loader
Foto

Маҳзунлик йили

Пайғамбарликнинг ўнинчи йилида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг завжалари Хадижа бинти Хувайлид билан амакилари Абу Толиб вафот қилишди. Ибн Саъд ўзининг "Табақот" номли китобида: "Хадижа билан Абу Толибнинг вафоти орасида бир ою беш кун фарқ бўлган", деб хабар қилади.

Хадижа розияллоҳу анҳо (Ибн Ҳишом айтганидек), Исломдаги ишончли вазир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дардларини фақат унга айтар, унинг ҳамроҳлигидан қалбан яқинликни топар эдилар. Абу Толиб эса, у зотнинг ёрдамчиси, ҳам қалқони, жоҳил қавми олдида ҳимоячиси эди. Ибн Ҳишом айтади: "Абу Толиб вафот этгач, Қурайш мушриклари Расулуллоҳга шундай азиятлар етказишдики, амакилари тирик бўлганида бундай қилишга ботина олишмас эди.

Масалан, бир куни Қурайш пасткашларидан бири у зотнинг муборак бошларига тупроқ сочиб юборди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом уйларига бошлари тупроққа беланган ҳолда кириб келдилар. Қизларидан бири туриб йиғлаб-йиғлаб тупроқни юва бошлади. Расулуллоҳ эса қизларини: "Йиғлама қизим, Оллоҳ отангни ҳимоя қилгувчидир", деб юпатар эдилар". Даъват йўлида кўраётган машаққатлари кучайиб кетганлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу йилни "маҳзунлик йили", деб атадилар.

Ибратли нукталар:

Қизиқ, Маккада мусулмонлар куч-қувватга эга бўлмай ва ўзларини ҳимоя қила оладиган дара-жага етмай туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бақадри имкон ўз ҳимоясига олган Абу Толибни Қазойи Қадар бунчалар тез ҳаётдан олиб кетишининг ҳикмати нимада экан?

Яна Оллоҳ таолонинг Қадари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суянчиғи, юпанчиғи ҳамда аламситамлар чангини у зотнинг елкаларидан қоқиб, далда бўлувчи завжайи мутаҳҳаралари - Хадижа розияллоҳу анҳони ҳам тортиб олишга бунчалар шошилишининг қандай ҳикмати бор экан? Мана шу ўринда Ислом эътиқоди асосларига тааллуқли муҳим ҳақиқатлар очилади.

Масалан, агар Абу Толиб то Ислом давлати барпо бўлиб, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом мушрикларнинг азият ва тазйиқларидан нажот тошунларига қадар яшаганида, бундан чиқди, Абу Толиб (гарчи ўзи иймон келтирмаган бўлсада) Ислом даъватини ўзининг обрў-мартабаси билан ҳимоя қилган, унинг "орти"да турган ҳамда олдинга илдамлатган ягона инсондир деган фикр туғилиши мумкин эди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида куну тун тер тўкиб, машаққат чеккан мусулмонлар бир четда қолиб, барча мақтов-олқишлар Абу Толибга бўлсин дейдиганлар чиқарди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом амакиси Абу Толибни ҳамда завжалари Хадижа бинти Хувайлидни "йўқотиб қўйиш"ларини Илоҳий Ҳикмат тақозо қилди. У ҳикмат икки ҳақиқат орқали бизга ойдинлашади:

Биринчиси: ҳимоя, иноят, ғалаба, ёрдам фақат Оллоҳ таоло томонидан келур. Зеро, Оллоҳ таоло Ўзининг Расулини мушриклардан, душманлардан ҳимоя қилишни ваъда қилган. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом инсонлар тарафидан ҳимоячилари бўладими, йўқми фарқсиз - ҳимоялангандирлар ва у зот олиб бораётган даъват ўзининг муваффақиятига, ғоя-мақсадига етиши муқаррардир.

Иккинчиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлардан ҳимояланган, деган сўзи-мизнинг маъноси, улардан азиятлар, тазйиқлар кўрмаслик дегани эмас, балки, Оллоҳ таоло "Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Оллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта Оллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас." (Моида сураси, 67-оят) оятида ваъда қилган ҳимоя, ўлдирилишдан, даъватни тўхтатиб қўядиган тажовузлардан ҳимоя қилиш маъносидадир. Оллоҳ таолонинг ҳикмати билан пайғамбарлар кўп азиятлар кўришган, лекин бу, уларга ваъда қилинган исмат - ҳимояга зид эмасдир.

Шунинг учун Оллоҳ таоло мана бу:

"Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз." оятидан кейин у зотга шундай дейди: "Шак-шубҳасиз, Биз улар (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз. Бас, Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни "шерик"лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Оллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)" (Ҳижр сураси, 97-98-оятлар).

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом даъват йўлида тортган озор-азиятлар ҳар бир асрда Ислом даъватига киришган мусулмонлар учун Оллоҳ таолонинг ҳикматларидан биридир. Чунки у зот ўз даъватларида қийинчиликсиз муваффақият қозонганларида, саҳобалар ва у зотдан кейинги мусулмонлар ҳам енгилликни истаб, Исломий даъват йўлидаги қийинчиликларни ўзларига оғир санаган бўлишар эди. Аммо улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тотган нарсадан тотаётганларини ва у зот азият чеккан йўлдан кетаётганларини ҳис қилишлари мусулмонларга етаётган азобу уқубатларни енгиллатадиган нарсалардандир.

Оллоҳ таолонинг ҳабиби, бандалари ичидан танлаб олган мустафоси - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда кетаётганларида мушрикдарнинг у зот бошларига тупроқ сочилиши, уйларига қайтиб қизларига ювдиришга мажбур бўлиб қолишлари каби воқеаларни кўрган мусулмонлар ўзларига етаётган ҳар қандай қийинчиликларни енгил санайдиган бўлиб қоладилар.

Мавзуга доир яна бир нарса:

Баъзилар мазкур йилни Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассалом "қайғу йили" деб аташларига амакиси Абу Толиб билан завжаси Хадижа бинти Хувайлиддан айрилишлари сабаб бўлган, деб ҳисоблайдилар. Аслида бу унчалик тўғри эмас. Расулуллоҳнинг бу икки яқинлари вафотидан сўнг қаттиқ қайғуга ботишларига ундан кейин Исломий даъват дарвозаларининг кўпи беркилиб қолишини деб ташвиш чекишлари сабаб бўлган. Чунки амакилари Абу Толибнинг ҳимояси даъватга, таълим-тарбияга катта имконият дегани эди. У ўлгандан сўнг қаршиларидаги ўша имкониятлари тўсилди. Қанча ҳаракат қилма-синлар, душманчиликни кўрдилар, қаёққа бормасин, йўллар ёпиқлигини топдилар. Даъватларига ҳеч ким қулоқ солмай қўйди, аксинча, калака қилувчилар ва тажовузкорлар кўпайди. У зот Оллоҳ таоло буюрган вазифани амалга ошира олмаётганидан кўп маҳзун бўлдилар. Шу боис ўша йилни "маҳзунлик йили" деб атадилар.

Уша пайтда у зотнинг қайғуларини енгиллатиш учун тасалли берувчи, одамларга "етказиш" дан бошқа нарсага мукаллаф эмаслигини, одамлар у зотнинг чақирувларига жавоб беришмаса, иймон келтиришмаса, ғам-гуссага ўрин йўқлигини эслатувчи оятлар тушар эди. Масалан, мана бу оятни ўқиб кўринг:

"(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Биз уларнинг гаплари Сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар Сизни ёлгончи қил-майдилар, балки бу золимлар Оллоҳнинг оятларини инкор қиладилар. Маълумки, Сиздан аввалги пайгамбарлар ҳам ёлгончи қилинганлар. Сўнг, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганларига ва чеккан азиятларига сабр қилганлар. Оллоҳнинг ("Пайғамбарларимни Ўзим қўллагайман", деган) Сўзларини ўзгартира олгувчи бирон кимса йўқдир. Ахир Сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўтган пайғамбарларнинг хабарларидан ҳам келган-ку!" (Анъом сураси, 33-35-оятлар).

Шайх Рамазон Бутийнинг

"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР