loader
Foto

Абу Бакр Аш-Шиблий

Абу Бакр Дулаф ибн Жаъфар Шиблий Шарқнинг буюк авлиёларидандир. Унинг ота-боболари асли ўратепалик бўлиб, кейинчалик Бағдодга кўчиб боришган.  Шиблий 258/871 йилда Самарра кентида таваллуд топган. Отаси Ҳайдар халифа лашкарбошиси бўлган. Ҳайдар халифа хизматида бўлса ҳам, Истаравшан халқининг арабларга қарши исёнига хайрихоҳ эди. Унинг исёнга алоқадорлиги фош бўлгач, давлатга қарши жинояти учун ҳибсга олиниб, оғир қийноқлар азобидан Самиро зиндонида оламдан ўтади. Ҳайдарнинг катта ўғли Ковус халифанинг Жиболдаги ноиби этиб тайинланган. У халифа фармони билан Озарбайжондаги исённи бостиришда бош қўмондон бўлган(Мухторов А. Шиблий. Душанбе, 2000. 8-бет.).

Ҳайдарнинг кичик ўғли Абу Бакр Шиблий ёшлигидан илм-маърифатга кўнгил қўйган. Тасаввуф илмини ўрганиш учун Бағдодга келган. Бағдод машойихларининг устози Абулхайр Нассожнинг мажлисида тавба қилган ва сидқ билан хизмат қилиб, хирқа кийган.

Шиблий Жунайд Бағдодийнинг суҳбатидан файз топган. Иигирма йил умрини ровийлардан ҳадис ёзиб олишга, йигирма йил умрини фиқҳ асосларини ўрганишга сарфлаган. Шиблийга ҳадисларни Муҳаммад ибн Бассорий, Абу Бакр Абҳарий, Абу Бакр Розий, Абу Сахд Саълуний, Ҳусайн ибн Аҳмад Саффор ривоят қилганлар. Шиблий замонасининг улуғ машойихлари қаторидан жой олган. Тасаввуф ва фиқҳ илмида барчадан ортиқ эди.

Шайх Шиблий Аллоҳни қалб кўзи билан танигандан кейин бутун китобларини ёқиб юборган. Ҳақ йўлига ўта берилгани, ҳамиша илоҳий шавқ даражасида юргани учун халқ уни «телба» деб, бир неча бор жиннихонага олиб бориб ташлаганлар. Шунга қарамай, замондошлари «буюкларнинг буюги» деб эътироф этишган. Абдураҳмон Суламий, Абулқосим Қушайрий каби тасаввуф донишмандлари Шиблийнинг ноёб фазилат ҳамда хислатлари ҳақида ғаройиб ҳикоятлар ёзиб қолдиришган.

Шайхдан кўплаб китоблару хдкматлар қолган. Шайх Шиблий 345/956 йилда 87 ёшида вафот этган. Унинг қабри Бағдод яқинидаги Хизрбн қабристонида.

Хўжанд атрофи, Ўратепа ҳамда Тошкент вилоятида Шиблий номи билан боғлиқ мавзелар, қишлоқ ва гузарлар учраши буюк донишманднинг Мовароуннаҳрдан эканини тасдиқлайди.



Жунайд деди:

- Эй Абу Бакр, агар сўзларингни маъқуллайдиган одамни учратсанг, қўлини махдам ушла.



Абдураҳмон Жомий дейди:

- Шиблий замон имоми эрди. Ундан олдин ҳам машойихлар ўтган, аммо у ҳаммадан улуғроқ эди... Жунайд бу илмни тартибга солди ва китоб қилди. Шиблий бу илмни минбарга чиқариб, халққа ошкор этди.



Шайх Шиблий дарвеш либосида бозорга келиб, нонвойдан сўради:

- Худо йўлида битта нон бер.

Нонвой деди:

- Қайси бирингга берай, бор, йўлингдан қолма.

Нонвойлардан бири Шайх Шиблийни таниб, унга таъзим қилди. Қилмишидан пушаймон бўлган нонвой Шиблийнинг олдига чопиб бориб, хатосини ювиш учун «худойи» қилишини айтиб, Шиблийни ҳам зиёфатга таклиф этди. Барчалари маъракада жам бўлишди. Жамоадагилар Шайх Шиблийдан нонвой ҳаққига дуо қилишини сўрадилар.

Шиблий деди:

- Нонвойга дуонинг ҳожати йўқ, у дўзахийдир. Худо йўлида битта нонни раво кўрмади, лекин Шиблий учун шунча зиёфат берди.



Жунайд деди:

- Ҳар бир қавмнинг тожи бор, бу қавмнинг тожи Абу Бакр Шиблийдир.



Шиблий Абдураҳмон Хуросонийга деди:

- Эй Абдураҳмон, Шиблийдан ўзгани, ёлғиз Аллоҳ деганини эшитдингми?

Абдураҳмон Хуросоний деди:

- Мен бирон кун Шиблийнинг «Аллоҳ» деганини эшитмадим.

Шиблий беҳуш бўлиб йиқилди.



Абдураҳмон Хуросоний ҳикоя қилишича, бир киши Шиблийнинг уйига келиб, эшик қокди. Шиблий абгор ҳолда эшик олдига келиб сўради:

- Сенга ким керак?

Деди:

- Ҳазрати Шиблий.

Шиблий деди:

- Шиблий кофир бўлиб ўлди, Аллоҳ унга раҳм қилмади.



Зоҳир кўзини ҳаромлардан, ботин кўзини Аллохдан бошқасига назар солишдан асраш лозим.

Шиблийдан сўрадилар:

- Нимадан ажабланасан?

Шиблий деди:

- Тангри таолони таниган ҳолда унга осий бўлган кўнгил эгасидан ажабланаман.



Шиблийдан сўрадилар:

- Хуш семизсан ва яна муҳаббат даъвосидасан, ваҳоланки, ишқ ахдига семизлик мувофиқ келмайдику?

Шиблий деди:

- Қалбим ишқбозлик қилди, танам бехабар қолди. Агар хабардор бўлганда семирмас эди.



Шиблийнинг мухлислари сўрадилар:

- Эй Шиблий, илм тили билан ҳақиқат тили орасидаги фарқ нима?

Шиблий деди:

- Илм тили инсонга восита орқали бериладиган илмдир. Ҳақиқат тили эса воситасиз, тўғридан-тўғри Ҳакдан келади-ган илмдир.



Бир киши сўради:

- Эй Абу Бакр, васл нима?

Шиблий деди:

- Эй васл ҳақида сўровчи, икки тарафдан (дунё ва охират) кечсанг, висолга етасан.



Ҳуррият - қалб ҳурриятидир, бошқа нарса эмас.



Шиблий тунлари ухламаслик учун кўзига туз сепар эди.

Сўрадилар:

- Эй Абу Бакр, нима учун тунлари бедорсан?

Деди:

- Қалбим маҳрами (Аллоҳ) уйғоқ ҳолида менинг кўзимга қандай уйқу келсин?



Эртага бугунги вақтни қайтариб бўлмайди. Ихтиёрингдаги ҳозирги дамни ғанимат бил ва ундан баҳра ол.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР