loader
Foto

Халифа Умар ибн Абдулазиз даврида Байтулмол бошқаруви

Байтулмол – ислом жамиятининг мол-мулки сақланадиган жой ёки давлат ғазнаси ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, байтулмолнинг асосий вазифаси ислом жамиятида йиғилган закот, ушр, хирож ва бошқа шу каби тушумларни бошқариш ҳамда уларни жамиятдаги камбағалликни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш мақсадида сарфлашдан иборат.



Ушбу мақола Халифа Умар ибн Абдулазиз давридаги байтулмол бошқарувида олиб борилган ишларни тадқиқ этишдан иборат.Бу шуниси билан муҳимки, Халифа Умар ибн Абдулазиз ўз даврида бир қанча ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган. Олиб борилган тадқиқотда ўша давр ғазна бошқарувида амалга оширилган олтита муваффақият омили кўрсатилган. Ушбу олтита омил қуйидагилардир:



    иқтисодий тараққиёт учун соғлом муҳитнинг яратилиши;

    давлат ғазнаси жамғармаларини мустаҳкамланиши;

    тадбиркорлик соҳасининг рағбатлантирилиши;

    қишлоқ хўжалигига оид янги қонунларнинг қабул қилиниши;

    асосий эътиборни давлат ғазнасида сақланадиган умумий жамғармаларга қаратилиши ҳамда

    давлат ғазнасидан оқилона ва ўз ўрнида фойдаланилиши.



Кириш



Умар ибн Абдулазизнинг халифаликлари бор йўғи икки ярим йил давом этган бўлса-да, у киши шу қисқа давр ичида деярли барча соҳаларни ислоҳ қилишга эришган. Булар сиёсий, иқтисодий, таълим ва ижтимоий соҳалардир.



Мақолада кўриб чиқиладиган муваффақият омилларининг биринчиси — бу иқтисодий тараққиёт учун соғлом муҳитнинг яратилиши. Иккинчидан, давлат ғазнаси жамғармаларини мустаҳкамлаш. Учинчидан, тадбиркорлик фаолияти кучайишини рағбатлантириш. Тўртинчида, қишлоқ хўжалигида соҳага оид янги қонунлар қабул қилиш. Бешинчидан, асосий эътиборни давлат ғазнасида сақланадиган умумий жамғармаларга қаратиш. Олтинчидан, давлат ғазнасидан оқилона ва ўз ўрнида фойдаланиш.Ушбу олти омиллар қуйида кенгроқ шаклда муҳокама қилинади.

Иқтисодий тараққиёт учун соғлом муҳитнинг яратилиши



Халифа Умар ибн Абдулазиздан олдингиларнинг бошқарувлари оддий халққа оғир юк бўлган.Бойлар бойиб бораверган, камбағаллар эса қашшоқлашиб кетган. Умар ибн Абдулазиз бу ҳолатга ўзининг норозилигини Сулаймон ибн Абдулмалик халифалик вақтида билдирган. Халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг бошқаруви ўша иқтисодий тизимда фаолият юритувчи кишиларни оғир аҳволга солиб қўйган эди. Умар ибн Абдулазиз Сулаймон ибн Абдулмаликнинг ўрнига халифа этиб тайинланганида эса жамиятдаги кишиларнинг ва давлатнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланиши учун соғлом муҳит ярата олди. Бундай тизимдан аввало оддий халқ манфаатдор бўлган ва хазинага тушадиган жамғармалар миқдори ҳам ошган. Соғлом муҳитни кучайтиришдаги йўллардан бири сифатида ҳукумат ва давлат хизматчиларининг миллий мулк ва бойликлар устида яккаҳукмронлик ўтказишларига чек қўйилди.Бунга қўшимча тарзда халифа ҳокимлар ва давлат хизматчиларига одамларнинг мол-мулкларини адолатсизлик билан тортиб олиш ва мусодара қилишни тақиқлади. Ўзидан олдинги халифалар томонидан адолатсизлик билан тортиб олинган мол-мулкларни ҳақиқий эгаларига қайтариш бўйича қонун қабул қилди. Зулмга учраганлар келиб ўзларинг мулкларини талаб қилишлари учун халифа оммавий равишда суриштирув ишлари олиб борди. Агарда мулкнинг ҳақиқий эгаси шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаса, уни ўзлаштириш ва жамиятга фойдали ишларга сарфлаш белгиланди.



Бундан ташқари Халифа Умар ибн Абдулазиз кўплаб инфраструктура объектлари, жумладан, кўприклар, йўллар қурдирди, қудуқлар қаздирди ва канализация тизимини ишга туширди. Халифа Умар ибн Абдулазиз бу иншоотларни оддий халқдан пул йиғимларисиз қуришга буйруқ берди.



Халифанинг амалга оширган бундай сиёсати кишиларнинг тадбиркорлик ва савдо билан шуғулланишларига ижобий таъсир кўрсатди. Тадбиркорлик ва савдодан олинадиган даромадларнинг ортиши, ўз навбатида ғазнага тушадиган маблағларнинг ортишига олиб келди, айниқса, закот ва ушрдан олинадиган тўловлар миқдори сезиларли даражада ошди. Бу воқеа кўплаб зиммийларнинг Исломни қабул қилишларига сабаб бўлди.



Соғлом муҳитнинг яратилиши ғазнага тушадиган маблағларнинг ортишига олиб келди. Бундай адолатли тизимни ташкил этишнинг ортида халифа эгаллаган илмларнинг ҳам ҳиссаси бор. У киши ўзлари олим бўлган ва баъзи фатволарни ҳам берган. У кишининг халифа сифатидаги мавқеси бу фатволарни ўз бошқарувидаги тизимда қўллашни анча осонлаштирган. Бу ҳолат халифа даврида давлат ғазнаси бошқарувини мустаҳкамлашни осонлаштирган.

Ғазначилик (Байтулмол) жамғармасини мустаҳкамлаш



Унинг даврида хазинага қўйилган маблағлар закот, уфти (жизя), хирож, ушр, ғаниманинг бешдан бир қисми ва файъ эди. Бироқ, умуман олганда, закотдан келадиган маблағлар бизнес, савдо ва қишлоқ хўжалигидан тушган даромадларнинг ошиши ҳисобига кўпайди. Исломни қабул қилган зиммийларнинг кўпайиши эса закот жамғармасининг кўпайишига ҳисса қўшди, чунки закот бериши мумкин бўлган мусулмонлар сони ошган эди. Халифанинг балиқ ва асал савдоси учун закот бериш қонунини кенгайтиришга оид янги фатволари ҳам закот маблағларининг кўпайишига сабаб бўлган.



Халифа Умар ибн Абдулазиз даврида закот тўлиб тошди, чунки мамлакатда закот олишга ҳақли инсонлар қолмаган эди. Буни ўша пайтда валий бўлган Яҳё ибн Саид ривоят қилган. У айтди:



“Мени Умар ибн Абдулазиз Африкадан закот йиғиш учун юборган эди. Уни йиғиб бўлгач, камбағалларга беришни ният қилдим. Лекин биронта закот олувчи инсонни топа олмадим. Умар ибн Абдулазиз шу вақт ичида ҳамма одамларни бойишига сабабчи бўлганди. Ниҳоят, закот фондидан қулларни сотиб олиш ва озод қилиш учун фойдаланишга қарор қилдим”.



Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳукмронлигидан олдин мусулмон мамлакатларида яшовчи зиммийларга (мусулмон бўлмаган аҳоли) нисбатан уфти/жизя деб аталувчи солиқ солинган. Унинг ҳукмронлиги даврида халифа бу қоидани бекор қилди. Унинг бу қарори кўпроқ зиммийларнинг исломни қабул қилишига сабаб бўлди. Бироқ, вазият ҳокимнинг шикоятига сабаб бўлган, чунки у уфти/жизя тўлайдиганлар сони қисқариб кетганини айтганди. Бунга жавобан халифа Умар ибн Абдул Азиз мактуб билан шундай жавоб берди:



“Амма баъд Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбарни уфти/жизя йиғувчи солиқчи сифатида эмас, балки бутун инсониятни динга даъват қилиш учун юборди”.



Шундай қилиб, Умар ибн Абдул Азиз халифалик даврида исломни қабул қилган зиммийларнинг кўпайиши закот берувчининг кўпайишига олиб келди.



Ер солиғи жорий этилган ҳудудларни сотишнинг тақиқланиши ҳам хирож (солиқ)нинг кўпайишига олиб келди. Ерни сотишни тақиқлаш шариатга мувофиқ бўлган халифанинг буйруғи эди. Тақиқдан ташқари, халифа Умар ибн Абдул Азиз суғориш мақсадлари учун дренаж тизимлари (ерни захини қочириш) ва ҳосилни бошқа мамлакатларга олиб чиқиш (экспорт қилиш) жараёнини осонлаштириш учун йўллар қурдирган. Тадбиркорликдаги бир қанча солиқларнинг бекор қилиниши ҳам кўпчилик зиммийларда ўз бизнесини кенгайтириш истагини уйғотган. Булар ушрнинг кўпайишига олиб келган ва халифа давридаги байтулмол маблағларини ундан олдинги халифаларга нисбатан янада кўпайтирган.



Халифа Умар ибн Абдулазиз томонидан илгари қўйилган асоссиз солиқлар олиб ташланганидан кейин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи пасаяди. Бу ҳолат маҳсулотларга бўлган талабнинг ошишига олиб келади, бу эса ўз навбатида асоссиз солиқлар бекор қилинган вақтга нисбатан тадбиркорларни фаоллиги ошишига олиб келади. Шунингдек, Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳокимларни савдогарлар йўллари бўйлаб иншоотлар қуришга, улар учун шароитлар яратишга ундаган. Мусофирхона/карвонсаройлар ҳам ташкил қилинган ва савдогарларга у ерда бир кеча кундуз қолишга рухсат берилган. Бироқ, касал бўлганлар бундан кўпроқ муддат қолиши мумкин бўлган. Моллари йўқолган, ўғирланган ёки бошқа фалокатга учраган мусулмон савдогарларга ҳам ёрдам кўрсатилган. Уларнинг барча зарарлари байтулмол томонидан кафолатланган. Ушбу хавфсизлик ва қулайлик билвосита савдогарларни рағбатлантирган ва тадбиркорликни кучайтирган.



Бундан ташқари, савдогарларга турли имтиёзлар бериш сиёсатига барҳам берилди, шу билан бирга муфлис (банкрот) бўлган ҳар қандай савдогарнинг қарзи байтулмол томонидан тўланиши эълон қилинди. Халифа Умар ибн Абдулазиз бу билан савдогарларни, айниқса бизнес ва савдо соҳасида ҳали янги бўлганларни таслим бўлмасликка ундади. Турли ўлчов бирликларини (оғирлик, узунлик каби) мувофиқлаштириш (стандартлаштириш) жиддий тарзда амалга оширилган. Халифа шунингдек, ҳокимлар ва халифанинг оила аъзоларининг ўзларига ва уларнинг яқин қариндошларига тадбирокрлик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлайди.



Ушбу амалга оширилган ишлардан кўриш мумкинки, ривожланишни рағбатлантириш мамлакатга ўсиш ва рақобатбардошликни кучайтириш имкониятини беради.

Қишлоқ хўжалигида янги қонунлар чиқарилиши



Халифа Умар ибн Абдул Азиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бир қатор янги тартиб-қоидалар жорий этди ва деҳқонларга юклатилган солиқларни камайтирди. Бундан олдинги даврда ер эгаларига кўплаб солиқларнинг юклатилиши улар ўз ерларини қаровсиз қолдиришларига сабаб бўлган. Улардан баъзилари шунчаки солиқлардан қочиш учун ерларини сотиб юборишган. Шунингдек, у даврдаги инсонлар ҳам айнан катта миқдордаги солиқлар сабабидан ерга эгалик қилишдан қочишган. Бу муаммоларга. Бу муаммони ечими сифатида, Умар ибн Абдул Азиз даврида ташлаб кетилган ерларни қайта тиклаш ва улардан фойдаланишни рағбатлантирилган. Фақатгина фойдага кирган ерлардангина солиқ олинган. Шунингдек ҳосил етиштиришни кўпайтириш учун қарзлар ҳам берилган.



Халифа Умар ибн Абдул Азиз халқни эгасиз/қаровсиз ерларни ҳам ўзлаштиришга чақирган. Ерлардан келган тушум Байтулмолга топширилган.



Байтулмолда сақланадиган умумий жамғармаларга эътибор қаратиш



Халифа Умар ибн Абдулазиз байтулмолдаги жамоат мулки тасарруфида жуда дақиқ (эҳтиёткор) эди. У тўпланган мулкни ижтимоий ҳимоя учун сарфларди. Бева-бечоралар ва камбағалларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Халифа токи ёмон ва ғаразли йўлларда сарфланиши мақсад қилинмас экан, одамларнинг қарзларини ҳам тўлаб берарди. Ҳалок бўлганларнинг қарзлари ҳам байтулмол ҳисобидан тўлаб бериларди. Хабар бериб ўтилганидек, байтулмолдаги йиғилган пуллар шу қадар кўп эдики бу ҳақида Куфа раҳбари Халифага хат ёзади. Халифа қуйидаги жавоб ёзган эди. “Сен менга байтулмолнинг кўп миқдордаги бойлиги ҳақида сўзлапсан. Ундаги бойликларни токи ёмон мақсад учун эмас экан аскарларинг учун ва ҳаттоки маҳр тўлашга қурби етмайдиган бўйдоқларни оила қуриб олиши учун ҳам тасарруф этишинг мумкин”.



Шунга ўхшаш эълон Куфа Масжидида ҳам халққа етказилган. Катта эътибор шол ва ногирон бўлган касалларга қаратилган. Халифа уларнинг эҳтиёжларини бажариш учун қуллар ажратган. Манбаларда келадики, ўша даврда кўзи ожиз инсонларнинг эҳтиёжини бажо келтирадиган қуллари бўлган экан. Мусулмон асирлар ва қулларга ҳам эътибор қаратилган, яъни уларни халос қилиш ва озод этиш учун Байтулмолдан маблағ ажратилган. Ҳаттоки жиноятчиларга эътибор қаратилган, улар қишда ҳам ёзда ҳам муносиб таом ва кийим-кечак билан таъминланган. Халифа давлат ходимлари иш ҳақларини кўтарган, ўзининг ойлигини эса камайтирган. Расмийлар ва давлат ходимлари моддий манфаат учун пора олишларини олдини учун шундай ислоҳотларни амалга оширган.

Ғазнадан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик



Халифа Умар ибн Абдулазиз давлат ғазнасидан фойдаланишда жуда эҳтиёткор ва тежамкор эди. Масалан Мадина ҳокими Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмга кечалари шахсий ишлари билан ташқарига чиқмоқчи бўлса, давлат ишларини бошқаришда фойдаланиш учун берилган шамлардан фойдаланмаслик, яна бир ҳокимга қоғоздан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида хат ёзган. Бу тақиқ ва огоҳлантиришлар халифа томонидан байтулмол маблағларини исрофгарчилик ва беҳуда сарфлашдан сақлаш учун чиқарилган эди.

Хулоса



Умар ибн Абдулазизнинг давлат хазинасини бошқаришдаги тежамкорлиги байтулмол маблағлари кўпайиб кетишига имкон берди. Хазина маблағлари тўлиб-тошганига қарамай, халифа уни ўзи ёки оиласи учун ишлатмади. Халифа ва унинг оиласи ночор ҳолатда яшасада, унинг ҳукмронлиги остидаги одамлар фаровон ҳаёт кечирдилар. Зайд ибн Хаттобнинг наслидан бир киши ривоят қилади:



Умар ибн Абдулазиз икки ярим йил, яъни 30 ой ҳукмронлик қилди. У бизни жуда кўп мол-мулклар билан бой қилгандан сўнгра вафот этди. Ҳолат шундай даражада эдики, ўша пайтда закот ёки давлатдан ёрдам олишга ҳақли одам қолмади.



Албатта, байтулмолни тўлиб-тошиши фақатгина халифа Умар ибн Абдулазиз томонидан амалга оширилган ислоҳотларларга боғлиқ эмас эди. Муваффақиятга эришишда халифа ҳокимият устуни деб ҳисоблаган тўртта асосий кучнинг таъсири ва аҳамияти катта бўлди. Бу куч халифани ўзи, ҳокимлар (волийлар), қозилар ва байтулмол ходимларидан иборат эди. Фақат ўз ишини яхши билган халифа, ҳокимлар, қозилар ва байтулмол амалдорларидан иборат куч орқалигина байтулмол маблағларини муваффақиятли бошқариш мумкин бўлган.



Демак, байтулмол/ғазна каби молия муассасаси малакали (яъни жойига муносиб бўлган) ва виждонли (яъни адолат билан иш кўрадиган) инсонлар томонидан пухта режалар асосида (ва уларга қатъий амал қилган ҳолда) бошқарилсагина, халқ ва мамлакатга катта манфаат етар экан.

Мақоланинг асл манбаси ҳақида маълумот:



Мақола номи: “Baitulmal management during the reign of Caliph Umar Ibn Abdul Aziz”

Муаллиф: Radieah Mohd Nor

Муаллифнинг иш жойи: Department of Management, University Sains Malaysia (Малайзия илмий университети)

Мақола чоп қилинган сана: 28.07.2015й.

Ислом молиясидан сўнгсўз ўрнида:



Ушбу мақола ташаббускорлари ва таржимонлари бўлган Абдураҳим Абдуқаҳҳоров, Шарифжон Бобошарипов, Улуғбек Акрамов ва Муҳаммадқодир Исмоиловга миннатдорчилик билдирамиз.



Шунингдек, телеграм саҳифамиз ва сайтимиз аъзоларига ислом молиясига алоқадор мақола ва маълумотларни бизга юбориш мумкинлигини билдирамиз. Юборилган маълумот ва мақолалар муайян илмий аҳамият ва қийматга эга деган хулосага келинган тақдирда, улар лозим даражада таҳрир қилиниб, мақола ёки маълумот ташаббускорлари ва асл манба муаллифлари кўрсатилган ҳолда телеграм саҳифамиз ва сайтимизда қўйилиши мумкин.

Манба

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР