loader
Foto

Аҳдга вафодорлик

Мўмин-мусулмон киши бирон иш юзасидан би-тим тузса, уни амалга ошириши, агар ваъда берган бўлса, албатта ваъдаси устидан чиқиши шарт. Кимки лафзидан қайтмаса, ана шу имонли эканига далолат қилади. Бундай кишининг ҳар бир сўзи одамлар наздида ишончли ва эътиборли бўлиб қолади. Қасамга содиқлик каби ваъдага вафо қилиш ҳам инсоний фазилатдир. Лекин бу фазилатлар ҳақ ва эзгу ишларга тааллуқлидир. Гуноҳ ишларни қилиш учун ичилган қасамни ёки ваъдани бажармаса, унинг ҳеч қандай зарари бўлмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Кимки бир ишни қилиш учун қасам ичса-ю, лекин бу ишдан бошқа яхшироқ ишга дуч келиб қолса, бузган қасами каффоратини берсин ва кейинги яхши ишни қилсин», дедилар. Яна Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз оиласига олдига кирмасликка қасам ичган одам ҳақида шундай деганлар: «Оила олдига кирмаслик учун қасам ичиб, ўша қасам билан хонага киришингиз гуноҳдир. Буни деб Аллоҳ белгилаган каффоратни бериб қўйиш яхшидир». Шунинг учун фақат хайрли ишларга аҳд-паймон қилинади. Демак, бир инсон яхши ишни деб ваъдалашса, тездан уни амалга оширсин. Бу борада эркаклик лафзи учун хиёнатга ва иккиланишга ҳеч қандай йўл бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло жаннатдаги дарахтга яқинлашмаслик ваъдасини олишига қарамай, Одам алайҳиссалом ўз ваъдаларини унутиб, ожизлик қилиб, унга хилоф иш тутдилар:

«Биз илгари Одам билан (жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) аҳдлашган эдик, у (аҳдни) унутди ва Биз унда (Одамда) қатъиятни кўрмадик» (Тоҳа сураси, 115-оят).

Ваъдага вафодор бўлиш учун инсонда икки нарса -кучли хотира ва мустаҳкам ирода бўлиши лозим. Хотира заифлиги ва ирода сустлиги вафодорлик учун катта тўсикдир. Инсон ўз ҳаёти давомида турли воқеа-ҳодисалар ва ғам-ташвишларга тўқнаш келиб туради. Шу боисдан инсон қалбидаги ёрқин туйғулар ва ишоралар аста-секин сўниб бораверади. Яъни инсонга унутган нарсаларини эслатиб турадиган ва кўз ўнгида шакллантириб берадиган бир эслатма даркор. Ўша эслатма Қуръони каримнинг оятларида аниқ-тиниқ баён этилган:

«Раббингиздан сизларга нозил қилинган нарса (Қуръон таълимоти)га эргашингиз, ундан бошқа «дўстлар»га эргашмангиз! Эслатмадан жуда кам таъсирланмоқдасизлар» (Аъроф сураси, 3-оят).

«Раббингизнинг тўғри йўли шудир. Эслатма олувчи қавм учун оятларни батафсил баён этдик» (Анъом сураси, 126-оят).

«Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси - бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!» (Аъроф сураси, 26-оят).

«У ўз раҳматининг даракчиси сифатида ша-молларни юборувчи зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик (чанқоқ) шаҳар (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар туридан чиқарур-миз. Ўликларни ҳам (қабрларидан) шу тарзда чиқарурмиз, шояд (улардан) эслатма олсангиз» (Аъроф сураси, 57-оят).

Демак аҳдига вафо қилиш учун инсонга мунтазам эслатма зарур! Ваъдасини унутган кишида вафо бўладими? Шу боис, Аллоҳнинг ваъдага вафо қилиш ҳақидаги ояти эслатма бериш билан ниҳоя топган.

«То вояга етгунича етимнинг молига яқинлаш-мангиз, магар чиройли йўл билан (яқинлашишингиз мумкин). Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқариси-га таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолатли бўлинг! Аллоҳнинг (олган) аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир» (Анъом сураси, 152-оят).

Бирор битим ёки мажбуриятни ўз зиммасига олган киши дастлаб уни адо этиши лозим. Ана шу ишни деб турли тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтишда юқорида айтилган эслатмага аҳамият берсин. Аҳдига вафо қилишда кишилар бир-бирларидан бутунлай фарқ қилади. Олиймақомга осонгина етишни кўз-лайдиган ҳамда озгина ҳаракат билан яхшиликка муяссар бўлишни истайдиган кишиларни Қуръони карим ушбу оятда бундай инкор қилади:

«Ёки (эй мўминлар!) сизлардан илгари ўтган-ларнинг куни (бошингизга) келмай туриб, жаннатга (осонгина) кирамиз, деб ўйладингизми? Уларга ба-ло ва мусибатлар келиб, шунчалик ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва имонли кишилар: «Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эди-лар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир» (Бақара сураси, 214-оят).

Мустаҳкам хотира ва улуғ қалб соҳиблари бўлган аҳдига содиқ кишиларгина вафодор бўла олади. Мусулмон кишининг аҳд-паймони ҳар хил даражада бўлади. Бунинг энг муқаддас ва юксак даражаси Парвардигори Аллоҳга берган аҳд-паймонидир. Чунки Аллоҳ ўз қудрати билан инсонни яратди, унга улуғ неъматларини берди. Инсон боласидан эса шуни ёдда тутиб, нонкўрлик қилмаслик ва залолат домига тушиб қолмаслик талаб этилди:

«Мен сизларга (дунёда) билдириб: «Эй Одам болалари! Шайтонга ибодат (итоат) қилмангиз, чунки, у сизларга очиқ душмандир, Менга ибодат қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир», - демаганмидим?!» (Ёсин сураси, 60-61-оятлар).

«Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: «Мен Раббингиз эмасманми?» (деди). (Улар): «Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик», - дедилар. Қиёмат куни: «Биз бундан ғофил (бехабар) эдик ёки олдиндан ота-боболаримиз мушрик бўлганлар. Биз улардан кейин келган зурриёт эдик. (Ўша) ноҳақ кишиларнинг феъллари сабабли бизни ҳалок қиласанми?» - дейишларини (билганимиз учун шундай қилдик). Шу тарзда оятлар тафсилотини қилурмиз ва шояд (улар ёмон йўлдан) қайтсалар» (Аъроф сураси, 172-174-оятлар).

Ушбу ояти карималарни келтиришдан мақсад, инсон фитратини Аллоҳни таниши учун юзлантиришдан иборат. Аллоҳнинг ягоналиги ва улуғлигини намоён этувчи коинотдаги мавжуд аломат-далиллардан фойдалантириш, шунингдек, Аллоҳдан узоқлаш-тирадиган ёки унга шерик келтиришга олиб борадиган бузуқ далиллардан халос этишдир. Инсоннинг ўз аҳдига вафо қилиши икки дунё саодатига муяссар бўлишига кафил-асосдир. Агар ваъдага вафо қилинса, унинг ортидан ёмонлик келади, дейиш эса нотўғри фикрлашдир:

«... сизларга инъом этган неъматимни эслангиз, аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!» (Бақара сураси, 40-оят).

Динимиз молиявий ва бошқа турдаги битим шартларини ўз вақтида бажаришни буюради. Савдо ва бошқа иқтисодий тармоқларда ўзаро келишилган шартномаларни бажаришда ўз лафзида туриш одамларнинг бир-бирига ишончини оширади. Ислом дини ҳар бир мусулмонга ҳатто ўз оиласи ғамхўри ва жонкуяри бўлишни буюради. Кўпчилик бунга катта иш деб қарамаса ҳам, эркак ва аёл ўртасида никоҳ битими жорий қилинган. Шундай экан, оила қурган киши аҳли аёли ҳақига хиёнат қилмаслиги, оила ришталари узилиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Уйланган киши озми-кўпми маҳрини берсин. Ваъда қилган маҳрни бермасдан аёлини алдаб яшаб, вафот этган киши қиёмат куни зонийлар қаторида туради. Шунингдек, қайтариб бермаслик ниятида бировдан қарз олиб, уни бермай вафот этса, у Аллоҳ даргоҳида ўғрилар қаторида туради». Қуръонда аҳдига вафо қилишга ундайдиган ва хиёнат оқибатидан қўрқитадиган оятларнинг келиши ажабланарли эмас:

«...Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир» (Ал-Исро сураси, 34-оят).

«Аҳдлашганингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номи билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Наҳл сураси, 91-оят).

Хиёнат қилиш бу жуда ёмон одат. У инсонлар орасидаги ўзаро алоқа ва муносабатларга футур етказади. Буни Аллоҳтаоло шундай баён қилади:

«Сизлар бир жамоа бошқа бир жамоадан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (бузиб) уни алдов воситаси қи-лишингиз билан худци ўзи тўқиган нарсасини пухта чиққанидан сўнг парчалаб бузиб ташлаган аёлга ўхшаб қолмантиз! Албатта, Аллоҳ бу билан сизларни синовдан ўтказур ва албатта, қиёмат кунида сизларга (келиша олмай) ихтилоф қилиб юрган нарсаларингиз-ни баён қилиб берур» (Наҳл сураси, 92-оят).

Айрим кишилар биров билан шартнома тузса-ю, кейинчалик бошқа шартноманинг фойдаси кўпроқ-лигини билиб қолса, дарҳол аввалги шартномани бузаверади. Лекин динимиз арзимаган фойда ва манфаатларни деб берган ваъдаси ёки лафзидан қайтишни қоралайди. Аҳд-паймон ҳурмати сақланиб қолиши учун Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Қасамларингизни ўзаро алдов воситаси қилиб олмангиз! Акс ҳолда (Ислом йўлида) маҳкам ўр-нашган оёқ тойилиб кетар ва Аллоҳ йўлидан тўсганингиз сабабли ёмонлик (бало ва мусибатлар) ни тотиб қолурсиз ҳамда (охиратда ҳам) сизлар учун улкан азоб бордир. Аллоҳнинг аҳдини озгина баҳога сотиб юбормангиз! Агар билсангиз, албатта, Аллоҳ даргоҳидаги нарса (ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоҳларидан) яхшироқдир» (Наҳл сураси, 94-95-оятлар).

Аҳдга вафо қилишда мўмин ва кофир ажратил-майди. Негаки, бу фазилат ҳамма инсонларга баб-баробар тааллуқлидир. Буни англаб етмаганлар айрим-ларга паст назар билан қараса, бошқа бирларига хушомад билан муомала қиладилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Кофирнинг жонига омонлик бериб, кейин уни ўлдириб қўйган қотилдан безорман». Пайғамбаримизнинг ушбу сўзлари бошқа диндаги кишилар билан қандай муомала қилиш лозимлигини билдиради. Ислом эса мусулмонларни ва улар билан сулҳ ва шартнома тузганларни қаттиқ ҳимоя қилади. Ислом ҳимоясида бўлган кишилар ҳам шулар жумласидандир. Қуръони карим мусулмонларга кофир кимсаларнинг қиёфасини қуйидаги оятларда очиб беради:

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, «Ҳаром ой» (ҳаж ойлари) ни, қурбонликларни, (уларга тақиб қўйилган) та-қинчоқларни, Парвардигорларининг фазли ва розилигини топиш нияти билан Байтул-Ҳаром (Каъба)га борувчиларни (уларга қаршилик қилишни) ҳалол деб ҳисобламангиз! Ҳалол (қилинган ҳолат)га чиққанларингизда эса, ов қилаверингиз. Сизларни Масжиди Ҳаромдан тўсувчи қавмнинг адовати тажовуз қилишингизга ундамасин! Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси, 2-оят).

Динда ваъдага вафо қилиш муҳимлигини намоён этувчи ҳолатлардан яна бири қарз олиш масаласидир. Зотан, олинган қарзни ўз вақтида қайтариш Аллоҳ даргоҳида белгиланган хақлардандир. Динимиз қарз олиш ва уни қайтариб беришни эса ортга суришни ёки ҳақдор ундан кечиб юборишини умид қилишни қаттиқ қоралайди. Дарҳақиқат, қарз олмасдан ишни битказиш иложи бўлса, уни сўраш дуруст эмас. Бу борада Расулуллоҳ шундай деганлар: «Қиёмат куни Аллоҳ қарз олган одамни ҳузурига чақириб айтади: «Эй одам фарзанди, қарз олдинг! Кишиларнинг ҳаққини нима учун зое қилдинг?» Шунда у: «Эй Парвардигорим, уни зое қилмадим. Лекин мени гоҳ гаровга қўйиш, гоҳ оч қолиш ва гоҳ зарар кўриш ҳоллари тутган эди», дея жавоб беради.

Аллоҳ таоло: «Бандам рост айтди, унинг қарзларини адо этишга ҳақлиман», дея ўша кишининг амаллари тортилаётган тарози палласига бир нарса қўйишни буюради. Шунда унинг яхши амаллари оғир келиб, ўз фазли билан жаннатга киритади. Маълум бўладики, Аллоҳ ноиложлик туфайли қарз олиб, кейин у қарзни қайтариб беролмаган одамни афв қилар экан. Ўз молига қаноати кам, қарздан қутулиш чорасини изламай бошқалардан қарз олишга шошиладиган кишилар ҳам бор. Бундай одам ўғрига ўхшайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қайтариб бериш ниятида бировлардан қарз олган кишига уни узиш учун Аллоҳ таоло имконият беради. Ким бировнинг молини бермаслик ниятида олган бўлса, Аллоҳ у кишининг ўзини йўқ қилади», деб айтганлар. Динимиз олинадиган қарз учун тўла кафолат бўлишини ёқлайди ҳамда унга вафо қилишни зарур деб билади. Шунда ҳеч ким зиммасидаги қарзни адо этишдан қочиб кета олмайди. Бошқа бир ривоятда: «Шаҳидларнинг олган қарзидан ўзга ҳар қандай гуноҳи мағфират қилинади», дейилади. Қарзнинг охиратдаги хатарини билган кишилар, ўша хатар келмасдан бурун ундан тезроқ қутулишни маслаҳат берадилар. Агар жорий қонунлар амалда бўлиб турмаса, кўп ҳақлар поймол этилар эди. Албатта, Аллоҳ аҳдларига вафодор бандаларнигина ёқтиради. Ўзларига зулм қилган аввалги умматларнинг ҳалокатига ҳам Аллоҳ Ўзи зикр қилган қуйидаги ҳолат сабаб бўлган:

«Уларнинг кўпларида аҳд (вафодорлик)ни топмадик. Кўпларини фосиқ эканликларини топдик (билдик)» (Аъроф сураси, 102-оят).



Анвар қори Турсуновнинг

"Фазилатлар китоби" китобидан

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР