loader

098. Баййина сураси

Мадинада нозил бўлган бу сура саккиз оятдан иборатдир.
«Очиқ далил», «аниқ ҳужжат» маъносида келган ва биринчи оятда зикр қилинган «баййина» сўзи сурага ном бўлган. Талоқ сурасидан кейин нозил бўлган бу сурада кофирлардан ва мушриклардан сўзланиб, уларнинг баъзи хатти-ҳаракатлари англатилади. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг нажот топиши ҳақида зикр қилинади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-4. Аҳли китоблар (насроний ва яҳудийлар) ва мушриклардан бўлган кофирлар, то (уларга очиқ) ҳужжат келгунга қадар ўз йўлларидан (куфр-ларидан) қайтмадилар. У ҳужжат Худо тарафидан Пайғамбар бўлиб келган Муҳаммад (алайҳиссалом) эди. (У зот) Қуръондан покиза саҳифаларни тиловат қилиб берар эди. У саҳифаларда ҳақиқий сўзлар ва аҳкомлар ёзилган эди. Аҳли китоб Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг шаънида (ҳақида) ва у зотнинг дунёга келиши (масаласи)да мутафарриқ бўлмадилар (яъни, Пайғамбаримизнинг дунёга келишини якдиллик билан тасдиқ этган эдилар). Магар Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин (аҳли китоблар) ихтилоф қилдилар. Баъзилари иймон келтирдилар ва баъзилари кофир бўлдилар.
5. Улар ўз Китобларида (фақат) Худога ибодат қилишга амр қилинган эдилар. Ва динларини холис Парвардигор учун шак ва шубҳадан холи қилишга маъмур эдилар, ботил эътиқодларидан (қайтиб) Ислом тарафига мойил бўлишга, намоз ўқишга ва закот беришга маъмур эдилар. Мана шу дин тўғри дин эди.
6-8. Албатта, аҳли китоблар ва мушриклардан кофир (бўлган) гуруҳлар жаҳаннам ўтида азоб тортадилар. У дўзахда ҳамиша (абадий) қоладилар. Улар халқларнинг (энг) ёмонидирлар. Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган жамоа (гуруҳ)лар халқларнинг (энг) яхшисидирлар. Бу (халқларнинг энг яхшиси бўлган) гуруҳнинг Парвардигор олдидаги мукофотлари остидан анҳорлар жорий бўлиб (оқиб) турадиган Адн жаннатида муқим бўлишдан иборатдир. Бу жаннатда ҳамиша (абадий) муқим қоладилар. Аллоҳ улардан рози бўлади, улар ҳам Аллоҳдан рози бўладилар. Худонинг бу зикр этилган марҳаматлари Худодан қўрққан зотлар учундир.






Орқага Олдинга