loader
Foto

Музораба ҳақида

“Музораба” деганда бир кишидан маблағ, иккин-чисидан хизмат бўлишини шарт қилиб, топиладиган фойдага шерик бўлиш учун тузилган келишув тушуни-лади. Мол эгасини “Роббил мол”, ишчини эса “музориб” дейилади.

Музораба ақди билан молнинг эгаси ишчига молни беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. Кўрилган зарар мол эгасига бўлади. Ишчи эса қилган меҳнатига куяди, холос.

Музорабада мол эгасининг ишчига молни топшириши ваъдиа ҳукмида бўлади. Ишчи молни ишлатишни бошласа, ваколат ҳукмига ўтади. Фойда туша бошласа, шерикчиликка ўтади. Ишчи мол эгаси қўйган шартлар-га риоя этмаса, бировнинг молини зўрлик билан тортиб олувчига айланади. Агар тушган фойданинг ҳаммасини мол эгасининг олиши шарт қилинса, ишчи текинга ишлаб берган ҳисобланади. Агар «фойданинг ҳаммаси ишчига» деб шарт қилинса, ишчи мол эгасидан қарз олиб турибди деб ҳисобланади.

Агар музораба келишуви нотўғри тузилган бўлса, у ҳолда хукмлар юқорида айтилган нотўғри ижара ҳукмида бўлади. Бу ҳолда ишчига тушган фойдадан улуш тегмайди. Балки фойда бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, ишига яраша ҳақ берилади.

Ширкат китобида айтилган сармоя бўлишга ярайдиган моллар музораба учун ҳам сармоя бўла олади.

Музораба кучга кириши учун мол эгаси ишчига маблағни топшириши лозим.

Музорабада томонлардан бирининг фойдадан маълум миқдордаги маблағ олишни шарт қилиши ман қилинади. Аммо фойдадан тегадиган улушни фоиз ҳисобида белгилаш шарт бўлади. Масалан, фойданинг ярмига ёки учдан бирига шерик деб тайин қилиш керак.

Ишчининг фаолиятини мол эгаси баъзи шартлар билан чегаралаб қўймаган бўлса («молни насияга сотма», «шаҳардан ташқарига чиқма» каби), ишчи тижорат учун лозим бўлган барча ишларни қилишга ҳақлидир. Лекин мол эгасининг рухсатисиз қарз бермайди ва олмайди. Агар мол эгаси ишчига «ўз фикринг билан иш қилавер» демаган ёки рухсат бермаган бўлса, унинг молини бошқа одамга музораба учун бера олмайди ва музораба молини ўз молига аралаштирмайди.

Музораба ақди икки тур бўлади.

1. Мутлақ.

2. Муқайяд.

Мутлоқ музорабада мол эгаси молни бирор бир қайдсиз беради. Музориб ўзи билган ҳолда иш юритади. Муқайяд музорабада эса мол эгаси томонидан қуйидаги тўрт хил қайдлардан ҳаммасини ёки баъзисини қилиши билан бўлади.

1.    Мол эгаси музораба амалини маълум вақтга қайдлаб қўйишга ҳақли. Шунинг учун “фақат ёз мавсумида” ёки “қишда” ёхуд “бир йил мобайнида” деб муддат шарт қилмоғи жоиз.

2.    Мол эгаси музораба амалини муайян бир маконда бўлишини талаб қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун “фаолият фақат Андижонда ёки Бухорода ва ҳоказо бўлсин” деб бир юрт ёки маконни қайдлаб шартлашиши жоиз.

3.    Мол эгаси музорабага меҳнат қилувчининг тижоратнинг бир турига қайдлаши мумкин. Шунга кўра “фақат ҳайвон боқиш билан ёки саноат моллари савдоси билан шуғулланинг” деб тижоратни хослаш ва уни шарт қилиш жоиз.

4.    Музорабани бирор шахс ёки фирмага қайдлаш мумкин. Шунга кўра меҳнат қилувчи молни фақат муайян кишига сотиш ёки сотиб олиш билан фаолият юритишини шартномасида қайд этиш мумкин.

Ишчи мол эгаси чегаралаб берган шаҳар, мато (товар), вақт ва шахсдан бошқага ўта олмайди. Агар ўтадиган бўлса («Қўқонда сотгин» деса-ю, ишчи Марғилонда сотса, «қўй сотгин» деса-ю, туя сотса, «эрталаб сотгин» деса-ю, кечаси сотса, «фақат Аҳмадга сотгин» деса-ю, бошқага ҳам сотса) кўрган фойдаси ўзига бўлади ва зарар бўлса, мол эгасидан олган молини тўлаб беради.

Ўз шаҳрида музораба қилаётган ишчининг нафақаси ўз чўнтагидан бўлади. Сафардагиси эса ўртача тарзда музораба молидан бўлади. Ортиқча харажат қилса, тўлайди.

Ишчининг эрталаб кетиб, тунагани оиласи ҳузурига қайтиб кела олмайдиган жойга бориши ҳам сафар ҳисобланади.

Агар фойда кўрилса, мол эгаси сармоясини ажратиб олиб, қолганини келишув асосида тақсимлайди. Музораба молининг нобуд бўлган қисми ҳамда нафақа сарф-харажатлари ҳам фойдадан чиқариб ташланади.

Музораба келишуви икковларидан бирининг (мол эгаси ва ишчи) вафоти ва мол эгасининг диндан қайтиб душман юртига ўтиб кетиши билан бекор бўлади.

Мол эгаси ишдан бўшатгани ҳақидаги хабар етиб бор-ган пайтдан бошлаб ишчи бўшаган ҳисобланади. Бироқ шундан кейин ҳам савдога қўйилган молларни сотишга ҳақи бор (чунки бусиз фойдани аниқлаб бўлмайди, ишчи эса фойдага шерикдир). Аммо тушган пулни тасарруф қила олмайди. Агар сармоя сўмда бўлиб, молларни сотиш туфайли ҳам сўмлар келиб тушса, уларга тега олмайди. Агар сотиш туфайли бошқа пул бирликлари келиб тушса, уларни сўмга алмаштириб қўйиш мумкин.

Мол эгаси ва ишчи ажрашаётган пайтларида бошқа одамларнинг булардан қарзлари бўлса, иш фойда кўриш билан якунланаётган ҳолатда ишчи қарзларни йиғиб кела-ди (чунки у қилган хизматига ҳақ оляпти). Бордию фойда кўрилмаган бўлса, қарзларни йиғиб келишга мол эгасини вакил қилади (чунки бу ҳолатда ишчи мол эгасининг ва-кили ҳисобланади, вакиллик ихтиёрий бўлгани учун унга мажбур қилинмайди).

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР