loader
Foto

Тўққизинчи суҳбат: Айрим инсонлар бойлик туфайли туғёнга кетади

Бу ва буларнинг сўнггидан келадиган оятларда аввал мусулмон бўлиб, кейин молу дунёга ҳирс қўйиши, мутакаббирлик қилиши сабабли ҳақ йўлдан чиқиб кетган, охир-оқибат балога йўлиқиб ҳалок бўлган одам – Қорун ҳақида ҳикоя қилинади ҳамда иймон ва ақл эгаларини бу ҳодисадан ибратлар олишга чақирилади.

Саъдий: “Қорун Мусонинг қавмидан эди”, яъни ўз замонасида бутун олам аҳлининг афзали қилиб қўйилган, Аллоҳ зиёда марҳаматларини ато қилиб берган Бану Исроилдан эди. Лекин Қорун ўз қавмининг йўлидан озиб кетди, шундан “уларга зулм қилди” ва ўзига берилган улкан фитнали ишлар туфайли туғёнга кетди”.

Ибн Касир: “Қатода ибн Даома айтади: ...Қорун Мусонинг амакисининг ўғли эди. Тавротни чиройли ўқигани учун уни Мунаввар деб айтишар эди. Аммо Аллоҳнинг душмани худди Сомирий каби мунофиқ бўлиб кетди. Моли кўплиги оқибатида унинг зулми ўзини ҳалок қилди”.

Қуртубий: “Аллоҳ баён қиладики, Қорунга дунё берилган эди, у мағрурланиб, ўзидан кетди. Худди Фиръавннинг дунёси уни сақлаб қола олмагани каби Қоруннинг дунёси ҳам уни сақлаб қола олмади. Эй мушриклар, сизлар сон ва мол жиҳатидан Қорун ва Фиръавндан ортиқ эмассизлар. Фиръавнга унинг аскарлари ва мол-дунёси фойда бермади. Қорунга ҳам унинг Мусога қариндошлиги ва хазиналаридан наф бўлмади”.

Саъдий: “Биз унга дунё хазиналаридан шунчалик кўп берган эдикки, унинг калитлари бир гуруҳ кучли кишиларга ҳам оғир келар эди”. ... Яъни унинг мол-дунёси хазиналари калитларини кўтариш бақувват хизматкорлардан иборат гуруҳни ҳам қийнаб қўяр эди. Калитларининг ўзи шунақа бўлса, хазиналари ҳақида нима деб ўйлайсиз?!

“Эсланг, қавми унга” насиҳат қилиб ва туғёнга кетишдан огоҳлантириб, “бундай деган эдилар: “Сен кўп хурсанд бўлма, чунки Аллоҳ ҳаддан зиёда хурсанд бўлиб кетганларни ёқтирмайди”. Яъни бу улкан бойлик билан хурсанд бўлиб, фахрланиб кетма, бу нарсалар сени Охиратдан чалғитиб қўймасин. Чунки Аллоҳ дунё билан хурсанд бўладиганларни, унга муҳаббат билан шўнғиб кетадиганларни яхши кўрмайди".

Қуртубий: " لاَ تَفْرَحْ – хурсанд бўлма, дегани нонкўрлик ва мутакаббирлик қилма деганидир... Зажож айтади: “Бунинг маъноси мол билан хурсанд бўлма, чунки молига хурсанд бўлган одам унинг ҳаққини адо этмайди”. Мубашшир бин Абдуллоҳ деди: “Хурсанд бўлма – фасод қўзғамайсан”.

Саъдий: “Аллоҳ сенга берган нарсалар ёрдамида Охират уйини кўзла”. Яъни сенга бошқаларда бўлмаган миқдорда мол берилган экан, демак, сенда Охират ободлигини қўлга киритиш воситаси бор. Бас, бу восита билан Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни изла, садақалар қил, фақат кўнгил хоҳлайдиган нарсалар ва лаззатларни қўлга киритиш билан ўралашиб қолма. “Бу дунёдан ҳам насибангни унутма”. Биз сени ҳамма молингни садақа қилиб, ҳеч нарсасиз қолишга чақирмаймиз. Балки Охиратинг учун ҳам эҳсон қил, динингга нуқсон етказмайдиган, Охиратингга зарар бўлмайдиган тарзда дунёингдан ҳам баҳраманд бўл".

Қуртубий: “Баъзилар айтишган: Унутма, сен ҳамма молингни қолдириб кетасан, магарам мана бу насибангни бирга олиб кетасан, у ҳам бўлса кафандир. Шоир ҳам шуни таъкидлайди:

Инсон бу дунёдан териб-йиққани,

Ичра бир насиба – кафанин олур.

Қабр бўлур охир зўрға сиққани,

Бошқаси – алвидо! Кузатиб қолур”.

Саъдий: “Аллоҳ сенга” бу молу дунё билан “яхшилик қилгани каби сен ҳам” Аллоҳнинг бандаларига “яхшилик қил ва ерда” кибр-ҳавога берилиш, Аллоҳга гуноҳкор бўлиш, неъматга берилиб кетиб, неъмат берганни эсдан чиқариш билан “фасод тарқатма. Шубҳасиз, Аллоҳ бузғунчиларни яхши кўрмайди”, аксинча ундай кимсаларни қилмишлари учун ниҳоятда қаттиқ жазолайди”.



Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Бойлик Аллоҳнинг неъмати бўлиши билан бирга, фитна-синов ҳамдир. Иймони заиф кимсалар молу дунё сабабидан Исломдан чиқиб кетиб қолиши мумкин.

2. Мол-давлат кишининг яхши ёки ёмон эканига далолат қилмайди. Аллоҳ яхшига ҳам, ёмонга ҳам кўп мол-мулк бериши ёки хеч нима бермаслиги мумкин. Бу Аллоҳнинг Ўзи биладиган чуқур ҳикмат тақозоси билан содир бўлади.

3. Инсонлар бир-бирларига насиҳат қилиб туришлари, хато ёки гуноҳ қилаётган одамни чиройли насиҳатлар билан тўғри йўлга даъват қилишлари лозим.

4. Аллоҳ яхши инсонни дунё томонидан кенгу мўл қилиб қўйган бўлса, ундай одам молидан ўзининг ҳалол эҳтиёжларини қондиришда Аллоҳ ва Расул кўрсатган чегарада истифода этади. Бу неъматларнинг шукронаси учун дунёсидан доимо Аллоҳ розилиги йўлида сарфлаб боради, Охират уйи – жаннатни қўлга киритишга ҳаракат қилади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР