loader

099. Залзала сураси

Саккиз оятдан иборат бу сура ҳам Мадинада нозил бўлгандир.
"Залзала" (Зилзила), деб номланган бу сура дастлаб Қиёмат қойим бўлган Кунда замин зилзилага тушиб титраб-ёрилиб, тилга кириши ҳақида ҳикоя қилади.
Сўнгра у Кунда ҳаёти дунёда қилиб ўтилган бир зарра мисоли яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бежазо қолмаслиги баён қилинади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Қачон Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида;
2. Ва ер (ўз бағридаги хазина-ю дафиналардан ва инсои жасадларидан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида;
3. Ва (ҳаётлик пайтиди қайта тирилишни инкор қилгувчи бўлган) инсон (қайта тирилганидан даҳшатга тушиб: "Ерга) нима бўлди ўзи?", деб қолганида
4-5.— Ана ўша Кунда (Ер), Парвардигорингиз унга ваҳий қилиб, сўзлашга буюргани сабабли ўз хабарларини сўзлар!
Изоҳ: Саҳобалардан Абу Ҳурайра (Аллоҳ у кишидаи рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алийҳиссалом Ернинг хабарлари нима эканлиги ҳақида сўзлаб: "Ернинг хабарлари — ҳар бир эркагу аёл унинг устида қандай амал қилган бўлса, барчасини Аллоҳ таъоло ҳузурида сўзлаб, гувоҳлик беришидир", деган эканлар.
6. Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар!
7. Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтиди) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур.
8. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур.

Орқага Олдинга