loader
Foto

Зенит-ракета тизими С-400

Ўн йил муқаддам, 2007 йил 6 августда Россияда С-400 "Триумф" зенит-ракета тизимининг (ЗРТ) биринчи дивизиони жанговар навбатчиликка киришди.

С-400 "Триумф" — Россиянинг катта ва ўрта масофали зенит-ракета тизими (ЗРТ). У ҳаво ҳужуми ва разведка воситаларини (шу жумладан "Стелс" технологияси бўйича яратилган учувчи аппаратларни) ва ҳар қандай бошқа ҳаво нишонларини шиддатли оловли ва радиоэлектрон қаршилик шароитида йўқ қилишга мўлжалланган.

Ишлаб чиқиш ва қуролланишга қабул қилиш

Тизим 2000-йилларда академик А.А. Расплетин номидаги "Олмаз" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси (ҳозирда "Олмаз-Антей" ҳаво-космик мудофаа концерни таркибига киради) томонидан С-300 ЗРТ асосида ишлаб чиқилган. "Триумф"нинг серияли ишлаб чиқарилиши 2007 йилда бошланган, Россияда тизим 2007 йил 28 апрелда қуролланишга қабул қилинган, С-400 нинг биринчи дивизиони ўша йилнинг 6 августида Электросталь шаҳрида (Москва вилояти) жанговар навбатчиликка ўтган.

Тизим таркиби

"Триумф" ЗРТ жанговар бошқарув пункти ва аниқлаш радиолокация станцияси (РЛС)дан иборат бўлиб, уларга 6 тагача зенит-ракета мажмуаси (ЗРК) уланган. Ҳар бир ЗРК кўп функцияли бошқарув РЛСи ва турли типдаги ракеталарга эга 12 тагача учириш мосламасини ўз ичига олади. Шунингдек, тизим таркибида ихтиёрий равишда барча баландликдаги РЛС ва антенна пости учун кўчма минора ҳам бўлиши мумкин.

Тизимнинг барча воситалари юқори ўтувчанликка эга ғилдиракли шассиларга жойлаштирилган (ишлаб чиқарувчи – Минск ғилдиракли тягачлар заводи ва Брянск автомобиль заводи), темир йўл, шунингдек сув ва ҳаво транспорти орқали ташишга рухсат берилган.

Техник хусусиятлари

•    Аэродинамик нишонларни йўқ қилиш масофаси – 3 км дан 250 км гача;

•    Тактик баллистик нишонларни йўқ қилиш масофаси – 5 км дан 60 км гача;

•    Нишонларни йўқ қилиш баландлиги – 2 км дан 27 км гача;

•    Йўқ қилинадиган нишонлар тезлиги – сониясига 4 минг 800 м гача;

•    Бир вақтнинг ўзида ўққа тутиладиган нишонлар сони – 36 тагача (битта ЗРК томонидан 6 тагача);

•    Бир вақтнинг ўзида йўналтириладиган ракеталар сони – 72 та. Тизим турли хил бошланғич масса ва учириш масофасига эга камида 5 турдаги ракеталардан фойдаланган ҳолда танлаб ишлаши мумкин – шу тариқа эшелонлашган мудофаа яратилади;

•    Тизимни юриш ҳолатидан ёйиш вақти – 5-10 дақиқа, ёйилган ҳолатдан жанговар шай ҳолатга келтириш вақти – 3 дақиқа;

•    Ер усти тизимларининг эксплуатация муддати – камида 20 йил, зенит бошқариладиган ракеталарнинг – камида 15 йил.

2017 йил 8 апрелда Россия Ҳаво-космик кучлари (ВКС) бош қўмондони ўринбосари генерал-лейтенант Виктор Гуменный журналистларга С-400 учун "яқин космосда, катта масофаларда ва катта тезликларда нишонларни йўқ қилишга қодир" ракеталар РФ қуролланишига кира бошлаганини хабар қилди.

Россияда жанговар навбатчиликда

Очиқ манбалар маълумотларига кўра, 2017 йил апрель ҳолатига кўра, Россия Қуролли Кучларида С-400нинг 19 та полки жанговар навбатчиликда бўлган. Бу жами 38 та дивизион ва Электросталь, Дмитров, Звенигород, Курилово (Москва вилояти), Находка (Приморье ўлкаси), Калининград, Новороссийск (Краснодар ўлкаси), Полярный (Мурманск вилояти), Петропавловск-Камчатский (Камчатка ўлкаси), Новосибирск, Владивосток, Севастополь ва бошқа жойлардаги 304 та учириш мосламасидир.

Давлат қуролланиш дастури 2020 йилгача қўшинларга 56 та С-400 дивизионини етказиб беришни назарда тутади, бу эса икки дивизионли таркибдаги 28 та зенит-ракета полкини қайта қуроллантириш имконини беради.

2015 йил 25 ноябрда С-400 "Триумф" тизими Москва вилоятидан Россия авиация гуруҳи жойлашган Суриядаги Хмеймим авиабазасига кўчирилди.

Экспорт етказиб беришлар

Ҳозирда С-400 фақат РФ Қуролли Кучларида қуролланишда турибди. РФ Мудофаа вазирлиги вакиллари "Триумфлар"ни Белоруссия ва Қозоғистонга етказиб бериш "2015 йилдан кейин" бошланиши мумкинлигини айтганлар, бироқ бундай етказиб бериш фактлари расман хабар қилинмаган.

2015 йил 25 ноябрда РФ президентининг ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича ёрдамчиси Владимир Кожин ОАВ вакилларига Хитой Халқ Республикасига С-400 етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтди. 2016 йил март ойида "Ростех" давлат корпорацияси бош директори Сергей Чемезов Хитой ЗРТни етказиб бериш учун аванс тўлаганини маълум қилди. 2017 йил 26 апрелда Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича Федерал хизмати (ФСВТС) матбуот хизмати шартноманинг бажарилиши бошланганини тасдиқлади.

2016 йил 15 октябрда РФ ва Ҳиндистон бу мамлакатга С-400 "Триумф" етказиб бериш тўғрисида битим имзолади.

2016 йил ноябрда Туркия ва РФ ўртасида С-400 сотиб олиш масаласи бўйича музокаралар олиб борилаётгани маълум бўлди. 2017 йил март ойида Чемезов Туркия томони Россиядан қурол, шу жумладан С-400 сотиб олиш учун кредит олиш истагини билдирганини айтди. РФ президенти Владимир Путин 2017 йил 1 июнда РФнинг Туркияга С-400 ЗРТни етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди.

Абу Муслим (профессор)

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР