loader

100. Одиёт сураси

Маккада нозил қилинган бу сура ўн бир оятдан иборатдир.
Бу сурада Аллоҳ таъоло Йўлида жиҳод қилгувчи зотлар жангга миниб борадиган учқур отларга қасамёд қилиш билан динсиз-эътиқодсиз кимсалар албатта Яратган ўзларига ато этган неъматларга ношукурлик қилгувчи, ашаддий дунёпараст бўлишлари таъкидланади ва Аллоҳ таъоло барча ишлардан Хабардор бўлиб туриши, демак, бирон ёмонликни бежазо қолдирмаслиги уқтирилади.
Сура ўзининг илк ояти билан "Вал-одиёт — Чопқир отларга қасам" деб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1-2-3-4-5. (Аллоҳ Йўлида) харсиллаб чопадиган, (чопган пайтида туёқларидан) чақмоқлар чақадиган, тонг пайтида (ёв устига) бостириб борадиган, бас, ўшанда чанг-тўзон кўтариб, шу (чанг-тўзон) билан (душман) жамоасининг қоқ ўртасига кириб келадиган (от)ларга қасамки;
6. Шак-шубҳасиз, (кофир) инсон Парвардигори (унга ато этган неъматлар)га. кўрнамаклик қилгувчидир.
7. Ва шак-шубҳасиз, у бунга (ўзининг бу ношукурлигига) гувоҳдир.
8. Ва шак-шубҳасиз, у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир.
9. Ахир у билмасмики, (Қиёмат қойим бўлиб), қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида;
10. Ва диллардаги сирлар ошкор қилинганида —
11.— Ана ўша Кунда шак-шубҳасиз, Парвардигорлари улардан (яъни, барча халойиқнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишларидан) Огоҳ - Хабардор-ку!
Изоҳ: Бу оятларда Қиёмат Кунида барча сирлар ошкор бўлишини эслатиш билан ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўша Кунда шарманда бўлиб қолмайдиган тарзда ўтказиши лозим эканлиги уқтирилмоқда.

Орқага Олдинга