loader

Расулуллоҳнинг яширин даъватга ўтишлари

Муҳаммад алайҳис-салом аста-секин динга даъват этишни бошладилар. Одамларни бировга на фойда, на зиён келтириш қўлидан келмайдиган бутларга чўқинишни йиғиштириб, Оллоҳга ибодат қилишга чақирдилар. Одамларнинг: "Биз ота-боболаримиз тутган йўлдан юриб, улар танлаган динга сиғиняпмиз", дейишдан бошқа важ-корсони йўқ эди. Бу одамлар ўта такаббур, димоғидан эшак қурти ёғиладиган мағрур, гўзал одоб-ахлоқнинг яқинига ҳам йўлашмаган эди. Мана шу феъллари туфайли уларнинг ўртасида қон тўкиш, бот-бот талон-тарож, уруш-жанжал чиқиб турарди. Расулуллоҳ мана шу жоҳил кимсаларга меҳр-оқибат, қон-қондошликни улуғловчи ислом динини олиб келдилар. Ақли расо инсонлар у кишининг гапларига ишониб, бутларга сиғинишни бас қилишди, бироқ юқори мартабали амалдорлар ўз обрў-эътиборидан ажраб қолишдан қўрқиб, исломни рад этишди. Кибру, ҳавоси бунга йўл қўймади. Ислом динини биринчи бўлиб Ҳувайлиднииг қизи ва расулуллоҳнинг умр йўлдоши Хадича билан амакиларининг ўғли Али қабул қилди. Алини пайғамбар алайҳис-салом ўз тарбияларига олдилар, чунки юртда қаҳатчилик юз бериб, серфарзанд Абутолибнинг тирикчилиги ғоят оғирлашиб қолган эди.
Расулуллоҳ амакилари Аббос ибн Абдумутталибга: "Биродаринг Абутолиб жўжа-бирдай жон, қаҳатчилик бечоранинг илигини чақиб қўйди. Юр, унинг огирини енгиллатиб, биттадан боласини олайлик", дедилар. Бу таклифдан Абутолибнинг боши кўкка етди. Аббос Жафар ибн Абутолибни, пайғамбар алайҳис-салом эса Али ибн Абутолибни олдилар. У то балоғат ёшига етгунча худди ўз фарзандларидек суюб тарбияладилар. Али балогат ёшига етгач, ҳамма нарсада расулуллоҳдан ибрат олиб иш тутди, жаҳолат даврининг ҳою-ҳавасларига кўнгил бермади, ёмон хулқ-атворлардан сақланди, бутга чўқинишдан ўзини тийди. Улардан ибрат олиб Зайид ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ҳам мусулмон бўлди. У расулуллоҳнииг озодгардаси (озод қилган қули) бўлиб, одамлар Муҳаммаднинг ўғли дейишарди. Пайғамбар алайҳис-салом уни сотиб олиб, озод қилганларидан кейин худди ўз фарзандларидек тарбиялаган эдилар. Арабларда асранда бола ҳам ўз фарзанди қатори ҳисобланиб, мерос олар, ўз навбатида у ҳам мерос берарди. Расулуллоҳ энагалари Умму Айманни Зайидга олиб бердилар. Бу оиладан ташқаридаги дастлаб исломга кирган одам тайм жамоасидан Абубакр ибн Абу Қуҳофа (ибн Омир ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра) эди. Расулуллоҳнинг болалик дўстлари бўлган бу одамнинг гувоҳлик беришича, пайғамбар алайҳис-салом умрларида бирон марта ахлоқсизлик қилмаганлар, бирон марта ёлғон гапирмаганлар. Муҳаммад пайғамбар Абубакрга Оллоҳдан ваҳий кела бошлаганини айтганларида у: "Сен менга ота-онамдек қадрдонсан, доим рост гапиргансан, Ашаду ал-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашаду аннака расулуллоҳ (гувоҳлик бераманки, бир Оллоҳдан бошқа ҳеч илоҳ йўқ, сен Оллоҳнинг барҳақ элчисисан)", деди.
Абубакр қурайш қабиласининг нуфузли, ҳушахлоқ, саховатли, суҳбати ширин бойларидан бири эди. У расулуллоҳнинг яқин ёрдамчисига айланди, ҳар бир ишни икковлон бамаслаҳат қиладиган бўлишди. "Мен ислом динига даъват этганлар орасида фақат Абубакргина ҳеч иккиланмай имонга келган", деган эдилар пайғамбар алайҳис-салом. Араблар ислом динини ўткинчи бир нарса, пайғамбаримизнинг даъватлариии шуҳратпарастлик васвасаси деб қарашларини билганлари учун имонга чақиришни ўта махфий олиб бордилар. Расулуллоҳ ҳам, Абубакр ҳам фақат ўзлари ишонадиган, сирдош одамларини даъват қила бошладилар. Абубакр туфайли кўпчилик динга кирди. Шулардан бири Умавий жамоасидан Усмон ибн Аффон (ибн Абул-Ос ибн Умайя ибн Абдушамс ибн Абдумоноф) бўлди. Унинг ислом динини қабул қилганидан хабар топган амакиси Ҳакам Усмонни боғлаб ҳўйиб: "Ота-бобонгнинг динидан ҳайтиб, янги динни топдингми? Худо ҳаққи бу ниятингдан қайтмасанг, шу ҳолда ётаверасан", деди. Усмон Худонинг номини ўртага қўйиб, диндан қайтмаслигини айтди. Унинг қат'иятини кўрган амакиси оёқ-қўлини ечиб юборишга мажбур бўлди. Ислом динига кирган пайтда Усмон ўттизларга кирган навқирон йигит эди.
Эндигина балоғат ёшига етган Зубайир ибн Аввом (ибн Ҳувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай)ни амакиси чандиб ташлаб, оғзи-бурнига тутун ҳайдади. Онаси, Абдулмутталибнинг қизи Сафия ҳам ўртага тушолмади. Зубайир бу қийноққа катта матонат билан чидади. Зуҳра жамоасидан бўлмиш Абдураҳмон ибн Авфнинг исломга киришдан олдинги исми Абдуамр эди. Расулуллоҳ унга Абдураҳмон деб от қўйдилар. Шу жамоадан Саъд ибн Абуваққос Моликнинг онаси, Абу Суфён ибн Умайянинг қизи Ҳамна ўғлининг мусулмон бўлганини билгач: "Бу динингдан қайтиб, Муҳаммаднинг пайғамбарлигини рад қилмагунингча уйга кирмайман, туз тотмайман", дея шарт қўйди ва уч кунгача гапига амал қилди. Бу ҳолдан довдираб қолган Саъд маслаҳат сўрагани расулуллоҳнинг ҳузурларига кели. Оллоҳ Анкабут сурасининг 8-оятида бу ҳақдаги ҳукмни нозил қилди: "Инсонни ота-онасига яхши муомала қилишга буюрдим. Агар ота-онанг номаълум бир нарсани менга шерик келтиришга (буюриб) зўрласа, итоат этма. Сизлар менинг даргоҳимга қайтиб борасизлар, сизларга ўз қилмишингларни аён қиламан". Кўриниб турибдики, Оллоҳ таоло ота-она мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъи назар, иззат-икром қилишни, борди-ю, куфрона йўлга бошлаб, Оллоҳга бошқа нарсаларни шерик келтиришга ундаса, амрига итоат этмасликни буюради. Гарчи ота-онанинг ҳаққи ҳар қанча улуғ бўлмасин бундай вазиятда у нарса фарзанднинг зиммасидан соқит этилади. Ота-она розилигини истаб, Оллоҳга осийлик қилган ҳолда бирон махлуқ ёки бутга сиғиниш дуруст эмас. Юқоридаги оятда жазо бериш Оллоҳнинг илкида эканлиги, бола ота-онасининг худога ширк келтирасан деб ўтказган зулмидан асло ранжимаслиги кераклиги, охиратда жазога гирифтор бўлмаслиги учун эътиқодда собит туриш уқтирилади.
Тайм жамоасидан Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳам дастлаб мусулмон бўлганлардан. Бу одамлар расулуллоҳнинг исми ва сифатларини роҳиблардан эшитган, у кишининг сўзлари бениҳоя фойдали эканлигини, нуқсону қусур тўлиб-тошган араб жамиятини фақат ислом динигина ислоҳ қилиши мумкинлигини, фақат шу йўл билангина Оллоҳнинг розилигига эришиш имкони борлигини англаб дарров имон келтирганлар. Озод этилган румлик қул Суҳайб билан Аммор ибн Ёсир, унинг онаси Сумайя биринчилар қатори исломни қабул қилганлардан.
Қурайшлик бир мушрикнинг қўйчивони Абдуллоҳ ибн Маъсуд пайғамбар алайҳис-саломнинг гўзал хулқ-атворларини кўриб, яхши гапларини эшитгач, дарров бутга чўқинишни ташлаб, имон келтирди. Абдуллоҳ ҳамиша Расулуллоҳ билан бирга бўлишга уринар, бирон жойга отлансалар олдиларида йўл бошлаб юрар, ювинсалар пана қилиб турар, ухласалар посбонлик қилар, уйғонганларида оёқ кийимларини кийдириб қўярди.
Дастлаб мусулмон бўлганлардан Абузар саҳрода яшовчи, ширин сўзи билан тош юракларни эритиб юборадиган нотиқ аъробийлардан эди. У Пайғамбар алайҳис-саломнинг овозаларни эшитгач, бир биродарини отга миндириб, ўзни осмондан ваҳий келадиган зот дсб ҳисоблайдиган одамни кўриб, гапларини эшитиб кел, деб Маккага жўнатди. Биродари топшириқни адо этиб, изига қайтгач: "Унинг гаплари ҳеч ҳам шеърга ўхшамайди", деди. Абузар бу гапдан қаноат ҳосил қилмай шартта отланиб, Маккага етиб келди. Масжидга кириб, Пайғамбар алайҳис-саломни излади, лекин бировдан сўраб-суриштиришга ботинмади, у киши билан гаплашганларни қурайш мушриклари ёмон кўришини яхши биларди. Кун кеч бўлгач, Али унинг мусофирлигини билиб, уйига олиб кетди. Икковлон гап-сўзсиз овқатланишди (Араблар уч кунгача меҳмондан келиш сабабини сўрашмайди). Тонг отгач, Абузар сув тўла меши билан нарсаларини олиб масжидга борди, бироқ расулуллоҳ уни кўрмадилар. Кеч киргач, Али яна уни уйига олиб кетди ва чурқ этмай овқатланиб ётишди. Учинчи кун ҳам шу таҳлид ўтгач, Али унинг бу ерга нима мақсадда келгани билан қизиқсинди. Абузар: "Менга йўл кўрсатишга ваъда берсанг айтаман", деди. Али розилик бергач, муддаосини баён этди. "Муҳаммад алайҳис-салом ростдан ҳам худонинг пайғамбари, — деди Али. — Эртага эрталаб мен билан бирга масжидга борасан. Мабодо бирон хавф-хатар сезсам тўхтайман, бўлмаса орқамдан эргашиб кетаверасан". Эртасига Абузар Алига эргашиб расулуллоҳ ҳузурларига кирди, у кишининг гапларини эшитган заҳоти имон келтириб, мусулмон бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Жойингга қайтиб, то мендан бирон топшириқ боргунча кўрган-билганларингни одамларингга сўзлаб бер", дедилар. Абузар ташқарига чиқиб, баланд овозда: "Ашаду ал-ла илаҳа иллоллоҳу ва ашаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ", деб юборди. Мушриклар кела солиб уни дўппослай кетишди. Аббос уни ҳимоя қилиб: "Абузар шом йўлида жойлашган Ғифор қабиласидан. Савдо-сотиққа кетаётганингларда ҳолингиз нима кечишини ўйлаб кўрмайсизларми?" деган таҳдид билан қутқариб қолди. Лекин Абузар бу ишини эртасига ҳам такрорлади ва яна мушрикларнинг газабига учради: бу гал ҳам Аббос жонига аро кирди. Абузар ростгўй ва ҳар қандай тамадан йироқ одам эди.
Қурайш қабиласидан Саид ибн Зайд билан умр йўлдоши (Хаттобнинг қизи, Умарнинг синглиси) Фотима, Аббос ибн Абдулмутталибнинг аёли (Ҳорис Ҳилолиянинг қизи) Уммулфазли Либоба, расулуллоҳнинг амакиларининг ўғли Убайда ибн Хорис ибн Абдумутталиб, ибн Ҳошим, аммалларининг ўғли махзум жамоасидан Абусалама, қурайш қабиласидан Умар ибн Мазъун Жумаҳи ва унинг икки қариндоши Қудома, Абдуллоҳ, шу қабиладан Арқам ибн Абу Арқам Махзуми ҳам дастлаб мусулмон бўлганлардан.
Биринчи мусулмонлардан уммавий авлодидан Холид ибн Саид (ибн Ос ибн Умайя ибн Абдушамс)нинг отаси қурайш оқсоқоли эди. Агар Холид cалла ўрасалар, у кишини ҳурмат қилганликлари учун қабиладошларидан ҳеч ким салла ўрамас эди. Холид тушида тубсиз бир чуқурга тушиб кетади. Расулуллоҳ ёрдамга келиб уни қутқариб оладилар. Холид эртасига пайғамбар алайҳис-саламнинг ҳузурларига келиб: "Эй Муҳаммад, сен нимага даъват қиласан?" деб сўради. Сарвари олам: "Зорингни эшитмайдиган, ҳеч нарсани кўрмайдиган, фойда-зиён етказолмайдиган бутларни ташлаб, ҳеч қандай шериги йўқ ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга, ота-онанинг ҳурматини бажо келтиришга, камбағалликдан қўрқиб боласини ўлдирмасликка, хоҳ яширин, хоҳ ошкора ёмонликларга қўл урмасликка, ноҳақ одам ўлдирмагликка, етимларнинг молини емасликка, тош-тарозини тўғри тутишга, қариндош-уруғингга зарар етказмаса-да, одил ҳукм чиқаришга, ваъдага вафодор бўлишга даъват қиламан", дедилар. Холид бу гаплардан қаттиқ таъсирланиб, имон келтирди. Оғилнинг мусулмон бўлганидан хабар топган отаси унга кўп озор берди, таъминотини тўхтатиб, бутунлай оч қўйди. Холид расулуллоҳнинг ҳузурларидан бошпана топди. Холидга эргашиб қариндоши Амр ибн Саид ҳам ислом динига кирди.
Пайғамбар алайҳис-саломда бу одамларни зўрлаб исломга олиб кирадиган куч-қудрат, уларни ота-она, мол-мулкларидан воз кечишга мажбур қиладиган фавқулодда бирон восита ҳам йўқ эди. Аксинча Абубакр, Умар, Усмон, Холид ибн Саидга ўҳшаганлар бой-бадавлат, қўлини қаёққа узаца етадиган обрў-эътиборли зотлар эди. Исломга кирган қуллар эса расулуллоҳга эргашиб, ўзларини баттар хор-зорликка, ададсиз зулмга гирифтор этишди, агар ўз ҳожаларининг измидан чиқишмаса, тинчгина тирикчилигини ўтказаверишарди. Улар Оллоҳнинг ҳидояти туфайли нотўғри йўлдан қайтдилар, адашиб-улоқиб юришганларини англаб расулуллоҳ кўрсатган ёруғликка талпиндилар, гарчанд кўплари азоб-уқубатларга учраган бўлсалар-да, қалблари ислом нури билан мунаввар бўлиб, Оллоҳнинг розилигига эришдилар.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР