loader
Foto

Музораъа ҳақида

Томонларнинг бири иккинчисига «ҳосилнинг бир тоннаси меники, қолгани сенга» дея олмайди. Чунки ҳосил бир тонна чиқадими, йўқми ёки бир тонна ҳосилнинг қанчасини ташкил қилади, ҳеч ким билмайди. Бу эса низо чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун томонларнинг ҳосилдан оладиган улушлари фоизда (иккидан бир, учдан бир деб) кўрсатилиши шарт.

Шунингдек, «ариқнинг ўнг тарафидан чиққан ҳосил меники, чап тарафидан чиққани сеники» деб ҳам бўлмайди. «Дони меники, сомони сеники» дейиш ҳам мумкин эмас, чунки дон бўлмай қолиши ҳам мумкин.

Ҳосилдан чиқадиган сомонни уруғ эгасидан бошқанинг олишини шарт қилиш тақиқланади. Чунки сомон унинг уруғидан ўсган ўсимликдан чиққани учун уруғ эгасини сомондан маҳрум қилиб бўлмайди. Лекин сомонни уруғ эгаси олади деб шарт қўйиш мумкин.

Музораъа келишуви уч ҳолатдагина тўғри бўлади:

1. Ер ва уруғ шерикларнинг биридан, ҳўкиз ва иш бошқасидан бўлганда. Бу ҳолатда ер ва уруғ эгаси деҳқонни ҳўкизи, яъни иш анжоми билан биргаликда ижарага олган ҳисобланади.

2. Ер биттасидан ва қолган нарса бошқасидан бўлганда. Бу ҳолатда уруғ, меҳнат ва иш асбобини (ҳўкизни) зиммасига олган томон, яъни деҳқон ерни ижарага олган ҳисобланади.

3. Иш биттасидан (деҳқондан) ва қолгани бошқасидан бўлганда. Бу ҳолатда ер эгаси деҳқонни ижарага олган ҳисобланади.

Бундан бошқа ҳолатларда ким кимни ижарага олгани маълум бўлмагани учун музораъа келишуви нотўғри бўлади.

Музораъа келишуви тўғри бўлса, чиққан ҳосил келишувга биноан тақсимланади. Бордию ҳеч нарса чиқмаса, ишчи (деҳқон) ҳеч нарса олмайди. Чунки ишчига чиқадиган ҳосилдан ҳақ беришга келишилган эди. Бироқ ердан ҳеч нарса чиқмаганидан кейин унга бериладиган ҳақ ҳам мавжуд бўлмайди.

Агар музораъа келишувини давом эттиришдан бош тортса, уруғ эгасидан бошқани шартномани бажаришга мажбур қилинади. Шунингдек, уруғ эгаси ҳам ерга уруғ қадалгач, шартномани давом эттиришга мажбурдир. Бордию ер ва уруғ эгаси ер ҳайдалганидан кейин шартномани бажаришдан бош тортса, ерни ҳайдаган ишчини рози қилиб қўйиши керак.

Музораъа келишуви нотўғри бўлса, чиққан ҳосил уруғ эгасиники бўлади. Унинг шеригига эса «ажри мисл», яъни унга ўхшаб меҳнат қилган одамга одатда қанча ҳақ тўланадиган бўлса, ўшанча ҳақ берилади.

Шериклардан бирининг вафоти туфайли ижара келишувининг бузилишида айтиб ўтилган узрлар, шунингдек, ер эгасининг ерни сотишга мажбур бўладиган даражада қарздор бўлиб қолиши сабабли музораъа келишуви бекор қилинади.

Ерни сотишга мажбур бўлиб келишув бузилганда экин ҳали ўсиб чиқмаган бўлса, ишчи рози қилиб юборилаверади. Аммо ўша пайтда экин ўсиб турган бўлса, ҳосил йиғиб олинмагунча ерни сотилмайди. Чунки ер сотилса, деҳқоннинг ҳақи поймол бўлади.

Келишув муддати ўтса ҳам экин пишмаса, ишчи ер эгасига ер учун, ҳосил етилгунича ҳосилдан олинадиган улушига қараб ижара ҳақи тўлайди. Яъни, ишчи ҳосилнинг учдан бирига шерик бўлган бўлса, ернинг ҳам учдан бирига ижара ҳақи тўлайди.

Экинни йиғиб олиш харажатлари шерикларнинг ҳосилдан оладиган улушларига қараб тақсимланади. Ушбу харажатни ишчи зиммасига юклашга келишилса ҳам, бўлаверади.

Музораъа шахсий ерда, ижарага олинган ёки орияга олинган ерда бўлиши мумкин.

Ер эгаси деҳқонга музораъа муддати тугагандан сўнг унинг меҳнати самараси қоладиган, бино қуриш ёки анҳор қазиш каби ишларни шарт қила олмайди. Бордию бу ишлар деҳқон томонидан қилинса ҳам, унинг сарф-харажати ер эгаси томонидан берилади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР