loader
Foto

«ДОББАТУЛ АРЗ» ҲАҚИДА

Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз - қиёмат азоби тушиши чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон ҳам қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, «тавба қилса, фойда бермайдиган вақт»да чиқиши ҳақида хабарлар келган.

Ҳофиз ибн Касир: «Бу жонивор охирги замонда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганларида чиқади», деганлар.

Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам хонадан биз томонга қараб (чиқиб) келдилар. Биз қиёмат ҳақида гаплашаётган эдик. Шунда у зот: «Унта белгини кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди. Қуёш мағрибидан чиқиши, тутун, добба...» дедилар». Имом Аҳмад ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман: «Қиёматнинг биринчи аломатларидан қуёшнинг мағрибидан чиқиши ва чошгоҳда одамларга добба - жониворнинг чиқишидир. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг ортидан чиқади». Муслим ривоят қилган

Шу билан бирга, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар.

Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш энг яхши иш. Қолгани эса фақат Аллоҳ таоло биладиган ғайб илмидир.

«Қачонки уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида Биз улар учун ердан бир добба - жонивор чиқарамиз».

Бу «жонивор» оятда «добба» деб айтилган. «Добба» «ер юзида аста юрувчи» деганидир. Қорни билан судралиб юрадими, икки, тўрт ёки сонсиз-саноқсиз оёқлари билан юрадими, фарқи йўқ. Диний адабиётимизда ҳам бу жонивор «доббатул арз» номи билан машҳур бўлган.

Демак, қиёмат яқинлашганда ўша жонивор чиқади ва: «У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб беради».

«Доббатул арз»ни одамларга гапиртиришдан мақсад уларнинг илоҳий оятларга иймон келтирмайдиган бўлганликларини билдириш экан.

Қандай қилиб айтишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Добба имо-ишора билан тушунтирадими, ҳамма инсонлар тушунадиган тилда гапирадими ёки инсонлар унинг тилини тушунадиган бўлиб қоладиларми, ҳеч ким бу ҳақда ҳеч парса билмайди. Валлоху аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР