loader
Foto

Юсуф Ҳамадоний

«Имоми раббоний», «Қутби аср», «Соҳиби каромат», «Шайх уш-шуйух» деб улуғланган Хожа Абу Яъқуб Юсуф Ҳамадоний 440/1048 йилда Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузанжирд қишлоғида таваллуд топган.

Юсуф Ҳамадоний Бағдодда Абу Исҳоқ Шерозийдан илм-ирфон сирларини ўрганган. Исфаҳон ва Самарқандда ҳадис илмидан сабоқ олган. Тасаввуфни Абу Исҳоқ Шерозий, Али Фармадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Сиймоний каби замонасининг етук орифларидан ўрганган. Устози Абу Али Фармадий (ваф. 477/1084 й.)дан иршод олган. «Ғавс ул-аъзам», қодирийлик сулукининг асосчиси Абдулқодир Жийлоний (ваф. 562/1166 й.), «Ҳужжат ул-ислом» Муҳаммад Ғаззолий билан суҳбатдош бўлган. Юсуф Ҳамадоний Абдуллоҳ Ансорийнинг энг буюк издошларидан бўлган.

Таълим-тарбия соҳасидаги жонбозлиги туфайли Юсуф Ҳамадоний кўплаб шогирдлар етиштирган. Унинг хонақоҳи «Хуросон каъбаси» деб аталган. Алломаи замонни пир тутган муридларнинг 213 нафари машҳур шайхлар бўлиб етишиб, Мовароуннаҳр, Хуросон, Дамашқ, Ҳирот, Марв, Бағдод ва Қоҳиранинг шаҳару вилоятларида сўфийликни тарғиб қилган. Юсуф Ҳамадоний ўттиз саккиз марта пою пиёда Каъба зиёратига борган.

«Насойим ул-муҳаббат»да Юсуф Ҳамадоний «Олим ва имоми раббоний ва орифи соҳиб-аҳвол вал-мавоҳиб ул-жазила вал-каромат вал-мақомату-й-жамила»(Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 252-бет) деб эҳтиром билан зикр этилган.

Юсуф Ҳамадоний Бухорода узоқ муддат яшаб, Хожа Абдуллоҳ Барақий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний каби шайх ул-машойихларни тарбиялаб камолга етказган. Унинг тинимсиз фаолияти натижасида тасаввуф тарихида яссавийлик ва хожагон тариқати вужудга келган.

Хожа Юсуф Ҳамадоний қодирийлик сулуки қоидаларига суянган ҳолда «Хуш дар дам» (ҳар бир чиқарган нафасни назорат қилиш), «Назар бар қадам» (ҳар бир босган қадамни эътиборга олиш), «Сафар дар ватан» (яшаб турган жойида сафар ҳолида бўлмоқ, ватанда туриб сафар қилмоқ), «Хилват дар анжуман» (халқ орасида Ҳақ билан бўлиш) каби қоидаларни ишлаб чиқиб, сўфийлик амалиётига тадбиқ этган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Хожа Юсуф Ҳамадонийни баркамол инсон сифатида эҳтиром билан тилга олган: «Муборак оёқларидан бири иккинчисига нисбатан бир оз калта эди. Юзларида чечак хасталигидан излар қолган эди. Соқоллари узун ва қизғиш эди. Жуссалари озғинроқ эди. Кимни кўрсалар, «хожа» деб мурожаат қилар эдилар. Сафарга кўп чиқар эдилар. Либослари жундан ва ямоқли бўлар эди. Арпа унидан тайёрланган нон, тариқли нон, уруғ ёғи ва қовун истеъмол қилар эдилар. Қирқ кунда бир марта товуқ гўшти, баъзан туя ва қўй гўшт истеъмол қилар эдилар. Этикдўзлик ва деҳқончилик билан шуғулланар, Ҳақ таоло нима берса, камбағал, етим-есир, ғариб, бемор ва аёлманд (серфарзанд), муҳтож, йўқсил оилаларга тарқатар эдилар. Умрларида бирон марта тиланчилик қилмаган, муридларини ҳам бундан қайтарар эдилар. Доимо Аллоҳга суянар, дунёни обод қилишга уринмас, бошқаларни ҳам бу йўлдан ман қилар эдилар. Ҳар йил қирқ кун амри маъруф, наҳйи мункар қилар, инсонларга яхшиликни тавсия этар эдилар. Подшоҳ ва бойларнинг уйларига бормас эдилар. Етмиш беш йил бўйдоқ яшадилар»(Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний. 12-бет.).

Фаридуддин Аттор уни машҳур шайхлар қаторида эслаб, Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси Мансур Ҳаллож тарафдорларидан бири бўлганига алоҳида урғу берган(Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. 133-бет.). Шайх Мажидуддин Бағдодий «Туҳфат ул-барара»да Юсуф Ҳамадонийнинг «Агар Мансур Ҳаллож маърифатни ҳаққи билан англаганда эди, «Анал-ҳақ» ўрнига «Анат-туроб» («Мен тупроқман») деган бўларди» деган сўзларини келтирган.

Юсуф Ҳамадоний «Рутбат ул-ҳаёт», «Кашф», «Рисола дар одоби тариқат», «Манозил ус-соирин», «Манозил ус-соликийн», «Рисола фи анал кавна мусаххарун лил-инсон», «Рисола дар ахлоқ ва муножот» каби асарлар муаллифидир.

Шайх Юсуф Ҳамадоний 535/1140 йилда ҳозирги Афғонистоннинг Бомиён шаҳрида вафот этган. Унинг васиятига биноан шайхнинг жасади муридлари томонидан ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳрига кўчирилиб, шу ерга дафн этилган. Бухорода Шайх Ҳамадонийнинг рамзий қабри мавжуд(Садриддин Салим Бухорий. Икки юз етмиш етти пир. 92-бет.).

Алишер Навоий деди:

- Хожа Юсуф Ҳамадоний мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволи ва номаҳсур эрмиш. Муриду асҳоби ғоятсиз ва шоҳу гадонинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш. Имом Юсуф Ҳамадоний қ. с. нинг асҳобидиндур. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний била (қ. с.) суҳбат тутубдур ва Хожа Абдуллоҳ Баррақий ва Хожа Ҳасан Андоқий (қ. р.) билаки, ҳам Имом Юсуф Ҳамадоний (р.т.) муридларидурлар.



Хожа Аҳмад Яссавий деди:

Мен йигирма етти ёшда пирни тобтим,

Ҳарна кўрдум, парда бирла сирни ёбтим,

Остонасин ёстанибон изин ўбтим,

Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано

(Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. 58-бет.).



Фахруддин Али Сафий деди:

- Хожа Юсуф Ҳамадоний соҳиби аҳвол ва каромат эдилар. Ва Исфаҳону Ироқ ва Хуросону Самарқанд ва Бухорода ифодат ва истефода этдилар.



Кимда-ким бу йўл (тариқат)га амал қилиб, унга маҳкам ёпишса, албатта ҳамма қоронғуликлардан хотиржам, бидъат денгизи тўлқинидан халос бўлади.



Диний фикр ва амаллар билан тасалли топиб, ҳаловатга эргашган ҳар қандай инсон ислом билан тирикдир.



Ғазаб инсонни ақл билан ҳаракат қилишга йўл қўймайди.



Қалб билан зикр дарахтга ўхшайди. Қалб билан тафаккур дарахт билан мевага ўхшайди. Зикр натижасида маънавий фарзанд туғилади. У Ҳақ йўлига ҳидоят қилувчи фикрдир.



Инсонлар беш тоифага бўлинадилар: мўмин, кофир, мунофиқ, гуноҳкор ва мушрик. Иймон ҳақиқийдир, мажозий эмас. Иймон ортмайди ва камаймайди.

    

Душманларингизни ҳурсанд қилинглар.



Ҳақнинг тавфиқи банданинг феъли ва ғайратига боғликдир. Иймон икки аъзодаги бир нарсадир.



Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди, бошқа нарсалар ҳам унга ўхшамайди. У муайян бир маконда эмас. Балки ма-конни Яратувчидир. Унга макон ҳожат эмас.



Касб қилиб кун кечириш фарздир.



Иймон тоатдир, аммо ҳар қандай тоат иймон эмас. Солиҳ амал иймондандир.



Пайғамбарлар, . валийлар, мўминлар, солиҳ зотлар ва гуноҳкорларнинг иймони билан Жаброил алай-ҳиссаломнинг иймони бир хил. Ҳар қандай гунох иш куфр бўлавермайди.



Имомнинг нуқси қавмга уради.



Аллоҳнинг севикли бандаларининг муҳаббатлари юксак бўлса ҳам, илоҳий амрлар соқит бўлмайди.



Зоҳирингизни парокандаликлардан халос этинг, чунки зоҳиран пароканда кишининг ботини ва кўнгли ундан ҳам баттар пароканда бўлади.



Ақлга эргашинг, нафсга мухолифлик қилинг, ақл ва нафс бир жойда жам бўлмайдиган бир-бирига зид икки нарсадир.



Тоатга мағрурланманг, дунёга берилманг ва дунёвий безакларга майл этманг.



Қалб тафаккурини очувчи калит зикрдир. Зикр қалбни юмшатади ва кўнгил кўзини мунаввар қилади(Хожа Юсуф Ҳамадоний. Рутбат ул-ҳаёт (Ҳаёт мезони). - Т.: «Янги аср авлоди», 2003.).



Эй ишқ, санга покиза бу жон манзил, Дардинга сенинг ақлу паришон манзил. Дилга - маърифат олами сайёҳига Савдонгда бўлибди чўл-биёбон манзил(Юсуф Ҳамадоний / Донишмандлар туҳфаси. 55-бет.).

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР