loader

Асл моликия мазҳаби ва унга ҳанафий олимларининг фатволари

Дорул исломда эр бедарак йўқолса, аёл қозига бу ҳақда аризасини тақдим қилади ва аёл шаръий гувоҳлар воситасида бедарак кетган шахснинг никоҳида эканлигини собит қилади. Никоҳ вақтида гувоҳ бўлганлар мавжуд бўлмаса, эр-хотин бўлиб яшаганларини кўрган-билганлар: “Бу фалончини аёли” деб, гувоҳлик беришлари мумкин. Шундан кейин аёл гувоҳлар воситасида эрини бедарак йўқолганлигиини исботлайди. Қози аёл ва уни яқинлари билан суриштириш ишларини олиб бориш билан чекланиб қолмай, ўзи ҳам мустақил равишда қидирув ишларини олиб боради. Қози ёки ҳокимни йўқолган киши қаерга кетганлиги ҳақида ғолиб гумони билан ўша жоиларга одам юборади. Агар гумони ғолиб бўлмаса, хат юбориб, қидиради. Агар оммавий ахборот воситалари орқали қидириш имкони бўлса, уни ҳам амалга оширади. Қози ёки ҳоким бор имкониятдан фойдаланиб қидирув эълон қилгандан кейин ҳам бирор хабар чиқмай умидсизлик пайдо бўлса, аёлга тўрт йилгача кутишга ҳукм қилади. Тўрт йилда ҳам йўқолган киши ҳақида бирор маълумот топилмаса, вафот этди деб тасаввур қилинади ва қози томонидан тайин қилинган тўрт йил ўтгандан кейин қози аёлга тўрт ой-у ўн кун вафот иддасини ўтириб, иккинчи эрга турмушга чиқишига рухсат беради.

Моликия мазҳабида тўрт йил ўтгандан кейин иккинчи бор қози олдига бориб, ариза тақдим қилиб идда учун ҳукм олиши зарур эмас. Балки, идда ўтириб иккинчи эрга турмушга чиқиб кетаверади. Лекин, аёл имконият борича ҳанафия мазҳабига амал қилиш учун иккинчи бор қозига эри вафот этганлиги ҳақида ҳукм олиш учун ариза тақдим қилади.

Бу ҳукмга юқорида таъкидланганидек, дорул исломда амал қилинади. Дорул ҳарбда эса, ҳанафий мазҳаби каби жумҳур моликия мазҳаби бедарак ғоиб бўлган киши ҳақида “Бедарак кетган кишининг тенгдошлари ҳаёт бўлса, у ҳам тирик дейилади ва унинг аёлига иккинчи эрга тегишга ижозат берилмайди” деган ҳукмини чиқарганлар. Лекин, имом Моликнинг машҳур шогирди Ашҳаб моликий: “Бедарак кетган кишининг аёли Дорул исломда нима қилиши керак бўлса, дорул ҳарбда ҳам шу кабидир” деганлар.

Танбиҳ: Тўрт йилгача кутиш қози томондан қидирув амалга оширилиб, ниҳоясига етказилгандан кейин бошланади. Шаръий қози бўлмаса, Диний идорада мавжуд олимлар кенгаши орқали никоҳни фасх қилдиради. Билин-ки, бедарак кетган эрнинг аёли ҳеч нарсадан-ҳечнарса йўқ ўз-ўзини аввалги никоҳини фасх қилиб, иккинчи эрга тегиб кета олмайди. Моликия мазҳаби олимларининг фатвосидан маълум бўлади-ки, ислом шиорларига амал қилинадиган минтақаларда бедарак кетган кишининг ҳукми дорул ислом кабидир. Мусулмонлар эмин-эркин ўз динларига амал қилишлари учун шароит яратиб берилган минтақаларда ҳам бедарак кетган кишининг аёлини ҳукми дорул ислом каби бўлади.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР