loader
Foto

Сиёсатдан хабари йўқ муллаларнинг сиёсий баҳсларга аралашиши

Ислом дини ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади. Сиёсий тузум ва бошқарув масалалари ҳам динда муҳокама қилинган. Аммо бу диний асосларни англаш, сиёсий шарҳлар бериш ва йўл-йўриқ кўрсатиш салоҳияти ҳар бир муллада мавжуд, дегани эмас. Айрим ҳолларда сиёсий билимга эга бўлмаган диний шахслар ўзларини сиёсий таҳлилчи деб билиб, нотекис, бир ёқлама ва хатоли баёнотлар билан жамоат орасида фитна ва нотинчликка сабаб бўлишмоқда.

Масаланинг моҳияти

Ислом уламолари ўртада шундай тушунча мавжуд: «Ҳар бир соҳани ўша соҳанинг мутахассисига топширинг». Бу Қуръони Каримда ҳам қайд этилган:

"Агар билмасанглар, илм эгаларига мурожаат қилинг" (Ан-Наҳл, 43)

Бу оят асосида ҳар бир касб соҳасини у соҳада билим ва тажрибага эга инсонлар бошқариши кераклиги аён бўлади. Сиёсат ҳам шундай соҳадир. Бу мураккаб, кўп қиррали, стратегик фикрлаш, тарихий англаш, геосиёсий таҳлил ва халқ манфаатини теран кўра олишни талаб этади. Муллаларнинг аксари бундан маҳрум ёки сарой манфаатидан ташқари чиқиб фикр билдира олмайди, одатда. Агар олим золим ҳукмдор ҳузурида бўлиб, унга хўжамушлик қилса, унинг фиқҳий фатвоси, сиёсатига оид баёноти, диний таълимоти шубҳали бўлади.

— Мустақил, ҳақ сўзли, халқ манфаатига хизмат қилувчи олимлар эса — нур устидан нур. Бу ҳақда Ибн Ражаб, Ғаззолий, Заҳабий ва Ибн Таймия каби уламолар ҳам кўп гапирган.

Сиёсий билимсизлик ва нотўғри фатволар

Сиёсий билимга эга бўлмаган баъзи муллалар қўлларидаги диний обрўдан фойдаланиб, сиёсий масалаларда ҳам ўз сўзларини охирги ҳақиқат деб билмоқдалар. Улар баъзида сиёсий масалаларни «ҳақ–ботил» ёки «куфр–имон» доирасида баҳо бериб, мураккаб муаммоларни соддалаштириб кўрсатишади. Бу эса сиёсий жиҳатдан онгли ва масъулиятли қарашларнинг ўрнига эҳтиросга асосланган, қарама-қаршиликка олиб борувчи позицияларни шакллантиради.

Монополистик даъво: “Сиёсат ҳақида фақат биз гапирамиз!”

Ана шундай муллалардан баъзилари «сиёсатни фақат диндорлар, фақат биз тушунамиз, бошқалар сиёсат ҳақида гапирмасин» деган даъволар билан майдонга чиқишмоқда. Бу каби яккахокимлик даъвоси тарихда хато йўлларга олиб келган. Масалан, дини давлатдан устун бўлган тузумларда сиёсий эркинлик ва фикрлаш чекланган. Бироқ Исломда "шуро" (кенгаш) тамойили мавжуд — бир қарорга келмоқ учун кўпчилик билан маслаҳатлашиш керак. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган:

"Уларнинг иши ўзаро маслаҳат ила бўлади" (Аш-Шуро, 38)

Бу оятга кўра, сиёсий қарорлар ва таҳлиллар ҳам кенг маслаҳат билан бўлиши шарт. Ҳар ким ўз соҳаси доирасида гапириши, сиёсий мутахассис сиёсат ҳақида, иқтисодчи иқтисод ҳақида фикр билдириши табиий.

Фикр эркинлиги ва диннинг ролини аралаштириш

Исломда фикр эркинлиги муҳим принциплардан биридир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам саҳобалар ўз фикрларини эркин билдиришган, ҳатто баъзи қарорларга қарши фикр билдиришган ва у қабул қилинган. Шу нуқтаи назардан қаралганда, «фақат биз гапирамиз» деган фикр жамиятни зулматга олиб кирувчи, ислоҳ эмас фасод келтирувчи иддаодир.

Сиёсат мураккаб ва жиддий соҳадир. Унга аралашиш учун етарли билим, мантиқий таҳлил қилиш қобилияти, тарихий ва ҳозирги воқеликни англаш зарур. Диний билимга эга бўлган ҳар бир киши сиёсий таҳлилчи бўла олмайди. Ҳар бир киши ўз соҳасида гапирса, жамиятда тартиб ва ростлик қарор топади. Бир шахснинг диний илмда улуғ бўлиши унга бошқа соҳаларда ҳам гапириш ҳуқуқини автоматик равишда бермайди. Сиёсий таҳлил ва раҳбарлик масъулиятини ҳам Аллоҳ ва ҳам халқ олдида адо этиш — жуда оғир масъулиятдир.

Абу Муслим

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР