Эрон Олий Раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий бугун халққа мурожаат қилди. Аввалдан ёзилган роликда у, агар Вашингтон Исроилнинг Ислом республикасига қарши урушига қўшилса, АҚШни тузатиб бўлмас оқибатлар билан таҳдид қилди.
"Эронни, унинг халқини ва тарихини биладиган доно одамлар бу мамлакат билан ҳеч қачон таҳдид тилида гаплашмайдилар, чунки Эрон халқи ҳеч қачон таслим бўлмайди. Америкаликлар билишлари керакки, ҳар қандай ҳарбий аралашув улар учун, шубҳасиз, ўрнини тўлдириб бўлмас зарар бўлади", — дея оятуллоҳнинг сўзларини келтирди "Тасним" агентлиги.
Хоманаи Эрон ҳеч қачон таслим бўлмаслигини, Эрон "қуролли кучлари Ватанни ҳимоя қилишга тайёр эканлигини ва олий мансабдор шахслар ҳамда бутун халқнинг қўллаб-қувватлашидан баҳраманд эканлигини" таъкидлади.
У, шунингдек, Эрон халқини "сионист душманнинг аҳмоқона ва ёвуз" тажовуз ҳаракати олдидаги "муносиб ва жасур" хатти-ҳаракатлари учун мақтади.
"Сионист режим жиддий хатога йўл қўйди ва ўз ҳаракатлари оқибатларига дуч келади. Эрон унинг ҳаво ҳудудининг бузилганини кечирмайди ва шаҳидларнинг қонини унутмайди", — деди Хоманаий.
Бугун эртароқ Эрон Олий Раҳбари ўзининг "Х" ижтимоий тармоғидаги саҳифасида "жанг бошланмоқда" дея огоҳлантирган эди. Ушбу пост пайдо бўлишидан бир неча соат олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондан "сўзсиз таслим бўлишни" талаб қилган ва Хоманаини "осон нишон" деб атаган эди.
Абу Муслим