loader
Foto

Ўн тўртинчи суҳбат: Ҳикматлар қаймоғи бўлган оятлар

Биз бугунги суҳбатимизда Аллоҳнинг дўсти Луқмони ҳаким ҳикматлари баён этилган оятларнинг охиргилари билан танишамиз. Шу билан бир қаторда ўрганган оятларимиз ҳақида қисқа хулоса ясаймиз. Бу хулосамизни сўзимизнинг бошидаёқ айтиб қўйишимиз мумкин. Луқмони ҳаким қиссасига бағишланган мўъжаз оятлар ҳикматлар қаймоғидир. Сиз бу хулосанинг ниҳоятда тўғри эканлигига қуйида келтириладиган тафсирлар давомида иқрор бўласиз, иншоаллоҳ. Шундай қилиб суҳбатни бошлаймиз.

Ибн Касир: “وَلاَ تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ” Аллоҳ айтади: одамлар билан гаплашганингда ёки улар сен билан гаплашсалар, уларни паст санаб, ўзингни катта олиб, улардан юзингни бурма. Аксинча юмшоқ муомала қил, очиқ чеҳра билан тур. Ҳадисда келганки, “Биродарингга очиқ чеҳра билан рўпара бўлиш билан бўлса ҳам яхшилик қил...”

"وَلاَ تَمْشِ فِي الأَرْضِ مَرَحاً" – “ерда кеккайиб юрма”. Яъни керилиб, қаҳрланиб, қайсарлик билан юрма. Бундай қилсанг, Аллоҳ сени ёмон кўради. Шунинг учун У “Аллоҳ биронта ҳам кеккайган”, яъни керилган, ўзига бино қўйган “ва” ўзидан бошқалар олдида мақтанадиган “мақтанчоқ одамни яхши кўрмайди”, деди.

“Юрганингда қадамингни ўртача бос”, яъни жуда секин, имиллаб ҳам эмас, ҳаддан зиёда шошиб ҳам эмас, балки шу иккисининг ўртасида юр. Гапирганингда “овозингни пастроқ қил”, яъни ўринcиз баланд кўтарма. Шунинг учун Аллоҳ дедики, “Чунки овозларнинг хунуги эшакнинг овозидир”. Мужоҳид ва бошқалар айтишган: ...Овозини қаттиқ кўтарган одамнинг етадиган ери унинг қаттиқ ва баланд овозликда эшакка ўхшатилишидир. Шу билан бирга бу одат Аллоҳ таолога ниҳоятда ёқимсиздир. Бундай одамнинг эшакка ташбеҳ қилиниши бу ишнинг ҳаром ва қаттиқ қораланадиган иш эканини билдиради”.

Қуртубий: “Овозингни пастроқ қил” – бу ва бошқа сўзларнинг ҳаммасидан мурод тавозели бўлишга чақириқдир. Умар азонни тоқатидан ортиқ қаттиқ айтиб, ўзини қийнаб қўйган бир муаззинга: “Қовуғинг ёрилиб кетадими деб қўрқдим”, деган эдилар. (У муаззин Абу Маҳзур Самура бин Миъяр эди).

“Чунки овозларнинг хунуги эшакнинг овозидир”, яъни унинг овози энг ёқимсиз ва совуқ овоздир... Эшак қаттиқ қоралаш ва сўкиш ўрнида мисол қилинадиган ҳайвондир. Унинг ҳанграши ҳам шунақа мақсадда эсланади. Баъзилар ҳатто унинг отини очиқ айтишни хоҳламасдан мажоз орқали ифодалашган. Ифлос нарсаларнинг отини ўзгартириб айтишганидек, уни ҳам “узунқулоқ” деб айтишган... Араблардан ҳар қанча юриб чарчаса ҳам такаббурлик қилиб эшакка минмайдиганлари бўларди. Набий алайҳиссалом Аллоҳ таборака ва таолога тавозе ва хокисорлик юзасидан уни минардилар.

...Бу оят Аллоҳдан биз учун одамларни менсимасдан уларнинг олдида бақиришдан тийилиш ёки умуман бақиришни тарк этиш борасида одоб таълимидир. Жоҳилият араблари овозни баралла қўйиб, шанғиллаб гапириш каби ишлар билан фахрланар эдилар. Уларда кимнинг овози қаттиқ бўлса, ўша ҳурматли бўларди. Кимнинг овози паст бўлса, унинг обрўси бўлмас эди... Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу жоҳилият ахлоқидан “Овозингни пастроқ қил. Чунки овозларнинг хунуги эшакнинг овозидир”, деган оят билан наҳй қилди. Яъни агар овози учун ҳурмат қилинадиган бўлса, эшак ҳурматли бўларди. Демак, Аллоҳ ана ўшандай сифатлиларнинг барини шу мисолда баробар қилиб қўйди".

(Табарий: Оятда зикр этилган “ҳамийр” калимаси кўплик шаклида, аммо уни бирлик маъносида ҳам тушунса бўлади)

Ибн Касир: “Мана шу айтилганлар жуда фойдали насиҳатлардир. Улар Луқмони ҳаким ҳақидаги Қуръон қиссаларидир. У кишининг ҳикматли сўзлари ва мавъизаларидан (яна) жуда кўп нарсалар ривоят қилинган...

Луқмон ўғлига деди: Эй ўғилчам, агар бирор қавмнинг мажлисига бориб қолсанг, аввало уларга Ислом саломини бер. Кейин уларнинг бир четларига бориб ўтир. То уларнинг гапирганларини кўрмагунингча сен гапга киришма. Агар улар Аллоҳнинг зикридан гапирсалар, уларга ўз ҳиссангни кўпроқ қўш. Агар бошқа мавзуга киришиб кетсалар, улардан бошқа томонга кетавер”.

Аввалги суҳбатларимиздан маълумки, уламоларнинг кўпчилиги Луқмоннинг пайғамбар эмас, балки Аллоҳнинг солиҳ бир бандаси, Унинг дўсти, ҳаким (донишманд) инсон бўлганини айтишган. Ривоят қилишларича, у кишига Аллоҳ ё пайғамбарликни ёки ҳакимликни танлаш ихтиёрини берган. У киши ҳакимликни танлаган. Бу ҳам у инсоннинг тақвоси, ақли ва камтарлигига далолат қилади. Оқил ва доно одам ўзига ўзи ортиқча баҳо беришдан тийилади.

Қуртубий: “Луқмонга айтишди: Сиз қандай қилиб нубувватни қўйиб, ҳикматни танладингиз? Ахир, сизга Раббингиз ихтиёр берган эди-ку?! У киши деди: “Агар менга пайғамбарлик буйруқ асосида келганда мен Аллоҳдан ёрдам берилишини умид этиб, албатта қабул этардим. Аммо Аллоҳ менинг ўзимга ихтиёр бергани учун пайғамбарликни танлаб, кейин бажара олмай қолишдан қўрқдим, шунинг учун ҳикмат менга маҳбуброқ туюлди”...

Саид бин Мусайяб қора танли кишига деди: “Сен қора танлиман деб хафа бўлма, чунки одамларнинг яхшиларидан уч киши қоралардан бўлган: Билол, Миҳжаъ (Умар озод қилган қул) ва Луқмон”.

Ибн Касир: “Ибн Аби Хотам айтади: ...Абу Дардо бир куни Луқмонни эслаб деди: “У нимага эришган бўлса, аҳлу оиласи, молу дунёси ёки наслу насаби туфайли эришган эмас эди. У иродаси мустаҳкам, камгап, кўп тафаккур қиладиган, чуқур фикрлайдиган киши бўлган. Бирор марта кундузи ухламаган. Ҳеч ким унинг тупурганини, бурун қоққанини... кўрган эмас. У бекорчи ишлар билан шуғулланмас, кулмас эди. У бир марта гапирган гапини иккинчи бор қайтармас эди. Магарам, у айтган ҳикматли сўзларни бошқалар қайтариб юришарди. У уйланган, бола-чақали бўлган, аммо улар вафот этишган, улар учун йиғламаган...”

Саъдий: “Луқмон ўғлига қилган бу насиҳатлар энг асосий ҳикматларни ўзига жамлаган ва улар бу ерда зикр қилинмаган ҳикматларни ҳам тақозо қилади.... Луқмон ўғлини энг аввал диннинг асли бўлмиш тавҳидга буюрди ва уни ширкдан қайтарди. Уни тарк этиш сабабини тушунтирди.

У ота-онага яхшилик қилишга буюрди, бунинг сабабини баён қилди ...”

Дарҳақиқат, энг аввало тавҳидга буюриш, ширкдан қайтариш, сўнг ота-она ҳаққини эслатиш, уларга итоатда бўлишга чақириш, маъсиятда уларга итоат қилмаслик, аммо шунда ҳам уларни хурсанд қилиш йўлларини ахтаришга даъват қилиш, инсонни ҳамма ҳолатда ҳам доимо Аллоҳ кузатиб турганини эслатиш, ҳатто бутун коинот ичида бирор зарра Унинг назаридан ва қудратидан қочиб қутула олмаслигини таъкидлаш, Охиратни, жазо ва мукофот кунини зикр этиш, такаббурликдан қайтариш, тавозе ва камтарликка буюриш, нонкўрлик ва мақтанчоқликдан огоҳлатириш, ҳаракат ва овозда оҳисталикни тавсия этиш, буларнинг зиддидан қайтариш, амри маъруф-наҳйи мункар қилишни талаб этиш, намозни адо этишга, сабрли бўлишга буюриш, барча айтилганларнинг сир-асрорларига ишора этиб ўтиш чинакам ҳикматнинг моҳияти экан.

Саъдий: “Бундай насиҳатларни қилган инсонга албатта хос ҳикмат ато этилган ва у шу билан танилган бўлиши жуда муносиб ишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бандаларига унинг ҳикматидан бандалар учун гўзал намуна бўладиган нарсаларни ҳикоя қилиб берди”.

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Ҳикмат – фойдали илм, солиҳ амал ва хатосиз сўзлашга муваффақ бўлиш. Ҳикмат – нарсалар ва ишларни ўз ўрнига қўя билиш.

2. Киши олим бўлиши аммо ҳаким бўла олмаслиги мумкин.

3. Қуръон ва Суннат ҳикматлар асосидир.

4. Пайғамбарлик ҳикматнинг энг юксак чўққисидир.





СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР