loader
Foto

Тўртинчи суҳбат: Ақл ва иймон эгалари ибрат оладиган китоб

"Албатта мен ошкора огоҳлантирувчиман деб айтинг. (Уларга ҳам) Қуръонни бўлакларга ажратиб олган тақсимловчилар устига нозил қилганимиз каби бало юборурмиз. Бас, Раббингизга қасамки, уларнинг ҳаммасини қилган ишлари юзасидан албатта сўроққа тутамиз". (Ҳижр сураси, 89, 90, 91, 92, 93-оятлар)

Қуръондан ҳосил қилинадиган манфаат ақл-заковатнинг даражасига яраша бўлади. Бугунги суҳбатимизга асос бўлган оятлар Қуръони каримнинг икки сурасидан (Сод ва Ҳижр) олинган бўлиб, улардан шу нарса англашиладики, мусулмонлар Аллоҳ каломининг мазмун-моҳиятига чуқур эътибор беришлари, ундан тўғри хулосалар чиқаришга ҳаракат қилишлари, оятлар устида кўпроқ ақл юритишлари лозимдир.

كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِّيَدَّبَّرُواْ آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُو الأَلْبَابِ

Аллома Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оятни мана бундай тафсир қиладилар: "Қуръонда жуда кўп яхшилик ва чексиз илм бор... Қуръоннинг яхшиликлари ва баракотига бу китоб ҳақида фикрлаш, унинг маънолари атрофида ақл юритиш, унга қайта-қайта мурожаат қилиш орқали эришилади..."

"Ақл эгалари насиҳат олишлари учун" - дегани эса соғлом ақл эгалари Қуръон маънолари устида тафаккур юритиш билан ҳамма илмлар ва мақсадларга етишадилар, деганидир. Бу шунга далолат қиладики, ушбу китобдан олинадиган манфаат, насиҳат инсон ақл-заковатининг даражасига яраша ҳосил бўлади".

Аллоҳ яна бир оятда أَفَلاَ يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآن деб марҳамат қилган. "Қуръон маънолари устида тафаккур қилмайдиларми?!.." (Нисо сураси, 82-оят). Бу оят ҳам юқоридаги оят маъноси билан ҳамоҳангдир. Бу ҳақда имом Қуртубий ёзадилар: "Мана шу оятда "Қуръоннинг тафсири фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ривоятлар билангина қилиниши керак, деб даъво қиладиган ва араб тили қоидалари доирасида таъвил қилишни ман этадиган кимсанинг сўзига раддия бор. Яна бу оятда фикр юритишга, далил келтиришга, кўр-кўрона тақлидни бекор қилишга буйруқ ва қиёснинг мавжуд эканига далил бор".

Қуръон маънолари устида фикр юритиш ҳақида гап кетар экан, тафсир илми қоидаларидан бир нуқтани эсга олиб ўтиш даркор. Уламоларга кўра, оятлар энг аввало оятлар билан тафсир қилинади. Чунки бир оятда умумий тарзда берилган маъно бошқа бир оятда муфассал ёритилган бўлади. Агар оятнинг маъноси шу каби йўл билан очилмаса, унда Расулуллоҳнинг Суннатларига мурожаат қилинади. Ундан сўнг илмли саҳобаларнинг сўзларига, сўнг саҳобалардан тафсир илмини ўрганиш билан машғул ва машҳур бўлган тобеийнларнинг сўзларига қаралади. Агар шунда ҳам оятнинг маъноси ечилмаса, унда Қуръон калималарининг шаръий ва луғавий жиҳатдан қандай маъноларга далолат қилиши эътиборга олиниб, тафсир қилинади. (Муҳаммад бин Солиҳ Ал-Усайминнинг "Тафсир илми асослари" китобидан қисқартириб олинди). "Кимки саҳобалар ва тобеийнлар мазҳабларидан ва тафсирларидан четга чиқиб, уларга хилоф йўл тутса, у хатокор ва бидъатчи бўлади". ("Тафсир асослари ҳақида муқаддима", Ибн Таймия). Бундан кўринадики, Қуръони карим оятларини Расулуллоҳ ва салафлар тушунгандек тушуниш, сўнг уни шу доиранинг ичида ҳар бир замоннинг ўзига яраша муаммоларини ҳал этиш учун ақл ва ҳикмат билан қўлламоқ лозим. Зеро, Қуръон фақат Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг даврларидагина эмас, балки то Қиёмат кунига қадар амал қиладиган китобдир. Унинг: "Қуръон маънолари устида тафаккур қилмайдиларми?!.." - деган чақириғи саҳобалар билан бир қаторда бугунги ва эртанги мусулмонлар учун ҳам хитобдир. Қуръонда бугунги одамларни ҳам тўғри йўлга бошлайдиган, ноҳақлик ва зулмдан қайтарадиган, золимларга насиҳат қилишга чақирадиган қанчадан-қанча оятлар бор. Бу ишларни бажариш илм аҳлининг зиммасидаги фарз бўлса, унга итоат қилиш омма мусулмонлар устларидаги вазифадир.

Қуръонни Аллоҳ ҳамма замон ва маконлар учун мос келадиган ҳолда нозил қилганига қарамасдан, айрим кишилар Қуръон маъноларини бугунги кун тақозосидан келиб чиқиб ва замон кишиларининг диний-дунёвий эҳтиёжларига боғлиқ ҳолда тушунишни ёқтирмайдилар. Бунга ҳаракат қилган олимлар ва талабаларни "Қуръонни ўзининг фойдасига бурмоқда", деб айблайдилар. Ҳолбуки, Қуръон фақат бундан 1400 йил аввалги араблар жамияти учун нозил бўлган эмас, у бугунги ва эртанги ҳаёт муаммоларини ҳам ўз ичига олади. Баъзиларнинг назарида эса Қуръон намоз, рўза каби бир неча ибодат турларидан бошқа масалалар қаршисида сукут сақлаши афзалдек кўринади. Қуръоннинг ҳаётий китоб эканини тушунолмаслик, уни ҳар бир даврда босқичма-босқич амалда татбиқ қилиш мумкин ва керакли иш эканига иқрор бўлмаслик ё ақл-фаросат, илм ва тушунчадаги қолоқлик ё эса иймондаги қусурдандир. Аллоҳнинг таърифи билан айтганда "иймон келтирган ақл эгалари" (Талоқ сураси, 10-оят). ҳаёт жабҳаларининг барча қирраларига дахлдор бўлган Қуръон оятларини тўлиқ ўрганадилар. Ундаги талабларни ҳикмат ва сабр билан амалга ошириб бориш йўлларини қидирадилар ва албатта мақсадга эришадилар.

Юқоридаги сўзлар билан бир қаторда Қуръонни ўзининг ёки бирор гуруҳнинг раъйига, манфаатларига мослаб, нафсу ҳавосига берилган ҳолда таъвил қилишнинг улкан гуноҳ эканини таъкидламоқ зарур. Оятлар устида ақл юритиш лозим экан, деган баҳона билан миясига келган фикрни Қуръонга боғлаб кўрсатиш, бир оятни бошқа бир оятга ёки Расулуллоҳнинг саҳиҳ Суннатларига тескари қўйиш, салаф уламоларнинг йўлларига зид қарашларни кўтариб чиқиш мумкин эмас. Қуръонни таъвил қиладиган инсон ўтмиш уламолар томонларидан ишлаб чиқилган тафсир қоидаларини ўрганган, бу илмнинг шартларига риоя қиладиган бўлиши шарт.



Қуръони каримни бир ёқлама тушуниш, ўзига ёқадиган ҳолда талқин қилиш хатарлидир. Қуръон оятларини ўрганар эканмиз, бир вақтнинг ўзида агар ҳаётга назар солсак, Каломуллоҳга нисбатан одамларнинг бир неча хил гуруҳда эканликларини кўрамиз. Биринчи гуруҳ - Қуръонга тўлиқ иймон келтирганлар. Иккинчи гуруҳдагилар - Қуръонга ишонмайдиганлар. Учинчи гуруҳ эса Қуръоннинг баъзи ерларини қабул қилиб, бошқа қисмларини турли баҳоналар билан орқага сурадиганлар ёки рад этадиганлар. Ҳижр сурасининг 89, 90, 91, 92, 93-оятларида Қуръони каримнинг ҳаммасини бирдек тўлиқ қабул қила олмайдиган кишилар ҳақида сўз боради. Хўш, Аллоҳ таоло айтган "Қуръонни бўлакларга ажратиб олган тақсимловчилар" кимлар эди?

Қуртубий ёзадилар: "Бу ҳақда етти хил қавл бор:

1. Муқотил ва Фаро айтади: Улар 16 киши эди. Валид ибн Муғийра ҳаж мавсуми бўлганда уларни атрофга юборар эди. Улар Маккага олиб келадиган довонлар, даралар ва йўлакларни бўлиб олардилар ва шу йўлдан келаётган одамларга: "Бизнинг ичимиздан чиқиб, пайғамбарлик даъво қилаётган кимсага алданиб қолманглар, у жинни!" - дердилар. Баъзан у сеҳргар дейишарди, баъзан шоир ёки коҳин деб айтардилар. "Тақсимловчилар" деб аталишларининг сабаби - улар Макка йўлларини тақсимлаб олган эдилар. Аллоҳ уларни энг хунук ўлим билан ўлдирди...

2. Қатода айтади: Улар Қурайш қавмининг кофирлари эдилар. Аллоҳнинг китобини тақсимлаб олгандилар. Унинг бир қисмини шеър деб айтдилар. Яна бир қисмини сеҳр дедилар. Бошқа бир қисминининг отини афсун-жоду қўйиб олдилар. Яна бир қисмини эса қадимгиларнинг афсоналари дедилар.

3. Ибн Аббос айтадилар: Улар аҳли китоблар эди. Қуръоннинг бир қисмига иймон келтириб, бошқа қисмига кофир бўлдилар..."

Имом Табарий "тақсимловчилар" хусусида уч хил ривоятни келтирадилар ва сўнггидан бундай деб ёзадилар. "Агар Қуръонда ҳам, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган хабарда ҳам, ақлан ўйлаб қаралганда ҳам бу айтилган 3 тоифадан фақат биттаси мақсад қилинганига далолат қиладиган ҳужжат йўқ экан, бунинг устига оятнинг зоҳири оят тавсиф қилаётган сифатдаги ҳар қандай нарсани ифодалаши эҳтимоли бор экан, унда Аллоҳ китобининг бир қисмини тасдиқлаб, бошқа қисмини инкор қилиш билан уни бўлак-бўлак қилиб қўйган ҳар қандай кимса шу оят ҳукмига дохил бўлиши вожибдир..."

Аллома Саъдий иборалари билан айтганда "Қуръонни синфларга, қисмларга, бўлакларга ажратиб олувчилар, нафслари хоҳлаган томонга бурадиганлар", турли баҳоналар билан уни амалдан четлатмоқчи бўлганлар ўтмишда ҳам, Пайғамбар замонларида ҳам ҳалокатга учраганлар. Бу оятларда кейинги даврларда яшайдиган инсонлар учун ибрат бўлсин учун ўша ҳодисалар эслатилган.

"Бас, Раббингизга қасамки, уларнинг ҳаммасини қилган ишлари юзасидан албатта сўроққа тутамиз".

"Бу сўзларда жуда қаттиқ қўрқитиш ва уларни қилаётган ишларидан қайтариш бор". (Саъдий тафсири).

Аллоҳ барчамизни Қуръони каримни бир ёқлама эмас, балки Унинг расули ва саҳобалар тушунгандек мукаммал равишда тушунадиган ва ҳаммасига амал қиладиган инсонлардан қилсин.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР