loader
Foto

Салам савдоси ҳақида

Салам савдосида мол насия, унинг пули эса нақд бўлади. Яъни, савдо сотувчининг қўлида бўлмаган мол устида амалга оширилади. Салам савдосидан бошқа савдода молни насия қилиш мумкин эмас. Салам савдоси туфайли сотувчининг маблағга бўлган эҳтиёжи қопланса, харидорнинг ўзига керак молни арзонроқ ва керакли вақтда олиш имкони яралади.

Миқдори ва сифатини аниқ билиш мумкин бўлган (сиғими, вазни, узунлиги ўлчанадиган, доналаб сотилиб’, бир-биридан айтарли фарқ қилмайдиган) нарсаларнигина салам савдоси билан савдо-сотиқ қилиш мумкин. Шунингдек, бу савдога судхўрлик аралашиб қолмаслигига катта эътибор бериш лозим.

Юқорида айтилганларга кўра, сифатини ва миқдорини (оғирлигини) аниқлаштириб бўлмаса, ҳайвонларни, уларнинг аъзоларини, терисини, турли жавоҳирларни салам йўли билан савдолашиш тўғри эмас.

Салам савдоси пайтида сотилаётган молнинг жинси (масалан, буғдой), нави (масалан, баҳорги), сифати (масалан, олий), миқдори (масалан, беш тонна), харидорга топшириш куни (масалан, майнинг ўнинчи куни), топшириш жойи (масалан, улгуржи бозор эшиги ёнида), унга тўланаётган пул ёки нарса миқдори аниқ айтилиши шарт. Бундан ташқари, айтилаётган мол савдо бўлаётган пайтда молни харидорга топшириш белгиланган кунда ҳамда шу икки вақт оралиғида савдо бўлган жой бозорларида сотилаётган бўлиши керак. Бу молнинг нархини аниқлаш учун мўлжалдаги иш бўлмай қолса, харидорга бозордан олиб бериш имкони бўлиши учун зарур.

Салам савдосида сотувчи харидордан молга берилаётган пулни савдо жойида олиши лозим. Агар савдо жойида харидор пул бермаса ёки сотувчи пулни олмаса, салам савдоси ҳисобланмайди. Масалан, бир киши беш тонна буғдойни юз минг сўмга салам савдоси қилиб, савдо жойида эллик минг нақд тўлаб, эллик минг сўмни кейин бераман деса, фақат тўлаган пулига яраша миқдордаги буғдой олади, холос. Қолган икки ярим тонна буғдой устида салам савдоси ҳисоб бўлмайди.

Сотувчи молнинг пулини олмай туриб тасарруф қилиши (уни кимгадир совға қилиши, у пулга бирор нарса сотиб олиши) мумкин эмас. Шунингдек, харидор ҳам молни қўлга олмай туриб тасарруф қила олмайди.

Молни топшириш вақти келганида сотувчи харидорга молни топшира олмаса, харидор истаса кутади, истаса савдони бузиб, пулини қайтариб олади.

Сотувчи молни топшириш муддатидан олдин вафот этса, белгиланган муддат бекор бўлади. Бу ҳолда харидор ўз пулини сотувчининг меросга қолдирган молидан олади.

Салам савдосида томонларнинг савдони бекор қилиш ҳуқуқи мавжуд эмас.

Ҳунарманддан бирор буюмни (эшик, ром, бешик) маълум муддатда ясаб беришни талаб қилиш ҳам салам ҳисобланади. Агар ясаб бериш учун муддат белгиланмаса ва бундай нарсаларга буюртма бериш халқ орасида маълум бўлса, бу урф савдо-сотиқ хукмида бўлади. Унга нисбатан савдо-сотиқдаги хукмлар қўлланади. Ҳунарманд ҳам, буюртмачи ҳам узрсиз келишувни буза олмайдилар.

Агар буюртманинг хом ашёси буюртмачидан бўлса, бу ижара ҳукмида бўлади (ижаранинг ҳукми кейинроқ келади).

Ҳунармандга буюртма берилганда савдо унинг иши устида эмас, балки ундан талаб қилинган буюм устида бўлади. Яъни, талаб қилинган буюмни (ўзи ясаганми, бошқа ясаганми, барибир) буюртмачига топширса бўлди.

Харидор молни кўрган вақтида олиш ёки олмасликка ҳақлидир.

Сотувчининг молни харидор кўрмасдан олдин бо-шқага сотиб юборишга ҳақи бор. Чунки мол сотувчиники, қолаверса, савдо айнан шу мол устида бўлмаган. Бироқ молни харидорга кўрсатгач ва харидор олишга рози бўлгач, бошқа бировга сота олмайди. Ит, айиқ ва бўри каби йиртқич ҳайвонларни савдо-сотиқ қилиш мумкин. Чунки улардан баъзи ишларда фойдаланишга тўғри келади.

Мусулмонлар жамиятида яшайдиган бошқа динга мансуб киши ҳам савдо-сотиқ масалаларида мусулмонлар кабидир. Фақат уларнинг маст қилувчи ичимлик ва чўчқа билан ўзаро савдо қилишларига рухсат берилган. Чунки мазкур икки нарса ғайридинлар учун мол ҳисобланади.

Тантана ва байрамларда сочилган пулни, қанд-қурсни олиш учун кўйлагининг этагини очиб турган бўлса ёки тасодифан келиб тушгач, этагини йиғиштириб олса, тушган нарса ўша одамникидир. Акс ҳолда, ким олса ўшаникидир.

Ҳеч кимники бўлмаган ва фойдаланишга шариат рухсат берган нарсаларнинг ҳукми ҳам худди шундай. Масалан, овчи ёзиб қўйган тўрга тушган кийик шу овчиники бўлади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР