Ҳар бир жамиятнинг келажаги – унинг фарзандларидир. Ёшлар, айниқса қиз болалар, жамиятнинг нафақат келажак оналари, балки маънавият ва ахлоқ тимсолидирлар. Бироқ сўнгги йилларда баъзи минтақаларда ёш қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу қайғули ва хатарли ҳолат ортида жуда кўп омиллар ётади. Улардан бири ва энг асосийларидан бири – диндан узоқлашишдир.
Маънавий бўшлиқ ва динсизлик оқибати
Ислом дини инсон ҳаётига олий қадрият сифатида қарайди. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«...Ким бир инсонни ( ноҳақдан) ўлдирса, у гўё бутун инсониятни ўлдиргандек бўлади...»
(Маида сураси, 32-оят)
Ўзини ўзи ўлдириш – бу фақат шахсий ҳалокат эмас, балки жамият, оила ва атрофдагилар учун катта мусибатдир. Динга яқин инсон, фақатгина ҳузур ва хотиржамликни Аллоҳнинг розилигида излайди. Ўзига қасд қилиш, Исломда қаттиқ қайтарилган ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай дедилар:
«Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, у нарса билан дўзахда абадий азобланади».
(Саҳиҳ Бухорий ва Муслим ривояти)
Бу огоҳлантириш, инсонга ҳаётни қадрлаш, мусибатга сабр қилиш ва муаммонинг ҳалини дин ва дуо орқали излаш кераклигини таъкидлайди.
Ижтимоий ва руҳий босимлар
Ёш қизларнинг ўзини ўзи ўлдиришга уринишларига баъзан:
• Оилавий зўравонлик
• Ижтимоий таъқиб (масалан, интернетдаги буллинг)
• Муҳаббатда алданиш
• Ота-она меҳридан маҳрумлик
• Таълим ёки ишсизлик сабаб бўлиши мумкин
Агар инсон динга яқин бўлса, Аллоҳга таваккул қилиб, синовларга сабр қилиб, ҳаётда яна кучлироқ бўлиши мумкин. Лекин динсизлик ва маънавий бўшлиқ, кўп ҳолларда бу оғир вазиятдан чиқиш йўлини ўлимда деб ҳисоблашга олиб келади.
Маънавий тарбиянинг етишмаслиги
Аёлга, қиз болага Ислом дини катта аҳамият беради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
«Кимки икки қиз фарзандини яхши тарбия қилиб, улғайтирса, жаннатда мен билан шундай яқин бўлади» – деб, бармоқларини бирлаштириб кўрсатганлар. (Саҳиҳ Муслим)
Бу ҳадис, аёл ва қиз болаларнинг қадрини, уларга берилиши керак бўлган меҳр ва тарбиянинг аҳамиятини кўрсатади. Қиз бола динга яқин бўлса, Аллоҳдан умид узмайди, ўзига қасд қилиш каби оғир йўлни танламайди.
Нега дин муҳим?
• Дин инсонни ҳаётга муҳаббат билан боғлайди.
• Қийинчиликда Аллоҳдан сабр ва кўмак сўрашни ўргатади.
• Мусибатни имтиҳон деб билишга ундайди.
• Умидсизликни қаттиқ қоралайди:
«Албатта Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирларгина умид узадилар».
(Юсуф сураси, 87-оят)
Чора-тадбирлар ва ечимлар
• Қиз болаларга ёшликданоқ диний ва маънавий тарбия бериш
• Улар билан доимий мулоқотда бўлиш, дўст сифатида эшитиш
• Муаммоларни ечим билан ҳал қилишга ўргатиш
• Маҳаллаларда психологик ва диний маслаҳат марказлари ташкил қилиш
• Интернетдаги таҳдидларга қарши оилавий назорат
Ёш қизларни ўзини ўзи ўлдириш каби ҳалокатли ҳолатлардан сақлаш учун уларнинг қалбида Исломга муҳаббат уйғотиш, ҳаётнинг мақсадини динга асосланган ҳолда тушунтириш, сабр ва дуонинг қудратини англатиш керак. Диндан узоқлик – инсонни нафақат руҳан, балки ҳаётан ҳам ҳалокатга етаклаши мумкин. Шунинг учун ҳам фарзандларимизнинг қалбини Ислом нурида тарбиялаш – барчамиз учун энг олий вазифадир.
Абу Муслим
(профессор, сиёсий таҳлилчи)
