loader

005. Моида сураси

Қуръондаги ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарликларининг энг сўнгги йилларида тушган суралардан саналувчи бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма оятдан иборатдир.
Унда шариат аҳкомлари батафсил баён этилиши билан биргаликда, эътиқод мавзуси ва аҳли китоб ҳақида ҳам сўз юритилади. Ушбу сурада кишилар ўртасидаги битим, келишув муомалалари; ов ҳақидаги ҳукмлар; ҳаж ва умра каби ибодатлар учун шарт бўлнган эҳром баёни; аҳли китоблардан бўлган аёлларга уйланиш жоизлиги хусусидаги ҳукмлар; таҳорат қоидалари; ўғрилик, зўравонлик ва бузғунчилик жиноятларининг жазолари; ичкилик ва қимор тўғрисидаги сўнгги қатъий ҳукм ва шуриати исломиянинг яна бошқа кўпдан кўп ҳукм ва қонунлари ҳақида мувафассал маълумот берилади.
Бундан ташқари «Моида»да бизларга панд-насиҳат ва ибрат бўладиган қиссалар ҳикоя қилинади. Шундай қиссалардан бири бани Исроилнинг ўз пайғамбарлари Мусо алайҳиссалом билан бўлган можаролари бўлиб, унда яҳудийлар иймонсизликлари ва қўрқоқликлари сабабли, пайғамбар сўзига кирмай, оқибатда қирқ йиллаб чўлу саҳроларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлари айтилади.
Яна бир қиссада эса Одамнинг икки фарзанди - Қобил ва Ҳобил ўртасида бўлиб ўтган мужодала - Қобил ўз биродари Ҳобилни ноҳақ ўлдиргани тўғрисида хабар берилиб, бу қисса орқали яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги доимий кураш тасвирланади. Бу фожиа ер юзидаги ноҳақ қон тўкилиши фожиаларининг биринчиси эди.
Яна Ийсо пайғамбарга берилган мўъжизалардан бири - осмондан моида (дастурхон) тушгани воқеаси ҳам борки, суранинг «Моида» деб аталишининг боиси шудир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Эй мўъминлар, битимларга (Аллоҳ таъоло билан ўрталарингиздаги битимларга - У Зотга бандалик қилиш ҳақида берган аҳд-паймонларингизга ҳам, ўзаро бир-бирларингиз билан келишиб олган битимларингизга ҳам) вафо қилингиз! Сизлар учун - (қуйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин иҳромда бўлган ҳолларингизда ов овлашни ҳалол қилиб олмангиз! Албатта Аллоҳ ўзи истаганидек ҳукм қилур.
Изоҳ: Мўъминлар учун шу суранинг учинчи оятида тиловат қилинадиган ҳаром ўлган ҳайвон, қон, тўнғиз гўшти ва бошқа нарсалардан ташқари туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини сўйиб истеъмол этиш ҳалол этилгандир. Лекин ҳаж ибодатини адо қилиш ниятида иҳром боғлаган - яъни, махсус либос кийган киши учун ҳар қандай жониворни овлаш ҳаромдир.

2. Эй мўъминлар, Аллоҳ буюрган удумларни (бузишни ўзларингизга) ҳалол қилиб олманглар! Шунингдек, уруш ҳаром қилинган ойда (–улар Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир - жанг қилишни, Аллоҳ йўлида) ҳадя этилган ҳайвонларни (ўлдиришни) ва (уларга осиб қўйилган) ҳадялик белгиларини (узиб ташлашни) ҳамда Парвардигорларидан фазлу-марҳамат ва розилик тилаб, байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга (қарши жанг қилишни ҳалол қилиб олмангиз!) Қачон (иҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач, ов қилаверингиз. Сизларни (яъни Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларни Ҳудайбийя йўлида Макка мушриклари Умра қилишдан тўсганлари каби) масжидул ҳаромдан (Каъбадан) тўсганлари сабабли бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаргиз сизларни ҳаддингиздан ошишингизга - адолатсизликка тортмасин-сабаб бўлмасин! (Эй мўъминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

3. Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, (баланд жойдан) қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар, (бу жонворларни жони чиқмасдан туриб) суйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, (ҳалолдир). Яна (сиғиниш учун) тиклаб қўйилган бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўпларидан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир. Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, сизлар улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим (Яъни, исломдан бошқа динлар Аллоҳ ҳузурида мақбул эмас). Энди кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса, (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Изоҳ: Ислом келишидан илгари араблар ҳар турли вол очишларга жуда берилган эдилар. Шулардан бири - уларнинг доимо ёнларида учта бир хил чўпни олиб юришлари эди. У чўпларнинг бирида «Қилгин», яна бирига «Қилмагин» деб белги қўйилган, учинчисига эса ҳеч нарса ёзилмаган бўларди. Қачон бирон ишни адо этмоқчи бўлсалар, ўша чўплардан фол сўрардилар. Ислом бундай ҳурофотларни ман қилди.

4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мўъминлар) сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг - Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб, қўлга ўргатганингиз жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.

5. Бугун сизлар учун (барча) покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки, зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай, маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўъминлар орасидан ўзларини харомдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир. Аниқки, ким иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетур ва у Охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир.

6. Эй мўъминлар, қачон намозга турганингизда, юзларингизни ҳамда қўларингизни тирсакларингизгача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (Яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларингизни (ювингиз!) Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз-чўмилингиз! Агар бемор ё мусовир бўлсангизлар, ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёҳуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқни таяммум қилингиз - юзингиз ва қўлларингизни (покиза тупроқ) билан силангиз. Аллоҳ сизларни бирон танглик-машаққатга солмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шояд шукр қилсаларингиз.

7. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва «Эшитдик ва итоат қилдик», деган пайтингизда сизлар билан боғлаган аҳд-паймонини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган (сирларни) билгувчидир.

8. Эй мўъминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат - гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

9. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди.

10. Кофир бўлган ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир.

11. Эй мўъминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни ҳалок қилишни) қасд қилган пайтида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз, иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳга суянсинлар.
Изоҳ: Ушбу оят нозил бўлишининг сабаби ҳусусида бир неча ривоятлар мавжуд. Шулардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган ҳадисдир: Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалар билан кетаётиб бир дарахтзор манзилга қўндилар. Дам олиш учун ҳар ким ҳар тарафга тарқалиб кетди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ёлғиз ўзлари бир дарахт соясида ёнбошлаб, энди кўзлари илинганда бир шарпадан уйғониб кетдилар. Қарасалар, тепаларига бир аъробий (тоғлик динсиз араблардан) Пайғамбаримиз дарахтга илиб қўйган қиличларини олиб, яланғочлаб чопмоқчи бўлиб турибди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уйғониб кетганларини кўргач, у: «Энди сени мендан ким сақлай олади?!» деди. Пайғамбар алайҳиссалом эса хотиржамлик билан: «Аллоҳ», деб жавоб қилдилар. Шунда аъробий бирдан бўшашди ва қилични ташлаб, Пайғамбар алайҳиссалом ёнларига ўтирди.  Шовқинни эшитиб етиб келган  айрим саҳобалар эса бу ҳолдан лолу ҳайрон бўлиб қолдилар. Мазкур оят Аллоҳнинг Ўзига суянган кишиларни Аллоҳ сақлайди, деб уқтиради.

12. Аллоҳ бани Исроилнинг аҳду паймонини олди ва ўзларидан ўн икки бошлиқни (Мусо билан бирга, Шом заминини маскан тутган кофирларга қарши жанг қилиш учун) жўнатиб, Аллоҳ айтди: «Албатта Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, агар намозни тўкис адо қилсангизлар, закотни (ҳақдорларга) ато қилсангизлар, пайғамбарларимизга иймон келтириб, уларга ёрдам берсангизлар ва (бева-бечораларга яхшилик-эҳсон қилиш билан) Аллоҳ қарзи ҳасана берсангизлар (яхшилик билан қарздор қилсангиз), албатта Мен ёмонликларингизни (яъни қилган гуноҳларингизни) ўчирурман. Ва албатта сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилурман. Мана шу аҳд-паймондан кейин сизлардан кимки кофир бўлса, унинг тўғри йўлдан озгани аниқдир».

13. Сўнг аҳд-паймонларини бузганлари сабабли Биз уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилиб қўйдик. Улар (Тавротдаги Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлишлари ҳақидаги) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) ҳиссасини унутиб юборганлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон ҳиёнат устидан чиқасиз. Магар улардан (Исломни қабул қилган) озчилик кишиларгина (ҳиёнат қилмайдилар, холос). Бас, уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади.

14. «Бизлар насронийлармиз»,- деган кимсаларан ҳам аҳд-паймонларини олдик. Сўнг ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан (кўп) ҳиссасини унутдилар. Бас, уларнинг ўрталарида то қиёмат кунигача буғзу-адоватни авж олдирдик. Яқинда Аллоҳ уларга қилиб ўтган «ҳунар»ларининг хабарини беражак.

15-16. Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳиссалом) сизлар Китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у Зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни эса (баён қилмасдан) тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан нур ва очиқ китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот - омонлик йўлларига ҳидоят қилди ва ўз изни-иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур.

17. «Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямнинг ўзидир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истган нарсасини (ўзи истаган суратда) яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зот.

18. Яҳудий ва насронийлар: «У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам у яратган барча одамлар каби одамсизлар. У зот истаган кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур». Осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг ўзига қайтилур.

19. Эй аҳли Китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳиссалом) аввалги пайғамбарлардан анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон (дўзах азобидан) қўрқитувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга (дин ҳукмларини) баён қилган ҳолда келди. Мана сизларга хушхубур бергувчи ва дўзахдан қўрқитувчи бўлган зот келди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!

20. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Мусо қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - орангиздан пайғамбар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланглар!

21-22. Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб - тақдир қилиб қўймиш бу муқаддас ерга (шаҳарга) дохил бўлингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар: «Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина, биз дохил бўлурмиз»,- дедилар.

23. (Шунда ўн икки бошлиқ орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирдингиз, агар унга кириб олсангизлар, бас, шубҳасиз, ғолиб бўлурсиз. Агар мўъмин бўлсангизлар, Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!», дедилар.

24. (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутурмиз)».

25. (Мусо) айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин».

26. (Аллоҳ) деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин».

27. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур».
Изоҳ: Муфассирлар (Қуръонни тафсир, шарҳ қилувчилар) ёзишларича, воқеа бундай бўлган: Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил бир қизни талашиб қоладилар. Шунда Одам уларга Аллоҳ Йўлида қурбонлик қилишни буюради ва кимнинг қурбонлиги Ҳақ таъоло даргоҳида қабул бўлса, қизни ўшанга никоҳлаб беришини айтади. (Унинг қабул бўлганининг аломати - осмондан ўт-чақмоқ тушиб ёндириб кетиши эди). Улар бу шартни қабул қилдилар ва Қобил ўзининг касби деҳқончиликдан энг сифатсиз-бемазасини топиб, қурбонлик қилади. Ҳобил эса қўйлари орасидан (у чорвадор эди) энг яхши бир қўчқорни танлаб, қурбонлик қилади. Шунда Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилингани маълум бўлади. Бундан ғазабга келган Қобил ўз инисини ўлдирмоқчи бўлади.

28. Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман.

29. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгалардан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир.

30. Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб, (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди.

31. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми - биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!»- деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди.

32. Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Дарҳақиқат, бизнинг пайғамбарларимиз уларга (бани Исроилга) мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар.
Изоҳ: Мазкур оятда исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

33. Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарларига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси - ўлдирилиш ё дорга осилиш ёки оёқ қулларини тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ, ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши ёҳуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик-шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир.

34. Магар сизлар уларнинг устига қодир-ғолиб бўлишингиздан (қўлга тушишларидан) илгари тавба қилган кишилар бўлса, билингизки, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.

35. Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг Йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз!

36. Кофир бўлган кимсалар эса ердаги бор нарса - бойлик уларнинг мулкига айланиб, ўшани Қиёмат Кунидаги азобдан (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар, улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир.

37. Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар - улар учун доимий азоб бордир.

38. Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир.

39. Аммо ким бундай (ўғрилик билан қилган) жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

40. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ахир сиз осмонлар ва ер Аллоҳнингг мулки эканини, У Зот ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!

41. Эй пайғамбар (алайҳиссалом), оғизларида: «Иймон келтирдик», деган, аммо диллари иймон келтирмаган (мунофиқлардан) ва яҳудийлардан бўлган куфр томонга чопаётган кимсалар сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ бергувчи ва сизнинг олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган бошқа қавмга (яъни яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): «Агар (Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса (яъни, бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар - олманглар», дейишади. Кимники Аллоҳ Ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун дунёда расволик, охиратда эса улуғ азоб бордир.
Изоҳ: Мазкур оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеани нисбат қиладилар. Тавротда зинокорни тошбўрон қилиш буюрилишига қарамасдан, яҳудийлар зино қилувчини дарралаб, юзига қора чаплашни одат қилиб олган эдилар. Мадинада ислом давлати барпо булганидан кейин улар мана шу сохта ҳукмни Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам тасдиқлатиб олмоқчи бўлишиб, мадиналик айрим мунофиқ кимсаларни, бир зинокор яҳудийни қўшиб, у зотнинг ҳузурига юборадилар ва уларга: «Агар Муҳаммад бизнинг одатимизни тасдиқласа - қабул қилинглар. Аммо тошбўрон қилишни буюрса, қабул қилмайсизлар», деб тайинлайдилар. Улар келиб, бу масалани сўраганларида, пайғамбар алайҳиссалом: «Бу ҳақда Тавротда нима дейилган?», деб сўрайдилар. Улар: «Тавротда ҳам дарралаш буюрилган», деб нотўғри жавоб қиладилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом яҳудий уламоларидан бирини топтириб, ундан: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман, Тавротда зинокорга қандай жазо буюрилган?» деб сўраганларида, у: «Модомики, Аллоҳ номи билан сўрар экансиз, ростини айтишга мажбурман - тошбўрон қилишга буюрилган», деб жавоб беради. Бу жавобни эшитгач, Расулуллоҳ алайҳиссалом зинокор яҳудийни тошбўрон қилишга буюрадилар. Аммо ўзлари уларнинг Тавротдаги Аллоҳ ҳукмини ўзгартириб юборганларига қаттиқ хафа бўладилар. Шунда Аллоҳ пайғамбарига тасалли бериш учун мазкур оятларни нозил қилди.

42. Улар ёлғонга қулоқ берувчи ҳаромхўр кимсалардир. Бас, агар сизга келсалар, (хоҳласангиз) ўрталарида ҳакамлик қилинг. (Хоҳласангиз) улардан юз ўгиринг! Агар улардан юз ўгирсанги, зинҳор сизга бирон зарар етказа олмаслар. Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади.

43. Олдиларида Таврот, унда Аллоҳнинг ҳукми бўлгани ҳолда сиздан ҳукм сўраб, сўнгра (яъни ҳукм қилганингиздан кейин) қандай юз ўгириб кетадилар-а? улар ҳеч мўъмин эмаслар.

44. Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. (Аллоҳга) бўйсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилагни сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз. Ва менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас улар кофирлардир.

45. Унда (яъни Таворотда) яҳудийларга жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, қулоққа-қулоқ, тишга-тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб қўйдик. Энди ким уни (яъни қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас улар золимлардир.

46-47. Уларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Ийсо бинни Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоя ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик. Ҳамда (буюрдик). Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар! Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлар-итоатсиз кимсалардир.

48. Сизга эса (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва сизга келган ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир милллатга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг У Зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур.

49. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган ҳекмларнинг айримларидан сизни буриб, фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз одамлардан кўплари фосиқ, итоатсиздирлар.

50. Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!

51. Эй мўъминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларни баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас у ўшалардандир. Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.

52. Бас, сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз» деган ҳолларида кофирлар томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ (мусулмонларга) ғалаба берса ёки ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширинган нарсаларга надомат қилгувчиларга айланиб қолсалар.

53. (Шунда) мўъминлар (бир-бирларига): «Жон-жаҳдлари билан сизлар билан биргамиз», деб Аллоҳ номига қасам ичганлар шуларми?» дейдилар. У мунофиқларнинг қилган амаллари беҳуда кетди ва ўзлари зиён кўргувчиларга айланиб қолишди.

54. Эй мўъминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўъминларга ҳокисор, кифирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай, ёлғиз Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни ўзи хоҳлаган кишиларига берур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.

55. Сизларнинг дустингиз фақат Аллоҳ, унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўъминлардир.

56. Кимки Аллоҳни, унинг пайғамбарини ва мўъминларни дўст тутса, (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир.

57. Эй мўъминлар, сизлардан илгари китоб берилганлар ичидан динингизни ҳазил-масхара қилиб олган кимсаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз! Агар мўъмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингиз!

58. Сизлар қачон (мусулмонларни) намозга чорласангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозни) масхара ва ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз - жоҳил қавм эканликларидир.

59. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй аҳли Китоб, сизлар биз томонимиздан ёмон кўрадиган нарсангиз фақатгина бизнинг Аллоҳга, ўзимизга нозил қилинган китоб (Қуръон)га ва илгари нозил қилинган китобларга иймон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса фосиқ-итоатсиз эканликларингиздир».

60. Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида (яъни, Қиёмат кунида) бундан кўра ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўпғизларга айланритиб қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай тўғри йўлдан озган кимсалардир.

61. (Эй мўъминлар), улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Ҳолбуки, улар (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизнинг ҳузурингизга) кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқурлар. Аллоҳ улар яширувчи бўлган нарсани (яъни дилларидаги куфрни) жуда яхши билгувчидир.

62. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг кўпларини гуноҳ, зулм томонга ва ҳаромхўрликка чопаётганлирини кўрасиз. Қилаётган ишлари нақадар ёмон иш!

63. Олим ва донишмандлари уларни гуноҳ сўзлардан, ҳаромхўрликдан қайтармайдиларми?! Қилаётган ҳунарлари нақадар ёмон ҳунар.

64. Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни бахил)», дедилар. - Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. - Йўқ, У Зотнинг ҳар икки қўли очиқдир ва ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёджа қилиши шубҳасиздир. Биз уларнинг ораларига то қиёмат кунигача (давом этадиган) буғзу адоватни ташлаб қўйганмиз. Улар қачон (мусулмонларга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас.

65. Агар аҳли Китоб иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсалар эди, биз албатта уларнинг ёмонликларини ўчирган ва жаннат неъматларига дохил қилган бўлар эдик.

66. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эди. Уларнинг ораларида адолат эгалари бўлган жамоат ҳам бор. Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар.

67. Эй пайғамбар (алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.

68. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй аҳли Китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай нарсада - динда эмассизлар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Бас, сиз бу кофир қавм (қилмишидан) маҳзун бўлманг.

69. Албатта, иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, (Аллоҳга ишонадиган, аммо бирон шариатга амал қилмайдиган бирон тоифа бўлган) собийлар ва насронийлар - (улардан) қайсилари (иймонга келиб) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшалар учун ҳеч қандай ҳавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир.

70. Биз бани Исроилнинг аҳд-паймонини олдик ва уларга пайғамбарлар юбордик. Қачон уларга пайғамбар нафслари хоҳламаган бирон ҳукмни келтирса, бировларини ёлғончи қиладилар, бировларини эса ўлдирадилар.

71. Улар (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна-азоб бўлмайди деб ўйлаб «кўру кар» бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди. кейин улардан кўплари яна «кўр» ва «кар» бўлиб олдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўргувчидир.

72. «Аллоҳ - Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!»- демишлар. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас.

73. «Аллоҳ - учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўлдилар. Чунки ягона илоҳдан (Аллоҳдан) бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар улар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди.

74. Ахир улар Аллоҳга тавба қилиб, У Зотдан мағфират қилишини сўрамайдиларми?! Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон-ку!

75. Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа - Аллоҳга ҳаққирост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар (яъни, агар улар худо бўлганларида, таом ейишга муҳтож бўлармидилар?!) (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг. Сўнг уларни қандай бўхтон томонга оғаётганларини кўринг!

76. Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизларга зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизларми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир».

77. Айтинг: «Эй аҳли Китоб, динингизда ноҳақ тажовуз қилманглар ва (ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан озидирган ҳамда тўғри йўлдан адашган қавмнинг нафвси ҳаволарига эргашманглар!»
Изоҳ: Яҳудийлар Ийсони отасиз туғилгани учун «Валади Зино», яъни, «ҳаромдан бўлган бола» деб ҳақорат, туҳмат қилар эдилар. Насронийлар эса «Ийсо - Худонинг ўғли» дейишар эди. Шунинг учун бу оятда ҳар икки тоифага: «Динингизда ноҳақ тажовуз қилманглар», деб хитоб этилади.

78. Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.

79. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!

80. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз улардан кўпларининг кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани - Аллоҳ ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар.

81. Агар улар Аллоҳга, пайғамбарга (яъни Муҳаммад алайҳиссаломга) ва унга нозил қилинган китобга (Қуръонга) иймон келтирганларида эди, уларни - кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир.

 
Еттинчи жузъ

82. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз мўъминларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Мўъминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибр-ҳаво қилмаслигидир.

83. Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръон)ни эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар дедилар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик бергувчилар қаторига ёзгин».
Изоҳ: Ушбу оятлар ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирган саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоят даражада қийинлашиб кетганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом бирқанча саҳобага ҳабаш юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар борганларида Ҳабашистон подшоҳи Нажжоший улардан ким эканликларини ва қайси динга ишонганликларини сўраб суриштиради. Булар ўзларининг араб юртидан келганликларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссалом эканини айтдилар. Нажжоший: «Бу қандай дин ва қайси китобга амал қилади. У қандай пайғамбар?» деб сўраганида, мусулмонлар пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб берадилар ва Қуръон оятларидан тиловат қиладилар. Шунда Нажжоший ва бошқа насроний уламо ва роҳиблар Ислом ҳақ дин эканига, Қуръоннинг эса илоҳий китоб эканига тан берадилар ва бу китоб оятларининг таъсиридан кўз ёшларини тўхтата олмай қоладилар. Нажжоший эса: «Бу китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли-манбаи биттага ўхшайди»,- дейди ва мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришини буюради. Бу воқеалардан хабар топган ерлик яҳудийлар «Насронийлар ўз динларидан чиқиб, мусулмон бўлиб кетдилар», деб маломат қилганларида, насроний уламо ва роҳиблари уларга жавобан бундай дедилар:

84. Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймизу, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини таъма қиламиз».

85. Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг мукофотидир.

86. Кофир бўлган ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир.

87. Эй мўъминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас!

88. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар!

89. Аллоҳ смизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасамлар сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш ёҳуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур.

90. Эй мўъминлар, ароқ (мас қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз.

91. Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди холос. Энди тўхтатарсизлар!
Изоҳ: Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор… ҳақидаги охирги ҳукмдир. Мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон оятдагидек бу нарсаларни қуруқдан қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилади.

92. Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга бўйсунингиз ва (ҳаромдан) ҳазар қилингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, бизнинг пайғамбаримиз (Муҳаммад алайҳиссалом) зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор холос.

93. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун - агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар, (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.

94. Эй мўъминлар, албатта Аллоҳ ким ғойибда (кўрмай) туриб Ўзидан қўрқишини билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса, (иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир.

95. Эй мўъминлар, иҳромда бўлган чоғингизда, бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат - (ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини тортиб кўриш учун шунинг (яъни ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир. Илгари ўтган нарсаларни (яъни иҳромда бўлган ҳолда қилинган овларни) Аллоҳ  афв этади. Ким яна қайтиб (иҳромда туриб ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ қудрат ва интиқом соҳибидир.

96. Сизларга (иҳромда бўлган пайтингизда ҳам) ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни сизлар овламай, ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди ва модомики, иҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат куни) сизлар даргоҳида тўпланадиган Аллоҳдан қўрқингиз!

97. Аллоҳ Каъба - байтул ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) токи сизлар Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишини - Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билишинглар учундир.
Изоҳ: Одамлар Каъбани муқаддас деб билганлари учун у ерда урушмас эдилар. Агар Каъбага бирон бир қотил кириб қолса, то чиқмагунича, унга тегмайдилар. Уруш ҳаром қилинган ойларда (Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларида) эса одамлар учун ҳеч қандай уруш ҳавфи йўқдир. Ёлғиз Аллоҳ йўлига ҳадя (қурбонлик) қилинган ёки ҳадялик белгиси осиб қўйилган жониворларга ҳам ҳеч ким тегмас, агар очликдан силлалари қуриб қолса ҳам, у жониворларни сўйиб ейишни гуноҳ деб билардилар. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар кишиларда тўғрилик-ростлик ҳислатларини тарбиялашга қаратилган.

98. Албатта Аллоҳ азоби қаттиқ Зот эканини ва албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон эканини билингиз!

99. Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор қиладиган нарсангизни ҳам, яширадиган нарсангизни ҳам билур.

100. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, эй аҳли дониш, Аллоҳдан қўрқингиз. Шояд нажот топсаларингиз!

101. Эй мўъминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган) очилаганда сизларни ҳафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалиймдир.

102. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор этувчиларга айландилар.
Изоҳ: Бани Исроил қавми ўз пайғамбарларидан Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни сўрар эдилар. Кейин пайғамбар уларга ўша нарсаларни қилишга амр қилганида эса бош тортдилар. Шунинг учун Қуръон мусулмонларга Аллоҳ буюрмаган ишларни сўраб суриштиравермай, ўзларига буюрилган ибодатларни сидқидилдан адо этаверишни уқтиради.

103. Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар.
Изоҳ: Ислом келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: битта туққан туянинг қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳийра» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб қолса: «Соғайиб кетсам, туямни тангри йўлида хайдаб юбораман» деб қасам ичарди, сўнг соғайгач, туясини кўчага хайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам «васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик илар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича бундай туя ҳам ўз ишини қилиб бўлган ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди. Мазкур оят бу ишларнинг биронтаси Аллоҳнинг фармони эмаслигини ва хурофот эканлигини уқтиради.

104. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси душманнинг) устида топган бўлсак, ўша етарли» дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам а?!

105. Эй мўъминлар, ўзингизни билингиз. (Яъни гуноҳлардан сақланингиз). Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур.
Изоҳ: Бу оятни пайғамбар алайҳиссалом шундай шарҳлаган эканлар: «Яхшиликка юрингиз, ёмонликдан қайтингиз! Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди».

106. Эй мўъминлар, бировингизга ўлим келганда - васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси ёки агар бирор ерга сафар қилиб, ўша ерда сизга ўлим етган бўлса, (қиладиган васиятларингизга) ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига (бундай) қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи (яъни меросхўр) қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз».

107. Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни ёлғон гувоҳлик берганлари) маълум бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўрларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик беришда ҳақдан) тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз, золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.

108. Мана шу рост гувоҳлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар ичилишидан (яъни, шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ (ҳукмдир). (Эй мўъминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва (Унга) қулоқ тутингиз! Зотан, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас.

109. Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат сенинг ўзинггина ғайб илмларнинг билгувчисисан», дейдилар.

110. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни - сени руҳул қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигида) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сени китоб - хат ва ҳикмат - илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, менинг изн-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва менинг изним-ихтиёрим билан ўликлкарни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна бани Исроилга бу муъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», дейишган эди.

111. Яна ҳайвонларга (сен орқали): «Менга ва пайғамбаримга иймон келтиринглар», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик. (Эй пайғамбар), бизнинг бўйсунгувчилар эканимизга ўзинг шоҳид бўл», деганларини эслагин!

112. Ҳаворийлар: «Эй Ийсо бинни Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?», деган пайтларида (Ийсо уларга): «Агар мўъмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар», деб жавоб қилди.

113. Улар дедилар: «Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлагинингни аниқ билиб, (у дастурхонга) гувоҳ бўлгувчилардан бўлишни истаймиз».

114-115. (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Аллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деганида, Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга тушургувчиман. Аммо (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман».

116. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтдингми?», деганида (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган булганимда сен албатта билур эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен ўзинг ғайб илимларининг билгувчисисан.

117. Мен уларга фақат ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳа ибодат қилингиз» ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан.

118. Агар уларни азобласанг, улар сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан».

119. Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни, Қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жанатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир.

120. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага Қодирдир.

Орқага Олдинга