё бўлиб оқиб турадиган булоқлар бор бўлиб, уларга “Марҳабо, сизларга ваъда қилинган жаннат боғларига киринглар, энди сизлар ҳар қандай хавфу хатардан омондасизлар, бас, хотиржам бўлингларки, энди ҳеч қачон сизлар бу жойдан чиқарилмайсизлар ва унинг неъматлари ҳеч қачон узилиб ёки тугаб қолмас”, дейилур.
Тақво аҳлига берилган бу буюк хушхабар - жаннат неъматлари ҳамда мана шундай улуғ ажр-мукофотларга сазовор бўладиган кишиларнинг сифатлари хусусида хабар бергувчи мана бу улуғ оятлар ўрганаётганимиз ояти кариманинг энг гўзал тафсиридир:
“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзаҳда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
“Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва чашмалар устида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш (бўлар эди)”. (Ваз-зариёт сураси, 15-19-оятлар).
“Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўлтирурлар). Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз. Улар у жойда тинч-хотиржам бўлган ҳолларида барча мева-чевани чақирурлар. Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни, ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар. (Оллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган Фазлу Марҳаматдир. Мана шу буюк саодатдир”. (Духон сураси, 51-57-оятлар).

47. Биз, (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги бор гина-кудуратларни чиқариб ташладик.
Агар эътибор берсак, ояти каримадаги аҳли жаннат аҳволи ҳақидаги хабарлар ўтган замон сийғасида - суратида айтилди. Ҳолбуки бу воқеаларнинг барчаси келажакда, Охират Диёрида, Қиёмат Кунида ва ундан кейин кечадиган воқеалардир. Бунга сабаб, келажакда рўй бериши аниқ бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўтган замон феъли билан сўзлаш арабларда жорий бўлган одатлардан эди. Қолаверса, инсонлар учун қачон келиши, қандай рўй бериши номаълум бўлган барча ишлар, рўй берадиган ўзгаришлар жумладан, жаннат аҳлининг у жойдаги саодатли ҳаётларининг бутун тафсилоти кечмиш-у келмишни Билгувчи, балки кечмиш-у келмишдаги барча нарсаларни Яратгувчи Азалий ва Абадий Зот наздида аниқ маълумдир.
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таолонинг аҳли жаннатга ато этган энг улуғ неъматларидан яна бири зикр қилинади. Яъни, Ҳақ таоло жаннат аҳли бўлган бахтли бандаларини Ўзининг Мангу Меҳмонхонаси бўлмиш жаннатига киритар экан, уларнинг катта-ю кичик гуноҳларини кечиб, руҳларини поклагани каби ва ҳар қандай дард-у нуқсонлардан баданларини поклагани каби, ҳар қандай ғиллу ғаш, бир-бирларига ҳасад, адоват қилиш каби иллатлардан қалбларини ҳам поклаб, ана ундан кейин бутун вужудлари - руҳлари ҳам, қалблари ҳам, баданлари ҳам саломат ҳолда жаннатдаги мангу саодатли ҳаётларини бошлар эканлар. Энди жаннат аҳлидан бўлган бирон кишига ғам-ташвиш етмайди, касал бўлмайди, бошига ҳеч қандай хафалик тушмайди, уларнинг ўртасида бир-бирларига нисбатан заррача ёмонлик рўй бермайди. Чунки Оллоҳ таоло уларнинг дилларидан ҳасад, гина, адоват ва ғиллу ғаш каби дунё касалликларининг барчасини чиқариб ташлагандир.
Ояти карима тафсирида кўплаб ҳадислар ворид бўлган:
“Саҳиҳи Бухорий”да Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминлар дўзахдан халос қилинганларидан кейин жаннат билан дўзах ўртасида бир кўприкда тўхтатиладилар ва уларнинг ўртасида ҳаёти дунёда бўлиб ўтган каттами-кичикми барча адолатсизликлар учун бир-бирларига қасослари олиб берилади. Қачонки ўрталаридаги адолатсизликлар барҳам топиб, бир-бирларидан рози бўлиб, бутунлай тозаланишгач, уларга жаннатга кириш учун изн берилади. Жаннатга кирганларидан кейин эса - жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан ҳар бири ўзининг жаннатдаги манзилини дунёдаги уйини топганидан осонроқ топади”, деб марҳамат қилдилар.
Қатода ривоят қилишича, Алий розияллоҳу анху: “Умид қиламанки, мен, Усмон, Толҳа ва Зубайр Оллоҳ таоло: “Биз уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) гина-кудуратларни чиқариб ташладик”, деб марҳамат қилган кишилар қабилидандирмиз”, дейди.
Яна бир ривоятда Алий розияллоҳу анҳу: “Оллоҳга қасамки, ушбу оят биз - Бадр ғазотига қатнашганлар ҳақида нозил бўлган”, дейди.
Суддий айтади: “Аҳли жаннат жаннатга олиб кетилар эканлар, унинг дарвозаси олдида бир дарахтни кўрадилар. Унинг илдизлари остидан икки чашма оқиб турар эди. Жаннат аҳли ўша булоқларнинг биридан ичганларида кўнгилларидаги бутун ғиллу ғашлар ювилиб, топ-тоза бўлиб қоладилар. Оллоҳтаолонинг: “Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза (яъни, дилларидаги кирларни ҳам ювиб юборадиган) шаробла суғоргандир”, (Инсон сураси, 21-оят) деган Сўзи ана ўша булоқ ҳақидадир. Иккинчи булоқдан чиқаётган сувда эса, чўмиладилар-у, бутун баданлари яшнаб, ҳар қандай дардлардан соғайиб, ҳаммалари чиройли, тузанган суратга кирадилар ва бундан кейин ҳеч қачон паришон ҳол бўлмайдилар ва ҳеч қандай дардга йўлиқмайдилар.

48. У жойда уларга бирон меҳнат-машаққат етмас ва улар у жойдан чиқарилгувчи ҳам эмаслар!
Ояти карима жаннат аҳлининг у жойда бирон меҳнат-машаққатга йўлиқмасдан фақат роҳат-фароғатда яшашларига далолат қилгани каби бу том маънодаги бахтли ҳаёт уларга мангуликка берилишини, ҳеч қачон тугаб қолмаслигини ҳам баён қилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада янада равшанроқ айтилган: “Бахт-саодат насиб этган зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган Ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас Инъомидир”. (Ҳуд сураси, 108-оят).
Яъни, ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат ва Унинг элчиларига итоат қилиш билан ўтказган бахтли кишиларнингжойлари Оллоҳтаолонингхоҳиши билан мангу жаннат бўлиб, улар у жойда осмонлар ва Ер тургунча, яъни, мангу қолурлар. Оллоҳ таолонинг уларга ато этган бу неъмати ҳеч қачон узилиб - тугаб қолмас. “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир”. (Иншикoк, сураси, 25-оят).
Аллома ибн Касийр айтади: “Ушбу оятдаги “магар Парвардигорингиз хоҳласа”, деб истисно қилинишининг маъноси шуки, саодатли кишиларнинг жаннатда мангу қолишлари ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас, балки фақат Оллоҳнинг хоҳиши билан бўлган, бас, аҳли жаннат шундай туганмас неъмат ато этгани учун ҳар нафасда У Зотга шукроналар айтишлари вожибдир. Шунинг учун ҳам улар жаннатнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган неъматларидан баҳраманд бўлар эканлар, худди нафас олишни унутмаганлари каби ҳар нафасда Оллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтишни ҳам унутмайдилар”.
Ояти каримада жаннатда мангу қолиш бахтли бандалар учун Оллоҳ таоло томонидан ато этилган “туганмас Инъом”, деб айтилишининг ўзи бу улуғ бахт фақатгина мўминнинг қилган амалларига яраша берилган ажр эмас, балки Оллоҳ бандасига берган Илоҳий ҳадя эканига ишорадир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлардан ҳеч ким ўз амали билан жаннатга кира олмайди”, деганлари, саҳобалари: “Сиз ҳамми ё Расулуллоҳ?”, дейишганида, “Ҳа, мен ҳам, магар Оллоҳ мени Ўз Раҳмат-Марҳамати билан ўраса, ана ўшандагина кира олурман”, деб жавоб берганлари ҳам жаннат Ҳақ таолонинг бандаларига берган инъоми эканига далолат қилади. (Бухорий, Муслим, Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилганлар).
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ҳам мўминларга ато этиладиган жаннат қандай буюк неъмат эканига далолат қилади: “Сўнгра уларга айтилур: “Эй аҳли жаннат, энди сизлар учун фақат яшаш бор, ҳеч қачон ўлмайсизлар, энди сизлар учун фақат ёшариш бор, ҳеч қачон қаримайсизлар, энди сизлар учун фақат соғлик бор, ҳеч қачон оғримайсизлар, энди сизлар учун фақат неъматлар бор, ҳеч қачон улардан ноумид - маҳрум бўлмайсизлар”.

49-50. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандаларимга Ёлғиз Менинг Ўзим Мағфиратли, Меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!
Ушбу икки ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ва уларнинг мазмунини бизга Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг қуйида зикр қилинадиган муборак ҳадислари тафсир қилиб беради, иншооллоҳ.
Табароний Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам кулаётган асҳоблари олдидан ўтиб қолиб: “Олдиларингизда жаннат ва дўзах зикр қилинган Китоб туриб, сизлар куляпсизларми?!” деган эдилар, шу онда: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандаларимга Ёлғиз Менинг Ўзим Мағфиратли, Меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!” оятлари нозил бўлди”.
Яна ибн Мурдавайҳ бошқа ровийлардан ривоят қилган ҳадисда ҳам айтилади: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири деди: “(Биз Каъба олдида кулишиб ўтирган эдик), устимизга Бани Шайбаҳ қабиласи кирадиган эшиқцан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб қолдилар ва: “Нега кулмоқдасизлар?! Кулаётганларингизни кўрмай”, деб юз ўгириб кетдилар-да, сўнгра изларига қайтиб келдилар ва дедилар: “Мен олдиларингиздан ўтиб Ҳижрга (Каъба бурчагига) етганимда олдимга Жаброил келди ва: “Эй Муҳаммад, Оллоҳтаоло: “Сиз нега бандаларимни ноумид қилмоқдасиз? “Бандаларимга Ёлғиз Менинг Ўзим Мағфиратли, Меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!” деб буюрмоқда”, деди”.
Қатодадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу икки оятни ўқиб, дедилар: “Агар банда Оллоҳ таолонинг афви нақадар кенглигини билганида, ҳаромдан сақланмаган бўлар эди, аммо агар банда Оллоҳ таолонинг азоби нақадар қаттиқ эканини билганида, қўрққанидан ўзини ҳалок қилган бўлар эди”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Албатта Оллоҳ Ўз Раҳмат - Меҳрибончилигини яратган кунида юз Раҳмат қилиб яратди ва тўқсон тўққиз Раҳматини Ўз ҳузурида олиб қолиб, фақат биргина Раҳматини барча махлуқотига бўлиб берди. Бас, агар кофир Оллоҳ таоло ҳузурида қолган бор Раҳматдан хабардор бўлганида эди, ўша кофир ҳолида ҳам жаннатдан умидини узмаган бўлур эди ва агар мўмин Оллоҳ ҳузуридаги бор азобдан хабардор бўлганида эди, дўзахдан хотиржам бўлмаган бўлур эди”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бас, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан умидворлик ва Унинг азобидан кўрқув ҳар бир мўмин иймонининг икки қаноти бўлиши лозим.
Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳунингушбу сўзлари нақадар ибратли. У айтади: “Агар маҳшар Куни барча халойиқ тўпланганида “Барча дўзахга, фақат бир киши жаннатга киради”. дейилса, ўша бир киши мен бўлсам керак, деб умид қиламан, агар у Куни “Барча жаннатга, фақат бир киши дўзахга киради”, дейилса, ўша мен бўлсам керак, деб қўрқаман”. (“Фикдул-акбар” китоби шарҳидан).

51. Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг!
Ушбу ояти каримадан бошлаб Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга у зотдан илгари юборилган элчи-пайғамбарлар тарихидан бир неча ибратли воқеаларни ҳикоя қилади ва сўзни аввало пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш Иброҳим Ха-лилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломдан бошлайди.
Ояти каримадаги “Иброҳимнинг меҳмонлари”дан мурод, Оллоҳ таолонинг Амри билан юборилган фаришталар бўлиб, улар Иброҳим алайҳис-саломга фарзанд кўриши ҳақидаги хушхабарни ва Лут алайҳис-саломга иймон келтирмаган қавмнинг ҳалок қилиниши ҳусусидаги хабарни етказиш учун юборилган эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Иброҳим пайғамбарнинг олдига ёш йигитлар суратида келган у элчилар Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳимус-салом эдилар. Иброҳим алайҳис-салом камоли меҳмондўстлигидан Абуз-зайфон - меҳмонлар отаси деган лақабга эга бўлиб, бирон меҳмон кирмасдан ўтиб кетиб қолмасин деб қасрининг тўрт томонидан ҳам эшик очиб қўйган эди. (“Тафсири Куртубий”дан).

52. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб: «Салом», деган-ларида, (Иброҳим алик олиб, уларга бир семиз бузоқни пишириб келтирди. Лекин меҳмонлар таомга кўл чўзишмагач), у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз, (кимсизлар ўзи)?», деди.
Лут алайҳис-саломнинг даъватига қулоқ солмасдан фаҳш-бузуқлик ботқоғига ботган кофир қавмни ҳалок қилиш учун юборилган мазкур фаришталар Оллоҳ таолонинг Амри билан йўл устида Иброҳим алайҳис-саломга бир хушхабар етказиш учун унинг ҳузурига келадилар. Ўшанда табиатан меҳмондўст бўлган Иброҳим алайҳис-салом ўн беш кундан буён уйига бирон меҳмон қадам босмаганидан ғамгин ҳолда эди. Шунинг учун “ассалому алайкум” деб кириб келган уч нотаниш кишини кўриб жуда хурсанд бўлиб саломларига алик олди. Улар ҳусну жамолда тенгсиз ёш йигитлар эдилар. Иброҳим алайҳис-салом дарҳол уларга дастурхон ёзиб, ертандирда пиширилган бир бузоқни олдиларига кўяди. (“Тафсири Куртубий”ва “ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр”китобларидан).
Аммо қачонки Иброҳим меҳмонларнинг таомга ҳатто қўл ҳам чўзмаётганларини кўргач, уларнинг бундай одатдан ташқари ва суннатга хилоф бўлган ишларидан ранжиб, буларнинг ниятлари ёмон шекилли деб хавотир ола бошлади.
Қатода айтади: “Иброҳим алайҳис-саломнинг меҳмонлар ишидан хавотир олишига сабаб, уларнинг одатларига кўра уйларига келган меҳмон агар улар қўйган таомни емайдиган бўлса, демак у ёмон ният билан келган деб ҳисоблар эдилар. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Демак, Иброҳим алайҳис-салом ўшанда ўзини ўйлаб эмас, балки қавми бошига бирон ёмонлик тушмасмикан деб хавотирга тушган эди.
Шунинг учун у меҳмонларига “Биз сизлардан қўрқмоқдамиз, (кимсизлар ўзи)?” деди.

53. Улар дедилар: «Кўрқмагин (биз Оллоҳ юборган элчи - фаришталармиз). Биз сенга бир билимдон ўғил (яъни, Исҳоқ) хушхабарини етказурмиз».
Ояти каримада Иброҳим алайҳис-саломнинг туғилажак фарзанди “билимдон ўғил” деб сифатланишида бу бола пайғамбар бўлишига ишо-ра бордир. Бу ҳақда бошқа бир оятда очиқ лафз билан ҳам айтилгандир:
Яна Биз унга (яъни, Иброҳимга) пайғамбар (ва) яхшилардан бўлган Исҳоқнинг хушхабарини бердик”. (Вас-соффот сураси, 112-оят).
Айрим муфассирлар: “Ўшанда Иброҳим алайҳис-саломнинг ёши бир юз йигирмада, унинг аёли Осиё эса тўқсон тўққиз ёшда эди”, дейдилар. Шунингучун ҳам Иброҳим ўзига берилган хушхабардан ҳайратга тушди -

54. У деди: «Менга кексалик етган пайтида (фарзанд кўришим ҳақида) хушхабар келтирдингизми? Энди менга (бу ёшимда) ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингизлар?»
Аммо, ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ Субҳонаху ва таолонинг Иродаси шундай бўлган эди - У Зот Ўзининг Халили бўлмиш Иброҳим хона-донига - ўша кундан бошлаб то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча пайғамбарлар туғиладиган нубувват хонадонига Ўз Раҳмати билан Исмоил алайҳис-саломдан кейин яна Исҳоқ алайхис-саломни ҳам ато этишни ирода қилган эди. Ушбу воқеа - юз ёшдан ошган кишиларнинг фарзандли бўлишлари Ҳақ таоло томонидан Иброҳим алайҳис-саломга берилган Илоҳий Мўъжизалардан бири эди.
Шу сабабдан инсонлар ҳаётида мисли кўрилмаган бу ҳодисадан Иброҳим алайҳис-салом ҳам, унинг аёли Сора ҳам лолу ҳарон бўлиб қолдилар. Ўшанда парда ортида туриб фаришталар олиб келган хушхабарни эшитган Сора: “Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўлса ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку”, деб юборган эди. (Ҳуд сураси, 72-оят).

55. Улар айтдилар: «Биз сенга ростдан ҳам (фарзанд кўришинг ҳақида) хушхабар келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!»
Ушбу сўзлари билан фаришталар Иброҳим алайҳис-саломга Оллоҳ таолонинг Қудрати чексиз-чегарасиз эканини, на ота ва на онаси бўлмаган Одамни оёқ остидаги қора тупроқдан гўзал инсон қилиб яратишга қодир бўлган Зот, ўша Одамнинг қовурғасидан онамиз Ҳаввони пайдо қилган ва биргина “Бўл”, деган Сўзи билан Ийсони отасиз, бир онадан бино қилган Зот, ҳеч шак-шубҳасиз, кекса ота-онага Ўз Фазлу Марҳамати билан фарзанд ато этишга ҳам албатта Қодир эканини эслатиб, уни ҳеч қачон Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳматидан ноумид бўлмасликка чақирадилар.
Албатта, Иброҳим алайҳис-салом айтган мазкур сўзлар у зотнинг Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Қудратига шак-шубҳа қилгани ёки Унинг Раҳматидан ноумид бўлгани учун эмас, балки аксинча, Яратганнинг Қудрати нақадар Улуғ эканидан ҳайратланиб айтилган эди. Бунга Иброҳимнинг фаришталар сўзларига қилган мана бу жавоби ҳам далолат қилади.

56. У деди: «Парвардигорининг Фазлу Раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлур».
Яъни, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан фақат У Зотни ҳақиқий маърифат билан танимаган, Унинг Фазлу Раҳмати нақадар кенг эканини, Илму Қудрати нақадар бениҳоя эканини билмаган ва У Зот бандалари бошига тушган ҳар қандай бало-мусибатни кетказишга ҳамда уларга Ўз Фазлу Карами билан сон-саноқсиз неъматлар етказишга Қодир Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига иймон келтирмаган адашган кимсаларгина ноумид бўлурлар.
Иброҳим алайҳис-салом айтган бу сўзлар унга башорат қилинган фарзанд Исҳоқдан дунёга келган Яъкуб томонидан ҳам айтилгандир. Севикли фарзандини йўқотган Яъкуб алайҳис-салом ўғилларига шундай деган эди: “Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини сўраб-суриштиринглар ва Оллоҳнинг Раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).
Яъни, эй ўғилларим, сизлар дарҳол изларингизга қайтиб, Миср мамлакатига боринглар-да, у ердан Юсуф ва укаси Биняминни даракланглар, иншооллоҳ, албатта уларнинг икковини ҳам топурсизлар. Сизлар ҳаргиз Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳаматидан, яъни, бандаларининг хатоларини кечириб юборишидан ва уларга меҳнат-машаққат ортидан кенгчилик ва роҳатлар ато этишидан ноумид бўлманглар. Чунки Оллоҳнинг Раҳма-тидан ноумид бўлиш фақат кофир қавмнинг ишидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мўмин Оллоҳтаоло томонидан доимо яхшилик устидадир. Бало-мусибатли кунларда Ундан умидини узмайди, кенг-роҳатли кунларда эса Унга ҳамд айтади”.
Ояти карима тафсирида Розий шундай дейди: “Билгилки, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан ноумид бўлиш фақат уч ҳолатдагина содир бўлади. Биринчиси, инсон бошига тушган бало-мусибатни ҳатто Оллоҳ таоло ҳам кетказишга қодир эмас, деб эътиқод қилса, иккинчиси, Оллоҳ менинг бошимга тушган мусибатдан бехабар, деб ўйласа, учинчиси, Оллоҳ бандаларига раҳм-шафқат кўргазмайдиган бахил, деб билса. Аёнки, бу уч ҳолатдан ҳар бири очиқ куфрдир. Демак, Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳаматидан фақат динсиз кимсаларгина ноумид бўлар эканлар. (“Тафсири Розий ”дан).

57. (Сўнгра уларга қараб) деди: «Эй элчилар, (айтингизчи), яна нима юмушингиз бор?»
Иброҳим алайҳис-салом келган меҳмонлар инсон суратидаги малоикалар эканини билгач, уларнинг бир эмас, уч киши бўлиб, яна ўзларининг ким эканликларини яширган ҳолда фақат туғилажак фарзанд хушхабарини етказиш учун келмаганларини, балки зиммаларида бошқа бир буюк вазифа ҳам борлигини фаҳмлади ва уларга ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтди.

58-59-60. Улар дедилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига уларни ҳалок килиш учун) юборилганмиз. Илло биз Лутнинг оиласини тўла-тўкис қутқаргувчидирмиз. Фақат унинг хотинига (нажот йўқдир. Чунки) Биз (яъни, Оллоҳ) унинг (азоб-уқубатда) қолгувчилардан бўлишини тақдир қилиб қўйганмиз».
Муфассирларнинг ёзишларича, Иброҳим алайҳис-салом фаришталардан Лут қавмининг ҳалок қилиниши ҳақида эшитганида, уларга: «Агар у жойда кофирлар орасида элликта мусулмон ҳам бўлса, барибир ҳалок қилаверасизларми?», деган экан. Улар: «Йўқ», деб жавоб қилишгач, «Агар қирқта мусулмон бўлса-чи?», деб сўрайди. Улар: «Йўқ, ҳалок қилмаймиз», дейишади. Ниҳоят, Иброҳим: «Агар у жойда битта мусулмон бўлса-чи?», деганида, улар яна: «Йўқ, у кофирлар орасида битта мусулмон бўлса ҳам уларни ҳалок қилмайман», деб жавоб беришгач, Иброҳим: «Ахир у ерда Лут бор-ку?», дейди. Шунда фаришталар Лут ва унга иймон келтирган кишиларга Оллоҳ таоло нажот беришини айтадилар. (“Тафсири Бағавий”дан)
Бу ҳақда Анкабут сурасида шундай хабар берилади: “Қачонки Бизнинг элчиларимиз (яъни, фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтдилар: «Албатта бизлар мана шу қишлоқ аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Чунки унинг аҳли золим - кофир бўлдилар». (Иброҳим): «Ахир у жойда Лут бор-ку?», деди. Улар айтдилар: «Бизлар у жойда ким борлигини яхшироқ билгувчидирмиз. Албатта бизлар (Лутни) ва унинг аҳли-оиласини қутқарурмиз. Магар унинг хотини (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди.” (Анкабут сураси, 31-32-оятлар).
Бошқа бир ояти каримада Ҳақ таоло шундай дейди: “(Фаришталар айтдилар): «Эй Иброҳим, бу (баҳс)ни қўй! Чунки Парвардигорингнинг Фармони келиб бўлган. Албатта уларга қайтариб бўлмас азоб келгувчидир”. (Ҳуд сураси, 76-оят).
Яъни, табиатан ҳалим ва кўнгилчан бўлган Иброҳим алайҳис-салом Лут кавмига тушажак азоб ҳақидаги хабарни эшитгач, қай йўл билан бўлса-да у қавмни ҳалокатдан қутқариб қолиш чорасини излаб элчи фаришталар билан баҳслаша бошлаганида улар бундай баҳс-мунозарани энди ҳеч қандай фойдаси йўқ эканини, чунки Оллоҳ таоло томонидан у золим-кофир қавмнинг ҳалок қилиниши тўғрисида Фармони Илоҳий келганини, бас, энди уларнинг устига тушадиган азобни баҳслашиш билан ҳам, дуо-илтижо билан ҳам, ёки уларни шафоат қилиш - ёнларини олиш билан ҳам қайтариб бўлмаслигини айтадилар ва ўзлари Иброҳим алайҳис-саломнинг қишлоғидан тўрт фарсах (ўн-ўн икки чақирим) масофада жойлашган Лут алайҳис-саломнинг шаҳри бўлган Саддумга қараб йўл оладилар . У жойга кун ярмида етиб бориб ҳовуздан сув олаётган қизларга дуч келадилар. Сув олаётганлар орасидаги Лут алайҳис-саломнинг қизи уларни кўриб қолиб: “Сизлар кимсизлар, қандай иш билан қаёққа келаяпсизлар”, деб сўраганида улар: “Фалон жойдан шу шаҳарга келаётган эдик”, дейдилар. Шунда қиз бу шаҳар аҳолисининг аҳволидан хабар бериб, бу жойда нопок одамлар жуда кўп эканлигини айтгач, улар ўзларини кўрқиб кетгандек кўрсатадилар ва: “Бу шаҳарда бизга уйидан жой берадиган бирон киши йўқми?” деб сўрайдилар. “Бу ерда мана бу шайхдан бошқа сизларга уйидан жой бериши мумкин бўлган бирон киши йўқ”, дейди қиз ва уйининг олдида турган отаси Лут алайҳис-саломни кўрсатади. Бас, улар Лутнинг олдига келадилар. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).

61-62. Энди қачонки Лут хонадонига элчиларимиз келгач, у деди: «Аниқки, сизлар нотаниш қавмсиз».
Яъни, Лут алайҳис-салом ногоҳон кириб келган нотаниш меҳмонларни кўриб ноқулай аҳволга тушди.
Фаришталар келишидан Лутнинг сиқилишига сабаб, улар ёш ва хушрўй йигитлар суратида эдилар. Лут қавмидаги кофир кимсалар эса баччабозлик дардига мубтало эдилар. Шунингучун Лут пайғамбар улар бу йигитларнинг келганини пайқаб қолишиб, бемаънилик қилишларидан хавотирланиб, юқоридаги сўзларни айтди.
Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло: “Ўз элчиларига У қавмни то Лут уларга қарши тўрт бор гувоҳлик бермагунича ҳалок қилманглар”, деб буюрган эди. Бас, қачонки элчилар Лут алайҳис-саломнинг хонадонига келиб ундан бир кеча меҳмон қилишини сўраганларида Лут улардан: “Сизларга бу қишлоқ хабари етмаганмиди?” деб сўради. Улар: “У қандай хабар?” дейишган эди, Лут алайҳис-салом: “Оллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, бу қишлоқ Ер юзидаги энг ёмон гуноҳни қилгувчи қишлоқдир”, деди ва мана шу гувоҳлигини тўрт бор такрорлади. Сўнгра унинг уйига кирдилар. Лут хотинига: “Тур, нон ёпгин, аммо уйимизга меҳмонлар келганини ҳеч кимга айтмагин”, деди. У хотин кофирлардан эди, лекин ўзининг кофирлигини эридан яшириб мунофиқона ҳаёт кечирар эди. Шунинг учун бир баҳона билан уйидан чиқди-ю, уйма-уй юриб, кирган жойида: “Лутнинг уйига шундай йигитлар келдиларки, мен ҳеч қачон улар каби хушрўй, хушбўй кишини кўрмаганман”, деб қавмига келган меҳмонлар ҳақида ха-бар бера бошлади. (“Жомиъул-баён”, “Дуррул-мансур” тафсирларидан).

63. Улар дедилар: «Йўқ, (биз Оллоҳнинг элчи-фаришталаридирмиз). Биз сенга улар (яъни, қавминг) шак-шубҳа қилаётган нарсани (яъни, уларнинг устига тушажак Оллоҳнинг азобини) келтирдик.
Яъни, фаришталар Лут алайҳис-саломга гўё шундай дедилар: “Йўқ, бизлар одамзот қавмидан эмасдирмиз, шунинг учун ҳам сен бизларни танимайсан. Биз малоикалар қавмиданмиз. Оллоҳ таоло бизларни сенинг ҳузурингга элчи қилиб юборди. Биз сени ёлғончи қилаётган, ўзларининг куфр ва бузуқликларидан қайтишни истамаётган бу қавмга улар ишонмасдан шак-шубҳа қилаётган нарсани - Оллоҳнинг азобини келтирдик”.
Ривоят қилинишича, Лут алайҳис-саломнинг қавми - Саддум шаҳрининг аҳолиси ўта бадхулқ кимсалар бўлиб, одамлар олдида ҳеч уялмасдан, ҳаё қилмасдан ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган бузуқликларни қилишар - эркаклар аёлларни кўйиб, эркаклар билан бесоқолбозлик қилишар, савдогарларнинг йўлини тўсиб, молларини талон-тарож қилиб, қароқчи-лик билан шуғулланишар эди.
Бу ҳақда Ҳақ таоло Ўз Китобида хабар беради: “Лут ўз қавмига: «Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан ҳам сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар; йўлтўсарлик - қароқчилик қилурмисизлар; мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?», деганини эсланг»! Бас, (Лут) қавмининг жавоби фақат «Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг бизларга Оллоҳнинг азобини келтирчи», дейишлари бўлди.” (Анкабут сураси, 28-29-оятлар).
Лут алайҳис-салом уларни бундай бузуқ ишлардан қайтариб панд-насиҳатлар қилади, Оллоҳнинг балоси бошларига тушиб қолиши мумкинлигини, қилаётган бу жиноятлари исроф - чегарадан чиқиш эканини айтиб уларни қайта-қайта огоҳлантиради, аммо улар пайғамбарнинг сўзларига парво ҳам қилмай ўз бузуқчиликларини давом эттираверадилар, ҳатто Лут уларга насиҳат қилишини тўхтатмагач, у бузуқ қавм бир уни ва тобеларини шаҳардан ҳайдаб чиқариш билан, бир тошбўрон қилиб ўлдириш билан қўрқитиб таҳдид қила бошлайдилар.
“(Лут) қавмининг жавоби эса фақат мана бундай дейишлари бўлди: «Уларни (яъни, Лут ва тобеларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». (Аъроф сураси, 82-оят).
яъни, Саддум аҳли - шаҳватнинг қулига айланиб, бузуқлик ботқоғига ботиб бўлган бу қавм Лут алайҳис-саломнинг холис панд-насиҳатларидан мутлақо таъсирланмадилар - бузуқликларидан қайтмадилар, балки аксинча, уларни покликка, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилган пайғамбарни ва унга иймон келтирган инсонларни: “Булар ҳаддан ташқари покиза одамлар эканми?”, деб масхара қилдилар ва покиза, диндор одамлар билан бир шаҳарда туришни ҳам истамасликларини айтишиб, - (эътибор қилайлик, уларнинг нопок ва жирканч кирдикорлари, айтаётган сўзлари ҳозирги замондаги - мелодий йигирма биринчи асрдаги ўзлари учун динсизликни “дин”, ахлоқсизликни “ахлоқ” қилиб олган жамиятлардаги кимсаларнинг аҳволларига нақадар ўхшаш), - Лут пайғамбарни ва оз сонли мўминларни шаҳардан ҳайдаб чиқармоқчи бўлдилар.
Ҳатто Лут алайҳис-саломга: “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг бизларга Оллоҳнинг азобини келтирчи”, дейишгача боришди. Шунда Лут: “Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қилгин”, деб Оллоҳга илтижо қилди. (Анкабут сураси, 30-оят).
Албатта Ҳақ таоло Ўз элчисининг бу дуосини ижобат қилди ва унинг ҳузурига кофир қавмнинг қилмишига яраша жазо бериш - уларни ҳалок қилиш учун малоикаларини юборди.
Ўрганаётганимиз ояти каримада сўз ана ўша азоб ҳақида боради.

64. Биз сенга ҳақ (хабар)ни олиб келдик. Биз, шак-шубҳасиз ростгўйдирмиз.
Яъни, Эй Лут, биз сенга ҳақ эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган нарсани - қавминг бошига албатта тушажак азоб хабарини олиб кел-дик ва биз қавминг албатта ҳалок бўлиши, ўзинг эса, сенга эргашган мўминлар билан бирга нажот топишинг ҳақида сенга келтирган бу хабари-мизда шак-шубҳасиз, ростгўйдирмиз.
Фаришталар зиммаларидаги кофир қавмни ҳалок қилиш вазифаларини очиқ айтмай, ҳақ деб аташларига сабаб, кофирлар устига тушажак азоб ҳақида Лут алайҳис-салом уларга айтган сўзлар ҳақ эканини таъкидлашдир. (“Тафсири Мунийр”дан).

65-66. Бас, сен кечанинг (қолган) бир бўлагида (яъни, тонг отмасдан) аҳли оиланг билан йўлга туш ва ўзинг уларнинг ортида кетгин. Сизлардан бирон киши атрофга алангламасин ва буюрилган тарафга қараб кетаверинглар». Биз унга (яъни, Лутга) мана шу Фармонни ваҳий қилдик - албатта тонг пайтида ана у (кофир қавм)нинг думи қирқилур (яъни, биронталари қолмай ҳалок бўлурлар)!
Ушбу оятларда Ҳақтаолонинг элчилари бўлмиш фаришталар Лут алай-ҳис-саломга унинг ва тобеларининг динсиз кимсалар ёмонлигидан қай йўсунда нажот топишлари режасини ўргатадилар ҳамда Оллоҳ таоло томонидан Лут пайғамбарга тонг саҳарда ана у кофир қавмдан бирон кимса қолмай қирилиб кетиши ҳақидаги Илоҳий Фармон ваҳий қилинади.
Лут алайҳис-саломга ва ҳамроҳларига шаҳардан чиқиб кетаётганларида ён-атрофларига алангламаслик буюрилишининг сабаби, Ҳақ таоло улар қолганларнинг бошига тушган бало-офатни кўриб қийналмасликларини истади. Аммо Лутнинг хотини эса ўша ҳалокатга юз тутган кофирлар гуруҳидан эди. Шу боисдан эри билан бирга шаҳардан чиқиб кетар экан, Оллоҳ таоло қайтарган ишни қилади - ён-атрофига аланглаб қарайди ва қолаётган дўстларининг бошларига тушаётган балони кўргач, “Эй қавмим-а!”, дейиши билан бошига бир тош келиб тегиб, кетаётган жойида тил тортмай ўлади.
Агар ибрат назари билан боқсак, ояти каримада бир қанча ибратли ишоралар борлигини кўрамиз. Улардан бири, Лутнинг аёлига пайғамбарнинг хотини эканлиги асқотгани йўқ. Чунки у аёл кофирлардан эди. Худди Нуҳ алайҳис-саломнинг ўғли Канъон отаси даъват қилган Ҳақ Йўлга юрмагани сабабли тўфон балосида ғарқ қилиб юборилгани каби. Демак, агар иймон ва солиҳ амал бўлмаса, қариндошлик ва жисман яқинликнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмас экан. Яна бир ишора, Ҳақ таолонинг Амрига сўзсиз итоат этиш, қилгин деб буюрилган ишни дарҳол ижросига киришиш, албатта мўминнинг нажот топишига сабаб бўлади, сусткашлик эса, бало-офатларга сабаб бўлиши мумкин. Учинчидан, Ҳақ Йўлда юриш бахти насиб этган киши ҳар тарафга алангламасдан, ёлғиз Оллоҳнинг Юзини кўзлаб У Зот буюрган Ҳақ Йўлда собитқадам бўлганидагина нажот манзилига етур.

67. (Лутнинг уйига чиройли йигитлар келгани ҳақидаги хабарни эшитиб) шаҳар аҳолиси шод-хуррам бўлган ҳолларида келдилар.
Яъни, Саддум шаҳрида яшайдиган, бузуқлик ботқоғига ботган кимсалар Лут алайҳис-саломнинг хоина аёли хуфёна етказган хабардан шодланишиб, бир-бирларига: “Лутнинг уйига гўзалликда тенгги йўқ уч йигит меҳмон бўлиб келибди”, деб суюнчилашиб, жирканч ҳайвоний ҳирс билан етиб келишди.
Ояти карима лафзидан Саддум шаҳрининг аҳолиси бутунлай одамгарчиликдан чиқиб, фаҳш-баччабозлик иллатига ботиб қолганлари аён бўлади. Шунинг учун ҳам улар келган мусофирларга иззат-икром кўрсатиш, қўлларидан келганича меҳмондўстлик қилиш ўрнида инсонийлик расмига тамоман тескари бўлган бад ғараз билан, уларни бузуқликдан қайтариб Ҳақ Йўлга даъват қилаётган пайғамбар уйига келишди.

68-69. (Шунда Лут) деди: «Ахир бу (йигитлар) менинг меҳмонларим-ку. Бас, сизлар (уларнинг олдида) мени шарманда қилманглар. Оллоҳдан қўрқинглар! Мени уятга қўйманглар!»
Яъни, кофир қавмнинг бад ғараз билан келганини сезган Лут алайҳис-салом уларни яна бир бор инсофга чақирди. У гўё шундай деди: “Эй қавмим, нима қилмоқчисизлар?! Ахир сизлар хоҳлаган нарса оғир жиноят ва жуда уят ишку! Улар менинг меҳмонларимку! Менинг уйимда меҳмон бўлиб турган кишиларни беҳурмат қилишларингиз, хўрлаб-зўрлашларингиз мени бехурмат қилганларингиз, хўрлаганларингиз эмасми?! Меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар! Қилмоқчи бўлган ишларингизнинг оқибати жуда ёмон бўлишини ўйланглар, Оллоҳдан қўрқинглар! Агар уларга бирон ёмонликни раво кўрсангизлар, мени қаттиқ уятга қўйган бўласизлар. Ундоқ қилманглар!”
Лекин ўзларига Оллоҳ таоло хузуридан юборилган бу улуғ пайғамбар қилган даъватларининг биронтасига кулоқ солмай келган жоҳил қавм бу сафар ҳам унинг ялиниб-ёлвориб айтган сўзларини қулоқларига олмадилар,балки -

70. Улар айтдилар: «Биз сени барча олам (одамларини ҳимоя қилиш)дан қайтармаганмидик?!»
Ривоят қилишларича, Лут алайҳис-салом доимо қишлоқларига келган мусофирларни уларга зўрлик қилмоқчи бўлган кофирларнинг ахлоқсиз хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилар экан. Шунда у кофирлар Лутга: «Агар яна бегоналарни биздан ҳимоя қилсанг, сени қишлоғимиздан қувиб чи-қарамиз», деб дўқурган эканлар. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
Бу ҳақда Шуаро сурасининг 167-оятида ҳам хабар берилади.
“Тафсири Бағавий” ва “Тафсири Қуртубий”да эса, ояти карима бундай тафсир қилинади: “Эй Лут, биз сени уйингга ташқи оламдан, яъни, қишлоғимиздан ташқаридан келган бирон кимсани киритиб меҳмон қилмайсан”, деб қайтармаганмидик?! Рост, сен бизнинг сўзимизга кулоқ солмай уйингга бегона одамларни киритган экансан, энди биз ҳам сенинг сў-зингга кулоқ солмаймиз - улар билан ўзимиз хоҳлаган бузуқликни қилаверамиз”.
Жоҳил қавмнинг бу сўзларидан лолу ҳайрон бўлиб қолган Лут алайҳис-салом -

71. Деди: «Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангизлар, ана (қишлоғимиздаги) қизларим (туришибди, ўша қизларни никоҳларингизга олаверинглар)».
Мужоҳид ва Саид ибн Жубайр каби муфассирлар: “Лут алайҳис-салом “қизларим”, деб ўзининг қизларини эмас, балки ўша қавмдаги барча қизларни ирода қилади. Чунки ҳар бир пайғамбар ўз қавми учун ота ҳукмида бўлади”, дейдилар ва сўзларига “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ - ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридир” (Аҳзоб сураси, 6-оят) оятини далил қилиб келтирадилар.
Икрима бўлса, “Лут алайҳис-салом бу сўзлари билан у кофир қавмга на ўзининг қизларини ва на қавмининг қизларини бермоқчи эмас эди, балки фақат уларни ёмон ниятларидан қайтариш учунгина ўша сўзларини айтди”, дейди.
Аммо у динсиз қавм орасида хақиқатан ҳам Ҳақ Йўлга юргувчи, бузуқ йўлдан қайтгувчи бирон киши йўқ эди. Шунинг учун улар пайғамбарнинг панд-насиҳатларига қулоқ солмадилар, балки аксинча -
“Улар дедилар: «Сен қизларингда ҳаққимиз (яъни, уларга эҳтиёжимиз) йўқ эканини аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан”. (Ҳуд сураси, 79-оят).
Бу сўзлари билан у кофир қавм ўзларининг инсонлик чегарасидан бутунлай чиқиб, ваҳший ҳайвонлардан ҳам тубанроқ махлуқларга айланиб бўлганларини, энди уларга ҳеч қандай панд-насиҳат кор қилмаслигини билдирдилар. Бу сўзлари билан улар инсоний оила қуриб эр-хотин бўлиб ҳаёт кечиришга, ўзларидан насл қолдиришга мутлақо рағбат-хоҳишлари йўқ эканини ва фақат эркаклар эркаклар билан бузуқлик қилишдан бошқа ҳеч нарсани истамасликларини очиқ айтдилар. Бошқача айтганда, у қавм ўзлари сезмаган ҳолларида энди Ер юзида яшашга мутлақо ҳақлари қолмаганини, энди дунё-ю Охират азобига гирифтор бўлишдан ўзга жазога лойиқ эмасликларини ўз сўзлари билан бўйинларига олдилар.
Ривоят қилинишича, Лут алайҳис-салом меҳмонларини уй ичига киритиб дарвозани беркитиб қўйиб, бостириб келган қавми билан мунозара қилар экан, улар эшикни бузиб ичқарига кирмоқчи бўлганларида, элчилар Лутга ўзларининг ким эканликларини эслатиб: “Сен дарвозани очавергин, улар сенга бирон зиён етказа олмайди”, дейишди. Шунда Лут четланиб, дарвоза очилгач, Оллоҳ таолонинг Амри билан элчилардан бири бўлмиш Жаброил алайҳис-салом ичкарига кирмоқчи бўлиб ёпирилиб келаётган кофир қавмни қаноти билан урган эди, барчаларининг кўзлари кўр бўлиб, “Қутқаринглар қутқаринглар”, деб додвой қилиб орқаларига қайтиб кетишди. (Куртубий ва Бағавий тафсиридан).
Бошқа бир сурада бу ҳақда шундай хабар берилади: “Аниқки, улар (Лутнинг) меҳмон(лар)ини йўлдан урмоқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик: «Энди Менинг азобимни ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!” (Қамар сураси, 37-оят).

72-73. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрар эдилар. Бас, (тўсатдан) кун чиқар пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди.
Маълумки, Шариати Исломийяга биноан қасам фақат Оллоҳ номи билан ичилади. Лекин Яратган Эгамиз Ўзи хоҳлаган кимса ёки нарса номи билан қасамёд қилиши Унинг Ихтиёридир. Шу сабабдан ҳам юқоридаги оятда Оллоҳ таоло Ўзининг энг суюкли бандаси, сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломни шарафлаб, у кишининг ҳаётларига қасамёд қилди.
“Тафсири Бағавий” ва “Дуррул-мансур” тафсирларида келтирилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди: “Оллоҳ таоло яратган бирон жон Унинг хузурида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан иззатлироқ эмасдир ва Оллоҳ таоло унинг ҳаётидан ўзга бирон кимсанинг ҳаёти билан қасамёд қилган эмасдир”.
Ояти каримада зикр қилинган “даҳшатли қичқириқ”, муфассирларнинг ёзишларича, Жаброил алайҳис-саломнинг қичқириғидир. Ўтмишда ҳалок қилиб юборилган барча қавмлар мана шундай мислсиз момоқалдироқдек даҳшатли гумбурлаш остида ҳалок қилинганлар. Лут қавмининг ҳалок қилинишига сабаб бўлган бу ҳодиса суранинг 66-оятида “тонг пайтида” содир бўлгани зикр қилингани ҳолида ушбу оятда “кун чиқар пайтида” бўлган деб хабар берилишининг маъноси, у қавмнинг ҳалокати эрта тонгда бошланиб, то қуёш кўтарилгунича давом этгандир.

74. Бас, Биз у (шаҳар)ни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик.
“Маолимут-танзил”, “Танвирул-азҳон” ва бошқа тафсирларда ривоят қилинишича, Лут алайҳис-салом ўз ҳамроҳлари билан тонг отмасдан ша-ҳардан чиқиб кетди ва Оллоҳ таоло уларга Ерни ўраб - қисқа қилиб, жуда оз фурсатда Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳузурига етиб олдилар. Шундан кейин Жаброил алайҳис-салом Лутнинг қавми жойлашган бешта қишлоқни бор аҳолиси билан - у қишлоқ-шаҳарларда тўрт юз минг киши бор эди - даст кўтарди-да, осмони фалакка олиб чиқиб, оёқларини осмондан қилиб ерга ташлади! Ҳақ таолонинг у кофир қавмга юборган бу даҳшатли азоби - оёқларини осмонга, бошларини ерга қаратиб ташлаб ҳалок қилгани уларнинг инсоний табиатга мутлақо тескари бўлган жиноятларига
- эркаклар аёллар билан турмуш қуриш ўрнига эркаклар эркаклар билан бузуқлик қилганларига энг муносиб жазо эди. “Бас, Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки улар ўзларига зулм қилган эдилар”. (Тавба сураси, 70-оятдан).
Лут алайҳис-саломнинг даъватига итоат қилмай, бузуқлик ботқоғига ботган у кофир қавмнинг жазоси фақат уларни осмондан ерга ташлаб ҳалок қилиш билан битмади, балки шундан кейин Жаноби Ҳақ уларнинг устига бир ‘ емғир” ёғдирдики, у “ёмғир”нинг томчилари сув эмас, балки осмондан тизилган ҳолда тушаётган сопол тошлар бўлиб, ҳар бир тошга қайси кофирнинг устига тушиб, унинг қабр тошига айланиши ёзиб қўйилган эди! (Ё, алҳазар! Замонамиздаги жаҳолат аҳли қабрларининг устини темир-тошлар билан қоплаб, у тошларга сурат ва номларини ёзиб-чизиб, тош ҳайкалларини тиклаб кўйишлари уларга кимлардан мерос бўлиб қолган экан-а!).
“Биз уларнинг устига бир “ёмғир” ёғдирдик! Ана энди жиноятчи
- осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг”. (Аъроф сураси 84-оят).
“Яна У Зот зеру забар бўлган (қишлоқни, яъни Лут пайғамбар қавми)ни ҳам қулатиб, уни ўраган нарса (яъни, осмондан ёғилган тошлар) билан ўраб - кўмиб ташлади.” (Ван-нажм сураси, 153-154-оятлар).
Лут алайҳис-салом у қавмда ўттиз йил туриб, уларни бундай нопокликни тарк этишга, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилди, аммо улар холис панд-насиҳат қилган пайғамбарнинг сўзига қулоқ солмай, оқибатда қирилиб кетдилар.
Юқоридаги оятлар мазмунидан аён бўладики, Оллоҳтаоло Лут қавмини уч бало билан - бениҳоя даҳшатли қичқириқ, бутун шаҳарни остин-устун қилиб юбориш ва устларидан тош ёмғири ёғдириш билан азоблаб ҳалок қилди.

75. Албатта бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир.
Ояти каримадаги биз “фаросатли кишилар” деб ўгирган “ал-мутавас-симийн” калимаси аслида кўриб-кузатмоқ, эътибор бермоқ, ибрат олмоқ маъноларини англатувчи “тавассама” сўзидан олингандир. Яъни, оятда сўз гарчи бирон мудҳиш ҳодисани ўзини кўриб гувоҳ бўлмаган эсалар-да, унинг сабабларини ўрганиб-билиш билан оқибати қандай бўлишини тасаввур қиладиган ва ана ўша ҳодиса ўзларининг бошларига ту-шиб қолишидан илгари уни келтириб чиқарадиган сабабларини йўқ қилиш билан ёмон оқибатга гирифтор бўлишдан нажот топишга ҳаракат қиладиган фаросатли кишилар ҳақида боради. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло албатта, инсонлар орасидаги ақл-фаросатли кишилар Лут алайҳис-саломнинг қавми устига тушган азоб - ҳалокатнинг сабаби иймонсизлик ва ўта жирканч бузуқлик эканини жуда яхши англайдилар ва бундай бузуқлик, фаҳш қай бир жамиятда ёйиладиган бўлса, албатта охир-оқибат ўша жамият ҳам худди Лут қавми каби бутунлай қирилиб кетишга маҳкум эканини биладилар, деб огоҳлантиради.
Хусусан, мўминлар фаросатли кишилар бўлишлари ҳақида ворид бўлган муборак ҳадислар ҳам бордир: Абу Ийсо Термизий Абу Саийд Худрий розияллоху анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у ҳар бир ишга Оллоҳнинг нури билан боқади”, дедилар ва “Албатта бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир” оятини ўқидилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ҳаким Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Оллоҳ азза ва жалланинг шундай бандалари ҳам борки, одамларни фаросат билан топиб оладилар”, деб марҳамат қилганлар.
Мўминлар ҳақиқатан ҳам ўткир фаросат соҳиблари эканликларига асҳоби киром ва бошқа солиҳ салафларимиздан қолган асарларда ҳам мисоллар кўпдир:
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу хузурига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу кирганида Усмон унга бир боқдида, “Баъзи бирларингиз менинг ҳузуримга кўзларида зино асари билан ҳам кираверадиган бўлдилар”, деди.
Ҳақиқатан ҳам Анас йўлда келар экан, бир бегона аёлга қараган эди. Шунинг учун Усмоннинг сўзидан лолу ҳайрон бўлиб: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ваҳий келиши тўхтагани йўқми?”, деб сўраган эди, Усмон Зуннурайн розияллоҳу: “Йўқ, ваҳий тўхтаган. Лекин ҳужжат, фаросат ва ростгўйлик бор”, деди.
Ривоят қилинишича, Шофиий ва (Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг шогирди) Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимахумоллоҳ Каъба соясида ўтирган эдилар, узоқдан масжид дарвозаси олдида бир киши кўринди. Шунда улардан бири: “Бу одам дурадгор бўлса керак”, деган эди, иккинчилари: “Йўқ, менимча, у темирчи”, деди. У икки шайхнинг сўзларини эшитган биров югуриб бориб, кириб келаётган кишидан касби кори ҳақида сўраган эди, у: “Аввал дурадгор эдим, ҳозир темирчилик қиламан”, деди.

76-77. Дарвоқеъ, у (шаҳар) муқим - доимий йўл устидадир (яъни, доим ўша вайрон бўлган шаҳар ёнидан ўтадилар-ку, нега унинг нима сабабдан вайрон қилингани ҳақида тафаккур қилмайдилар)?! Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир.
Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай дейилган:
“(Эй Макка аҳли), аниқки, сизлар эрта-ю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар. Ахир ақл юргизмайсизларми (яъни, Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқмайсизларми)?!” (Вас-саффот сураси, 137-138-оятлар).
Яъни, Саддум - Лут алайҳис-салом маскан тутган ва кейин унинг қавми қилган жиноят сабабли Оллоҳ таолонинг азоби тушиб, бутунлай вайронага айланган ўша Саддум шаҳри у жойдан ўтувчи мусофир-йўловчилар кўзидан панада эмас, балки Ҳижоздан Шом мамлакатига кетишда очиқ йўл устида ҳаммага кўриниб турибди. Унинг вайроналари то шу кунларгача ҳам ибратли осори атиқа сифатида етиб келгандир. Аммо бундан фақат Оллоҳ ва Унинг элчиларига иймон келтирган мўминларгина ибрат оладилар - бу култепалар Оллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарлари учун кофир қавмдан олган интиқоми эканини идрок қиладилар. Иймонсиз кимсалар эса, буларнинг ҳаммасини тасодифга ёки табиат ҳодисаларига йўйиб ғафлатда ўтиб кетаверадилар.
Ушбу оятлар баччабозлик энг ёмон бузуқлик эканига Илоҳий далилдир.
Ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақда кўп огоҳлантиришлар бор:
Байҳақий ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу адайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳтаоло халқидан етти тоифасини етти осмон устида туриб лаънатлади. У етти тоифадан олтитасини бир мартадан лаънатлади, бир тоифани эса уч марта лаънатлаб: “Ким Лут қавми қилган ишни қилса, у малъундир, малъундир, малъундир”, деди”.
Ибн Можжа ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Лут қавми қилган ишни қилса, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам тошбўрон қилинглар!”, деб буюрдилар.
Ибн Адий ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: “Тўрттоифа эрта-ю кеч Оллоҳнинг ғазабида бўлади”, дедилар. “Улар кимлар, ё Расулуллоҳ?”, деб сўралган эди: “Ўзларини аёлларга ўхшатиб олган эркаклар, ўзларини эркакларга ўх-шатиб олган аёллар, ҳайвонга ётган кимса ва эркакка ётган эркак”, дедилар.
Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу одамларга хутба қилар экан, деди: “Билиб олинглар, тўрт тоифа мусулмоннинг қони ҳалолдир: Бировни ноҳақ ўлдирган қотил қатл қилинади, оилали киши зино қилса тошбўрон қилинади, Исломга кирганидан кейин муртад бўлган кимсага ўлим жазоси берилади ва Лут қавми қилган ишни қилган кимса ҳам ўлдирилади”.
Тобеинлардан бўлган улуғ муфассир Мужоҳид: “Лут қавми қилган ишни қилган кимса агар осмон ва Ердаги бор сув билан ғусл қилса ҳам нажаслигича қолади”, деди.

78. Шубҳасиз, дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб пайғамбарнинг қавми) ҳам золим (кофир қавм) эди.
Ояти каримада Шуайб алайҳис-саломнинг қавми “дарахтзор эгалари”, деб номланишига сабаб, Оллоҳтаоло бу қавмга қишин-ёзин тўхтовсиз мева берадиган қуюқ дарахтзор боғларни маскан қилиб берган эди. лекин улар Оллоҳ таолога шукр қилиш, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш, У Зот юборган элчи Шуайб алайҳис-саломга ҳақ пайғамбар деб иймон келтириш ва итоат қилиш ўрнига Оллоҳ таолога ширк келтириш, йўлтўсарлик қилиш, савдо-сотиқларида тош-тарозидан уриб қолиш ва яна бошқа жиноятлар билан ўзларига ҳам бошқаларга ҳам зулм қилдилар.
Шуайб ва унинг қавми ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб пайғамбар қавми) пайғамбарларини ёлғончи қилдилар. Ўшанда уларга Шуайб айтган эди: «Оллоҳдан» қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортгувчилардан) бўлманглар! Ва тўғри тарози билан тортинглар! Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва Ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Ҳамда сизларни ҳам (сизлардан) аввал яралган умматларни ҳам яратган Зот - Оллоҳдан қўрқинглар!” Улар дедилар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган - ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Албатта, бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қилурмиз. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!”. У айтди: “Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши Билгувчидир (яъни, сизлар қандай азобга мустаҳиқ бўлсангиз Оллоҳ Ўзи билиб жазойингизни бергувчидир)”. (Шуаро сураси, 176-188-оятлар).
Ибн Мурдавайҳ ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Мадян ва дарахтзор эгалари икки қавмдир, Оллоҳтаоло у иккисига Шуайбни элчи қилиб юборгандир”, дедилар.
Шуайб алайҳис-салом Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг авлодларидан бўлиб, тарихчилардан Ато ибн Исҳоқ ва бошқаларнинг айтишларича, у Шуайб ибн Мийкоил ибн Ясхара ибн Мадян ибн Иброҳимдир.
Ибн Аббос розияллоху анхумо ва Ибн Жубайрдан ривоят қилиниши-ча, Шуайб аъмо - кўзи ожиз киши эди, баён қилиш ва хужжат келтиришда жуда қувватли, қавмига қилган мурожаатларида сўзи бутун бўлгани учун Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам қачон Шуайб зикр қилинса: “У пайғамбарлар хатиби - воизи”, дер эдилар.
Мадян - Шуайб алайҳис-саломнинг аждодларидан, Иброҳим алайҳис-саломнинг ўғли бўлган Мадян ибн Иброҳим яшаб, обод қилган шаҳар бўлиб, Шуайб ана ўша шаҳар аҳлига Оллоҳ таоло томонидан элчи қилиб юборилган. Мадян Урдуннинг жанубий шарқида жойлашган шаҳардир. У шаҳар аҳолиси Оллоҳни қўйиб, бут-санамларга ибодат қиладиган, одамлар билан муомалада ғирром, тош-тарозидан уриб қолишни одат қилиб олган кимсалар эди. Бас, Шуайб алайҳис-салом энг аввал уларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилиб, Танҳо Оллоҳтаолодан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ эканини айтди. Яъни, Шуайб ҳам ўз қавмига Одам алайҳис-саломдан бошлаб Муҳаммад соллолоҳу алайҳи ва салламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз қавмларига айтган ягона ҳақиқатни - Оллоҳнинг ҳеч қандай шериги йўқ эканини, бас, УнингЎзигагина қуллик қилиш фарз эканини айтди ва ўзининг пайғамбарлик рисолати - вазифаси билан юборилиши Парвардигор томонидан уларга келган ҳужжат эканини таъкидлаб, дарҳол қавмдошларини уларнинг орасида кенг ёйилган бир иллатдан - ўзгалар билан қиладиган савдо-сотиқларида одамларнинг ҳаққидан уриб қолишдан қайтарди ва нарсаларни тўғри ўлчаб, тўғри тортишга буюрди.
Шуайб алайҳис-саломнинг қавми Лут алайҳис-саломнинг қавмига замонда ҳам, маконда ҳам яқин бўлган қавм эди. Шунинг учун ҳам бошқа бир ояти каримада (Ҳуд сураси, 89-оятида) Шуайб қавмига қарата “Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир”, яъни, “агар сизлар қадимда ўтган бошқа қавмлар ҳалокатидан ибрат олмасангизлар ҳам, ўзларингизга ўтган замони ҳам, яшаган макони ҳам яқин бўлган Лут қавмидан қолган қолдиқларни, харобаларни бориб кўриб ибрат олсаларингиз бўлмайдими?!” деб, хитоб қилади. Лекин у жоҳил қавм бу гал ҳам унинг сўзларига қулоқ солмайдилар.

79. Бас, Биз улардан интиқом олдик. Дарвоқеъ, уларнинг (яъни, Лут қавмининг шаҳри ва Шуайб қавмининг шаҳри) иккиси ҳам очиқ йўл устидадир. (Яъни, уларни кўриб ибрат олмайсизларми?)
Шуайб алайҳис-саломнингўз қавмига айтган сўнгги сўзлари ва у динсиз қавмнинг қандай ҳалок қилингани бошқа оятларда батафсил баён қилинган:
“Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай ўзингиз билган) ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчи-ман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман”. (Ҳуд сураси, 93-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таолонинг Амри билан Шуайб алайҳис-салом яна ўз қавмини огоҳлантиради. Аммо бу огоҳлантириш аввалгиларидан фарқли эди. Яъни, энди аввалги оятларда такрор-такрор айтилганидек, “Ширқдан воз кечинглар, динсизликдан қайтинглар, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар”, дейилмасдан, аксинча, “Агар сизлар Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга, У юборган элчига ишонмас экансизлар, Унинг Ўзига ибодат қилмас экансизлар, дунё ва Охират саодати фақат Оллоҳ таоло-нинг Амр-Фармонига итоат этишда эканини уқтирган шунча оятлар сизларга кор қилмаган экан, у ҳолда билганларингизни қилаверинглар, куфрларингизда тураверинглар, мен ҳам ўз Диним - Исломда барқарор бўлиб, Парвардигорим буюрган амалларни қилавераман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келиб ҳалок бўлишини, яъни, сизларми ёки бизми, ким азобга гирифтор бўлишини ва сизларми ёки менми ким ёлғончи эканини аниқ билиб олурсизлар. Энди сизлар бошларингизга тушажак азобни кутаверинглар, мен ҳам Оллоҳ таоло менга ато этажак Марҳамат ва Нусрат - Ғалабани кутгувчиман”, деб мушриклар билан бўладиган ҳар қандай баҳс-мунозарага нуқта қўйилади. Дарҳақиқат, ушбу оятлар нозил бўлганидан ҳеч қанча вақт ўтмасдан оқибат кимники экани маълум бўлди. Бу ҳақда қуйидаги оятларда хабар берилади.
“Қачонки Бизнинг Фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Шуайбга ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз Раҳмати-миз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё (ҳеч қачон дунёда) яшамагандек, турган жойларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, Мадян (қавми) ҳам худди Самуд (қабиласи) каби ҳалокатга учради”. (Ҳуд сураси, 94-95-оятлар).
Ушбу оятларда Мадян аҳли кофир, золим қавм бўлганлари ва ўзларига юборилган пайғамбарга итоат қилмаганлари учун Ҳақ таоло уларни ҳалок қилиб юбориш тўғрисида Фармон юборганида, у қавм гўё бу дунёда бир кун ҳам яшамагандек, турган жойларида тутдек тўкилиб қолганлари, Шуайб аайҳис-саломга ва унинг ҳақ пайғамбар деб иймон келтирган кишиларга эса,У Зот Ўз Фазлу Раҳмати билан нажот бергани зикр қилинади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло ҳеч қачон турли замонларда яшаган икки қавмни бир хил азоб билан ҳалок қилмаган, магар Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми Самуд қабиласи ва Шуайб алайҳис-саломнинг қавми бўлмиш Мадян қавмигина бир хил азоб билан - Ер-у кўкни ларзага солувчи даҳшатли қичқириқ биан ҳалок қилинганлар. Фақат Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми оёқлари остидан келган даҳшатли қичқириқдан юраклари ёрилиб ўлган бўлсалар, Шуайб алайҳис-саломнинг қавми устларидан келган даҳшатли қичқириқдан ҳалок бўлдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Аллома Ҳофиз ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири” китобида айтади: “Оллоҳ таоло ушбу оятда Шуайб алайҳис-саломнинг қавми устларидан келган даҳшатли қичқириқдан ҳалок бўлганлари ҳақида хабар беради. Аъроф сурасида эса, улар зилзила балоси билан ҳалок бўлганлари айтилгандир: “Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар).” (Аъроф сураси, 91-оят).
Шуаро сурасида бўлса, у қавм “Соябон” кунининг азобига гирифтор бўлиб, барчалари тириклай ёниб кетганлари баён қилинган: “Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни «соябон» кунининг азоби уш-лади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли Куннинг азоби эди.” (Шуаро сураси, 189-оят).
Уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло Шуайб алайҳис-саломнинг қавмини Шуайбга иймон келтиришдан бош тортишгач, аввало қаттиқ иссиқ билан ушлаган экан. Шунда улар нафаслари қайтиб уйларидан ташқарига - очиқ саҳрога чиққанларида Оллоҳ таоло уларнинг устига “соябон” қилиб бир булут юборган ва улар ўша «соябон» остида тўпланиб турганлари-да осмондан олов ёғилиб барчалари тириклай ёниб кетган эканлар.
Бас, маълум бўладики, у бадбахт қавм учун зилзила, қаттиқ қичқириқ ва “соябон” каби уқубатларнинг барчаси жамланган экан. Яъни, улар даҳшатли иссиқдан қочиб булут соясига тўпланганларида ундан салқинлик ўрнига олов ёғилди. Сўнгра осмондан қаттиқ қичқириқ келиб, унинг зар-бидан Ер титрашга тушди ва шу онда уларнинг жонлари баданларидан чиқиб, жасадлари совиб, тошдек қотиб қолдилар”.

80. Аниқки, Ҳижр эгалари (Самуд қабиласи) ҳам элчиларни (яъни, Солиҳ алайҳис-саломни) ёлғончи қилдилар.
Ҳижр сўзининг бир қанча маънолари бордир. Шунинг учун Қуръони Карим оятларида ҳам ҳижр турли маъноларда келган. Масалан, Фурқон сурасининг 22-оятида бу сўз “бутунлай ҳаром қилинган - тақиқланган”, деган маънони ифодалаган бўлса, ўша суранинг 53-оятида “кўринмас парда” маъносида келган. Фажр сураси, 5-оятида эса, “ақл-идрок” маъносидадир. Ўрганаётганимиз ояти каримада бўлса, ҳижр жой номи бўлиб, Солиҳ пайғамбарнинг қавми Самуд қабиласи Мадина ва Шом ўртасидаги водийда жойлашган ана ўша Ҳижр шаҳрида яшар эдилар. Улар Оллоҳ таоло томонидан ўзларига элчи қилиб юборилган Солиҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари ҳақида улар жамийки элчиларни ёлғончи қилдилар деб хабар берилишига сабаб, кимда-ким бир пайғамбарни ёлгончи қиладиган бўлса, у кимса жамийки пайғамбарларни ёлғончи қилган бўлади. Чунки Оллоҳ таолонинг барча элчи - пайғамбарлари аслида бир Динга - Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишга даъват этганларки, уларнинг ўртасини ажратиш, яъни, баъзиларига иймон келтириб, бошқаларига кофир бўлиш асло мумкин эмасдир.

81. Биз уларга Ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик, (масалан, Бизнинг Амримиз билан пайғамбар Солиҳ алайҳис-салом харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўйган эди) улар бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар.
Ояти каримада зикр қилинган “оят-мўъжизалар” ҳақида бошқа сураларда батафсил баён қилинган: “Самуд (қавмига) ўз биродарлари Солиҳни (пайгамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат - мана бу Оллоҳнинг туяси сизлар учун оят - мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Оллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)”. (Аъроф сураси 73-оят).
“Маолимут-танзийл” ва “Танвийрул-азҳон” тафсирларида ривоят қилинишича, Од қабиласи ҳалок қилингач, Самуд қабиласи улардан қолган ерларни эгаллаб кенгчилик ва роҳат-фароғатда яшай бошладилар.
Аммо улар ҳам бутпараст мушриклар бўлганлари учун Оллоҳ таолога ибодат қилмасдан, Ерда фисқу фасод ишларни кўпайтириб бузғунчилик қилишар эди. Бас, Оллоҳ таоло уларга ўз қабиладошлари бўлган Солиҳ алайҳис-саломни пайғамбар қилиб юборди. У Самуд қабиласини Оллоҳ таолога ибодат қилишга даъват этиб: “Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир”, деганида улардан оз саноқли камбағал-бечора кишиларгина унга эргашиб, кўпчилик мушриклигича қолди.
Шунда Солиҳ кофирларга Оллоҳ таолонинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантириб, у қавмни Ҳақ Йўлга чақирганида, улар Солиҳдан ҳақиқатдан ҳам Оллоҳ томонидан юборилган элчи эканини тасдиқлайдиган бирон ҳужжат келтиришини талаб қилдилар. У: “Сизларга қандай ҳужжат кўрсатишимни истайсизлар”, деб сўраганида, улар тоғ четида ётган бир харсанг тошни кўрсатиб: “Сен бизга мана шу тошни қорнида ўн ойлик боласи бўлган бир туяга айлантириб берсанг, ана ўшанда биз сенинг ҳақ пайғамбар эканингга ишонамиз”, дейишди. Солиҳ алайҳис-салом: “Агар мен шу ишни қилсам сизлар иймон келтириб мени тасдиқлашингиз аниқми”, деб сўраган эди, улар: “Ҳа”, дейишиб, қасам ичишди. Шунда Солиҳ икки ракъат намоз ўқиб, Парвардигорга дуо қилган эди, уларнинг кўз ўнгида ҳалиги тош ёрилди ва унинг ичидан қорнида ўн ойлик ҳомиласи бор бир улкан туя чиқди, сўнгра худди ўзига ўхшаган кўркам бўталоқ туғди. Кўз олдиларида рўй берган бу буюк мўъжизани кўргач, Самуд қабиласидан бир гуруҳ одамлар иймон келтирдилар, аммо у қавмдан кўпчилиги ичган қасамларини ҳам бузишиб, иймон келтиришдан бош тортишди.
Солиҳ алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқловчи бу Илоҳий Мўъжиза зоҳир бўлгач, у қавмига қараб шу сўзларни айтди: “Сиз-ларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат - мана бу Оллоҳнинг туяси сизлар учун оят - мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Оллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)”.
Ушбу жумлада Самуд қабиласи учун оят-мўъжиза бўлиб келган туяни “ноқатуллоҳ - Оллоҳнинг туяси” деб Парвардигорнинг Исмига изофа қилиниши - худди “Байтуллоҳ - Оллоҳнинг уйи” дейилгани каби - ўша мўъжиза туяни шарафлаш учундир.

82-83. (Шундан сўнг) улар тоғлардан уйлар йўниб тинч-омонликда (гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек) юрганларида, уларни тонг чоғида даҳшатли қичқириқ тутди.
Яъни, Солиҳ алайҳис-салом Самуд қабиласига улар талаб қилган мўъжизани кўрсатгач, энди у қавмга Оллоҳ таоло ато этган неъматларни эслатади. У неъматлардан бири, Самуд қабиласи ўзидан аввал ўтган, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмаганлари ва унинг пайғамбари Ҳуд алайҳис-саломга иймон келтирмаганлари учун ҳалок бўлган Од қабиласи қолдириб кетган обод, гўзал ва серунум ерларга эга бўлишиб, у ерларнинг пастликларида - текис жойларида боғ ҳовлилар, қасрлар куришиб, тоғларида эса тошлардан йўниб мустаҳкам қалъалар бино қилишиб, ёз фаслларида пастда деҳқончилик, боғбонлик қилиш билан серҳосил ерлардан фойдаланишиб, қишда эса тошдан йўнилган, қор-ёмғир ва совуқдан ҳимоя қиладиган мустаҳкам қалъаларда айшу ишрат билан умр ўтказар эдилар. Оллоҳ таоло уларга аввал ўтганларга нисбатан узун умр, куч-қувват ва мустаҳкам соғлик каби неъматларни ҳам бекаму-кўст қилиб берган эди.
Солиҳ пайғамбар ўз қавмини Оллоҳ таоло ато этган бундай неъматлар учун шукр қилишга, Унга ибодат қилишга чақириб, тўқликка шўхлик қилишдан, ношукрлиқцан ва Ерда мушриклик билан турли фисқу фасод ишлар қилиб юришдан қайтаради.
Аммо у кофир қавм Оллоҳ таолонинг элчиси айтган сўзларнинг тамоман аксини қилдилар: уларга Оллоҳнинг мўъжизаси ўлароқ ато этилган туяни сўйиб юбордилар. Кофирларнинг бу йиртқичлигини кўрган бўталоқ улардан қочиб онаси чиққан харсанг олдига бориб уч марта ўкирган эди, харсанг ёрилди ва бўталоқ унинг ичига кириб кўздан ғойиб бўлди. Даҳшатли воқеадан хабар топган Солиҳ пайғамбар у кофирларга қараб: “Бўталоқнингуч марта ўкиргани сизларнингуч кунгина ҳаётингиз қолганига ишорадир. Мана шу уч кун ўтгач, албатта устингизга Оллоҳнинг азоби тушиб, биронтангиз қолмасдан ҳалок бўлишингиз муқарар”, деди.
Самуд кофирлари туяни ўлдирганларидан кейин икки кун ўтгач, тунда Солиҳ алайҳис-салом ва унга иймон келтирган инсонлар қабилани ташлаб чиқиб кетдилар ва Фаластин қумликларига бориб ўша ерни манзил тутдилар. Ваъда қилинган учинчи куннинг тонги отганида Самуд қавми ҳали ўлмасларидан кафанларига ўралиб, ўзларига ўликларга сепиладиган хушбўй атирлардан сепиб, ўлимларини кутиб бир ерга, бир осмонга қараб, азоб қаёқдан келишини билмасдан ётар эдилар. Ўша куни душанба эди. Кун чошгоҳга борганида осмондан шундай даҳшатли бир қичқириқ келдики, барча момақалдироқларнинг ва Ердаги овоз чиқарадиган ҳамма нарсанинг овози унга жамланган эди. У қичқириқ зарбидан Ер титроққа тушди ва барча кофирларнинг юраклари бир лаҳзада ёрилиб, на ёши ва на қариси қолмасдан “турган жойларида тўкилдилар”.
Жобир розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Самуд қабиласи ҳақида сўзлаб: “Оллоҳ таоло Ўз азобини юборган куни у кофир қавмдан осмон томи остидаги Ернинг шарқу ғарбида юрган ҳар бир кимсани ҳалок қилди. Фақат улардан Абу Руғол исмли бир киши ўша куни Оллоҳнинг ҳарамида эди. Оллоҳнинг ҳарами уни Оллоҳнинг азобидан тўсди. Аммо ҳарамдан чиққан соатида унга ҳам қавмига етган азоб етиб ҳалок бўлди ва ўша ерга дафн қилинди, унинг ёнида бир олтин новда бор эди, уни ҳам ўша қабрга кўмилди”, дедилар ва Абу Руғолнинг қабрини асҳобларига кўрсатдилар. Бас, саҳобалар дарҳол тушиб ўша қабрни қўлларидаги қиличлари билан кавлаб очган эдилар, ундан олтиндан ясалган бир новда чиқди.

84. Бас, уларга касб қилиб топган нарсалари асқотгани йўқ.
Яъни, Оллоҳ таолонинг қаҳрига дучор бўлгач, у кофир қавмга тошлардан бино қилган мустаҳкам қалъа-ю қасрлари ҳам, ўлиб-тирилиб йиққан молу дунёлари ҳам, саноқларининг кўплиги ҳам мутлақо асқотгани йўқ. Уларнинг орасидаги Солиҳ пайғамбарга иймон келтирган мўминлардан бошқа бирон кимса қолмай бир зумда қирилиб битдилар.
“Тафсири Бағавий”да зикр қилинишича, Оллоҳнинг азоби у кофир қавмга тушишига саноқли соатлар қолганида у жойдан Солиҳ алайҳи-салом билан бирга чиқиб кетган ва нажот топган мўминларнинг сони тўрт мингта эди. Айрим аҳли илмларнинг айтишларича, Солиҳ пайғамбар унга иймон келтирган мўминлар билан бирга йўлга тушгач: “Эй қавмим, бу диёр Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлди. Энди биз Оллоҳ таолонинг ҳарамига, Унинг Ўзи тинчлик ва омонлик маскани қилиб қўйган шаҳарга йўл оламиз”, деди. Бас, ўша соатда барчалари ҳажга иҳром боғладилар ва Маккайи мукаррамага етиб боришиб, то умрларининг охиригача ўша шаҳарда турдилар. Солиҳ алайҳис-салом ҳам ўз қавми орасида яна йигирма йил яшади ва эллик саккиз ёшида Маккада вафот қилди.
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анхумодан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотида Ҳижрга тушганларида (Самуд қабиласи Оллоҳ таолонинг қаҳрига учраб ҳалок бўлган жой) асҳобларига у ердаги қудуқдан сув олиб ичмасликни ва ишлатмасликни буюрдилар.
Саҳобалар: “Биз ундан сув олиб, ҳамир ҳам қилиб қўйган эдик”, дейишган эди, олган сувларини тўкиб ташлашни, ҳамирни ҳам ташлаб юборишни буюрдилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобаларига: “Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлган бу қишлоққа ҳеч бирингиз кирмасин. Агар билмай кириб қолсангизлар, сизларга ҳам ўшаларга етган азоб етмаслиги учун Оллоҳ таолога ёлвориб йиғлаган ҳолда ўтиб кетинглар, унинг сувидан ҳам ичманглар”, дедилар. (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоятлари).

85. Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат Ҳақ (қонун-қоида) билан яратдик. Соат - Қиёмат ҳам, шак-шубҳасиз келгувчидир. Бас, (шундай экан, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз жоҳил - кимсаларнинг етказаётган озор-азийятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!
Уламолар ушбу оятни шундай тафсир қиладилар. Бу оламдаги бирон нарса тасодифий эмас, балки Еру осмондаги ҳар бир зарра етук ҳикмат ва аниқ ўлчов билан яратилгандир ва ҳамма мавжудот бир-бири билан уз-вий боғлиқдир. Қилинадиган яхши-ёмон амаллар ҳам аниқ қонун қоида асосида ўз мукофот ва жазосини олур.
Бу дунё ҳаёти аввалидан охиригача биргина соатдир. Шу соат битгач, Қиёмат бошланур ва ўша соатнинг ҳар бир дақиқа, сониясида қилинган иш - амаллар ҳисоб-китоб қилинур. Бас, шундай бўлгач, жоҳиллардан юз ўгириб, бу қисқа умрнинг ҳар бир сониясини дунёда ҳам, Охиратда ҳам фойда берадиган амалларни қилишга сарфламоқ лозимдир.
Албатта Оллоҳ таоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни ҳақ Қонун ва етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб кўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қўйди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар келган: “Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.” (Духон сураси, 38-39-оятлар). “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай!” (Сод сураси, 27-оят).
Ояти каримада Қиёмат Куни “Соат” деб номланишига сабаб, айрим муфассирлар айтишларича, унинг тўсатдан келиши, дунёнинг сўнгги соати бўлгани ва аввал-у охир барча халойиқдан ким жаннати, ким дўзахи бўлиши Ҳақ таоло тарафидан бир соат ичида ҳал қилинишидир.

86. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта, Парвардигорингизнинг Ўзигина Яратгувчи, Билгувчидир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, албатта, Парвардигорингиз Сизни ҳам, Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизга иймон келтирмай Сизга озор-азийятлар бераётган мушрик-кофирларни ҳам, ва яна бошқа жамийки мавжудотни ҳам Яратгувчи бўлган Зот. Демак, У Сизнинг аҳволингизни ҳам, уларнинг аҳволларини ҳам жуда яхши Билгувчидир. Сизларнинг орангизда ўтган бирон нарса У Зотга махфий эмас. Бас, Сиз барча ишларни УнингЎзига ҳавола қилинг, ўрталарингизда ўтган ҳар бир можарони Яратгувчи, Билгувчи Зотнинг Ўзи ажрим қилиб, энг адолатли Ҳукмини чиқарур.

87. Қасамки, ҳақиқатан Биз Сизга етти такрорлангувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, ҳар бир ракъат намозда такрорланадиган «Фотиҳа» сурасини) ва Улуғ Куръонни ато этдик.
Ояти каримадаги “етти такрорлангувчи”дан мурод, Умар, Алий ибн Абу Толиб, Абу Ҳурайра, Рабийъ ибн Анас, Абул-Олия, Ҳасани Басрий розияллоху анҳумдан ривоят қилинишича, Фотиҳа сурасидир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ушбу сура Қуръоннинг онасидир, у Китобни Очгувчидир, у Етти такрорлангувчидир”, деб марҳамат қилдилар.
Оллоҳ таоло ушбу улуғ сурани Қуръони Азимнинг ёнида алоҳида “етти такрорлангувчи” деб ажратиб айтади. Такрорлангувчи дейилгани, ҳар ракъат намозда такрорланиб туриши сабаблидир. Айрим уламолар Фотиҳа сураси такрорлангувчи деб номланганининг сабаби, бу сура Қуръондаги бошқа суралардан фарқли ўлароқ, икки бор нозил бўлган, деб ҳам тафсир қиладилар. Яъни, у аввал Маккайи мукаррамада, сўнгра Мадинайи мунавварада иккинчи марта нозил бўлган, шунинг учун такрорлангувчи деган номга эга, дейдилар. Бу тафсир “Тафсири Бағавий”да Ҳасан ибн Фазл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан “етти такрорлангувчи”нинг яна бошқа тафсири ҳам ривоят қилинган. У: “Етти такрорлангувчи Қуръондаги энг узун суралар - Бақара, Ол-и Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф ҳамда Анфол ва Тавба (ўрталарида Бисмиллоҳ билан ажратилмагани сабабли бу сўнгги иккиси бир сура ҳисобланган), сураларидир. Ушбу сураларнинг такрорлангувчи деб номланишига сабаб, уларда Илоҳий ибратлар, ҳукмлар, масаллар, хабарлар ва ҳад - жазолар такрор-такрор келади”, дейди. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни мушриклар етказаётган турли озор-азийятларига сабр қилиб, улардан юз ўгиришга буюрганидан сўнгушбу ояти каримада яна Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб, у зотга илгари ҳеч кимга берилмаган тенгсиз Буюк Неъмат - Улуғ Қуръон ва мана шу Азиз Китобнинг бир бўлаги бўлган ва ўз ичига бутун Қуръон мазмунини қамраб олган буюк бир сура - Фотиҳа сурасини ато этганини қасам билан таъкидлайди. Дарҳақиқат, Қуръони Азим Ҳақ субҳонаҳу ва таоло томонидан Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зоти бобаракот орқали барча мўмин-мусулмонларга ато этилган шундай беназир Илоҳий Неъматки, унинг олдида дунёдаги жамийки неъматлар арзи-мас нарса бўлиб қолади. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати (яъни, Ислом) ва У Зотнинг Раҳмати (яъни, Қуръон) билан - мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир”. (Юнус сураси, 58-оят).
Ушбу оятни Ҳасани Басрий, Заҳҳок, Мужоҳид ва Қатода раҳимаҳумуллоҳ: “Оллоҳ таолонинг Фазли иймон - Ислом, Унинг Раҳмати Қуръондир”, деб тафсир қиладилар.
Тафсир китобларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни Оллоҳ Ислом Динига ҳидоят қилган бўлса ва унга Қуръонни билдирган бўлса-ю, сўнгра у кимса камбағалман, деб шикоят қилса, Оллоҳ у ношукур кимсанинг икки кўзи ўртасига то Унга рўбарў бўладиган Кунгача ўчмайдиган қилиб камбағалликни битиб қўяди”, дедилар ва мана шу оятни ўқидилар. (“Тафсири Куртубий”ва “Дуррул-мансур”тафсирдан).
Шунинг учун ҳам қуйидаги оятда Жаноби Ҳақ Ўз Ҳабибига Амр қилади -

88. Сиз кўзларингизни, Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (яъни, уларнинг молу давлат, шаъну шавкатларига) тикманг! Уларнинг (иймонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг ва мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг!)
Ояти карима аввалида Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва у зот орқали барча уммати Муҳаммадни дунёга берилишдан, аҳли дунё бўлишни орзу қилишдан қайтаради. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида айтилишича эса, оятда гарчи Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, умматлари ирода қилинади, чунки у зот дунё хусусида одамларнинг энг зоҳиди эдилар. Дунё ва аҳли дунёга мусулмон инсон қандай муносабатда бўлиши лозимлиги ҳақида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам огоҳлантириб айтган кўплаб ҳадислар ҳам бунга равшан далилдир.
Имом Бухорий ўз “Тарихи”ида Жаҳм ибн Авсдан ривоят қилади: “Жаҳм айтди: “Мен Абдуллоҳ ибн Абу Марямдан эшитдим - унинг олдидан (аҳли давлат кишилардан бўлган) Абдуллоҳ ибн Рустам ўзининг отлиқ жамоаси билан ўтиб кетаётиб: “Мен сен билан ҳамсуҳбат бўлишни ва сендан ҳадислар эшитишни жуда истайман-да”, деган эди, у ўтиб кетгач, Абдуллоҳ ибн Абу Марям деди: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деяётганини эшитганман: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Сен ҳаргиз фожир - ибодатсиз кимсага берилган неъматга ҳавас қилмагин. Чунки сен у кимсанинг ўлганидан кейин нимага дучор бўлишини билмайсан. Унинг учун Оллоҳ ҳузурида ҳеч ўлмайдиган қотил бордир”, дедилар. Абдуллоҳ айтган бу ҳадис Ваҳб ибн Мунаббиҳга етиб борганида унинг олдига Абу Довудни юбориб: “Эй фалончи, сен ривоят қилган ҳадисдаги “Ўлмайдиган қотил” ибораси недир?”, деб сўраган эди, Абдуллоҳ ибн Абу Марям: “Дўзах”, деб жавоб қилди.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар (дунё бобида) ўзларингдан қуйида бўлган кишига боқинглар, сизлардан юқори бўлган кишига боқманглар! Мана шу Оллоҳ сизларга ато этган неъматни камситмасликларингизга муносиб бўлган ишдир”. (Муслим ва Бағавий ривоятлари).
Айтиб ўтилганидек, ушбу ояти карима маънан юқоридаги оятга боғлангандир: юқорида Ҳақ таоло Ўз Элчисига энг Буюк Неъмат - Қуръони Азимни ато этганини зикр қилгач, энди бу оятда мана шундай улуғ бойликка эга бўлган кишилар дунёнинг бошқа арзимас матоларига кўз тикмасликлари лозимлигини уқтирмоқда.
Ривоят қилинишича, Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ ояти каримани таъвил қилар экан, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ман лам ятағанна бил-Қуръон, фалайса минна”, ҳадисларини келтиради ва “Ким Қуръон билан беҳожат бўлмас (яъни, дунё матоларига кўз тикишни бас қилмас) экан, у биздан эмас”, деб, ҳадисдаги “тағанний” калимасини “беҳожатлик”, деб шарҳлайди.
(“Тағанний” калимаси “хуш оҳангда тиловат қилиш” маъносида ҳам келади. У ҳолда ҳадиси шариф мазмуни “Ким Қуръонни хуш оҳанг билан тиловат қилмас экан, у биздан эмас”, бўлади).
Ортиқча мол-дунё неъмат эмас, балки алдов, синов экани ҳақида бошқа бир оятда ҳам айтилгандир: “Ва кўзларингизни Биз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган - ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва давомлироқдир”. (Тоҳа сураси, 131-оят).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мана бу сўзлари ҳам бениҳоя ибратли-дир. У айтади: “Кимга Қуръон ато этилган бўлса-ю, сўнг у бирон кимсага дунёдан унга берилган нарсадан яхшироқ нарса берилган деб ўйласа, демак, у ҳақир нарсани улуғ, улуғни эса ҳақир санагани аниқдир”.
“Уларнинг устида ғамгин бўлманг”.
Яъни, “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Макка мушриклари Дини Исломни қабул қилмаётганлари учун маҳзун бўлманг”. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон оятларини эшитган - тушунган ҳар бир инсон унга иймон келтиришини хоҳлар ва мушрикларни Қуръонни эшитиб-билиб туриб, яна ширк ва куфрдан воз кечмаётганларидан бениҳоя ғамгин бўлар эдилар. Шунинг учун Ҳақ таоло Ўз Ҳабибини Илоҳий Ҳидоятдан маҳрум кимсалар устида қайғу чекишдан қайтаради. Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу даъват Йўлида Сизга етган озор-азийятларга) сабр-тоқат қилинг! Ёлғиз Оллоҳ (ёрдами) билангина сабр қила олурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг Динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг! Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам! (Наҳл сураси, 127-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундоқ қилманг, чунки); Агар Биз (уларнинг мўмин бўлишларини) хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилиб, шу билан уларнинг бўйинлари эгилиб қоларди. (Лекин Биз буни истамаймиз, зеро, иймон-ишонч ночор-ноиложликдан эмас, балки қалб қаноати билан ихтиёрий бўлиши лозимдир)”. (Шуаро сураси, 3-4-оятлар).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар улар ушбу Сўзга - Куръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол Сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қиларсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир)”. (Каҳф сураси, 6-оят).
“Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилган зот каби бў-лурми)?! Зотан, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта, Оллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини Билгувчидир”. (Фотир сураси 8-оят).
“Ва мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг)”.
Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Амрига итоат қилдилар ва асҳобларига ниҳоятда хушмуомалали, меҳрибон ва раҳмдил бўлдилар. Бу ҳақда Ҳақ таолонинг Ўзи “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (Тўғри Йўл - Ҳақ Динга келишингизга) ҳарис - ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Элчи келди-ку!”, (Тавба сураси, 128-оят) деб гувоҳлик берди.

89. Ва (иймонсиз кимсаларга) айтинг: «Албатта, мен (сизларга Оллоҳнинг азоби тушишидан) очиқ-ошкор огоҳлантиргувчидирман».
Яъни, “эй Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Сиз у мушрикларга: “Мен, агар сизлар иймон келтирмасангизлар, албатта устингизга Оллоҳнинг азоби тушиши аниқ экани ҳақида хабар етказиш учун келган очиқ огоҳлантиргувчидирман”, деб айтинг”.
Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳис-салом ўзларининг огоҳлантиргувчи эканликларини кўп таъкидлар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилиниши-ча, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Сафо баландлигига кўтарилдилар-да, Қурайшнинг яқин-йироқ маҳаллаларини чорладилар. Улар тўпланишгач: “Эй Қурайш жамоаси, айтинглар-чи, агар мен сизларга “эртага тонг пайтида душман қўшини устингизга бостириб келади”, деб хабар берсам менга ишонасизларми?”, деган эдилар, улар: “Биз сени бирон марта ёлғон сўзлаганингни билмаймиз”, деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбар алайхис-салом: “Ундай бўлса, билиб олинглар, мен қаттиқ азоб жуда яқин экани ҳақида сизларни огоҳлантирмоқдаман”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

90-91. Худди Қуръонни бўлак-бўлак қилиб олган кимсаларга (яъни, Қуръоннинг айрим оятларига ўзларининг истак-хоҳишларига тўғри келиб қолса, иймон келтириб, айрим оятларини эса ҳавойи хоҳишларига тўғри келмагани учун инкор этадиган яхудий ва насронийларга илгари Таврот ва Инжил Китобларини) нозил қилганимиз каби (Сизга ҳам ушбу Қуръонни нозил қилдик).
Ушбу тафсир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинди. Ҳақ таоло юқорида Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони Азимни ато этганини, яъни нозил қилганини айтгач, ушбу оятларда Қуръоннинг у зотга нозил қилиниши худди яҳудларга Таврот Китоби, насронийларга Инжил Китоби нозил қилингани каби бўлганини айтади ва у аҳли Китоблар Қуръонни тўласича Каломуллоҳ эканига иймон келтириш ўрнига “мана бу, мана бу сура ва оятлар Таврот ва Инжилга мувофиқ, демак, ҳақ, мана бу сура ва оятлар эса, Таврот, Инжилга тўғри келмайди, демак ботил”, дейишиб, худди тирик, жонли танадан айрим аъзоларини бўлиб-юлиб олгандек, яхлит Ҳақ Китоб бўлган Қуръони Азимни бўлак-бўлак қилиб олганлари ҳақида хабар беради. Маълумки, жонли мавжудотнинг айрим аъзолари юлиб олинадиган бўлса, у ҳалок бўлади ёки камида ногирон ва яроқсиз ҳолга тушади. Ўрганаётганимиз ояти каримада худди мана шу нарса таъкидланади. Яъни, аҳли Китоблар ва яна бошқа айрим жоҳил кимсаларнинг Қуръон оятларини бўлак-бўлакларга бўлиб, “бу оятлар ҳақ, мана булари эса, ботил”, дейишлари ёки “Қуръондаги айрим оятлар жуда тўғри, улардан фойдаланишимиз керак”, деб гап сотишлари ортида турган ғараз биттадир - тўласича Яхлит Ҳақиқат бўлган Қуръони Азимни бўлак-бўлакларга бўлиш, бошқача айтганда, у Азиз Китобни яроқсиз ҳолга келтиришга уриниш. Лекин, алҳамдулиллоҳки, бундай бадғаразларнинг чиранишлари беҳудадир. Чунки Қуръоннинг Ҳимоячиси бордир ва У: “Албатта, ушбу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва, шубҳасиз, Ўзимиз уни Сақлагувчидирмиз”, (Ҳижр сураси, 9-оят) деб ваъда бергандир. Демак, то Қиёмат қадар Каломуллоҳнинг бирор оятига заҳа етмайди, ҳеч ким ундан бирон ҳарфни олиб қўя олмайди ва унга бирон ҳарф қўша олмайди ҳам. Аммо Қуръонни бўлак-бўлакларга бўлмоқчи бўлган кимсалар эса, албатта, жазосиз қолмайдилар -

92-93. Бас, Парвардигорингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш - амаллари ҳақида сўраймиз.
Яъни, Қиёмат Кунида барча-барча инсонлар, уларнинг мўминлари ҳам, кофирлари ҳам, ҳаёти дунёда қилиб ўтган амаллари тўғрисида Оллоҳ таоло томонидан сўроқ-савол қилиниб, ҳисоб берадилар, магар, ҳадиси шарифда ваъда қилинган ҳеч қандай ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадиган мўминларгина сўроққа тутилмайдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Имом Бухорий айтади: “Айрим аҳли илмлар: “Барча инсонлар Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло томонидан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тўғрисида сўраладилар”, дейдилар”.
Яъни, кофирлар нега “лаилаҳа иллаллоҳ” калимасини айтмаганлари - мўмин бўлмаганлари ҳақида, мўминлар эса, ўзлари айтган “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасига қандай амал қилганлари ҳақида сўраладилар.
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, агар ушбу оятдаги барча инсонлар қилиб ўтган иш-амаллари тўғрисида сўроқ-савол қилинадилар, деган сўз билан Ар-Раҳмон сурасининг 39-оятидаги “У Кунда на бир инс ва на бир жин (қилиб ўтган) гуноҳидан сўралмас!”, деган сўзининг ўртаси қандай жамланади, деб сўраладиган бўлса, бу саволга Ибн Аббос розиял-лоҳу анҳумо шундай жавоб қилгандир: “У Кунда Оллоҳ таоло бандалардан мана бу ишни қилдингларми, деб сўрамас, чунки У Зот уларни ўзларидан яхшироқ Билгувчидир. Балки Оллоҳ улардан мана бу ишни нима учун қилдинглар, деб сўрар ва қилган ўша амалларига лойиқ жазони берар”. Демак, савол ҳам икки хил бўлар экан: бири, сўраб билиш учун савол беришдирки, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳеч кимга бундай савол қилмас, чунки У барча нарсани Билгувчи Зотдир. Иккинчиси, кишининг айбини бўйнига қўйиш, қилган ишига иқрор этдириш учун бериладиган савол бўлиб, ўрганаётганимиз ояти каримада сўз ана шу қабилдаги савол ҳақидадир.

94. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват этишни) очиқ-ёриқ амалга оширинг ва мушриклардан юз ўгиринг!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, то мана шу ояти карима нозил бўлгунича Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил қилинган оятларни саҳобайи киромга яширинча етказар эдилар. Қачонки Оллоҳтаоло у зотга энди ошкора даъват қилиш вақти етганини билдирувчи ушбу оятни туширгач, Ҳақ таолонинг Амрига итоат этиб, асҳоблари билан бирга барча инсонларни Ислом Динига ошкора даъват қила бошладилар ва Макка мушрикларидан юз ўгириб яъни, улар бу ишга қандай қаршиликлар кўрсатишларига, қандай озор-азийятлар етказиб, ҳақоратлар қилишларига эътибор бермай, у жоҳил кимсалар билан талашиб-тортишиб ўтирмай, ўзларига буюрилган Буюк Ишни очиқ-ойдин амалга ошира бошладилар. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

95. Албатта, Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз.
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, гўё шундай дейди: “Энди Сиз Оллоҳ таоло буюрган Ишни очиқ-ошкор амалга ошираверинг ва Оллоҳдан ўзга бирон кимсадан қўрқманг! Зотан, Оллоҳ Сизни масхара қиладиган душманларингизни йўқ қилиб юбориш учун етарли Қудрат Соҳибидир”.
Қуртубий, Бағавий ва Ибн Касир тафсирларида зикр қилинишича, ояти каримада айтилган Пайғамбар алайҳис-саломнинг устидан куладиган масхарабозларнинг адади бешта эди: Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Ҳорис ибн Қайс, Асвад ибн Мутталиб ва Асвад ибн Яғус исмли Макканинг шону шавкатли зодагонларидан бўлган бу кимсалар ҳеч тинмасдан Оллоҳнинг Элчиси устидан масхара қилиб кулишар, у зотга турли лақаблар қўйишиб, ҳали шоир, ҳали коҳин, ҳали мажнун дейишиб ҳақоратлар қилишар эди.
Қачонки мазкур масхарабозларнинг озор-азийятларидан беҳад озур-дадил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни дуойибад қилганларида, Ҳақ таоло у кимсаларнинг барчасини бир кунда ҳалок қилиб Ўз Элчисидан уларнинг ёмонликларини бутунлай дафъ қилди.

96. Улар Оллоҳ билан бирга яна бошқа «илоҳ»га (ибодат) қилурлар. Бас, яқинда (Қиёмат Кунида бу қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериб, у зотга озор-азийятлар етказаётган кимсаларнинг жиноятлари фақат Пайғамбарни масхара қилиб унинг устидан кулиш эмас эканлигини, балки улар Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ҳам озор беришларини - ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларини Танҳо Оллоҳга шерик деб билиб, бутпарастлик қилишларини айтади ва бундай мушрик-кофирлар яқинда - Қиёмат Кунида дўзах азобига ҳукм қилинганларида ҳаёти дунёда қилган жиноятларининг жазоси қандай бўлишини жуда яхши билиб олишлари ҳақида огоҳлантиради.

97. Шак-шубҳасиз, Биз улар айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини жуда яхши билурмиз.
Оллоҳ таоло Ўз Элчисининг қалбидан кечаётган ҳар бир ўй-фикрни, шодлик ёки ғамни жуда яхши билиб туришини эслатадиган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Илоҳий тасаллий бўлиб нозил қилинган бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Биз уларнинг гаплари Сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар Сизни ёлғончи қил-майдилар, балки бу золимлар Оллоҳнинг оятларини инкор қиладилар”. (Анъом сураси 33-оят).
Ояти каримада Ҳақ таоло мушрикларнинг Ҳақ Динга иймон келтирмаётганларидан озурда дил бўлган Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий бериб ва у зоти бобаракотни шарафлаб, гўё: “Мушрикларнинг азийятларидан маҳзун бўлманг, чунки уларнинг Сизни ёлғончи қилишлари аслида Мени ёлғончи қилганларидир, қалбларида Сиз етказаётган Сўз Менинг оятларим эканини аниқ билиб туриб, тилларида инкор қилишларига сабаб, уларнинг золим қавм эканликларидир”, дейди. Кофирларнинг иймон келтирмаётганлари учун ташвиш чекиб, куйинавермаслик кераклигини Ҳақ таоло Ўз Расулига бошқа оятларда ҳам билдирган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар улар ушбу сўзга - Куръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол Сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қиларсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир).” (Каҳф сураси, 6-оят). “Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилган зот каби бўлурми)?! Зотан, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини Билгувчидир.” (Фотир сураси, 8-оят).

98. Бас, Сиз Парвардигорингизга ҳамд билан (У Зотга) тасбеҳ айтинг (яъни, Субҳоналлоҳ - Оллоҳ барча айбу нуқсондан Пок Зотдир, деб айтинг) ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Оллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)
Сурайи карима ниҳоясида келган ушбу ва қуйидаги оят Ҳақ таоло томонидан аввало Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга, шунингдек у зотнинг барча умматларига бошларига бирон мушкил иш ёки хафалик тушган пайтида амал қилишлари буюрилган бир Илоҳий тавсиядир.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўз Элчисига мушрик-кофирларнинг Ҳақ Динни қабул қилмаётганларидан Ҳақ Пайғамбарни ёлғончи қилаётганларидан юраклари сиқилган ва дору дунё кўзларига қоронғу бўлиб кўринган вақтларида энг ишончли нажот манзилига илтижо қилишни - намоз ўқишни буюради. Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканини ифодаловчи “Субҳоналлоҳ” калимасини, У Зотнинг сон-саноқсиз неъматларига шукрона мазмунини англатадиган “Алҳамду-лиллоҳ” калимасини зикр қилиш билан намоз бошлаб саждага йиқилган киши дунё ғам-ташвишларидан халос бўлиши, кўнгли ором осойиш топиши аниқдир. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, қачон бошларига бирон ташвиш тушса, дарҳол намоз ўқишга турар эдилар. (Абу Довуд, Аҳмад ва бошқалар ривояти. “Маолимут-танзил ” тафсиридан).
Оллоҳ таолога сажда қилиш банда учун қандай улуғ неъмат экани хусусида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Банданинг Парвардигорига энг яқин бўлган пайти унинг сажда қилаётган пайтидир. Бас, ўшанда чин ихлос билан дуо қилинглар!” (Муслим ва Насоий ривояти. “Тафсири Қуртубий”дан).

99. (Шунингдек), то Сизга аниқ рўй бергувчи (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!
Ояти карима лафзидан аниқ англаниб турганидек, Ҳақ таоло Ўзининг севикли Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга ва у зоти бобаракот орқали ҳар бир мўмин бандасига бутун ҳаёти давомида, то келиши аниқ бўлган ўлим соати келгунича доимий, мунтазам равишда Унинг Ўзига ибодат қилишни буюрмоқда. Бу мазмун бошқа сураларда ҳам таъкидланади: “Яна мени қаерда бўлсам хайру баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди.” (Марям сураси, 31-оят).
Оятдаги “яқин - аниқ рўй бергувчи” калимасидан мурод, ўлим эканлигига мана бу оятлар ҳам далолат қилади: “(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?», (деганларида); Улар айтурлар: «Биз-лар намоз ўқигувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғигувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва Пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо - Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик”. (Муддассир сураси, 42-47-оятлар).
Хусусан, банда зиммасидаги энг улуғ ибодат - намоз, модомики кишининг ақли-хуши жойида экан, ҳеч қандай узр билан тарк қилиниши дуруст эмасдир. Бу ҳақда Саҳиҳи Бухорийда Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Намозни тик туриб адо қил, агар кучинг етмаса, ўтирган ҳолингда ўқигин, агар бунга ҳам кучинг етмаса, у ҳолда ётган ҳолингда бўлса ҳам ўқигин”, деб буюрдилар. Сурайи кариманинг сўнгги икки ояти мусулмон уммати ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутиши ҳақида Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Менга тижоратчи бўлишим, мол-дунё тўплаб кўпайтиришим ваҳий қилингани йўқ, аммо менга: “Бас, Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Оллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!) (Шунингдек), то Сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!”, деб ваҳий қилинди”. (“Дуррул-Мансур” тафсиридан).
Оллоҳ таоло биз ожиз бандаларига ҳам умримизнинг сўнгги соатигача УнингЎзига ибодатда бардавом бўлиш бахтини насиб этгай.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Ҳижр сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР