loader

020. Тоҳа сураси

Маккада нозил бўлган бу сура бир юз ўттиз беш оятдир. Бу сура Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиш билан бошланиб, у зотга бор мавжудотнинг Хожаси томонидан инган Қуръони каримнинг Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун бир панд-насиҳат экани ва Яратганнинг энг махфий нарсалардан ҳам огоҳ бўлган зот эканлиги баён қилинади. Бу сурада Аллоҳ таъоло ўзининг сўнгги пайғамбарига ундан аввал ўтган салафлари учун ҳам Ҳақ йўлга даъват қилиш бўлмаганини эслатиб, суранинг асосини ташкил этадиган Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг қиссасини батафсил баён қилади. Унда Мусо алайҳиссаломнинг қай ҳолатда пайғамбар бўлганлари ва узотга Аллоҳ таъоло томонидан қандай мўъжизалар ато этилгани; Мусо билан золим Фиръавн ва унинг лашкарлари қандай ҳалок бўлганлари ва бошқа воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади. Яна бу сурада барча жонзот ҳисоб-китоб учун жамланадиган Қиёмат Кунида овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилишлари ва фақат пичирлашларгина  қулоққа чалиниши каби Қиёмат мунозаралари ҳам тавсирлаб ўтилади ҳамда Ҳақ Йўлидан тоймаган кишилар ўзларига ваъда қилинган жаннатларга киритилишлари, кофирлар эса жаҳаннамга ташланишлари ҳақида хабар берилади.Сура пайғамбар алайҳиссаломга айрим илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатиш билан ниҳояланади. Бу сура ўзининг илк ояти - «Тоҳа» номи билан маъруфдир.

Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи билан

1. То, Ҳа.

2-3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизга бу Қуръонни қийналиб жаво чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга  панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик.

4. (У) ерни ва юксак осмонларни яратган Зот томонидан нозил қилингандир.

5. (У Зот) Ўз Аршига ўрнашган Раҳмондир.

6. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бро нарса Унингдир.

7. Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна гапирсангиз ҳам У Зотга баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур.

8. Аллоҳ - ҳеч қандай тангри йўқ, Ёлғиз унинг ўзи бордир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир.

9. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга Мусо ҳақида хабар келдими?

10. Эсланг, у (қоронғи кечада узоқдан) бир оловни кўриб аҳли-оиласига: «(Сизлар шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам», деди.

11. Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: «Эй Мусо», деган нидо эшитилди.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом ўз оиласи билан Мадян шаҳридан Мисрга қайтиб келаётганида бир қоронғу-қорли кечада йўлдан адашиб қолади. Олов ёқай деса чақмоқ тоши ёнмайди. Шу пайт унинг кўзига узоқдан бир олов кўриниб, чўғ олиш ва у ердагилардан йўл сўраб келиш учун ўша тарафга борганида, у кўринган ёруғлик олов эмас, балки Аллоҳнинг нури эканлиги маълум бўлди.

12. «(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан.

13. Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас, (сенга Мен томондан) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут!

14. Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!

15. Токи ҳар бир жон қиладиган сай-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (Қиёмат) Соати албатта келгувчидир. (Лекин) Мен уни (яъни, Қиёмат қачон қойим бўлишини) яширишни истайман.

16. Бас, сени (Қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар ундан (яъни, Қиёмат бор эканига иймон келтиришдан) тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан.

17. Ана у - қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!»

18. (Мусо) деди: «У асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга  (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор».

19. (Аллоҳ) айтди: «Уни (ерга) ташлагин, эй Мусо!»

20. Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ (мўжиза юз бериб), у юрадиган - жонли илон бўлиб қолди.

21. (Аллоҳ) деди: «Уни ушла! Қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз.

22. Қўлингни қанотингга - қўлтиғинга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур).

23. Биз сенга (ўзимизнинг нақадар қудратли эканимизга ва сенинг ҳақпай эканлигинга далолат қилдиган) буюк мўжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик).

24. (Энди) сен Фиръавннинг олдига боргин! Чунки у ҳаддидан ошди (яъни, одамларга зулм қилиб ҳатто «худоман», деб даъво қилди)».

25. (Мусо) деди: «Парвардигорим, ўзинг қалбимни кенг қилгин;

26. Ишимни осон қилгин;

27. Тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин;

28. (Токи қавмим) сўзимни англашсинлар.

29-30. Менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин.

31. У билан белимни бақувват қилгин.

32. Ва уни ишимда (яъни,пайғамбарлик вазифамни адо этишда) шерик қилгин.

33. Токи биз Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик;

34. Ва сени кўпроқ зикр қилайлик - эслайлик.

35. Албатта Сен бизни Кўргувчи бўлган зотсан».

36. (Аллоҳ) айтди: «Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!

37. Биз сенга (гўдаклик чоғингда ҳам) яна бир карра  инъом маҳамат қилган эдик.

38. Ўшанда сенинг онангга (шундай) ваҳий-илҳом юоргандик;

39. «Уни (яъни, Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас, уни дарё (тўлқини) соҳилга отсин. (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани (бўлган Фиръавн)  ушлаб олур». (Эй Мусо, барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни, сени кўрган киши суюб қоладиган ёқимтой бола қилдим).

40. Ўшанда опанг (сени дарёдан ушлаб олган киши ортидан) юриб: «Сизларга бу (бало)га кафил бўлиб (эмизадиган аёлни) кўрсатиб қўяйми», деганларини (эслагин)! Сўнг Биз сени кўзлари қувонсин, ғамгин бўлмасин, деб онангнинг олдига қайтарган эдик. (Кейинроқ йигитлик чоғингда) бир жонни ўлдириб қўйганингда Биз сени бу ғамдан қутқарган эдик. (Кейин) Биз сени кўп синовлар билан имтиҳон қилиб кўрдик. Сен Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг; сўнгра (пайғамбар бўлишинг учун аниқ белгилаб қўйилган) тақдир бўлиб (бу ерга) келдинг, эй Мусо!

41. Ва мен сени ўзимга (пайғамбарлик учун) танладим.
Изоҳ: Юқоридаги (37-40) оятларнинг тафсирида муфассирлар шундай ривоятни келтирадилар: Мунажжимлар Фиръавнга: «Сенинг Мулку давлатинг бани Исроил қавмидан туғиладиган бир бола қўлида хароб бўлади», дейишгач, у ўша қавмдан дунёга келган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буйруқ беради. Мусо алайҳиссалом ана ўша бани Исроил учун ҳалокатли бўлган қора йилларда таваллуд топадилар. Шунда чақалоғининг ҳалок бўлишидан ғамга ботиб қолган онага ғойибдан фармон келиб, боласини сандиққа авайлаб солади-да, уни Нил дарёсига қўйиб юборади. Иттифоқо ўша пайтда дарё соҳилида ўтирган Фиръавн оқиб келаётган сандиқни кўриб қолади ва ходимларига уни олиб чиқишни буюради. Хизматкорлар сандиқни олиб келишгач, очиб қарасалар, унинг ичида ойдек бир чақалоқ ухлаб ётибди. Шунда Фиръавн хотинининг меҳри тушиб қолиб, ундан болани ўғил қилиб олишга изн сўрайди. У рухсат бергач, болани саройга олиб бориб, шаҳарга бола эмизадиган аёлларни суриштириб топадилар. Лекин Мусо бирон аёлни эммайди. Шу пайт бир қиз келиб, Фиръавннинг хотинига: «Мен сизларга шу болани эмизадиган бир аёлни олиб келаман», дейди. У Мусонинг опаси бўлиб, уни боласи дарёда оқиб кетганидан сўнг ғам-андуҳга ботган она Мусо ҳақида бирон дарак топиб келиш учун шаҳарга юборган эди. У қиз саройда Мусони кўриб танигач, ўзининг ким эканлигини яшириб, юқоридаги сўзларни айтади ва бориб дарҳол онасини етаклаб келади. Бу аёл тутган кўкракни чақалоқ дарҳол эма бошлаганини кўрган Фиръавннинг хотини беноҳоя хурсанд бўлиб, у аёлдан саройда қолишни илтимос қилади. Лекин у уйи ва бола-чақасини ташлаб кела олмаслигини айтиб, агар рози бўлсалар, бу болани ўз уйида эмизиб катта қилиб беришга ваъда бергач, ноилож қолган малика бу таклифга рози бўлади ва онага кўп хайру саҳоват кўрсатиб, болани унга қўшиб бериб юборади. шундай қилиб Аллоҳ таъолонинг марҳамати билан бола туққан онасига қайтарилади. Агар эътибор берилса, бу қиссада яна бир ибратли жиҳат бордир. Фиръавн ўзини ҳалок қиладиган болани - Мусо алайҳиссаломни ўз қўли билан сувга ғарқ бўлишидан қутқариб қолади ва боқиб тарбиялайди. Шу маънода арабларда бир нақл ёйилгандир: «Ли кулли Фиръавнин Мусо - Ҳар Фиръавнга Мусо бордир», яъни, ҳар қандай золим ҳокимнинг пешонасига Аллоҳ таъоло уни йўқ қиладиган бир адолатпарвар - ҳақсевар кишини ёзиб қўйгандир».

42. (Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) менинг мўъжизаларимни (одамларга) олиб боринглар ва мени зикр қилиб - ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар!

43. Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у («Мен Худоман», деб) ҳаддидан ошди.

44. Бас, унга юмшоқ сўз сўзламанглар! Шояд панд-насиҳат олса, ёки (менинг қаҳримдан) қўрқса.

45. Улар дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, биз (агар уни сенга иймон келтиришга даъват этсак), у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки бадтар туғёнга тушишидан ҳавфдамиз.

46. (Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шубҳасиз, мен сизлар билан биргаман - эшитиб, кўриб турурман.

47. Бас, сизлар унинг олдига бориб айтинглар: «Биз Парвардигорингизнинг элчиларидирмаз. Сен бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин. Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур.

48. Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур».

49. (Улар Фиръавн олдига келиб, юқоридаги сўзларни айтишгач), у деди: «Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?»

50. (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз ҳилқатини - шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир».

51. (Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни Парвардигоринг уларни ҳам азоблаганми?)»

52. (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги китобда - Лавҳул маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас».

53. У зот ерни сизлар учун бешик - қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди. Бас, биз у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чиқардик.

54. Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар, албатта бунда нақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.

55. Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз.

56. Дарҳақиқат, биз унга (яъни, Фиръавнга) бор оят-мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у (уларни) ёлғон деб юз ўгирди.

57. У деди: «Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй Мусо!

58. У ҳолда бизлар ҳам сенга ҳудди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ танлагинки, у бизлар ҳам, сен ҳам қаршилик қилмайдиган ўрта бирж ой бўлсин».

59. (Мусо) айтди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар».

60. Бас, Фиръавн бориб, ўзининг макр-найрангини (яъни, сеҳргарларини) йиғди. Сўнгра (ваъда қилинган жойга) келди.

61. Мусо уларга (яъни, сеҳргарларга) деди: «Ҳолларингга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни, очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур. Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир».

62. Бас улар (қиладиган) ишларини ўзаро талашиб-тортишиб аста шивирлаша бошладилар.

63. (Сўнгра бир-бирларига) айтдилар: «Албатта бу иккови (яъни, мусо ва Ҳорун) ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқни ва юксак йўлингизни (яъни, динингизни) йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир.

64. Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар».

65. (Маслаҳатлари битгач), дедилар: «Эй, Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал) ташлайсанми, ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?»

66. (Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар қўлларидаги ассо ва ипларни ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди.

67. Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди;

68. Биз айтдик: «Қўрқмагин! Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан.

69. Қўлингдаги нарсани (яъни асоингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари ҳам бир сеҳргарнинг макр-ҳийласи холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин, зафар топмас».

70. (Мусо асосини ташлагач, сеҳргарларнинг бор ясаган нарсаларини ютиб юборди). Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташланиб: «Биз Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар.

71. (Фиръавн) айтди: «Унга мен сизларга изн бермай туриб иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни, ўнг қўл, чап оёғингизни, ёки аксинча) кесурман ва сизларни ҳурмо шоҳларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг (яъни, менинг ёки Мусонинг худосининг) азоби қаттиқроқ ва давомлироқ эканини билиб олурсизлар».

72. Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва бизлари яратган зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан.

73. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағфират қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) давомлироқдир».

74. Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигори(нинг ҳузури)га жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бордирки, (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур.

75. Ким у зотга яхши амаллар қилган мўъмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар -

76. - остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган мангу жаннатлар бўлур. Бу (ширку куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!

77. Дарҳақиқат, биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни, бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил - (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан ҳавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юбордик.

78. Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча ўраб олди (яъни, барчалари унга ғарқ бўлдилар).

79. Фиръавн қавмини тўғри йўлга бошламади, (балки тўғри йўлдан) оздирди.

80-81. Эй бани Исроил, биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (яъни, Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғининг) ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик): Биз сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ, ҳалок бўлур.

82. Ва мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб, яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман.

83. (Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан мунча илгарилаб кетдинг, эй Мусо»

84. У айтди: «Улар ана - изимдан келурлар. Мен эса сен рози бўлишинг учун сенинг олдингга шошдим, Парвардигорим!»

85. (Аллоҳ) деди: «Ҳақиқатан, биз сенинг ортингдан қавмингни фитнага солдик - имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди».

86. Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб, деди: «Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиш ҳақида) чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдани буздингларми?!
Изоҳ: Мусо Тур тоғига кетаркан бани Исроил қавми унга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга сиғинмасликка сўз берган эдилар. Кейин эса Сомирий ясаган бузоққа сиғиниш билан ваъдаларини буздилар.

87. Улар айтдилар: «Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар (Мисрдан чиқиб кетаётганимизда Фиръавн) қавмининг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас (Сомирийнинг амри билан) уларни (оловга) ташладик. Сўнгра Сомирий ҳам (ўзи кўтариб чиққан нарсаларни оловга) ташлади.

88. Сўнг уларга (Сомирий ўша зеб-зийнатларини оловда эритиб, худди тирик бузоқ каби) овози бор хайкал бузоқ (ясаб) чиқариб берди, сўнг (Сомирий ва унинг шериклари) дедилар: «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутиб, (уни бошқа ердан излагани кетибди)».

89. Ахир (ўша бузоққа сиғинаётганлар) унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?

90. Ҳолбуки, (бузоққа чиғинишларидан) илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилиндинглар, холос, (бас, у бузоққа сиғинманглар)! Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз ёлғиз раҳмон - марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!», деганида;

91. Улар: «То бизларга Мусо қайтмагунича унга (бузоққа) ибодат қилиб - сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз», деган эдилар.

92-93. (Мусо қайтиб келгач), деди: «Эй Ҳорун. Сен уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда, менинг ортимдан боришингдан (ва менга бу ҳақда хабар беришингдан) сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?»

94. «Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам) «менинг сўзимни кутмай бани Исроилни бўлиб юборибсан» дейишингдан қўрқдим».

95. (Сўнгра Мусо Сомирийга қараб): «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?», деди.

96. У айтди: «Мен улар (яъни бани Исроил) кўрмаган нарсани кўрдим (яъни, Жаброил сенинг олдингга келганида, ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ қандай жонсиз нарсага тегса, дарҳол унга жон кирарди. Мен шуни кўриб қолган эдим), бас, элчи - Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига) сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган бани Исроил қавмидан бўлган одамлар у бузоққа чиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди».

97. (Мусо) деди: «Бас, йўқол. Энди сен учун ҳаётда «(менга) тегинманглар» дейишгина бордир (яъни, умрингнинг охиригача яккамохов бўлиб қолурсан, охиратда эса) сен учун ҳаргиз ҳилоф қилинмайдиган бир ваъда - азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган «илоҳингнинг» (ҳолини) кўриб қўй! Биз албатта уни ёндириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз».

98. (Эй инсонлар), илоҳинглар ёлғиз Аллоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, ёлғиз унинг ўзи бордир. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир.

99. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини мана шундай сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, биз сизга ўз даргоҳимиздан эслатмани - Қуръонни ато этдик.

100. Ким ундан юз ўгирса, бас албатта у қиёмат кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар.

101. Улар у (юк) остида абадий қолурлар. У (юк) қиёмат кунида улар учун жуда оғир юк бўлур.

102. У сур чалинадиган кундир. У кунда биз жиноятчи кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз.

103. Улар ўзаро шивирлашиб: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар», (дейдилар).

104. Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг намунали йўлини тутган - донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди(лар).

105. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур».

106. Сўнгра у зот (ерни) теп-текис қилиб қўюрки,

107. унда на чуқурни ва дўнгликни кўрурсиз.

108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай бурилмай эргашурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам раҳмонга таъзим қилур, бас, фақат пичирлашнигина эшитурсиз.

109. У кунда ҳеч қандай шафоат-қўллов фойда бермас, магар раҳмон изн берган ва у зот сўзидан рози бўлган кишигагина (фойда берур).

110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни, охиратдаги) ва ортларидаги (яъни, дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса у зотни била олмаслар.

111. Юзлари ҳам тирик ва абадий тургувчи (у) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса, ноумид бўлиши аниқдир.

112. Ким мўъмин бўлган ҳолда яхши амаллар қилса, бас, у зулмдан ҳам (яъни, унга зулм қилиниб, ўзи қилмаган гуноҳларга масъул бўлишидан ҳам), камайишдан ҳам (яъни, қилган яхши амалларининг савоб-мукофоти тўла берилмай қолишидан ҳам) ҳавф қилмас.

113. Шундай қилиб биз уни (яъни Қуръони каримни) арабий Қуръон қилиб тушурдик ва унда қўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик. Шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ё (бу ваъдалар) улар учун эслатма-ибратлар пайдо қилса!

114. Ҳақ подшоҳ - Аллоҳ юксакдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга (Қуръон) ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошманг, (балки фаришта Жаброил Аллоҳ томонидан келтирилган оятни тўла ўқиб бўлганидан кейин қироат қилинг) ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин».

115. Дарҳақиқат, биз илгари одамга (жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) буюрган эдик. У (буйруқни) унутди ва биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик.

116. Эсланг, биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар» дейишимиз билан улар саждага эгилдилар, фақат иблис бош тортди.

117. Бас, биз айтдик: «Эй Одам, албатта бу (Иблис) сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин.

118. Шубҳасиз, сен у жойда (яъни, жаннатда) оч-ялонғоч қолмайсан.

119. Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан. Иссиқда ҳам қолмайсан».

120. Сўнг шайтон унга васваса қилиб: «Эй одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?» деди.

121. Бас, Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб, ўша дарахтдан едилару, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди.

122. Сўнгра Парвардигори учун сайлаб - ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди.

123. (Аллоҳ) айтди: «Ундан (яъни, жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга мен тарафдан тўғри йўл келганида, ким менинг тўғри йўлимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас.

124. Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг - бахтсиз ҳаёт бўлур ва биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз».

125. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрар эдим-ку», деган эди.

126. (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида («кўрмадинг») - унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан».

127. Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва давомлироқдир.

128. Биз улардан илгари ҳам уларнинг масканларида (яшаб) юрган қанча авлодларни (куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми?! Албатта, бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.

129. Агар Парвардигорингиз томонидан (барча яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари қиёматда бўлиши хусусида) сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди, албатта, (улар дарҳол азобга гирифтор бўлишлари) лозим эди.

130. Бас, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (у зотни) покланг - намоз ўқинг. Кеча(нинг аввали ва охири) вақтларида ҳам, кундуз(нинг аввали ва охири) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд шунда (Парвардигорингиз охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз.

131. Ва кўзларингизни биз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган - ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва давомлироқдир.

132. Аҳли умматларингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билаксъ) ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Чиройли оқибат - жаннат - (аҳли) тақвоникидир.

133. (Мушриклар: «Муҳаммад) Парвардигори томонидан бизларга бирон оят-мўъжиза келтирса эди», дедилар. Ахир уларга илгариги саҳифалардаги (яъни, аввалги илоҳий китоблардаги) нарсаларнинг баёни (яъни Қуръон) келмадими?!

134. Агар биз уларни (Муҳаммад алайҳиссалом келишидан ва Қуръон нозил бўлишидан) илгари бирон азоб билан ҳалок қилганимизда, улар албатта: «Парвардигоро, бизларга бирон пайғамбар юборганингда эди, бизлар хор-зор ва шарманда бўлмай сенинг оятларингга эргашар ва итоат этар эдик», деган бўлур эдилар.

135. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Барча(миз) кутгувчидир(миз). (Яъни сизлар ҳам, бизлар ҳам охир-оқибатда ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар! Яқинда кимлар тўғри йўл эгалари, кимлар ҳидоят топган кишилар эканини билурмизлар».

Орқага Олдинга