loader
Foto

Атеизмнинг илдизи

Сўнгги асрлардаги атеист файласуфларининг насроний динини танқид қилган услубларини бугунги ўзбек атеистлари ҳам Исломга қарши қўлланиши ҳам омил сифатида гавдаланмоқда.  Замонавий атеистларнинг барча медиа ресурсларидан фойдаланган ҳола жамоатчилик ичида анча фаол тарзда атеизмни тарғиб қилиши ҳам бор нарса. Уларнинг ичида Ричард Докинз, Кристофер Хитченз, Сэм Харрис ва Дэниел Деннет каби “янги атеистлар” оқими ва уларнинг ҳаракатлари тарафидан нашр қилинаётган китоблари, суҳбатлари, ҳужжатли фильмлари, ТВ ва газеталардаги чиқишлари ҳам атеизмнинг тарқалишига ўзига яраша хисса қўшмоқда. Совет файласуслари ичида худди Карл Маркс ва Владимир Ленинлар каби бўлганидек атеистик жамиятларда ҳам янги атеистларнинг асарлари оммалашаётгани, уларнинг катта обрў қозонишларига ўхшаб кетади.

Бу мақоланинг вазифаси замонавий атеизмни танқид қилиш эмас, бу нарсани кейинги мақолаларнинг бири учун  мавзу қилиб қолдираман. Замонавий жамият онгидаги атеизм муаммосини тушуниш учун энг аввал унинг вужудга келиши ва тарқалишига сабаб бўлган омилларни билишимизни тақозо қилади. Шунинг учун ҳам фақат ўтмишдаги атеизм эмас, балки умуман атеизмнинг келиб чиқиш сабабларига тўхталиб ўтамиз.

Атеизм генезиси масаласига тўхталишдан олдин, атеизм XVII-XVIII асрда яшаган ва черковга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Ғарбий  Европанинг даҳрий мутафаккирлари орасида пайдо бўлганини эътироф этиш керак. Диний ёки черковга боғлиқ файласуфлар орасида атеизмнинг пайдо бўлишини умуман тасаввур қилиб бўлмайди. Улар орасида черковдаги иллатларни танқид қилганлар бўлса ҳам ҳар ҳолда, улар динларидан бутунлай воз кечишмаган (масалан, Жордано Бруно, Томмазо Кампанелла ва шу кабилар).

Аввалдан таъкидлаб қўйиш керакки, Ғарбий Европадан бошқа ерда атеизм пайдо бўлиши мумкин эмас эди. Бу ўша ерларнинг ўзига хос маданий муҳитига ҳам боғлиқдир. Бу муҳитнинг шаклланиши қанчалик ажабланарли бўлмасин, буларга Рим католик черкови  сабабчи эди. Дунёнинг бошқа ерларида атеизм табиий йўллар билан пайдо бўлиши мумкин эмас эди. Бу ғоялар асосан Ғарбий Европанинг даҳрий мутафаккирларига эргашмоқчи бўлганлар тарафидан ўз юртларида тарғиб қилинди. Шарқий ва Жанубий Европа мамлакатлари шулар жумласидандир. Россия ва унинг таъсирида бўлган мамлакатларда ҳам атеизм XIX аср охирларида тарқала бошлади. Айниқса, Виссарион Белинский ва Александр Герцен асарларида бу нарсалар яққол кўзга ташланади. Маҳаллий атеист файласуфлар Ғарбнинг баъзи фалсафий ғояларини ўзлаштирдилар, ҳамда бу таълимотлардаги Ғарбнинг ўзигагина хос бўлган унсурларидан тозалаб, ўзларидан ҳам маҳаллий аҳолига тушунарли бўлган у бу нарсаларни қўшишди.

Ғарб маданиятининг қайси бир хусусиятлари атеизмнинг ривожланишига хисса қўшган?

Энг аввало, юқорида таъкидлаганимдек, атеизм ривожланиб кетишига Рим католик черкови таълимотлари сабаб бўлган. Умуман олганда тўлиқ насронийлик эмас, балки айнан католик черковига хос бўлган нарсалардир. Бу ерда энг асосий жиҳат, католикларнинг Худони одам шаклида тасаввур қилдириши эди. Насронийларнинг  Ғарб ва Шарқий черковларида Ҳудо ҳақида турли хил тасаввур қилиш муаммоси бор. Ғарб черкови қабул қилган Худо ҳақидаги тушунча атеистик ғояларнинг келиб чиқиши ва кенг тарқалишига сабаб бўлган.

Агар қисқча айтадиган бўлсак, православ черковида Худони қандайлиги мавҳум, Уни билиб бўлмайди, деб ўргатадиган бўлса, католик ва протестант черковларида Худони қандайдир олий бир шахс, деб тушунадилар. Худони қандайдир шахс сифатида тасаввур қилиш қийин бўлса ҳам, Ғарбий насронийлар учун Худонинг шахси ҳақида ақиданинг асосчилари Масъуд Августин учун бу нарса қийин бўлмаганга ўхшайди. Эҳтимол, у Эски Аҳддаги Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик, деган жойини қаттиқ ушлаб олган ва одамларга хос хислатларни Худога ҳам бериб, талқин қилган.

Замонавий католик ва протестант олимлари шахсга ўхшаган Худо ҳақидаги концепцияни қайта кўриб чиқишга уриниб кўришгани билан бу ҳақда ҳеч нарса қила олмаяптилар. Чунки, бу ҳақида иймонга боғлиқ ақидаларига қаттиқ ёзиб қўйилган. Шундай бўлишига қарамай, феминисталар тарафидан Иоанн-Павл II берилган саволга Худо “эркак ҳам аёл ҳам эмас, у Оламий Руҳ” деб жавоб берган.

Айнан шу нарсалар туфайли, XV-XVII Ғарбий Европада черков иллатлари ва уларнинг баъзи ақидавий масалаларини танқид қилиниши билан атеизм шаклланишига сабаб бўлди. Уларнинг танқидларидаги марказий нарса Худони шахсга ўхшатиш масаласи эди. Бироқ, шундай бўлса ҳам бу мутафаккирлар Худони инкор қилишгача боришмаган, улар фақат Худо ҳақида ўша вақт (католикларнинг) қарашларини танқид қилган, холос. Шу тарзда деизм ва бироздан сўнг пантеизм каби диний ғоялар пайдо бўлди. Сўнгги қадамни XVIII аср даҳрий файласуфлари қўйишди ва Худони инкор қилиб, Худо йўқ дея бошлашди.



Нега файласуфлар бундай қадам қўйишди? Ҳаммаси оддий. Уйғониш даври фалсафасининг асосий хислати рационализм, яъни инсон ақлига суяниш эди. Илм-фан ривожланиши учун бу қоида фойда бўлиши мумкин, чунки илмий тадқиқотларда объективлик жуда муҳим. Бироқ салбий тарафи ҳам бор: агар бирон нарсани ақл (илм-фан) билан таний билмаса, ўша нарса йўқ, деган хулоса қилишга сабаб бўлди. Демак, Худони ақл билан билиб бўлмас экан, Уни инкор қилиш мумкин бўлиб қолди эмиш (астағфируллоҳ). Ўша мутафаккирлар инсоннинг ақли улар ўйлаганидек кучли эмас, балки нуқсонли экани, дунёда шундай мураккаб нарсалар борки, уни ақл билан топиб бўлмаслиги ҳақида ўйлаб кўришмаган.

Бу мутафаккирлар учун черков ва умуман диннинг реакцион роли ҳақида гапириш мантиқли кўринган ва бу билан улар атеизмдан антиклерикализга қараб ўтлаб кетишди. XVIII аср охирида рўй берган Буюк француз инқилоби мисолида буларни яққол кўришимиз мумкин: рухонийларга қарши қатағонлар, черковларнинг вайрон қилиниши ва ҳоказолар.

Нега айнан  XVIII асрда атеизм пайдо бўлди?

Бунинг жуда кўп сабаблари бор. Биринчидан, турли хил тарихий воқелар сабабли Рим Католик черковининг обрўсининг тушиб кетиши (Салбчилар юриши, Папаларнинг Авинон асирлиги, папаларнинг Европа мамлакатларининг сиёсатига фаол аралашуви, Реформация ва ҳоказолар).

Иккинчидан, ўша давр Европада папларнинг ўрни хавас қиладиган даражада бўлмаган. Европанинг ярмидан кўпи (Британия, Швеция, Нидерландия ва олмонларнинг жуда кўп князликлари) протестанликка ўтиб кетишган эди. Католикларнинг йирик мамлакатлари (Франция ва Испания каби) папага садоқати йўқ ҳамда керак бўлса улар сиёсий масалаларда папанинг ўзига ҳам қарши чиқиши мумкин эди.

Учинчидан, XVII асрдаги Британиядаги инқилоб ўша давр Европасига катта таъсир ўтказган. Бутун қитъа бўйлаб инсоннинг табиийи ҳуқуқлари (айниқса, Жон Лок) ҳақидаги ғоялар тарқала бошланди.

Тўртинчидан, Европада илмий-техник ривожланиш авжига чиқаётган эди. Бу ҳолатда файласуфлар илм-фанни ҳар қандай ташқаридаги таъсирдан озодликка чорловчи ғояларни ишлаб чиқдилар. Тахминан ўша даврларда Фрэнсис Бэкон эмпиризм (тажриба орқали билиш), Рене Декарт рационализм (ақл ёрдамида билиш) назариясини ишлаб чиқди. Ўша давр сўнгги илм-фан кашфиётлари ёрдамида табиат ҳақидаги баъзи тасаввурларга илмий жиҳатдан қайта назар ташладилар. Айнан шу тарзда XVII асрда механик материализм пайдо бўлди. Ҳозир бу нарсалар оддий бўлиб кўринсада, бироқ ўша давр бу нарсалар ҳақиқий янгилик эди. Жон Толанд и Жюлн Ламетрилар каби файласуфлар инсон организмини материалистик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқдилар.

Ва ниҳоят, бешинчидан, Европанинг иқтисодий ривожланиб кетиши илк капиталистик буржуазия ривожланишига боғланади. Ўшанда жамиятда феодал аристократия ҳукмрон мавқега эга эди. Кучайиб бораётган буржуазия ўзлари учун иқтисодий-ижтимоий соҳаларда ҳукмрон бўлишга ҳаракат қилди.

Бу синфлар ўртасидаги кураш натижасида буржуазия ўзи учун керак бўлган, яъни феодал аристократия ва черков билан бўлаётган тўқнашувида  кучга эга бўлишига сабаб бўладиган фалсафий концепцияларни қўллаб-қувватлади. Биринчи зикр қилинганларни Жона Лок ва Шарл Монтескеларнинг табиийи ҳуқуқлари ғоялари талқини билан зарба бериш мумкин бўлган бўлса, иккинчиларни эса атеизм билан “тинчлантириш” мумкин бўлди. Бироқ, мазкур концепцияларнинг ривожланишига буржуазия сабабчи бўлдими ёки файласуфлар ишлаб чиққан концепция ғояларидан буржуазия фойдаландими, бу нарсалар охиригача маълум эмас.

Яна, бошқа жиҳатларга тўхталиб ўтсак бўларди, бироқ юқорида зикр қилинган сабаблар кифоядир.

Демак, атеизм XVIII асрдан олдин пайдо бўлиши мумкин эмас. Баъзи атеистларнинг, айниқса советларнинг атеизмни қадимий бир ҳақ таълимот қилиб кўрсатишга уринишлари ҳақиқатдан анча йироқ ва асоссиздир. Антик файласуфларидан бўлган Демокрит, Эпикур ёки Лукреций кабиларнинг таълимотлари билан ўшанда ҳам атеизм бор эди, деб фикр қилишда маъно йўқ (ўрта асрлардан эса атеистларни қидириш бемаъниликдир). Уларга табиатнинг мураккаб қонунлари, физикларнинг сўнгги асрлардаги кашфиётлари маълум эмас эди. Шунинг учун ҳам уларда Худони инкор қилувчи тўлақонли фалсафий назарияни вужудга келтириш учун материаллар етмас эди. Улар ўша давр, яъни қадимги дунёдаги маълум бўлган динлардаги иллатларни, оммавий жоҳилликни танқид қилишлари мумкин бўлсаларда, бундан ортиғини қила олмаганлар.

Бугунги кунда ўзларини атеистмиз, деган ўзбеклар ҳам пайдо бўлди. Уларда на илм, на унвон на бошқа нарсалар бор. Улар асосан, ўша XVIII асрдаги Ғарбий Европа даҳрий файласуфлари ва улар таъсиридан таъсирланган ва Рим католик черковини танқид қилган қолипларни Ҳақ дин бўлмиш Исломга қарши ишлатишга уриниб ётибди. Улар ўзларининг бундай примитив ҳатти-ҳаракатлари билан XXI асрда яшаётгани, илм-фан кашфиётлари Исломнинг ҳақлигини аллақачон исботлаб берганидан бехабар эканини кўрсатиб беришмоқда, холос ))

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР