Эронликлар Америка ҳужумини "оғир жиноят" деб атамоқда ва қасос олишга ваъда бермоқда
Эронда 22 июнь куни эрталаб Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги тинч ядро объектларига берилган Америка зарбасига муносабат билдирилди. Теҳрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумларни қоралаб, уларни "оғир жиноят" деб атади, Ислом инқилоби соқчилари корпуси (ИИСК) билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда эса минтақада жойлашган Америка базалари ва объектларини вайрон қилиш билан таҳдид солинди. Шу билан бирга, Исроилга Эрондан тахминан 35 та ракета отилди. NBC телеканалининг хабар беришича, Вашингтонда ҳам Эрон томонидан жавоб ҳаракатларига тайёргарлик кўрилмоқда ва яқин икки кун "айниқса хавотирли" деб номланмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: "БМТ Низоми ва унинг ўзини ҳимоя қилиш учун қонуний жавоб беришга рухсат берувчи қоидаларига мувофиқ, Эрон ўз суверенитети, ўз манфаатлари ва ўз халқини ҳимоя қилиш бўйича барча ҳуқуқларини сақлаб қолади". Унинг вазирлиги кескин муносабат билдирди: "Американинг ядро объектларига берган зарбалари оғир жиноятдир. Эрон Американинг ҳарбий агрессиясига қарши туриш ҳуқуқига эга. Биз бу зарбани кескин қоралаймиз ва бутун кучимиз билан жавоб беришни ўз ҳақимиз деб ҳисоблаймиз".
Ислом инқилоби соқчилари корпусига алоқадор канал тўғридан-тўғри таҳдид эълон қилди: "Америка бу агрессив ҳужум оқибатлари учун тўлаши керак, бу ҳақда биз бир неча бор огоҳлантирган эдик. Унинг Яқин Шарқдаги базалари кул тепасига айланади".
NBC тармоғи Трамп маъмурияти Эрон томонидан эҳтимолий қасосга тайёрланаётганини ва яқин 48 соат "айниқса хавотирли" эканлигини хабар қилди. Бу ҳақда хавфсизлик кучларининг икки вакили ва Оқ уйнинг бир юқори лавозимли амалдори маълум қилди.
Бу ҳафта бошида икки Америка манбаси Эронда зарур бўлса, Яқин Шарқдаги Америка базалари ва объектларига ҳужум қилиш бўйича тайёр режалар борлигини билдирган эди. Бу базалар ва объектлар бир неча ойдан бери юқори шай ҳолатда, аммо 13 июнь куни Исроилнинг Эронга ҳужумидан кейин хавотирлар янада кучайди.
Аввалроқ хабар берганиммиздек, 22 июнга ўтар кечаси АҚШ Эроннинг асосий ядро объектлари — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарбалар берди. Зарбалар B-2 бомбардимончилари ёрдамида берилди ва ер ости бункерларини вайрон қила оладиган ноёб бомбаларни ўз ичига олди. Президент Дональд Трамп объектлар "тўлиқ ва батамом йўқ қилинди" деб баёнот берди.
Абу Муслим
