loader
Foto

Ақийдавий фирқаланиш

1. Хавориж.

Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан баъзи бир ақийда масаласида шубҳали саволлар чиқарганлар ва хаворижлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.

Кечагина Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитда пайдо бўлган одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўзининг услубида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар.

У зот Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижлар билан баҳс қилиш учун юбордилар. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.

Демак, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Чунки, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврига келиб турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмон ўлароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб бир нарсани англатиш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушунчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди.

Шунинг учун ҳам имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу «Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг расулини ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!» деган эдилар.

Ишни ҳакамлар орқали ҳал қилишга келишилганидан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Сиффийндан Кўфага қайтдилар. Аммо у пайтда у кишининг одамлари орасида катта ва хатарли ёрилиш бўлган эди. Ишни ҳакамларга ошириш нотўғри ва залолат бўлди деган фикрни маҳкам ушлаб олганлар алоҳида хатарли кучга айланган эдилар. Ўша қарши чиққанлар Ҳаруро номли қишлоқда тўпланиб йиғин ўтказдилар. Уларнинг сони ўн икки минг атрофида эди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг йиғинига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни гаплашиб кўриш ва насиҳат қилиш учун юбордилар. Аммо бу иш ҳеч қандай фойида бермади. Шунда уларнинг ҳузурига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзлари бориб:

«Бу қарши чиқишингизнинг сабаби нима?» дедилар.

«Сиффийн куни ҳакамга рози бўлганинг», дейишди.

«Аммо мен икки ҳакамга Қуръон тирилтирган нарсани тирилтириб, Қуръон ўлдирган нарсани ўлдиришни шарт қилиб қўйдим», дедилар.

«Бизга айтчи, қон ишида одамларни ҳакам қилиш адолатдан бўладими?!» дейишди.

«Биз одамларни ҳакам қилганимиз йўқ. Биз Қуръонни ҳакам қилдик. Мана бу Қуръон икки жилд орасидаги ёзилган хат, у гапирмайди. Балки у билан одамлар гапиради», дедилар.

«Нима учун ораларингизда маълум вақт белгиладинг бўлмаса?» дейишди.

«Билмаган билиб олиши, билган пишитиб олиши учун. Шояд Аллоҳ ушбу келишув сабабидан бу умматнинг ишини ислоҳ қилса», дедилар.

Шундан кейин улар у кишининг гапларига рози бўлишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хурсанд бўлиб:

«Шаҳрингизга киринг, Аллоҳнинг раҳми ила!» дедилар. Уларнинг ҳаммаси шаҳарга кирдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ва бир қисм одамларни ҳакамлик иши бўйича Давматул Жандалга юборганларида кейин харворижларнинг қиёмати қоим бўлди. Аслида хавориж сўзи «хуруж» қарши чиқишдан олинган бўлиб улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Энди эса уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилганлари учун кофир бўлди деб фатво чиқаришди. Ҳолбуки, улар у кишининг энг ашаддий тарафдорлари эдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар аммо фойдаси бўлмади. Охири уларни йўлга солишдан умидларини узганларида:

«Агар бизга қарши хуруж қилмасингиз, сизларни масжидларимиздан ман қилмаймиз. Модомики қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча биз сизга қарши уруш қилмаймиз», дедилар.

Бу ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бағри кенгликларидан эди. У киши ўзларини кофир деб турган қавмга шу илтифотларни қилаётган эдилар.

Сўнгра ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта аскар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида орқада хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хаворижлар пайтни ғанимат билиб ер юзида катта фасод қилган эдилар. Улар мусулмонларнинг бегуноҳ қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисобалашган эдилар. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди.

Ишнинг тафсилоти қуйидагича бўлган эди.

Хаворижлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб шаҳар қишлоқларга чиқиб ўзларининг тескари ташвиқотларини олиб боришни бошаган эдилар. Улар дуч келган одамни тўхтатиб:

«Ҳакамликни қабул қилиш куфр бўлмаганмиди?

Али ҳакамликни қабул қилиб гуноҳор бўлмадими?

У ўз гуноҳига иқрор бўлиб тавба қилмагунича, унинг байъати ва итоатидан холи эмасмизми?» деб сўрашар эди.

Ким, ҳа, деб жавоб берса уни қўйиб юборишар. Ким, йўқ, деб жавоб берса, уни ўлдиришар эди.

Хавориж аслида аввал ҳам айтилганидек, «хуруж қилувчи» - мусулмонлар бошлиғига ва жамоасига қарши чиқувчи деганидир. Уларнинг тарихини яхшилаб ўрганилган. Аслида хаворижлар таълим тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун ўзининг камчилигини озгина билган нарсасини маҳкаб тутиб ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила ҳаспўшлашга ўтадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қалби қасоватли аъробийлардан иборат эди. Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарслардан асорат ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана ўша омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу энг ашаддий тарафдорлигидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.

Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундоқ мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана ўша асосли мезонга эга бўлиш учун эса Исломий илмланинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босилик ва ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина ўнг ёки сўлга бурилиб ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфини олди олинган бўлади.

Хаворижларнинг дастлабки вакиллари асосан саҳровий араблар бўлиб илм – маърифатдан йироқ кишилар эди. Улар саҳобалар шуҳратига ҳасад билан қарашар ва уларнинг обрўсига шерик бўлишни истар эдилар. Кейинчалик уларга бошқа миллатлардан ўзларига ўхшаганлар қўшилди уларнинг мазҳаби илмий асосда бўлмаса ҳам бир неча ақийдавий масалаларни ўз ичига олган.

1. Гуноҳ қилган мўмин дарҳол кофирга айланади.

Зотан уларнинг мазҳаби таҳким Али розияллоҳу анҳуни, икки ҳакамни ва таҳкимга рози бўлганларни кофир бўлди деган гапларидан бошланган. Баъзи хаворижлар ўзларидан бошқани мўмин эмас дейишгача бориб етган.

2. Золим волийларга қарши хуруж қилиш вожибдир.

Уларнинг мазҳаби худди шу «хуруж» сўзини ўзига исм қилиб олган. Аввалги хаворижлар таҳким масаласига норози бўлиб ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қарши хуруж қилганлар. Хуруж хавориж маҳазбининг асли ҳисобланади.

3. Мусулмонларнинг бошлиғини эркин сайловлар йўли билан сайлаш керак. У қурайшлик бўлиши шарт эмас.

Хаворижлар кейинчалик йигирмага яқин фирқаларга бўлиниб кетган. Аммо улардан тўрттаси маълум ва машҳур бўлган:

1. Азориқа.

Нофеъ ибн Азрақга эргашганлар. У хаворижлардан бошқа ҳамма кофир, бошқа мусулмонларнинг даъватига жавоб берилмайди, сўйишларини еб бўлмайди, қиз бериб, қиз олиб бўлмайди, ораларида мерос бўлмайди каби фатволарни чиқарган эди.

2. Нажадот.

Наждат ибн Омирга эргашганлар. У дин фақат икки нарса – Аллоҳнинг маърифати ва расулнинг маърифатидан иборатдир, дер эди. Яна кимнинг ижтиҳоди уни ҳаромни ҳалол санашга ва ҳалолни ҳаром санашга етакласа у узрлидир, дерди.

3. Абозия.

Абдуллоҳ ибн Абозга эргашганлар. Бу фирқа хаворижлар ичидаги энг ёвош ва муросачи ҳисобланади. Бу фирқага кўра хорижий бошқа мусулмонлар билан оила қурса ва мерос олса бўлади. Абозийлар ҳозир ҳам араб мағрибида яшаб келмоқдалар.

4. Суфрия.

Зиёд ибн ал-Асфарга эргашганлар. Бу фирқа ҳам худди Азориқага ўхшайди.

Хаворижлар бадавий бўлганлари учун улар илмий асосдаги асарлар қолдирмаганлар. Асосан шеър, хутба ва ҳикоялар қолган.

Хаворижларнинг чиқиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан ўз ҳадиси шарифларидан бирида хабар айтиб қўйган эдилар.

У ҳадиси шарифни имом Муслим ва имом Абу Довудлар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг умматимдан Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқадир. Сизнинг Қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Намозингиз ҳам уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Рўзангиз ҳам уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Исломдан ўқ камондан тескари чиққандек чиқурлар. Ўзларича буни ўз фойдаларига ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, у уларнинг зараригадир. Агар уларга мусийбат етказадиган лашкарлар ўзларига набийлари тили ила ҳукм қилинган нарсани билсалар, амалдан тўхтаб қолурлар. Ўша нарсанинг белгиси, уларнинг ичида бир одам бўлур. Унинг билагида чиғаноғи йўқ бўлур. Унинг билагининг учида сийнанинг тугмачасига ўхшаш тугмача бўлур. Унинг устида оқ туклар бўлур», деган эдилар.

Хаворижлар билан бўлган жанг тамом бўлиши ила ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз одамларига мазкур сифатга эга одамни ахтаришни топширдилар. Улар уни топа олмадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари унинг топилмаётганидан маҳзун бўлиб турдилар ва ахтара бошладилар. Охири ўликлар уюлиб ётган жойга бориб бирма-бир қаратдилар. Ўша ердан жасади чиқди. Шунда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳу Акбар! Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғончи бўлмадим! Ана у! Қўли қисқа! Унда суяги йўқ! Учида аёл киши сийнаси тугмачасига ўхшаш нарса бор! Унинг устида бешта, еттита туки ҳам бор!» дедилар.



2. Шийъа

Шийъа сўзи луғатда, «тарафкаш» маъносини англатади. Ислом оламида эса, ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажраб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади. Аслида, шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган. Учинчи халифа, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг вафотларидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Али ибн Аби Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бўлдилар. У кишига тарафдор бўлганлар кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар. Ҳазрати Алининг ўзлари ҳам бу гаплардан бехабар ўтганлар. Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки, сиёсий тарафкашлик оқибатида мухолиф тарафга зид ўлароқ аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.

Тарихчилардан баъзилари бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур «Сиффийин» урушига тўғри келади, дейдилар. Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетганлар.

Ҳозирги кунда аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил саналадиган, энг асосий шийъа мазҳаби, «имомия» ёки «исно ашария» деб номланди. Яъни, улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар. Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйидагилар:

1. Али ибн Аби Толиб, розияллоҳу анҳу.

2. Ҳасан ибн Али, розияллоҳу анҳумо

3. Ҳусайн ибн Али, розияллоҳу анҳумо

4. Али Зайнул Обидийн ибн Ҳусайн

5. Муҳаммад ал-Боқир ибн Али Зайнул Обидийн

6. Жаъфар ас-Содиқ ибн Муҳаммад ал-Боқир

7. Мусо ал-Козим ибн Жаъфар ас-Содиқ

8. Али Ризо ибн Мусо ал-Козим

9. Муҳаммад ал-Жавод ибн Али Ризо

10. Али ал-Ҳодий ибн Муҳаммад ал-Жавод

11. Ҳасан ал-Аскарий ибн Али ал-Ҳодий

12. Муҳаммад ал-Маҳдий ибн Ҳасан ал-Аскарий.

Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми, Муҳаммад ал-Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида Сорраман Раъо деган жойда отасининг ҳовлисида бир ғорга ўхшаш жойга кириб кетгану бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қиладилар.

Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича, имомлик, яъни ягона диний раҳбар зарурий бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади. Мисол учун, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алига васият қилганлар, ўз навбатида, ҳазрати Али, имом Ҳасан ва Ҳусайнга ва ҳоказо.

Шийъаларнинг эътиқоди бўйича, имом гуноҳлардан пок, тўлиқ илм соҳиби бўлади. Пайғамбардан фарқи, ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар.

Улар ҳар куни Шом намозидан кейин, Имом Маҳдий кириб кетган, деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча, имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра эртага қайтиб келамиз, деб тарқалишади. Улар, имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.

Имомия шийъаларининг энг машҳур ақийдаларидан бири «тақийя»дир. Яъни, бу-инсон ўзини сақлаш учун баъзи ҳийла ва алдовларни ишлатиши мумкин, деган гап. Имомия мазҳабидагилар ҳузурида «тақийя» диннинг аслидан ҳисобланади, ким унга амал қилмаса, намоз ўқимаган билан баробар бўлади. Ким уни тарк қилса, диндан чиқади. Бу гапларига ўзларининг бешинчи имомлари Жаъфар ас-Содиқнинг: «Тақийя менинг ва оталаримнинг дини, кимнинг тақийяси бўлмаса иймони ҳам йўқдир» деган гапини далил қилиб келтирадилар.

Имомия шийъаларини машҳур қилган сабабларидан бири «мутъа» никоҳдир. Яъни, мазза қилиш учун уйланиш. Бир аёл билан келишиб, ҳаққини бериб, маълум муддат, кун ёки соатга никоҳ қилиб олиш. Улар мутъа никоҳини энг яхши ибодат, қурбат ҳосил қилишнинг афзал йўли, деб эътиқод қиладилар.

Шийъалар кўпчилик саҳобаларни, айниқса уч халифа: Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва Усмон Зуннурайниларни лаънатлашади. Уч халифа зулм билан Алидан халифаликни тортиб олишган, деб айблашади. Улар, шунингдек, Ойша онамизни ҳам сўкадилар. Шундан келиб чиқиб, улар ҳазрати Алидан бошқа саҳобалар ривоят қилган ҳадисларни қабул қилмайдилар.

Баъзи муболағага кетган шийъа тоифалари фаришта Жаброил алайҳиссаломни ҳам сўкадилар. Улар у зотни ваҳийни адашиб Алига эмас, Муҳаммадга олиб тушган, деб айблайдилар.

Шийъаларнинг ўзларига хос байрамлари бор. Улардан бири «Ғадийр ҳайити», бу кун зилҳижжа ойининг 18-куни нишонланади ва катта ҳайит, деб номланади. Уларнинг эътиқоди бўйича бу ҳайт, қурбон ва рамазон байрамларидан ҳам улуғ ҳисобланади. Шийъаларнинг айтишларича, худди шу куни Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига халифаликни васият қилган эмишлар.

Шунингдек, улар наврўзни ҳам байрам қиладилар. Бу форсларнинг қадимий байрамидир.

Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳисобланади. Улар Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар. Эътиқодлари бўйича ўша кунлари ким ўзини кўпроқ қийнаса, шунча кўп савоб олади.

Имомия шийъаларининг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига нисбатан энг катта ақийдавий хилофларидан бири, у дунёда мўминлар Аллоҳнинг жамолини кўрмайдилар, деб эътиқод қилишларидир.

Имомия шийъаларининг хилофлари фақат ақийдавий масалалар билан чекланиб қолмайди. Балки, фиқиҳ масалаларда, яъни шариатга амал қилиш бобида ҳам кўп. Уларнинг фиқҳини жаъфарий фиқҳ ҳам дейилади. Ўзлари ҳам биз жаъфарийлармиз дейишади. Бу бешинчи имомлари Жаъфар ас-Содиққа берилган нисбатдир.

Баъзи мисоллар келтирадиган бўлсак, шийъалар таҳорат қилганда, оёқларини ювмайдилар. Балки, оёқларига масҳ тортадилар. Шунингдек, Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон намозларини қўшиб ўқийдилар.

Имом йўқолганлиги сабабли, имомликка муносиб шахс йўқлигидан жамоат намози ўқимайдилар ва ҳоказо.

Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби, Имоми Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Эрондан уйланишлари бўлган, дейдилар. Шу қаробат туфайли, сиёсий жанжалларда эронликлар Имоми Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади. Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўлдилар.

Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Қувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.

Собиқ Совет Иттифоқини назарда тутадиган бўлсак, Озарбойжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир.

Шунингдек, Шимолий Қафқознинг Озарбойжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир. Бизнинг Туркистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрондан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшайдилар. Уларнинг маҳаллий аҳоли асли Эрондан бўлганлиги учун эронийлар ҳам деб, атайдилар. Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.

3. Мушаббиҳа.

Аллоҳ таолони сифатларида махлуққа ўхшатганлар. Улар насороларнинг аксидирлар. Насоролар махлуқни - Ийсо алайҳис саломни-Холиққа ўхшатишган Унга илоҳийлик сифатларини беришган. У зот, алайҳис саломни илоҳ қилиб олишган. Улар мушриклардир.

4. Мўътазила.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўлимидан кейин, иккинчи юз йилликнинг бошларида Аҳли сунна ва жамоадан четга чиққанлардир. Уларнинг бошлиқлари Амр ибн Убайд (144 ҳижрий санада вафот этган) ва Восил ибн Ато (131 ҳижрий сана вафот этган)лардир. Улар Аҳли суннадан четга чиқиб ўтирар эдилар. Қатода раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқалар уларни: «Анавилар, «мўътазилалар»-четга чиққанлар-деб номлашган. Жамоатдан четга чиққанлари учун шу номни олганлар. Ривоят қилинишига, уларнинг мазҳабининг асосчиси Восил ибн Атодир. Унга Ҳасани Басрийнинг (110 ҳижрий санада вафот этган) шогирди Амр ибн Убайд эргашган.

Мўътазила мазҳаби беш асосга бино қилинган.

1. Адл.

Аллоҳ таоло ёмонликни яратмайди ҳам, унга ҳукм ҳам қилмайди. Чунки, агар Аллоҳ ёмонликни яратиб туриб, сўнгра уни қилганларни азобласа жавр-зулм қилган бўлади. Аллоҳ таоло одилдир. Жавр қилмас.

2. Тавҳид.

Аллоҳ бир – яккаю ёлғиз. Шунинг учун унинг сифати ҳам бўлиши мумкин эмас. Аллоҳнинг тавҳиди уни кўришни ман қилади. Чунки У кўзга кўринса жисми ва жиҳати бор бўлиб қолади. Қуръон Аллоҳ таолонинг махлуқи бўлмаса, Аллоҳнинг тавҳидига футур етади.

3. Ваъд ва ваъийд.

Аллоҳ таоло ваъда қилган нарса ҳам, қўрқитган нарса ҳам бўлиши шарт. Яхшилик қилганга мукофот, ёмонлик қилган жазо берилиши лозим. Шунинг учун гуноҳи кабира қилган одамни Аллоҳ таоло мағфират қилмайди.

4. Икки манзила ўртасидаги манзила.

Гуноҳи кабира қилган одам иймон мнзиласи билан куфр манзиласи ўртасидаги манзилада бўлади.

5. Амри маъруф ва наҳйи мункар.

Ҳар бир мўмин амри маъруф – наҳйи мункар қилиши вожиб.

Ҳорун ар-Рашид замонида Абул Ҳузайл (235 ҳижрий санада вафот этган) уларнинг мазҳабини баён қилувчи иккита китоб тасниф қилди. У бу мазҳабни беш асосга, Адл, Тавҳид, ваъда қилиб қўрқитилган нарсанинг бўлиши ва икки манзила ўртасидаги манзила, амри маъруф ва наҳйи мункарлардан иборат асосларга бино қилди. Улар ҳақ билан ботилни аралаштириб юбордилар. Бидъатнинг шаъни ўзи шундоқ, ҳақ ва ботилни ўз ичига олади.

Шундоқ қилиб, улар ўз асосларининг ҳар бири билан бир бидъатини пардалаштирдилар:

1. Мўътазилийлар адолат шиори билан қадарни манфий қилишларини пардаламоқчи бўлдилар. Улар: «Аллоҳ таоло ёмонликни яратмайди ҳам, унга ҳукм ҳам қилмайди. Чунки, агар Аллоҳ ёмонликни яратиб туриб, сўнгра уни қилганларни азобласа жавр-зулм қилган бўлади. Аллоҳ таоло одилдир. Жавр қилмас», дедилар.

2. «Тавҳид» билан Қуръоннинг халқ қилингани ҳақидаги бидъатларини пардалаштирдилар.

3. «Ваъда қилиб, қўрқитилган нарсанинг бўлиши» ила гуноҳкорларни афв ва мағфират қилиш йўқ, деган бидъатларини пардалаштирдилар.

4. «Икки манзила ўртасидаги манзила» билан эса, гуноҳи кабира қилганларнинг иймондан чиқиб, куфрга кирмасликлари ҳақидаги бидъатларини пардалаштирдилар.

5. «Амри маъруф ва наҳйи мункар» ила имомларга қарши, агар улар жавр қилсалар, уруш қилиш жоизлиги ҳақидаги бидъатларини пардалаштирдилар.

5. Жаҳмия.

Жаҳм ибн Софвон Самарқандийга эргашганлардир. У сифатларни нафий қилгандир. Жаҳмийлар аслида Аллоҳнинг сифатларини инкор қиладилар. Улар таътийл-сифатларни амалдан қолдириш - ҳақида гап юритадилар. Жаҳм ўз ақидасини 118 ҳижрий санада Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий томонидан Воситда ўлдирилган ал-Жаъд ибн Дирҳамдан олган.

Холид ибн Абдуллоҳ Қурбон ҳайити куни одамларга хутба қилиб: «Эй одамлар, қурбонлик қилинглар. Аллоҳ қурбонлигингизни қабул қилсин. Мен ал-Жаъд ибн Дирҳамни қурбонлик қиламан. У, Аллоҳ Иброҳимни халийл қилиб олмаган, Мусога гапирмаган, деб даъво қилмоқда. Аллоҳ ал-Жаъд айтаётган нарсадан олийдир», деди. Сўнг тушиб бориб, уни сўйди.

Мазкур мазҳабни «Жабрия» деб ҳам аталади. Улар банданинг қилган ишида ўз ихтиёри йўқ, деб эътиқод қилувчилардир. Уларнинг фикрича банда барча нарсани ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади. Уларнинг бу фикри ҳам аслида юқорида зикр қилинган Жаҳмга оиддир.

6. Қадария.

Банда ўз ишларини қилишга қодирдир, уларни яратувчидир, деб эътиқод қилувчилардир. Улар ҳар бир яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳнинг тақдир қилиши билан бўлишини инкор қиладилар. Уларнинг наздида банданинг иши Аллоҳнинг қадари, илми ва иродаси билан бўлмайди.

Мўътазила билан Қадария бир нарсадир. Лекин, Аҳли сунна ва жамоадан четга чиққанлари учун Мўътазила, қадарни инкор қилиб, банда ўз ишини ўзи халқ қилади, деганлари учун Қадария, дейилади.

7. Муржиа.

«Муржиа» сўзининг луғавий маъноси «умид қилдирувчи» ва «ортга сурувчи» деган икки хил ифодадан иборатдир.

Бу тоифага мансуб кишилар мусулмоннинг қанча гуноҳи бўлса ҳам Аллоҳ кечиб юборади, деганлари учун шу ном билан «Муржиа» – «умид қилдирувчилар» деб номландилар.

Шунингдек, «гуноҳ қилган мусулмонларнинг ишини ортга сурамиз, Аллоҳ Ўзи билиб муомаласини қилади», дегани учун, «Муржиа» – «ортга сурувчилар» ҳам дейилди.

Яъни, бу ерда бир лафз билан икки маъно кўзда тутилган.

«Муржиа»лар ҳам «Қадария»ларга ўхшаб алоҳида имомлари, эргашувчилари, тузумлари ва фикрий мактаблари билан ажраб чиққан эмаслар. Балки, ким юқорида зикр қилинган «иржо» фикрига қўшилса ўшани муржиа дейилаверган. Бу фикр ва эътиқоднинг келиб чиқиши мусулмонлар ўртасидаги сиёсий ихтилофлар натижаси ўлароқ келиб чиққан фикрий-ақидавий ихтилофлар тарихига бориб тақалади.

Маълумки, ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумолар ўртасидаги сиёсий ихтилоф оқибатида «Хавориж» мазҳаби юзага чиқди. Улар биринчи бўлиб мусулмонларни амали туфайли кофирга чиқаришга ўтдилар. Гуноҳи кабира (улкан гуноҳ) қилган мўмин ким?» деган масалада қаттиқ ва давомли тортишувлар бўлди. Хаворижлар ҳеч иккиланмай: «гуноҳи кабира қилган мўмин, кофир бўлади, дўзахда абадий қолади» дедилар.

Мўътазилийлар, «Иймон билан куфр орасидаги оралик манзилда қолади, У мўмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас», дедилар.

Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Жубайр каби кишилар, гуноҳи кабира қилган мўмин мунофиқ бўлади, дедилар.

Аҳли сунна ва жамоа эса «гуноҳи кабира қилган мўмин осий бўлади, гуноҳига яраша дўзах азобини тортиб, кейин қайтиб чиқади», дедилар.

Аммо ихтилоф кучайиб, мўминларни кофирга чиқариш авж олаверди. Ҳар кимнинг ўз фикрига таассубли бўлиши ҳам кучайиб бораверди. Тарафкашлик бор жойда, ҳаддан ошиш бўлиши ҳаммага маълум. Хаворижларнинг мўмин одамни сал нарсага кофирга чиқараверишларига қарши бўлган тарафлар ичида ҳам ҳаддан ошувчилар чиқди. Улар хаворижлар нима деса, шуни ёлғонга чиқаришга киришиб кетдилар. Улар аввалига гуноҳкор мўмин осий бўлади, деган фикрга қўшилган эдилар.

Ихтилофлар кучайгач, гуноҳкор мўминнинг иши ортга сурилади, нима қилишни Аллоҳнинг ўзи билади, аммо кечиб юбориши устун, дедилар. Таассублари янада кучайгач, иймон–тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир, амалнинг иймонга дахли йўқ, дейишди. Шунинг учун гуноҳ амал қилган одам мўминликдан чиқмайди, дейишди.

Бориб-бориб, амал куфр билан фойда бермаганидек, иймон билан ҳам зарар бермайди, дедилар. Яъни, кофир одамнинг қилган яхши амали кофирлиги туфайли унга фойда бермаганидек, мўмин одамнинг қилган гуноҳи иймони борлиги туфайли унга зарар бермайди, дедилар. Бу–тили билан иймон калимасини айтиб қўйиб, дили билан тасдиқ қилиб, хоҳлаган гуноҳни қилавериш мумкин, заррача зарар бўлмайди, тўппа-тўғри жаннатга бораверади, дегани эди. Ва ниҳоят, иймон дил тасдиғидир, агар тилида куфр сўзларини айтса ҳам бўлаверади, дейишгача боришди.

Кўриниб турибдики, «жаҳл келганда ақл кетар» қабилида иш бўлган. Асосан, қуруқ жанжал, даҳанаки жанг, тарафкашлик шу оқибатга олиб келган. Аммо, «иржо» яъни, муржиаларнинг фикри доимо мусулмонларнинг қаҳрига учраган. Шунинг учун ҳам бу фикр намояндалари ўзларини кўпчиликка танита олмаганлар.

Бунинг ўрнига Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларга ўхшаш улуғ кишиларни муржиалар, деб гап тарқатишга ўтганлар. Аслида эса, бу улуғ зотлар иржо фикрига мутлақо қарши бўлишган. Хаворижлар уларни «муржиа» деб атаганлар.

Бу улуғ зотлар Аҳли сунна ва жамоанинг имомлари бўлганганлар, ҳам хаворижларга, ҳам марижиъаларга қарши бўлганлар.

Тарихий ва мазҳабчилик манбаъларига назар соладиган бўлсак, муржиаликнинг фикр сифатидаги васфларини кўп кўрамиз. Аммо ҳаракат сифатида, татбиқ қилинган нарса сифатида унинг бирор нарсасини кўрмаймиз. Уларнинг бошлиқлари, кўзга кўринган арбоблари ким эканини ҳам кўрмаймиз.

Шунингдек, муржиа фикрини татбиқ қилиб яшаган бирор гуруҳни ҳам билмаймиз. Муржиалик фикрини олға сурган кишиларнинг ўзлари гуноҳ ишларни қилиб, савоб ишларни тарк этганлари тўғрисидаги хабарларни ҳам учратмаймиз.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР