loader
Foto

Аҳли сунна вал жамоа имоми - имом Абулҳасан ал-Ашъарий

Имом Абулҳасан ал-Ашъарийнинг асл исми Али ибн Исмоил ибн Абу Бишр Исҳоқ ибн Солим бўлиб, ҳижрий 260-йили Басрада туғилиб, Ҳижрий 324-йили Бағдодда вафот этадилар. Басра дарвозаси билан Карх орасидаги қабристонга дафн этилган. Насаби буюк саҳоба Абу Муса ал-Ашъарийга бориб тақалади. Яъни шажараси қуйидагича: Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Салим ибн Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Муса ибн Билол ибн Аби Бур-да ибн Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашъа-рий қавмига нисбатан бир нечта мақтов сўзлар айтганлар.

Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан риво-ят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"Ашъарий қабиласи қачон ғазотга чиқсалар ёки Ма-динада турган пайтда аҳли оиласининг таоми озайиб қолса, ўзларидаги егуликни бир матога тўплаб сўнг битта идишда ўрталарида тенг тақсимлар эдилар. Улар мендан ва мен уларданман” (Имом Бухорий ривоятлари).

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ дастлаб мўътазила фирқасинингўша пайтдаги бошлиғи Абу Али Жуббоийдан илм ўрганган ва мўътазилаларнинг катта имомларидан бири бўлиб етишган. Баъзи

ривоятларда қирқ ёшгача мўътазилалардан таълим олган дейилган. Кейин Аллоҳтаоло у зотни тўғри йўлга ҳидоят қилган. Шундан сўнг мўътазилаларга қарши баҳсга киришган ва уларнинг айбларини фош қилган ва Аҳли сунна ва жамоанинг буюк имомларидан бири бўлган. Абу Бакр ибн Фурак "Абулҳасан ал-Ашъарий ҳижрий 300 йилда мўътазилаликни тарк қилиб, аҳли суннага қайтган", деган.

Муътазилийликдан тавба қилганидан сўнг кўплаб Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг уламоларидан таълим олганлар. Улардан машҳурлари:

1. Абдураҳмон ибн Халаф ал-Басрий

2. Абу Хулайфа ал-Жумаҳий

3. Ибни Сурайж

4. Закариё ибн Яҳё ас-Сожий

5. Муҳаммад ибн Яаъқуб ал-Муқри

6. Абу Исҳоқ ал-Марвазий

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ жуда кўплаб шогирдлар тарбиялаб чиқарган. Машҳур ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший ҳам у зотнинг машҳур шогирдларидан биридир. Абу Бакр Қаффол Шошийдан ташқари шогирдлари ҳам бор бўлиб улар:

1. Абу Абдуллоҳ ибн Мужоҳид Тоий

2. Абул Ҳасан ал-Боҳилий

3. Абу Муҳаммад Табарий Ироқий

4. Абу Бакр Журжоний Исмоилий

5. Абу Зайд Марвазий

6. Абу Бакр Бухорий

7. Муҳаммад ибн Хафиф Шерозий

8. Муҳаммад ибн Қосим

9. Абу Али Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсий ва бошқа юзлаб шогирдлар етиштириб чиқарган.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳий мазҳаби хусусида аниқлик йўқ. Аммо аксар уламолар, у кишини Шофеий мазҳабида бўлган деганлар. У зотни ҳанафий дегувчилар имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳни Абу Али Жуббоийдан ўрганган, у эса ҳанафий бўлган эди дейишади. Шунингдек, «Имом Ашъарий бизнинг мазҳабдан эди» деган Моликий ва Ҳанбалийлар ҳам йўқ эмас. Хуллас, бу улуғ имомни ўз фиқҳий мазҳабидан деб ҳисоблаш, ҳар мазҳаб аъзолари учун бир шараф бўлган.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ўз таълимотини тарқатишда, имом Шофеийнинг илми каломга доир фатво ва ижтиҳодларини асос қилганини ҳисобга олсак, у кишининг фиқҳий мазҳаби ҳам Шофеий бўлган, деб айтиш мумкин.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, ақоид ва фиқҳ бўйича икки юздан ортиқ китоб ёзганлар. Аҳли сунна вал жамоа ақидаси бўйича ҳам бир нечта асарлар ёзган бўлиб улардан энг машҳурлари:

1. "Мақолатул исломиййин ва ихтилофул мусоллийин”. Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ бу китобларида Аҳли сунна вал жамоанинг ақидасини баён қилиб берганлар.

2. "Ал-Ибона ан усулид диёна”. Бу китобда Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг қавллари асосида баён этилган ҳамда мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилинган.

3. "Рисолатун ила аҳлис сағр”. Бу рисолада Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қилганлар ва ўзини Имом Аҳмад мазҳабида эканини баён қилган.

4. "Ал-Лумаъ". Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ бу китобларида аввалги уч китобдагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам суянади. Бу китобида салаф йўлидан эмас, балки кейинги, таъвил йўлини тутган уламолар изидан борган.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳро раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги хулосаларни қилганлар:

Қуръон ва ҳадисда келган ақидаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган.

- Ташбеҳга оид оятларнинг зоҳирини (юзаки) маъносини олган. Аммо ташбеҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолони бандаларининг юзига ўхшамаган юзи ва У Зотни махлуқотларининг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган.

Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган.

- Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари ўртача ва мўътадилдир. У зот ақидаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода олган. Имом ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ Қуръон ва ҳадисда келган Аллоҳ таолонинг ва Унинг расулларининг ҳамда охират кунининг васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради. Шунингдек, у зот фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки у зот мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далил келтириш лозимдир.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ умрининг аксар қисмида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган аввалги ҳижрий уч асрнинг учинчи асрида яшаган. У зот дунёга берилмасдан жуда ҳам содда, фақирона, бобоси Билол ибн Абу Бурда ибн Абу Мусо Ашъарий ўзидан кейинги авлодларига вақф қилиб кетган мулкдан ҳар йили ўзига тегадиган улушга қаноат қилиб, зоҳид бўлиб ҳаёт кечирган.

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳни мақтаб ўз замонасининг ва кейинги аср уламолар Аҳли сунна вал жамоанинг имоми, Аҳли сунна вал жамоанинг шайхи, Аҳли сунна вал жамоанинг раиси, Аҳли ҳақнинг имоми, Ислом ва мусулмонлар шайхи, Суннатни қувватловчи деб таърифлашган.

Фақиҳ Абу Исҳоқ Исфаройиний: "Мен шайхим Абулҳасан Боҳилий олдида денгиздан бир томчидекман ва яна шайхимдан "Мен шайх Ашъарийнинг ёнида денгиздан бир томчиман”, деб айтганликларини эшитганман”, деган.

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтади: "Ашъарий ва Мотуридий машриқу мағрибдаги Аҳли сунна вал жамоанинг имомларидир”.

Илми каломда, аҳли суннага устозлик қилган бу икки асрдош имом бир-бирлари билан учрашмаган бўлишларига қарамай, Аллоҳ таоло уларнинг йўриқларини усули динда, деярли бир хил қилди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР