Россияда дастлаб умуман жиддий қабул қилинмаган Украина устидан ғалаба қозона олмаслик, россиялик «ватанпарвар» жамоатчиликнинг ўз-ўзига бўлган ишончини қаттиқ туширди. Давомийлиги аллақачон Буюк Ватан уруши давомийлигига етиб қолган, ҳали-ҳануз охири-кети кўринмаётган ўта қонли уруш россиялик асосий омма муҳитидаги давлатпараст пафос ва ўз-ўзини улуғлаш захирасини сўриб чиқарди. Илгариги жўшқин кайфиятни ҳозир фақат бунинг учун маош оладиган пропагандистларгина намойиш этмоқда.
Америкаликларнинг Венесуэла мисолида «махсус ҳарбий операция» аслида қандай кўринишда бўлиши кераклигини кўрсатган ёрқин муваффақияти Россия аҳолисини — ҳам оддий халқни, ҳам элиталарни — янада руҳан тушкунликка солмоқда. АҚШ ҳарбийлари ва махсус хизматларининг ниҳоятда юқори самарадорлиги билан уларнинг россиялик ҳамкасбларининг ҳайратланарли даражада самарасизлиги ўртасидаги фарқ жуда кескин бўлиб чиқди. Бу ерда уларни умуман «ҳамкасблар» деб аташ мумкинми-йўқми — тушуниш ҳам қийин: улар гўё бутунлай турли оғирлик тоифаларида чиқиш қилаётгандек. Айниқса, Каракаста америкаликлар қўлга киритган муваффақият Москва томонидан шижоат билан эгалланди деб хабар берилган, аммо аслида эгалланмаган Купянск ҳамда барҳаёт қолган РДК қўмондони Капустиннинг «йўқ қилингани» ҳақидаги янги ва жуда оғриқли хатолар устига устма-уст тушгани инобатга олинса. Агар бунга Кремлнинг украинлар Путин резиденциясини ўққа тутаётгани ҳақидаги шикоятларини ҳам қўшсак — гўё қандай бетакаллуфлик! Уруш вақтида қарор қабул қилиш марказларига зарба бериш мумкинми?!
Путиннинг шахсий имижига ҳам кучли зарба берилди. Асосий сабаб ҳам ўша: Трампга бўйсунувчи тузилмалар, кўп йиллар давомида унинг россиялик ҳамкасби томонидан барпо этилган тизим вакилларига нисбатан ўн баробар самаралироқ бўлиб чиқди.
Бундан ташқари, Мадуро Москванинг энг муҳим иттифоқчиларидан бири эди ва Трамп уни қандай йўл билан четлатгани сўнггисининг манфаатларига нисбатан очиқ-ойдин эҳтиромсизликни ҳам, Вашингтонга қарши ҳеч нарса қўя олмаслигини ҳам намойиш этмоқда. Бир йил олдин Россия Асадни йўқотди, кейин америкаликлар Исроил билан бирга иронлик аятоллаларни ер билан яксон қилди, энди эса — Мадуро. Муваффақиятсизликлар тобора кўпаймоқда.
Интернетдаги маълумотлар асосида
профессор Абу Муслим тайёрлади
