loader

074. Муддассир сураси

Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган. У эллик олти оятдир.
Бу сурада ҳам худди аввалги сурада бўлганидеқ сўз асосан Пайғамбар алайҳиссалом шахсиятлари хусусида бориб, дастлабки оятларда Пайғамбаримизга даъват юкини ўз зиммаларига олишлари амр этилади ва бу йўлда кофирлар томонидан ўзларига етадиган озор-азиятларга Аллоҳ учун сабр-тоқат қилиш буюрилади. Сура давомида Қиёмат Кунида кофирлар учун осон бўлмаслиги таъкидланади ва улардан бирининг кирдикори батафсил фош этилади. Сўнгра кофирларга ваъда қилинган дўзах ва унинг қўриқчи-ходимларининг саноқлари тўғрисида сўз юритилиб, бу саноқ фақат имтиҳон учун айтилгани баён қилинади.
Бу сурадан жаннат аҳлининг дўзахилар билан қиладиган савол-жавоблари ҳам ўрин олгандир. Сура Макка мушрикларининг Ҳақ Йўлига юрмаётганларидан ғамгин бўлган Пайғамбар алайҳиссаломга ҳар иш Аллоҳ таъолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлишини билдириб, таскин-тасалли бериш билан хотима топади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1-2. Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!
Изоҳ: Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом юқоридаги оятлар нозил бўлиши хусусида шундай деганлар: "Мен бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, баногоҳ мен Ҳиро ғорида эканлигимда олдимга келган фаришта осмон билан Ернинг ўртасида муаллақ бўлган бир курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб кўрққанимдан ерга йиқилдим ва қалтираб-титраган ҳолимда уйга етиб келиб, "Мени ўраб кўйинглар, мени ўраб қўйинглар", дедим. Энди кўрпага бурканиб ётганимда менга "Эй (либосларига) бурканиб олган зот", деб бошланган оятлар нозил бўлди".
3. Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!
4. Либосларингизни пок тутинг!
5. Бутлардан йироқ бўлинг!
6. (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг!
7. Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!
8-9. Чунки қачон (Қиёмат Қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир!
10. Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)!
Изоҳ: Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарини зиммасидаги пайғамбарлик вазифасини сабр-тоқат билан адо этишга чорлаб, у зотга яқинда Дин Йўлига ғов бўлган кимсалар учун қийин бир Кун — Қиёмат келиши тўғрисида хабар берди. Энди қуйидаги оятларда ўша кофирлардан бири бўлган Валид ибнул-Муғийранинг Қуръон ва Пайғамбар алийҳиссаломга қарши қилган кирдикори ва у топажак оқибат ҳақида сўз боради.
11. (Эй Муҳаммад алайҳссалом), Мен сўққабош ҳолида яратган кимсани ўзимга қўйиб беринг!
12-13. (Сўнгра) Мен унга кенг-мўл мол-давлат ва (доимо ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (ато) қилдим.
14. Яна унга (ҳаётнинг барча неъматларини) қулай-осон қилиб қўйдим.
15. Сўнгра у яна зиёда қилишимни тамаъ қилур.
16. Йўқ, (унинг тамаъси беҳудадир). Чунки у Бизнинг оятларимизга қаршилик қилгувчидир.
17. Яқинда Мен уни бир харсанг тошга (яъни, ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қилажакман!
18. Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу Илоҳий Китобга қиндай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди.
19. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?!
20. Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?!
21. Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради.
22. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди.
23. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди.
24—25. Бас, у: "Бу (Қуръон Аллоҳнинг Сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир", деди.
26. Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман!
27. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сақарнинг нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!
28. У (бирон кофирни) қолдирмас — қўймас (балки куйдириб ҳалок қилур)!
29. (У беш юз йиллик масофидан) инсонларга яққол кўриниб тургувчидир.
30. Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик-эгалик қилур).
31. Биз дўзах эгаларини — қўриқчиларини фақат фаришталардан қилдик ва Биз фақат кофир бўлган кимсаларни синаш учун у(фаришта)ларнинг саноғини (ўн тўқизта) қилдик. Токи Китоб берилган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар ўзларининг Илоҳий Китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилни ҳам дўзах қўриқчилари бўлган фаришталар саноғи ўн тўққизта экани айтилганини кўриб, Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган Ҳақ Китоб эканлигини) аниқ билгайлар ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай ҳамда Китоб берилган кимсалар ҳам, мўъминлар ҳам (дўзах қўриқчиларининг саноғи тўғрисида) шак-шубҳа қилмагайлар. Ва токи дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: "Буни мисол қилиш билан (яъни, фаришталар саноғини ўн тўққизта қилиш билан) Аллоҳ нима демоқчи?", дегайлар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўюр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни, фаришталарнинг қанча (ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур. У (яъни, ушбу оятларда таърифланган жаҳаннам фақат инсонлар (пинд-насиҳат олишлари) учун бир эслатмадир.
32. Дарҳақиқат, Ойга қасам;
33. Ўтиб кетган тунга қасам;
34. Ёришиб келаётган тонгга қасамки,
35-36-37. Албатта у (жаҳаннам барча) инсонлар учун — сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилашни ёки (куфру исён томонига) чекинишни хоҳлаётган кишилар учун огоҳлантиргувчи бўлган чўнг (бало)лардан биридир.
38. Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушлангувчидир.
39. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни, ҳаёти дунёда иймюн келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотларгина дўзахдан нажот топгувчидирлар).
40-41. Улар жаннатларда бир-бирлари билан (дузахга ташланган) жиноятчи-кофирлар ҳақида савол-жавоб қилишурлар.
42. (Улар дўзах аҳлига): "Сизларни нима Сақарга киритди?", (деганларида);
43. Улар айтурлар: "Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик.
44. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик.
45. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғигувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва Пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик).
46-47. То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо — Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик".
48. Энди қўллагувчиларнинг қўллови уларга фойда бермас!
Изоҳ: Яъни, Қиёмат Кунида ҳаёти дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон қўлловчи топа олмаслар ва агар фаразан ер юзидаги барчи одамлар уларни шафоат қилган-кўллаган тақдирда ҳам бу шафоат уларга фойда бермас! Юқоридаги оятларда кофирлар топадиган оқибат зикр қилинди. Энди қуйидаги оятларда уларнииг Ҳақдан юз ўгиришлари тўғрисида бир ибратли мисол келтирилади:
49-50-51. Нега улар худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб бу Эслатмадан — Қуръондан юз ўгирадилар-а?!
52. Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар!
Изоҳ: Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга: "Токи сен бизларнинг ҳар биримизга осмондан алоҳида саҳифа келтирмагунингча ва у саҳифада ҳар биримизга Аллоҳ томонидан сенга эргашиш буюрилганини ўқиб кўрмагунимизча сенга иймон келтирмаймиз", деганларида, ушбу ояти карима нозил бўлди.
53. Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб, асло уларга очиқ сиҳифалар берилмагани эмас), балки улар Охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубатдан) қўрқмайдилар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар).
54. Ҳа, албатта у (Қуръон) бир Эслатмадир.
55. Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур.
56. Улар Ёлғиз Аллоҳ хоҳлаганидагина (Куръондан) эслатма-ибрат олурлар. У (Аллоҳ) тақво Эгасидир (яъни, бандалари Ундан тақво қилишлари — кўрқишлари лозимдир) ва (У Аллоҳ тақво қилгувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир.

Орқага Олдинга