loader

Лионни шариатда йўлга қўйилиши

Ислом аввалида покиза аёлларни зинокорликда айблаганлиги учун ҳад урулиш ҳукми нозил бўлганидан кейин саҳобаи киромлар ўртасида: “Бирор киши бегона аёлни ёмон иш устида кўриб қолса, инсон унга сабр бардош қила олади. Лекин, эр ўз аёлини ёмон иш устида ушлаб олса, қандай қилиб, унга сабр қила олади?” деган савол пайдо бўлди. Агар эр аёли билан зино қилаётган кишини ўлдириб юборса, ўзи ҳам жазога тортилади. Агар қилинаётган зинога гувоҳ қидирай деса, бу ҳам мушкулу. Агар кўрган нарсаларини унутиб, сабр қилай деса, виждони қийналади. Талоқ қилиб юборай деса, аёл ва уни ўйнаши сувдан қуриқ чиқиб, зино сабабли пайдо бўлган боланинг насаби унга берилиб қолади.
Саъд ибн Ваққос ва Уваймир Ижлоний розияллоҳу анҳумлар фаразий тарзида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда савол бердилар. Кўп ўтмай Ҳилол ибн Умайя аёлини Шарик ибн Саҳмо билан ножоиз алоқадалигини кўриб қолди. У ҳодисани икки кўзи билан кўриб, икки қулоғи билан эшитди ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Эй, Аллоҳнинг Расули, мен кечаси ўз аҳлим олдига келиб, унинг олдида бир эркакни кўрдим. Ҳодисани икки кўзим билан кўриб, икки қулоғим билан эшитдим”, деди. У келтирган хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмади, жуда оғир ботди. Ансорийлар Ҳилолнинг атрофига тўпланиб:
“Саъд ибн Убода гапирган гапнинг балосига қолдик, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иложсиз Ҳилол ибн Умайяга дарра урадилар, одамлар ичида шарманда этиб, гувоҳлиги ўтмайдиган қиладилар”, деб хавотирланишди. Ҳилол эса:
“Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бир йўл кўрсатишини умид қиламан”, деди. Сўнгра у:
“Эй, Аллоҳнинг Расули, кўриб турибманки, мен олиб келган нарса сизга оғир ботди. Аллоҳ билади, мен ростгўйдирман”, деди. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дарра уришни ирода қилиб турганларида, бирдан, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушириб қолди. У кишига ваҳий келаётганини юзлари оқарганидан билиб олишар эди. Ана шунда ушбу оятлар нозил бўлди:

وَالَّذِينَ يَرْمُونَ أَزْوَاجَهُمْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُمْ شُهَدَاءُ إِلَّا أَنْفُسُهُمْ فَشَهَادَةُ أَحَدِهِمْ أَرْبَعُ شَهَادَاتٍ بِاللَّهِ إِنَّهُ لَمِنَ الصَّادِقِينَ وَالْخَامِسَةُ أَنَّ لَعْنَتَ اللَّهِ عَلَيْهِ إِنْ كَانَ مِنَ الْكَاذِبِينَ وَيَدْرَأُ عَنْهَا الْعَذَابَ أَنْ تَشْهَدَ أَرْبَعَ شَهَادَاتٍ بِاللَّهِ إِنَّهُ لَمِنَ الْكَاذِبِينَ وَالْخَامِسَةَ أَنَّ غَضَبَ اللَّهِ عَلَيْهَا إِنْ كَانَ مِنَ الصَّادِقِينَ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ وَأَنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ حَكِيمٌ

 “Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг исми ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир). Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса, Аллоҳнинг исми ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир. Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир). Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида!.. Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!..” (Нур 6-10 оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийни қабул қилиб, аввалги ҳолатларига келдилар ва:
“Хурсанд бўл, эй Ҳилол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга кушойиш ва қутулиш берди”, дея марҳамат қилдилар. Ҳилол:
“Роббим азза ва жалладан худди шуни умид қилаётган эдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аёлга одам юборинглар”, деб айтдилар. Аёлга одам юборилди. У келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига оятларни ўқиб бердилар, иккаласига ҳам насиҳат қилдилар, охиратнинг азоби бу дунёнинг азобидан шиддатли эканини эслатдилар. Ҳилол:
“Аллоҳга қасамки, эй, Аллоҳнинг Расули, мен у ҳақда рост гапни айтдим”, деди. Аёл:
“Ёлғон гапиряпти”, деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Икковларини бир-бирларига лаънат айтгизинглар”, дедилар. Ҳилолга:
“Сен шоҳидлик бер”, дейилди. У ўзи, албатта, ростгўйлардан эканлиги тўғрисида тўрт марта Аллоҳнинг исми ила шоҳидлик берди. Бешинчисига келганда, унга:
“Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Албатта, мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилгувчидир”, дейилди. У:
“Аллоҳга қасамки, менга бу (аёл) сабабли дарра урилмаганидек, Аллоҳ мени азобламайди ҳам”, деди ва бешинчисида, агар ёлғончилардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳақида шоҳидлик берди.
Сўнгра аёлга:
“Аллоҳнинг исми ила, у, албатта, ёлғончилардандир, деб гувоҳлик бер”, дейилди. Бешинчисига келганда, унга:
“Аллоҳдан қўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Албатта, мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилгувчидир”, деб эслатилди. У бир муддат дудуқланиб қолди, эътироф қилмоқчи ҳам бўлди. Сўнгра, Аллоҳга қасамки, қавмимни шарманда қилмайман, деб бешинчи шаҳодатни, яъни, агар у (эри) ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлиши ҳақида гувоҳлик берди.

وصورته ان يقول هو اولا اربع مرات اشهد بالله اني صادق فيما رميتها به من الزنا وفي الخامسة لعنة  الله عليه ان كان كاذبا فيما رماها به من الزنا مشيرا اليها في جميعه ثم تقول هي اربع مرات اشهد بالله انه كاذب فيما رماني به من الزنا وفي الخامسة غضب الله عليها ان كان صادقا فيما رماني به من الزنا ثم يفرق القاضي بينهما...وتبين بطلقة.

“Лионнинг сурати эр тўрт бор: “Мен Аллоҳ номи билан гувоҳлик бериб айтаманки, мен унга нисбатан айтган зинокор деган сўзимда ростгўйман” дейди. Бешинчисида, зинокор деб айблашида ёлғончи бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтади. Бешаласида ҳам хотин тамонга ишора қилади. Кейин аёл тўрт бор: “Аллоҳ таоло номи билан гувоҳлик бераманки, эр мени зинода айблашида ёлғончидир” дейди. Бешинчисида, агар эр сўзида ростгўй бўлса, аёлга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин дейди. Сўнг қози иккаласи ўртасини ажрим қилади ва иккиси ўртасига боин талоқ тушади” (Шарҳул виқоя).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ажратдилар. Аёлнинг боласи туғилгандан кейин ота исми билан аталмаслиги, уни зинодан бўлган демаслик, ким шундай деса, унга ҳадд урилиши, эр аёлга уй-жой бермаслиги, таом бериши ҳам вожиб эмаслиги ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки, уларнинг ажрашувлари талоқ ёки вафот туфайли эмас эди. Сўнгра у зот:
“Аёл қизғиш сочли, думбаси кичик, болдири ингичка бола туғса, Ҳилолдан бўлади. Агар қорамтир, жингалак соч, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғса, аёл билан туҳмат қилинаётган шахсдан бўлади”, дедилар. Бас, аёл қорамтир рангли, жингалак сочли, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар қасамлар бўлмаганида, мен билан у аёл ўртасида бир иш бўлар эди”, дедилар”.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР