loader
Foto

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд

ХIV-ХV асрларда Ўрта Осиё халқлари орасидан Шарқ ирфоний тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутасаввифлар етишиб чиққан. Ана шундай сиймолардан бири Баҳоуддин Нақшбанддир.

Баҳоуддин Нақшбанд исломий аҳкомлар ўчоғи бўлган Бухорода 718/1318 йилда ҳунарманд оиласида таваллуд топган. «Мир Кулол ва шоҳи Нақшбанд мақомотлари»да Шамсуддин Саййид Мир Кулол Бобойи Самосийнинг халифаси бўлгани, Бобойи Самосий Қасри Ҳиндувон қишлоғидан ўтиб кетишаётганида бу ерда бир ўғлон туғилиши, Мир Кулол ундан шафқат ва меҳрини дариғ тутмаслиги, бу ишда бирон хатолик бўлса, кечирмаслигини тайинлагани ёзилиб, Баҳоуддин Нақшбанд Бухоро мозорида юрганида бир чироғни кўргани, бир жамоат билан суҳбат қургани, улар Насафга Саййид Амир Кулолнинг хизматига боришни, Хўжа Али Ромитанийнинг кулохдарини Саййид Мир Кулолга элтишни тайинла-гани ёзилган: Баҳоуддин Нақшбанд дедилар: «Шундан сўнг Насафга - Саййид Мир Кулол истиқболларига етиб бордим ва ҳазрат Азизон кулоҳларини ўртага қўйдим. Ҳазрат «бу кулоҳ Азизонникидир» дедилар. Ҳазрат Амир менга сабоқ бера бошладилар. Машғулот бир неча муддат шу тарзда давом этди, аммо мен зикри алонияга амал қилмадим»(Дурдона. Мир Кулол ва Шоҳи Нақшбанд мақомотлари. 43-бет.).

«Насойим»да ҳикоя қилинишича, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Нахшабга (ҳозирги Қарши шаҳри) Қусам Шайх хизматига бориб, тарбия топган.

Баҳоуддин Нақшбанд умр бўйи Худо йўлига хизмат қилишга, муридлару шогирдларга дарс айтиш, амри маъруф ўтказиш, уларга «зикри хуфия» қоидаларини сингдириш, дарвешлар даврасида бўлишга интилди. Нақшбандия тариқати аҳли тўпланиб адо этадиган маросим «Хатми Хожагон» деб аталади.

Ҳазрати Баҳоуддин ўзигача ўтган барча сўфий, машойихлар таълимотини пухта эгаллаб, «Дил ба ёру даст ба кор» («Аллоҳ қалбингда, қўлинг ишда бўлсин») шиориии дасту-риламал қилиб, ўн бир тамойилни ривожлантирган:

1. Хуш дар дам, яъни шу тариқат аъзоси - солик Худо шарафига қилинадиган хуфия зикр пайтида хушҳол ва хушчақчақ юриши лозим.

2. Назар дар қадам, яъни солик ҳамиша ҳушёр бўлиб, паришонхотирликка йўл қўймаслиги зарур.

3. Сафар дар ватан, яъни юксак ахлоқ соҳиби бўлган солик атроф-муҳит бағрида кезиб юрсин, юрт кўрсин, одамлар орасида бўлсин.

4. Хилват дар анжуман, яъни солик зоҳиран халқ билан, ботинан Холиқ билан бўлсин.

5. Ёд кард, яъни солик Худо ёди билан яшаши, зикрга ғарқ бўлиши зарур.

6. Бозгашт, яъни солик ҳамиша Худо ишқида ботинан муножот айтиб юриши даркор.

7. Нигоҳ дошт, яъни солик хаёлини бир жойга йиғиб, хотиржам юриши лозим.

8. Ёддошт, яъни солик ваҳдати вужуд таълимотини билиши керак.

9. Вуқуфи замон, яъни солик ҳамиша ўз вақтини ҳисоблаб юриши, унинг қанчаси яхшиликка, қанчаси ёмонликка кет-ганини билиб туриши зарур.

10. Вуқуфи адад, яъни солик ҳамиша ўзининг ягона, танҳолигини назарда тутиши керак.

11. Вуқуфи қалб, яъни солик хуфия зикрда ғарқ юриб, дилида Аллоҳни сақлаши билан хотиржам юриши керак.

Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф назарияси ва амалиётига доир 13 та асар ёзган. Улар орасида «Ҳаётнома», «Далил ул-ошиқин», «Одоб ус-соликийн», «Насиҳат ус-соликийн» асарлари алоҳида аҳамиятга эга.

Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ва фаолияти Муҳаммад Порсонинг «Қудсия», «Мақомоти ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Саййид Шарифнинг «Тарихи Роқимий», Амир Ҳамзанинг «Мақомоти Амир Саййид Кулол», Муборак ал-Бухорийнинг «Анис ул-толибийн ва уддатус-соликийн», Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнил-ҳаёт» асарларида тасниф қилинган.

Е.Э. Бертельс, С. Олимов, А. Афсаҳзод, X. Мирзозода, В. Зоҳидов, И. Мўминов, А. Муҳаммадқулов, О. Усмонов, А. Ҳайитметов ҳамда Н. Комилов каби олимлар буюк шайх фаолиятини ёритганлар.

Баҳоуддин Нақшбанд 792/1389 йилда вафот этган. Қабри «Қасри Ҳиндувон» (кейинчалик Баҳоуддин Нақшбанд шарафига «Қасри Орифон» деб аталган)да. Фахруддин Али Сафий деди:

Рафт Нақшбанд он Хожайи динёву дин, Он, ки буди шоҳроҳи дину давлат миллаташ. Маскану маъвойи у буд қасри Орифон, Қасри Орифон зин сабаб омад ҳисоби рихдаташ.

(Дин ва дунёнинг хожаси ул Шоҳ Нақшбанд кетди, у диннинг шоҳ кўчаси ва миллатининг давлати эди. Унинг маскану маъвоси Қасри Орифон бўлгани учун, вафотининг тарихи учун ҳисоб «Қасри Орифон» бўлди.)(Фахруддин Али Сафий. Рашаҳот. 82-бет.)



Абдураҳмон Жомий деди:

Сикки, ки дар Ясрибу Батҳо заданд,

Навбати охир ба Бухоро заданд.

Аз хатти он сикка нашуд баҳраманд,

Жуз дили бенақши шаҳи Нақшбанд.

Он гуҳари пок на ҳар жо бувад,

Маъдани ў хоки Бухоро бувад

(Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 14-бет.).

(Ясрибу Батҳода сўқилган тангани охирги навбатда Бухорога элтдилар. Ул танга хаттидан Шоҳи Нақшбанднинг бенақш дилидан ўзга баҳраманд бўлмади. Ул пок гавҳар ҳар ерда бўлавермайди, унинг маъдани Бухоро тупроғидадир.)



Алишер Навоий деди:

- Қусам Шайх қовун еб ўтирганларида Хожа Баҳоуддин кириб келди. Қусам Шайх қовун пўчоғини унга отди. Бахоуддин Нақшбанд ҳеч бир такаллуфсиз қовун пўчоғини териси билан еди. Бу ҳодиса уч марта такрорланди(Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 259-бет).



Фахруддин Али Сафий ҳикоя қилишича, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд деди:



Эй ту ҳама, ман кям, чунонки ту дони.

(Эй Ўзи ҳаммани яратувчи бўлган, мен кимман, чунончи Ўзинг биласан).



Сўрадилар:

- Эй Хожа, каромат ҳақида нима дейсиз?

Баҳоуддин Накшбанд деди:

- Барча кароматлар калимаи тавҳид билан йўқ бўлгувчидир. Каромат соҳибларининг барчаси парда остида - ҳижобдадирлар, орифлар эса кўздан узоқдадирлар. Бизнинг кароматимиз зоҳирдур. Бовужуди бу навъ гуноҳ юки ер юзида юра олурмиз. Бизга халқнинг кўнглидаги фикрларидан, ишларидан ва аҳволларидан нимаики зоҳир бўлса, биз ўртада бўлмаймиз. Ё бизга илҳом орқали билдирадилар ёки бирор киши орқали етказадилар.



Дедилар:

- Эй Хожа, каромат кўрсатинг.

Баҳоуддин Нақшбанд деди:

- Кашфу кароматга ишонч йўқ, Кароматни талаб қилувчи эмас, истикоматни талаб қилувчи бўлинг, чунки Парваригор истиқоматни талаб қилади, нафс эса кароматни(Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон. 93-бет.).



Баҳоуддин Нақшбанддан сўрадилар:

- Сизнинг дарвешлигингиз мерос қолганми ёки ўзингизда пайдо бўлганми?

Баҳоуддин Нақшбанд деди:

- Аллохдан келган бир жазба (тортиш кучи) инсу жин амали билан баробардир ҳукми бўйича бу саодатга мушарраф бўлганмиз(Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон. 72-бет.).



Баҳоуддин Нақшбанд деди:

- Валийлик нишоналари пайдо бўлган дастлабки кезлар-да туркнинг улуғ машойихларидан, Ҳоким ота Раҳматуллоҳ (Сулаймон Боқирғоний)ни тушимда кўрдим, ул киши мени бир дарвешга топширдилар. Ул дарвешнинг сурати хотирамда қолди, уйғониб тушимни бувимга айтдим.

Бувим дедилар:

- Эй фарзанд, у турк машойихидан сенга насибалар етгай.

Баҳоуддин тушида кўрган дарвешни ўнгида кўриш иштиёқида юради ва бир куни уни Бухоро бозорида учратиб қолади. Бу дарвеш Халил ота эди. Баҳоуддин Нақшбанд Халил отага мурид тушиб, тариқат сирларини ўрганади. Халил отанинг кашфу каромати шоҳиди бўлади. Баҳоуддин кўрган тушини айтмоқчи бўлганда, Халил ота деди:

- Сенинг хотирангда нима кечган бўлса, бизнинг олдимизда аёндир.

Халил ота уни муридликка қабул қилиб, илму ирфондан таълим беради. Халил ота шоҳлик мансабида ҳам дарвешлигича қолган. «Мажозий мамлакат» шоҳлиги завол топиб, Халил ота вафот этганидан сўнг, Баҳоуддиннинг кўнгли ҳам «дунё ишларидан батамом совийди»(Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 461 -бет).



Бу оламда яхшилар ила дўстлашишни ҳамма ҳам хуш кўради. Агар зўр бўлсанг, ёмонларни ҳам дўстга айлантир.



Баҳоуддин Нақшбанд деди:

Мо ихтиёри хеш ҳам аз даст додаем,

Кон ихтиёти дўст ҳама ихтиёри мост.

(Биз ўз хоҳишимизни қўлдан бой берганмиз, дўстнинг ҳар бир хоҳиши бизнинг хоҳишимиздир.)

Баҳоуддин Нақшбанд деди:

Се нишон бувад валийро, ки нахусти у ба маъно,

Ту чу рўйи ў бибини дили ту баду гирояд.

Дуййум он, ки дар мажолис чу сухан кунад зи маъни, Ҳамаро зи ҳастийи худ ба ҳадис мерабояд.

Сейюм он, бувад ба маъно валийи ахасси олам,

Зи ҳеч узви уро ҳаракоти бад наёяд(Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон. 77, 80-бетлар).

(Авлиёда уч белги бор, билиб олгин, ошино, бири шуки, унинг юзи жалб этади ўзига. Иккинчиси мажлис аро гапираркан авлиё, ром этади ҳамсуҳбатин доимо ўз сўзига. Учинчиси, бул валийнинг ҳамма деган улуғвор, мўътабарлик унга одат, бино қўймас ўзига.)



Баҳоуддин Нақшбанд Амир Кулолнинг сўзини такрорлаб деди:

Маёзор мўру маёзор кас,

Раҳи растакори ҳамин асту бас.

(Чумолига ҳам, одамга ҳам озор берма, нажот йўли шудир.)



Аллоҳ сари борувчи солик олдида доим ҳижоб (парда) бўлади. Бизнинг тариқатимизда солик ўзининг қайси мақомда турганини билмаслиги керак.



Толиб аввалида бизнинг дўстларимиз суҳбатида бўлиши лозим, токи биз билан суҳбатга қурби етадиган бўлсин.



Бу тариқатнинг асосий шарти одобдир ва у ахлоқнинг яхшилиги сўз ва афъолнинг хушлигидан иборат. Кишининг ишдаги одоби у қилган ишидан (ҳам) афзал туради. Аллоҳга, Муҳаммад (с.а.в.)га ва шайхларга одоб бор.



Орифлар уч йўл билан ўзлари учун йўналиш белгилайдилар: муроқаба (кузатиш), мушоҳада (текшириш) муҳосаба (назорат қилиш). Ўзгаларга бу йўл беркдир.



Аҳлуллоҳ ўз хулқларини аъло даражада етказиш, бирорта дилни шод этиш мақсадида халқнинг оғирини енгил қиладилар. Кимки бу дилни шод этса, унга ўша дилдаги Аллоҳ назаридан файз етади. Агар (одамларнинг) камчилигига қарайдиган бўлсак, ёр-дўстсиз қоламиз.



Барча кароматлар тавҳид калимаси (Ла иллаҳа иллаллоҳ) билан ёнма-ён туради.



Тавҳид сирига тезда етишса бўлади, аммо маърифат сирига етиш мушкулдир.



Кимнинг кўнглида бизга нисбатан ихлос ва муҳаббат бўлса, у, хоҳ узокда бўлсин, хоҳ яқинда, бизнинг шафқат тарбиятимиз унга фойда келтиради.



Ўз нафсларингизни ёмонлаб, таҳқир этиб туринг, чунки кимки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло инояти билан ўз нафсини ёмон деб таниган бўлса, бу амал унинг учун осондир.



Иймон - қалбни Аллохдан бошқа ўзига ром этувчи фойдали ва фойдасиз нарсалардан узиб, Ҳаққа боғлашдир.



Бандалик хожалик била тўғри келмайди, шунинг учун хизматкор тутмадик.



Анжуманда хилват - зоҳир юзидан халқ билан ва ботин тарафидин Ҳақ субҳаноҳу таоло билан бўлишдир.



Йўқ ҳеч нимамизу ҳеч нимамиз кам эмас, Бор-йўқ ғами ҳеч қачон биз учун ғам эмас.

Боқ: елкада - жанда, ортимизда қабристон, Бир кун бу жаҳондан кетсак, мотам эмас.



Кўнглимга яна ишқ оташи сочилди, Қаршимда ҳақиқат эшиги очилди.

Аллоҳни кўрувчи кўзга маккор бу хаёл, Парда бўлади деб ундан қочилди.



Ё Раб, не қилай, ҳеч бир эшик очилмас, Гуноҳ кўпидан тилимга сўз ҳам келмас.

Оламда мени бир чақага олмаслар,

Ё Раб, не матоман - харидор топилмас?!



Дил қонидан икки кўздаги нам афзал, Айшу ишратдан аламу ғам афзал.

Ҳақ даргоҳида бир лаҳза дил ҳузури, Жумла олам давлатидан ҳам афзал (Баҳоуддин Нақшданд / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. - Т: «Ўзбекистон», 2009. 278-бет.).

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР