loader
Foto

Нима учун СССРда ўғрилар ҳаёти романтика ҳисобланган?

Россия жиноий суб-маданияти тадқиқотчилари СССРда унинг оммавий тарқалиши ҳодисасини ўғрилар қонуни ва тоталитар давлат мафкураси кўп жиҳатдан ўхшашлиги – либерализм ва демократияга жой йўқлиги билан изоҳлайдилар. Ўғрилар дастлаб очиқчасига ўзларини жамиятдан ташқари деб ҳисоблаган ва унинг қонунлари билан яшашни истамаган. Ушбу шахсий эркинлик ғояси режим томонидан таъқиб қилинган кўплаб совет фуқаролари ўзига жалб қиларди.

Инқилобдан олдин жиноий дунё рус ёзувчилари ва шоирлари, бастакорлари ва рассомларининг асарларида романтика руҳида тасвирланмаган. Владимир Гиляровский томонидан тасвирланган «ўғрилар Москваси» - бу қаланғи-қасанғи жиноятчилар тўдаси, жамиятнинг энг тубан қисмидир. Аммо йигирманчи асрнинг 20-йилларидан бошлаб ўғрилар суб-маданияти совет фуқаролари онгида ҳозирги расмий ижтимоий-сиёсий тизимга очиқчасига қарши бўлган ягона мафкура сифатида алоҳида ўрин эгаллай бошлади.

Ушбу ҳолатларни тадқиқ этган Россиялик А.Н.Олейник бу таъсирни қамоқхона жамоати ва Россия жамиятининг институционал тузилмалари ўхшашлиги ва «қариндошлиги» билан изоҳлайди: бу иккала институт ҳам тоталитаризмга асосланган. Ўғрилар ҳам, совет жамияти ҳам шахсий ва жамоат ҳаётини бир-биридан ажратиб ўтирмаган. Ўғрилар тушунчасига кўра, қонун биринчи ўринда туради; қамоқда ўтирмаган совет фуқароларининг кўпчилиги ҳам шу фикрга қўшиларди.

Шу билан бирга, ўғрилар қонуни совет мафкурасига нисбатан жуда кўп афзалликларга эга эди, бу эса «тушунчалар»ни кенг жамоатчилик учун янада жозибадор қиларди. Ор-номус кўра, ўғриларга алдаш тақиқланган. «Тушунчалар»га кўра чақимчилик, хиёнат, кўпчилик фикрига мослашувчанлик, иккиюзламачилик ножўя ҳаракатлар ҳисобланган, Совет жамиятида эса юқорида айтилганларнинг барчаси нафақат қораланмаган, балки кўпинча рағбатлантирилган.

Ижод орқали ҳавасни сингдириш

Совет Иттифоқи ташкил топгандан сўнг деярли дарҳол адабиётда ўғрилар муҳити шоирона тасвирлана бошлади. Бу жараён 20-йилларда ёзувчи И.Бабель томонидан бошланган, у «Одесса ҳикоялари»ни нашр этган ва шу тариқа Молдаванканинг тожсиз қироли, ўғри Беня Крик образини романтиклаштирган. Урушдан кейинги СССРда норасмий маданият асосан ўғрилар романтикаси ва ўғрилар жаргонига асосланган эди.

Халқ орасида «блатной» қўшиқлар кенг тарқалган бўлиб, улар ғалтакли магнитофонлар, кейин эса кассетали магнитофонлар ёрдамида ёзиб олинган ва тарқатилган. В.Высоцкий, А.Розенбаум каби кўплаб машҳур совет ижрочилари ўзларининг ижодий таржимаи ҳолларини айнан шундай балладалар билан бошлаганлар.

Олейникнинг сўзларига кўра, қамоқхона суб-маданияти кенг тарқалишининг асосий сабаби нафақат ГУЛАГдан (Сталин давридаги лагерлар тизими) ўтган совет фуқароларининг кўплигида, балки Совет тизимининг ўзида эди: ўғрилар мафкураси ўша вақт коммунизм қурувчининг қоидалар кодексига ягона муқобил вариант эди. Ўғриларнинг ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш имкониятини инкор этиши жиноий суб-маданиятни оммага яқинлаштирди.

Россиялик олим И. М. Мацкевичнинг фикрига кўра, жамият маданиятида ҳақиқий паразитлик қилган бу суб-маданият унинг ирт тескариси эди. Темир парданинг қулаши ва ушбу мавзуни муҳокама қилишдаги тақиқларнинг олиб ташланиши билан жиноий суб-маданият янада кенг тарқалди: ўғрилар ҳаётини романтиклаштиришга кўплаб бадиий фильмлар, китоблар, матбуотдаги нашрлар ва теледастурлар бунда асосий роль ўйнади ва ҳали ҳам шу йўлда давом этмоқда.

Ёшлар қамоқхона суб-маданиятини ҳаракатлантирувчи куч сифатида

Ўғрилар муҳити ҳар доим ёш авлодга таянган – ёшларни ўз сафига жалб қилиш, ўсмирлар орасида жиноий романтикани оммалаштириш жиноий суб-маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Совет маданиятшуноси Д. С. Лихачевнинг фикрига кўра, қамоқхона ва вояга етмаганлар жамияти жуда кўп ўхшашликларга эга: иккаласи ҳам «ёрлиқ» қўювчи лақаблар ва остракизм, яъни қувғин остига олишдан фойдаланади.

Бундан ташқари, рус қамоқхона суб-маданияти тадқиқотчилари совет давридан бери болалар, ўсмирлар ва ёшлар маданияти қамоқхона маданияти доирасида ҳаракатланиб, ривожланиб бораётганига ишончи комил. СССРдаги ёшлар тўдалари хулқ-атвор қадриятларини ўғрилар муҳитидан ўрганишган, Америкада эса бунга тескари жараён кузатилади.

Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР