loader
Foto

Маданияти исломия

(1892 йилги 2-нашри (Боқчасарой, «Таржимон» босмахонаси) асосида бугунги ўзбекчага ростланди)

Дунёда минг турли қавм ва халқ бор: бири иккинчисига ўхшамайди, бири-биридан фарқ қилади. Фарқ-ўхшамаслик оқ-қоралигида, оз-кўплигида эмас, маишат(Ҳаёт, турмуш тарзи.)лари, ишлари, ҳунарларининг фарқланишида, ўзгачалигида. Халқлар бор, бу кунда тилсиз ҳайвон даражасида бўлиб, оила, никоҳ, уй-жой, ҳунармандчилик, деҳқончилик нималигини билмай, яланғоч, маймунлар сингари шохдан-шохга сакраб ёхуд тоғу тошларда умр кечирадилар, ов, балиқ билан тирикчилик қиладилар. Халқлар бор, савдо-саноатдан, бинокорлик ва ҳунармандликдан бебаҳра бўлсалар ҳам оила қуриб, никоҳ фазилатларини англаган ҳолда уруғ-аймоқлари билан қирларда, бугун бунда, эртага унда кўчиб юрадилар ва боққан молларини истеъмол қилиб, кун кечирадилар. Булардан бошқа тараққиётнинг юқорироқ босқичида яшаётган халқлар ҳам бор: саноат, деҳқончилик, савдо билан шуғулланадилар, оила ҳам, жамият ҳам, давлат ҳам ташкил этиш даражасига кўтарилганлар, ҳунар, фан, ҳуқуқ, илм ва ахлоқ ошнасидирлар, қишлоқ ва шаҳарларда истиқомат қилиб, қонунлар соясида, осойишталик ва омонликда минг хил иш-куч, минг хил санъат, касбкор, минг хил савдо-саноатни йўлга қўйиб, роҳат-фароғатда дунёда яшаб турибдилар.

Ярим яланғоч, уй-жой, касб-ҳунардан хабарсиз халқлар «ваҳший», яъни ҳайвон қаторида саналиб, уй-жой, касб-ҳунардан хабардор, шаҳар ва қишлоқларда роҳат ва омонликда яшаб турган халқлар «маданий» деб номланадилар.

Маданият кишиларнинг фароғат ва омонлиги инъикосидир. Халқнинг ёхуд миллатнинг маданияти нақадар юксак бўлса, унинг фароғат ва омонлиги ҳам шу қадар таъмин этилган бўлади ва аксинча.

Маданият шундай бир ҳодисадирки, у бирор миллат ёхуд мамлакатгагина хос эмас. Уни ҳар бир миллат ёхуд жамоа эгаллаши мумкин. Лекин уни эгаллаш жуда кўп ва хилма-хил сабаб ҳамда эҳтиёж билан боғлиқ бўлганлигидан баъзи мамлакатлар бу борада илгарилаб кетган бўлсалар, айрим-лари анча орқада қолдилар.

Дастлаб Оврупо маданиятдан бебаҳра қолган эди. Ҳозирда унинг маданияти Осиё маданиятидан ўзиб, илгарилаб кетгани маълум. Замонида овруполик кўйлак нималигини билмай, ҳайвон терисини ёпиниб юрган пайтларда осиёлик пахта ва шойидан кийим кияр эди. Ҳозирда осиёлилар от, эшак ва қайиқларда ўн кунда босадиган йўлини овруполик темир йўл ва пароходда бир кунда босади! Бу маданият даражасининг натижасидир.

Маданият инсон боласига роҳат-саломатлик ва хуш маишат воситаси ҳамда сабабчиси бўлиб, унинг ўзи эса санъат, ҳунар, савдо, фан ва ахлоқ тараққиёти билан чамбарчас боғлангандир. Кимки санъат, ҳунар, фан, ахлоқ йўлида ғайрат кўрсатса, маданиятга ва у орқали бутун инсониятга катта хизмат қилган бўлади.

Мусулмонлар маданиятни қандай тушундилар, уни қай даражага кўтардилар, инсоният оламига қандай фойдалари тегди, кўрайликчи?! Бу, албатта, уларнинг қилган ишларидан, қолдирган ёдгорликларидан маълум бўлади.

Кишиларнинг бу дунёда омонлик ва роҳатда яшамоқлари маданиятга боғлиқ, маданиятнинг даража ва камоли эса, халқларнинг илм-фан, ахлоқ, касб-ҳунарни эгаллаган даражаларига мутаносиб, деган эдик. Шундай, роҳат ва омонлик учун маданият, маданият тараққийси учун илм-фан, саноат тараққийси керак.

Бир миллатнинг маданияти ривожланган бўлса, бу унинг илм-ҳунарни, саноатни етарли йўлга қўйганлиги туфайлидир. Инсониятга фойдаси эса, ўша миллат яратган ҳунарларнинг, кашф этиб, синаб кўрсатган ҳақиқатларнинг, ясаган асбоблари, матоларининг, мошиналарининг, тузган низомлари, ишлатган усулларининг, илм-адабиётга доир китобларининг бошқалар турмуши ва ахлоқи такомилига, роҳат-омонлиги муҳофазасига ёрдами даражасига ва энг муҳими, улар томонидан қабул ва мақбул этилишига боғлиқдир.

Мусулмонлардан оламга ва инсониятга фойда бўлдими? Ислом маданиятидан олам ҳиссаманд ва фойдаманд бўлдими? Бу дунёда фароғат ва омонликда яшамоқ, инсо-ният шарафини кўтармоқ йўлида мусулмонларнинг хизма-ти борми?

Бор ва кўп. Лекин уларни айтишдан олдин яна бир гапим бор. Овруполилар биз «ислом маданияти» деганимизни «араб маданияти» деб талқин қиладиларки, бу тўғри эмас. Эски замонларда барча овруполикларнинг илм ва фанга оид асарлари лотин тилида ёзиларди. Француз, инглиз, немис ва бошқа қавмларнинг олимлари барчаси лотинча ёзиб, миллатдошларига майда-чуйда нарсаларни, яккам-дуккам шеърларнигина раво кўрар эдилар. Оврупонинг ўша илм-маданиятини «лотин маданияти» демоқ тўғри бўладими? Ушбу илм-фан, маданиятни дунёга келтирганлар лотин бўлмай, уни Оврупонинг янги қавмлари яратдилар ва шунга кўра у Оврупо маданиятидир.

Худди шу каби мусулмонларнинг ҳам илм-фанга доир асарларининг барчаси араб тилида ёзилган, лекин уларнинг муаллифлари, кашфиётчилари ва олимлари ҳаммаси араб эмас эди. Турк, форс, ҳинд олимлари ҳам асарларини араб тилида ёзиб келдилар. Фақат кейинги пайтлардангина ҳар қавм илм-фанга оид асарларни ўз тилида ёзишни бошлади.

Кўрган барча мусулмон китоблари арабча бўлганлиги сабабли, Оврупо олимлари, уларни ёзганларни араб, маданиятини эса «араб маданияти» деб ўйладилар. Лекин ислом илм-фанига арабдан ташқари турк, форс ва бошқа қавмларнинг ҳам хизмати бор. Мусулмон олимларининг энг улуғларидан, буюкларидан, масалан, Ибн Синонинг ва Ҳаким Форобийнинг турк, Салоҳиддин Айюббекнинг қурд бўлганлигини ва шу кабиларни билсалар, ислом маданиятини араб маданияти деб айтмас эдилар. Негаки, мусулмон бўлган барча қавмлар ва халқларни бу маданиятга қўшган ҳиссаси ва хизмати бор. Ўғил отадан, ўғил ўғилдан ўрганиб, тараққий топиб боргани сингари саҳнага сўнгроқ чиққан миллатлар ҳам олдингиларининг турмуш, қонун, савдо-саноат кабилардаги ютуқларини ўз тажрибалари, кашфиётлари, тафтишлари билан янада юксалтирдилар ва кучайтирдилар. Ислом маданиятидан олдинги машҳур маданият қадим Миср ва Юнон маданиятидир. Сўнг майдон олган ва ғоят ривожланган маданият ҳозирда Оврупо маданияти бўлиб турибди. Мусулмонларнинг ҳунар-фан, саноат ва тижорати қадим Миср ва Юнондан анча илгарилаб кетгани каби бугун овруполилар бу соҳаларда мусулмонлардан анча ўзиб кетдилар. Оврупо олимларининг кўпчилиги Оврупо маданиятини тўғридан-тўғри юнон маданиятидан деб биладилар, ислом маданиятининг унга таъсирини эътироф этмайдилар. Бу янглишдир, хатодир. Юнон маданиятининг сўнги билан Оврупо маданиятининг бошланиши орасида кечган минг йилда дунё маданиятсиз қолдими? Оврупо маданиятни тўғри Юнондан олган бўлса, нега уни минг йил пойлаб турди? Юнон маданияти Овруподан олдин мусулмонларга ўтди ва мусулмонлар бу маданиятга ривож бериб, камчиликларини озайтириб Оврупога тутқаздилар. Машҳур Юнон олимлари Аристўталис (Арасту), Афлотун ва бошқаларнинг машҳур асарларини овруполиларга етказганлар мусулмонлардир. Овруполилар уларни мусулмон мадрасаларидан, араб таржималаридан ўқиб ўргандилар. Ислом маданиятининг Оврупо маданиятига етказган катта фойдасини айрим фаранг уламолари инкор этмайдилар. Масалан, Америка олимларидан Драбер «Оврупонинг акдий тараққиёти тарихи» номли асарида Оврупо қўлидаги бугунги машъала мусулмонлар ёқиб кетган шамларнинг, чироқларнинг ёғдусидан майдонга келганини айтган эди.

Қуръон оятлари ва пайғамбаримиз ҳадислари, улуғ саҳобалар мисоллари исломнинг маданият асоси ва чашмаси эканлигини кўрсатади. Бу муқаддас чашмадан кўтарганинг ча оби замзам ол, кўпайса-кўпаяди, озаймайди; ислом илм-фанни ёйиш, маорифнинг қадрини баланд тутишни, касб-ҳунар ва савдони эгаллашни, саъй-ғайрат, ҳақиқат ва адолатни, қўйингки, маданият билан боғлиқ барча нарсани қўллайди ва татбиқ этади.

«Бешикдан мозоргача илм талабида бўлинглар», «Илм Хитойда бўлса ҳам бориб эгалланг», «Эрга ҳам, хотинга ҳам илм фарздир», «Илм ислом молидир, қаерда бўлса, топиб олар», «Қалам иши қилич ишидан афзал», «Дунёда тадбир ва саноат билан яшанг», «Ибодатдан сўнг қисматингизни қидиринг», «Танбаллик, илмсизлик макрухдир» ва бошқа бу каби ислом амрларига қатьий риояда келган мусулмонлар илм-маърифатга, саноат ва тижоратга жон-жаҳдлари билан ёпишиб, шундай бир маданиятга эришган эдиларки, Юнон ва Оврупо маданияти ҳар томонлама қоронғи бир зулматга чўккан замонларда ислом мамлакатлари маданият нурлари билан ёришиб, Оврупо маданиятининг онаси мақомига кўтарилди.

Мусулмонларнинг инсонлик тарафига муносиб, унинг маишатига мадор бўладиган, баҳра етказадиган ишлари нималар? Илм-фанда, ҳунар-санъатда, тижорат ва хушбахт умр кечирмоқ йўлида улар қандай ишлар ва хизматлар қилдилар? Кўриб чиқайликчи.

Исмоилбек Гаспиринскийнинг

"Ҳаёт ва мамот масаласи" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР