loader

019. Марям сураси

Тўқсон саккиз оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилингандир. Бу сурада ҳам бир қанча пайғамбарлар қиссалари зикр қилинади. Бошлаб, Закариё ва унинг кексалик чоғида кўрган фарзанди Яҳё ҳақида сўзланиб, сўнгра энг ажиб ва ғариб қисса - Марям ва унинг беота дунёга келган ва бешикда ётган чоғидаёқ тилга кириб ўзининг кимлигини айтган фарзанди - Ийсонинг қиссаси ҳикоя қилинади ва Яратган наздида бу осон иш эканлиги таъкидланади. Суранинг «Марям» деб номланишига ҳам сабаб шудир.
Яна бу сурада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб, Мусо, Ҳорун, Исмоил, Идрис ва Нуҳларнинг номлари ҳам зикр қилиниб, уларнинг барчалари бир занжирнинг ҳалқалари эканликлари, яъни, Ягона Аллоҳнинг Дининга даъват этганликлари яна бир бор эслатиб ўтилади.
Шунингдек, бу сурада Қиёматнинг айрим манзаралари, у Куннинг даҳшатлари - жаҳаннамга ташланишларини кутиб тиз чўкиб турган кофирларнинг аҳволи Илоҳий қалам билан чизиб берилади. Лекин У Зотнинг Ёлғиз Аллоҳга бандалик қиладиган кишиларга бу дунёга ҳам, у дунёда ҳам раҳм-шафқатли эканлиги таъкидланиб, суранинг бир неча ўринларида Аллоҳ калимасининг Раҳмон - Меҳрибон сўзини қўлланади.
Сура ниҳоясида Аллоҳ таъолонинг фарзанд ва шерикдан Пок - танги йўқ Зот экани яна бир карра уқтириб ўтилади.

Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи билан

1. Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод.
Изоҳ: Бу сура ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи муқаттоат» яъни, маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади.

2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу қисса) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир.

3-4. Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим - сочим оқарди. Парвардигорим, мен Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман.

5-6. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни Зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин».

7. (Аллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз».

8. (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?»

9. (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!»

10. «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан».

11. Бас, (Закариё) меҳробдан - ибодатгоҳидан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-ю кеч (Аллоҳни) поклаб - ибодат этишни ишора қилди.
Изоҳ: Дарҳақиқат, Закариё алайҳиссалом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тиллари айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қиладилар. Сўнг вақти-соати етиб Яҳё алайҳиссалом дунёга келгач, Аллоҳ таъоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади.

12. (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик.

13. Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди.

14. У ота-онасига итоатли - меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди.

15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат) Кунида ҳам тинчлик - омонлик бўлур (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан омондир).

16-17. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда (яъни, Қуръонда) Марям (қиссаси)ни зикр қилинг: у ўз аҳли-оиласидан четга - кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз руҳимиз - (яъни, Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рой-рўст) одам бўлиб кўринди.

18. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни, Аллоҳга) сиғиниб сендан паноҳ беришини илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказмагин)», деди.

19. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

20. (Марям) деди: «Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!»

21. (Жайброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки: «Бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир».

22. Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга бир йироқ жойга кетди.

23. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсаму бутунлай унутилиб кетсам эди».
Изоҳ: Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.

24. Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.

25. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар.

26. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзотдан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: ! Мен Раҳмон Йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, буган бирон инсонга сўзламайман», дегин.

27. Сўнг (Мариям боласини) кўтарган ҳолда ўз қавмига келганида улар: «Эй Мариям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку!

28. Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!», дедилар.

29. Шунда (Мариям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!»

30. (Шу пайт чақалоқ, яъни, Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У Зот менга Китоб - Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.

31. Яна мени қаерда бўлсам хайру бракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (адо этишни) амр қилди.

32. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли - меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.

33. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта туғиладиган Кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур».

34. Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Иймо бинни Марям (яъни, унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) ҳақ сўзи мана шудир.
Изоҳ: Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Аллоҳ таъолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таъолонинг Сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» яъни, отасиз, беникоҳ туғилган бола, дейдиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли», дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил - ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.

35. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас - У Зот (бундай нуқсондан) Покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас, (ўша иш) бўлур.

36. (Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, унга бандалик қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир».

37. Сўнг (яҳудий ва насроний) ҳизблар - тўдалар (Ийсо ҳузурида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўган кимсаларга улуғ Кун - Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлғай.

38. Улар Бизга келадиган Кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар.

39. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларни (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан - Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.

40. Шак-шубҳасиз, Биз ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни, барча жонзот ўтар, Ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар.

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.

42. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилурсан?

43. Эй ота, дарҳақиқат, мен сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга эргашгин, сени Ҳақ Йўлга ҳидоят қилурман

44. Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир.

45. Эй ота, ҳақиқатан, мен (кофир ҳолда яшаб ўтганинг сабабли Охират диёрида) сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида;

46. (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени узоқ вақтга (яъни, бутунлай) тарк эт!»

47. (Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мени Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга Меҳрибон бўлган Зотдир.

48. Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган (бутларингиздан) ҳам четланурман ва (Ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман. Шояд Парвардигоримга қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман».

49. Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик.

50. Шунингдек, уларга Ўз фазлу марҳаматимиздан инъом этдик ва учун рост, юксак мақтовларни (барқарор) қилдик.

51. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда Мусо (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди.

52. Биз унга Тур (тоғининг) ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб Аллоҳ таъолога муножот қилиб кетаётганида ўнг томонларидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таъоло билан бевосита сўзлашади.

53. Биз (Мусога) Ўз фазлу марҳматимиз билан (унга ёрдамчи бўлсин, деб) пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик.

54. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ушбу Китобда Исмоил (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдаси рост бўлган элчи-пайғамбар эди.

55. У ўз аҳли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигор наздида рози бўлинган киши эди.

56. Яна ушбу Китобда Идрис (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эи.

57. Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик.

58. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ана ўшалар (яъни, Биз Сизга  қиссаларини ўзлаб берган кишилар) Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан бўлган (Иброҳим каби), Иброҳим зурриётларидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётларидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) пайғамбарлардан ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилрадан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлардир. Қачон улрга Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳоларида йиқилурлар.
Изоҳ: Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тинглагувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир.

59. Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар.

60. Магар тавба қилиб, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас.

61. Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз бандаларига ваъда қилган мангу жаннатларга (кирурлар). Албатта У Зотнинг ваъдаси амалга ошгувсидир.

62. У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) саломни (эшитурлар, холос). У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир.

63. Ушбу жаннат - Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир.

64. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз Ёлғиз Парвардигорингизнинг амри фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам Ёлиз Унингдир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир.

65. У осмонлар, Ер ва унинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, Сиз Унга ибодат қилинг ва Унинг ибодатида сабр-тоқатли бўлинг! Униг учун бирон «тенг»ини билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз!)»
Изоҳ: Ушбу икки оят Аллоҳ таъолонинг муқарраб фаришталаридан бўлмиш Жаброил алайҳиссаломнинг сўзларидир. Пайғамбар ҳазрати Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг, Жаброил келганида у зот: «Нега келмай қолдинг?», деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги сўзларни айтган экан.

66. (Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда (қабримдан) чиқарилурманми?!» дер.

67. Ахир ўша инсон биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни, йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?!

68. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорингизга қасамки, албатта биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз. Сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.

69. Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса раҳмонга қатттиқроқ осий бўлган бўлса, (ўшани) суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз).
Изоҳ: Уламолар уқтиришларича, «Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган» кимсалар халқни ҳақ йўлдан оздириб, боши берк кўчаларга бошлаган доҳийлардир.

70. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни жуда яхши билгувчидирмиз.

71. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингизга (яъни, У зотнинг амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.

72. Сўнг биз тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.

73. Қачон уларга (яъни, инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?», дейдилар. (Яъни бой-бадвлат мушриклар фақир ва мискин мўъминларнинг устидан куладилар).

74. Ҳолбуки, Биз улардан илгари қанча матоъ ва суратлари чиройли бўлган авлодларни ҳалок қилгандирмиз!

75. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Ким залолатда бўлса, бас, Раҳмон унга муддат - умр берсин. То қачон ўзларига (яъни йўлдан озганларга) ваъда қилинган (дунё) азобини ёки қиёмат қойим бўлишини кўрган вақтларида албатта кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар.

76. Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолгувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир.

77. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсаларни кўрдингизми?

78. У ғойибдан хабардор бўлдимикин, ёки раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олдимикин?!

79. Йўқ, албатта, биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни зиёда қилурмиз.

80. У айтаётган (унинг бола-чақа ва мол-дунёсига) биз меросхўр бўлурмиз ва у ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур.

81. Улар (яъни Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар - бутларга сиғиндилар.

82. Йўқ, (қиёмат кунида бутлари уларни қўллай олмайди, балки бутлар) уларнинг қилган ибодатларини инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.

83. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?

84. Бас, сиз улар устида шошқалолқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб хайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз биз уларнинг (қолган ой-кунларини ҳам қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисою-китоб қилиб турурмиз.

85. Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида раҳмон даргоҳига тўплайдиган;

86. Ва жиноятчи кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)!

87. (У кунда) фақат раҳмон наздида аҳду паймон олган, (Аллоҳни бир билиб, зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар.

88. (Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар.

89. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки,

90-91. Унинг оғирлигидан - раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, ерлар бўлиниб, тоғлар парчаланиб, қулаб кетишга яқин бўлур.
Изоҳ: Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки ерлик одамнинг ҳаёлига ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳол.

92. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмас (яъни, у Зот болага муҳтож эмас).

93. Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) раҳмон (ҳузурига) бўйсунган ҳолда келгувчидир.

94. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир.

95. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда у зотнинг ҳузурига келгувчидир.

96. Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун раҳмон дўстликни (барқарор) қилур.

97. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик.

98. Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз, ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо биз сизга нозил қилган дин эса қиёматгача қолур).

Орқага Олдинга