loader
Foto

Волийлар ва қозиларнинг маоши

Эй мўминлар амири, сен қозилар ва волийларга қаердан маош тўланиши ҳақида сўраган эдинг. Аллоҳ мўминлар амирини Ўзига итоат қилиш билан азиз қилсин, қозилар ва волийларга мусулмонларнинг давлат хазинасидан - ердан олинадиган хирож солиғи ҳамда жизя солиғидан тушадиган маблағлардан маош тўланади. Чунки улар мусулмонларнинг ишлари билан бандлар, шунинг учун ҳар бир шаҳар волийси ва қозисига бажарадиган ишига кўра давлат хазинасидан маош тўланади. Мусулмонларнинг иши билан шуғулланадиган ҳар бир кишига давлат хазинасидан маош тўла. Волий ва қозиларга закотдан тушадиган маблағдан маош тўланмайди, фақат Аллоҳ азза ва жалланинг: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар .... (га бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)”(Тавба, 60) - сўзига кўра закот йиғишга масъулларга закотдан тушган маблағдан маош тўланади.

Қозилар, мансабдор шахслар ва волийларга берилаётган маошларни кўпайтириш ва камайтириш сенинг қўлингда бўлиб, улардан кимнинг маошини кўпайтиришни хоҳласанг кўпайтирасан, камайтиришни хохдасанг камайтирасан, бу масала тўлиғича сенинг қўлингда бўлишига умидворман. Сен шундай қилинса, Аллоҳ таоло фуқароларнинг ишини яхшилайди деб ўйлайдиган ҳар бир ишни кечиктирмасдан амалга ошир.

Умид қиламанки, сен бу ишинг билан улкан ажр ва энг афзал мукофотга эга бўласан.

Лекин сен қозининг қўлидан ўтадиган халифалар, ҳошимийлар(Ҳошимийлар - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккинчи боболари Ҳошим ибн Абдуманноф авлодлари. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мансуб бўлган уруғ - хонадон. Ҳошимийлар ислом тарихида алоҳида мавқега эга бўлиб, улардан бир қанча мусулмон ҳукмдорлар сулоласи шаклланган.) ва бошқаларнинг мероси ҳисобидан унга улуш ажратиш керак, чунки қози томонидан уларнинг ерлари ва пулларига эгалик қиладиганлар белгиланади деб ҳисоблаяпсан. Бундай қилиш керак эмас! Чунки қози камбағалу бойнинг, каттаю кичикнинг манфаатини бирдек кўриши учун унинг маоши давлат хазинасидан тўланади ва қози ўзининг қўлидан ўтадиган мансабдор ва оддий кишиларнинг меросларидан улуш олмайди. Халифалар қозиларга доимо давлат хазинасидан маош тўлаб келганлар.

Ўша меросларни сақлашга вакил қилинганларга қилаётган ишларига яраша ҳақ тўланади. Чунки вориснинг меросига зиён етказилмаслиги, вакил қилинган ва ишониб топширилганлар меросни сарфлаб юбориб, натижада меросхўр ҳеч вақосиз қолмаслиги керак. Албатта, Аллоҳ билгувчироқ, лекин қозиларнинг аксарияти вакил қилинган киши бу ишни қандай қилаётгани ҳақида қайғуради деб ўйламайман. Чунки, қозининг атрофидагиларнинг кўпчилигини етимнинг камбағал бўлиб қолаётгани ва меросхўрнинг ҳеч вақосиз қолаётгани ташвишга солмайди, фақатгина Аллоҳ таоло тўғри йўлга солиб қўйган киши бундан мустасно.

Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг

"Китоб ал-Харож" китобидан

А. Маннапова таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР