loader
Foto

Мавлоно Яъқуб Чархий

Нақшбандийлик тариқатининг фидойи тарғиботчиларидан бири, тасаввуф алломаси, Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди Яъқуб Чархийдир.

Яъқуб ибн Усмон Чархий Ғазна шаҳри яқинидаги Чарх қишлоғида тахминан 765/1363 йилда таваллуд топган. У отаси Маҳмуд ибн Маҳмуд замонасининг обрўли муллоларидан бўлган ва бир неча вақт Шерозда яшаган(Абдуррофеъ Ҳақиқат. Ирфон ва Орифони Эроний. Теҳрон, 1998. 404-бет.).

Яъқуб Чархий дастлабки тарбияни оила муҳитида олгач, Ғазнада, сўнг Ҳиротда таълим олган. Тасаввуф илмини ўрганиш учун Бухорога келган. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд билан учрашиб, унинг хизматига кирган. Яъқуб Чархий зикр айтиш («вуқуфи ададий») қоидасини тез фурсатда ўзлаштирган. Унинг маънавий камолотида Хожа Алоуддин Атторнинг ўрни беқиёсдир. Яъқуб Чархийнинг истеъдодига юксак ишонч билан қараган Хожа Баҳоуадин Нақшбанд иршод бериб, «мендан нимаики сенга етган бўлса, бошқаларга етказ» деб Чағониёнга, халқни ҳақ йўлига даъват қилишга юборган. Яъқуб Чархий умрининг охиригача нақшбандия ғояларини тарғиб қилган.

Зоҳирий ва ботиний илмларда тенгсиз Мавлоно Яъқуб тасаввуф, фиқҳ ва тафсир ва давлатчилик масалаларига оид «Тафсири Чархий», «Рисолаи унсия», «Рисола дар илми фарозия», «Рисола дар ақоид», «Ар-рисолат ал-абдолия», «Рисола фил хисоб вал фаройиз», «Рисола дар сийрати Муставафия ва тариқаи мустақамия», «Шарҳи асмоуллоҳ», «Мухтасар дар баёни силсилаи Нақшбандия», «Шарҳи навади нуҳ ном» каби рисолалар ёзган. Унинг назмда битилган «Фаройизи манзума» асари унинг нозиктаъб шоир эканидан далолат беради.

Яъқуб Чархий Хожа Аҳрор Валийнинг тариқат пиридир.

Мавлоно Яъқуб Чархий 851/1447 йилда Ҳисорда вафот этган. Қабри ҳозирги Душанбе шаҳри яқинидаги Ҳалғатўда қишлоғида.



Абдураҳмон Жомий ҳикоя қилишича, Яъқуб Чархий деди:

— Азизлар суҳбатига келган толиб Хожа Аҳрордек келиши керакки, ёғ ва пиликдан чироғ муҳайё қилинган, фақат унга гугурт чақиш лозим.



Чу ғуломи офтобам ҳама зи офтоб гўям,

На шабам, на шабпарастам, ки ҳадиси хоб гўям

(Мен қуёшнинг ғуломиман, доимо қуёшдан гапираман, тун ҳам эмасман, тунни улуғловчи ҳам эмасман, туш таъбирини гапирсам.)



Гавҳар тилаган бир куни конга етади, Васл орзулаган оромижонга етади.

Бас, мендан эшит бир ҳаётий ҳикматни: Ўқ йўлдан адашмаса, нишонга етади(Яъкуб Чархий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изохдар муаллифи Э.Очилов. — Т.: «Ўзбекистон», 2009. 326-бет.).

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР