Юнон фалсафаси инсоният тафаккури тарихида муҳим босқичлардан бирини ташкил этади. Афлотун, Арасту, Эпикур, Суқрот каби мутафаккирлар “ақл”, “ҳақиқат”, “эзгулик” каби тушунчаларни жамият ва инсон ҳаётининг асосий мезони сифатида ўртага қўйдилар. Улар ақлни – инсоннинг энг юксак салоҳияти, ҳақиқатга етакловчи ягона восита деб ҳисобладилар. Бироқ айнан шу ерда фалсафий бир зиддият пайдо бўлади: агар ақл ҳақиқатан ҳам мукаммал, энг юксак ҳидоят манбаи бўлганида, нега бу фалсафий мактаблар ягона Аллоҳни топа олмади?
Ақл ва инсоний ҳадлар
Ислом фалсафасига кўра, ақл инсон учун зарур ва Аллоҳнинг неъматларидан биридир. Лекин у мутлақ эмас – у нисбий, чекланган ва муҳтож. Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло тафаккур қилишни, ақл ишлатишни кўп бора тарғиб қилган бўлса-да, шунга қарамай, ақлни эътиқод ва маърифатдаги ягона манба сифатида эмас, балки ваҳийга итоат қилувчи восита сифатида таърифлаган. Яъни, ақлнинг асосий вазифаси – ваҳийни тушуниш ва унга амал қилишдир.
Юнон мутафаккирлари эса ваҳийни рад этиб, фақат ақл билан ҳақиқатга етиш мумкин, деб ҳисобладилар. Натижада улар Яратувчини англаш ўрнига, инсон орзу-хаёлларига суянган “тўқима илоҳлар”ни яратдилар. Олимп илоҳлари – Зевс, Афина, Аполлон кабилар – инсон табиатига асосланган фантазия маҳсули бўлиб, ҳақиқий Тавҳид ақийдасига қарши эди.
Юнон фалсафасидаги муқаддаслик бўшлиги
Юнонлар эътиқод қилган илоҳлар низоли, ўзаро душман, ҳирсли ва ҳатто инсонга хос иллатларга эга эди. Бу, аслида, ақлни мутлақлаштириш оқибатида пайдо бўлган руҳий ва метафизик бошбошдоқлик эди. Афлотун “олам ақлга асосланган”, Арасту эса “ҳаракатга келтирувчи илк сабаб”ни тан олган бўлса-да, улар бу сабабнинг ягона мутлақ зот – Аллоҳ эканини англай олмадилар. Бу эса шундан далолат берадики: ақл Аллоҳсиз мутлақ эмас, балки адашишга мойил восита, кўрдир.
Исломда ақл ва ваҳийнинг ўрни
Ислом ақлни рад этмайди, балки уни чегаралайди ва ваҳийга итоат қилдириш орқали ислоҳ қилади. Имом Ғаззолий, Ибн Таймия, Ибн Қаййим (роҳимаҳуллоҳ) каби уламолар ақлнинг ваҳий билан мутаносиб ишлашини таъкидлаб, фақат ақлга суянган фалсафаларни оғир танқид қилганлар. Уларга кўра, ақлнинг энг юксак даражаси – Аллоҳни тан олиш, илоҳий амрларга итоат қилиш ва унинг ҳикматини англашдир.
Юнон фалсафаси “ақл”ни марказга қўйиб, инсонни туюқсиз муҳокамалар ботқоғига олиб кирди. Уларнинг ақли яхшилик ва ёмонликни мустаҳкам чегаралай олмади, тўғри ва ботилни аниқ айирмади, Яратувчини топа олмади. Бу, Ислом нуқтаи назаридан қаралганда, ақлни мутлақлаштиришнинг ақлсизликка олиб келишидир. Ақл – керак, лекин ундан олдин ва устида – (нақл) ваҳий ва тавҳид туради.
Абу Муслим (профессор)
