loader
Foto

Қуръон мавзулари: ўн тўққизинчи оқшом, ўн тўққизинчи жуз...

Ўша Куни кофирлар иши қуёш нурида кўринадиган чангдек бўлиб қолади. Ўша Куни мўминлар энг яхши жой билан мукофотланадилар. Ўша Куни фаришталар осмондан тушадилар, Мулк фақат Ҳақ, Мағфиратли Зот Аллоҳники бўлади. Кофир мушриклар эса аламларидан ҳасрат надоматда бўладилар, Рисолатга эргашмаганиликлари учун қаттиқ афсусланадилар, дунё ҳаётида шайтон уларга дўстдек бўлгани ва у кофирларга хиёнат қилганини эътироф этадилар. Шайтон душманлари қаторида бўлмаганига афсус қиладилар.

Пайғамбар ўз уммати Қуръонга бепарво бўлганидан Аллоҳга арз қилади. Аллоҳ ҳар бир пайғамбарга жиноятчи душманни юборган, аммо Аллоҳ энг зўр ёрдамчи ва бандаларини тўғри йўлдан олиб борувчидир.

Кофирлар бу дунёда сўрадилар: “Нега Қуръон биттада тўлалигича тушмади?”. Аллоҳ оятларни бўлиб бўлиб туширишдан мақсад қалбни мустаҳкамлаш эди. Оятларни аниқ ва гўзал сувратда тиловат қилишга амр.



363-бет (Фурқон 33-43)

Одамларнинг пайғамбарга айтиладиган эътирозларга жавобан Аллоҳдан ҳақиқатли ва мукаммал тушунтириш-баён нозил бўлади.

Энг қаттиқ адашганларга энг оғир жазо муқаррарлиги.

Мусо ва унинг биродари Ҳорун тарихи, Нуҳ ва унинг қавми тарихи, Од ва Самуд қавми тарихи, қудуқ атрофида ўтирганлар тарихини эслатиш, устига тош ёқилган шаҳарлар қолдиқларини эслатиш: пайғамбар рисолатига қарши чиққанлар ҳалок қилинганликлари.

Кофирлар эса Қайта тирилишни инкор қиладилар ва Пайғамбар устидан куладилар. Азобга йўлиққанларида кофирлар сохта худоларга эргашиб, адашиб қолганликларини англайдилар

Оят таржимаси: “Ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унга вакил бўласанми?!“



364-бет (Фурқон 44-55)

Уларнинг аксари эшитмайдиган, ақл юритмайдиган, адашган, чорвадан баттардирлар.

Аллоҳнинг Қуёш, нур, соя, тун, кун, шамол, ёмғирни яратиш ҳикматлари ҳақида.

Ўлик ерни, одамлар ва уларнинг чорваларини суғориш учун осмон, булутлардан сув туширилиши, одамлар орасида ажратилиши ҳикмати.

Кофирлар бу ҳақиқатларни инкор қиладилар. Кофирларга ён бермаслик ва нозил бўлган оятлар кучи билан улар билан курашишга амр.

Шўр ва чучук сувларнинг ажратилиши.

Одамлар сувдан яратилганлиги.

Оят таржимаси: “Улар (кофирлар) Аллоҳдан ўзга уларга наф ҳам, зарар ҳам етказмайдиган нарсаларга ибодат қиларлар. Ва кофир Роббига қарши ёрдамчи бўлгандир”.



365-бет (Фурқон 56-67)

“Биз сени фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юборганмиз, холос.

Сен: «Мен сизлардан бунинг учун ажр сўрамайман, фақат, ким хоҳласа, Робби томон йўл олишини (сўрайман)», деб айт. Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт”.

Аллоҳ бандалар гуноҳидан энг хабардордир.

Осмонлар ва ернинг олти кунда яралиши, Аллоҳ аршга истево қилиши.

Роҳманга сажда қилишга амрга кофирларнинг исёни ва уларнинг узоқлашуви.

Коинот жисмлари, кеча-кундуз алмашинувидан ибратланиш ҳақида.

Роҳманнинг мўмин бандалари сифатлари: тавозуъли бўладилар, жоҳиллар хитобига “салом” дейдилар, тунлари саждада бедор бўладилар...

Оятлар таржимаси: “Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир.

Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”.



365-бет (Фурқон 68-77)

Мўминлар фақат Аллоҳдан ўзгага дуо илтижо қилмайдилар, ноҳақ одам ўлдирмайдилар, зино қилмайдилар. Зинокор жазоланади, Қиёматда азобга тортилади, агарки тавба қилиб, имонга келса, яхшилик қилса Аллоҳ кечириб ёмонликни яхшилик билан алмаштиради. У ўта Кечирувчи, Раҳмли Зот.

“Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар. Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар. Уларга Роббиларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар. Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир”.

Солиҳ одамларга жаннат ваъдаси.

Оятларни ёлғонга чиқарувчилар учун дўзаҳ азоби ваъдаси.



365-бет (Шуаро 1-19)

“То, Син, Мим. Булар очиқ китобнинг оятларидир.

Эҳтимол, (улар) мўмин бўлмаганлари учун сен ўзингни ҳалок қилмоқчидирсан?!

Агар хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилурмиз. Бас, уларнинг бўйинлари унга эгилиб қоладир”.

Аввалгилар ҳам пайғамбарларни инкор қилишган. Кофирлар вақти келиб истеҳзо қилган ва ёлғон деган ҳақиқат хузурларига келади. Неъматларга қараб ибрат олмайдилар,  азиз ва меҳрибон Зотга имон келтирмайдилар.

Аллоҳ Мусо (ас)ни Ўз ваъдаси ва биродари Ҳорун билан қувватлаб, фиръавн ва унинг аҳлига ҳақни даъват қилгани ва Бани-Исроилни қўйиб юбориш талаби билан жўнатилиши.

Фиръавн Мусо (ас)га саройда ўсиб улғайганини миннат қилади ва унинг аввалги айбини, яъни бир одамни ўлдириб қўйганини эслатади.



368-бет (Шуаро 20-39)

Мусо (а.с) бу ишни қасд билан қилмагани, қочишга мажбур бўлгани ва у пайғамбар бўлиб келганини баён қилади ва миннат ботил эканини исботлайди: “Ўша менга қилаётган миннатинг Бани Исроилни қул қилиб олганингдандир», деди”.

Оятлар таржимаси:

Фиръавн: «Роббул Оламийн нима?» деди.

У (Мусо): «Агар англамоқчи бўлсангиз, У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди.

У атрофидаги кишиларга: «Эшитмаяпсизларми?!» деди.

У(Мусо): « У зот сизнинг Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Роббидир», деди.

У: «Албатта, сизга юборилган Пайғамбарингиз жиннидир», деди.

У(Мусо): «У, агар ақл юритсангиз, машриқу мағрибнинг ва улар ўртасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди.

У: «Агар мендан бошқани илоҳ қилиб олсанг, албатта, мен сени зиндонбандлардан қилурман», деди.

У(Мусо): «Агар мен сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам ҳам-а?!» деди.

У: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, келтир уни!» деди.

Бас, у (Мусо) асосини ташлади. Баногоҳ у аниқ аждарга айланди.

Ва қўлини чиқарди. Банагоҳ у назар қилгувчиларга оппоқ кўринди.

У(Фиръавн) атрофидаги аъёнларига: «Албатта, бу ўта билимдон сеҳргардир.

У ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?», деди.

Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.

Сенга барча ўта билимдон сеҳргарларни олиб келсинлар», дедилар.

Бас, сеҳргарлар маълум куни келишилган вақтда жамландилар. Ва одамларга: «Сизлар тўпланиб бўлдингизми?....



369-бет (Шуаро 40-60)

... Ажаб эрмас, устин келсалар, сеҳргарларга эргашсак», дейилди”.

Сеҳргарлар ғолиб бўлишса мукофот сўрайдилар, Фиръавн ўзига яқинлаштириш ваъдасини беради.

Сеҳргарлар арқон ва таёқ асоларини ташлайдилар, Мусо ташлаган асо уларнинг уйдирмаларини ютиб бошлайди.

Сеҳргарлар сажда қилиб Оламлар Роббисига, Мусо ва Ҳорун Роббисига имон келтирадилар.

Фиръавн “менинг рухсатимсиз имон келтарасизларми деб?!” деб сеҳргарларга қийноқли қатл биланн таҳдид қилади, Мусо (а.с)ни сеҳргарлар каттаси деб туҳмат қилади.

Сеҳргарлар жавоби : “Улар: «Зарари йўқ. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз. Мўминларнинг аввалгиси бўлганимиз учун Роббимиз хатоларимизни кечиришидан умид қиламиз», дедилар”.

Мусо Аллоҳнинг амри билан ўз халқи билан кечаси йўлга чиқади. Фиръавн ўз одамларини тўплаб ўз боғ-роғларни, хазиналарини қолдириб Мусо (а.с) ва унинг халқи ортидан таъқибни бошлайди. Кейинчалик бу неъматлар Бани Исроилга мерос бўлиб қолади.

 “Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар”.



370-бет (Шуаро 61-83)

Бани Исроил қўлга тушдик деб ўйлашганда Мусо (а.с) асосини денгизга ташлайди. Денгиз иккига ажралади, Мусл (а.с) ва унинг халқи ўтиб оладилар. Ортларидан қувган Фиръавн ва унинг аҳли сувда ғарқ бўлади.

 “Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир”.

Иброҳим (а.с) тарихи.

“Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди.

Улар: «Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Ва уларга ихлос ила ибодат қилишда бардавом бўлурмиз», дедилар.

У: «Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми? Ёхуд наф ёки зарар етказа оладиларми?» деди.

Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар.

У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?! Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди.

У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қилади ҳам Унинг Ўзи.

Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи.

Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи.

Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи.

Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи.

Эй Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин...”



371-бет (Шуаро 84-111)

“...Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин.

Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин.

Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди.

Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)”.

Жаннат тақводорларга, жаҳаннам иғвога эргашганларга рўбарў қилиниши. Дўзаҳ аҳли Иблис аскарлари билан юзтубан тахланган ҳолда бўладилар, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилганликлари ҳақида афсус надоматлар қиладилар, йўлдан оздирганларни айблаб, дунё ҳаётига мўмин бўлиб қайтишни истаб қоладилар.

“Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир”.

Нуҳ (а.с) қавмидан кофирлар пайғамбарлар ва Нуҳ (а.с) рисолатини инкор қиладилар. Нуҳ (а.с) Аллоҳдан қўрқиб унга ва пайғамбарга итоат қилишга чақиради.

“Улар: «Сенга пасткашлар эргашиб турган ҳолда, биз сенга иймон келтирармидик?!» дедилар”.



372-бет (Шуаро 112-136)

Нуҳ (а.с) мўминлар ҳақида пасткашликларини билмаслигини, уларнинг ҳисоби Аллоҳда эканлиги ва уларни ўзидан хайдай олмаслигини, у фақат очиқ огоҳлантирувчилигини айтади.

Кофирлар Нуҳ(а.с)га тошбўрон билан таҳдид қиладилар.

Нуҳ (а.с) ўзи ва мўминларга нажот сўраб дуо қилади. Аллоҳ Таоло уларга кемада нажот беради. Қолиб кетган кофирлар эса ғарқ бўладилар.

“Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.”

Ҳуд (а.с)нинг Од қавмига даъвати. Пайғамбар ўз рисолати учун тўлов олмас. Од қавми баланд бинолари билан залолатга кетгани, уларга неъматлар эслатилиши. Кофирлар Аллоҳ ва пайғамбарига итоат қилиш даъватига бепарволик сўзларини айтадилар.



373-бет (Шуаро 137-159)

Аввалигалар тарихи қайтарилиши: “Улар у(Ҳуд)ни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.

Солиҳ (а.с) пайғамбарнинг Самуд қавмига Аллоҳдан қўрқиш ва рисолатга итоат қилишга даъвати. Бу қавм тошларга уйлар ўйиб ясаш билан овора шунингдек исроф қилувчи бузғунчиларга итоат қилган. Пайғамбар ўз даъвати учун одамлардан тўлов кутмас.

Самуд қавми пайғамбарни сеҳрда айблайди ва мўжиза талаб қилади. Мўжиза қилиб туя чиқарилиши, қавм туяни ўлдиради.

“Бас, уларни азоб тутди. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир”.



374-бет (Шуаро 160-183)

Лут (а.с) худди аввалги пайғамбарлардек даъват сўзларини айтади ва ҳамжинс алоқалардан қайтаради, ҳалол жуфтларга қайтишни даъват қилади. Бу қавм пайғамбарни хайдаш билан таҳдид қилади. Пайғамбар қавмидан безор бўлиб Аллоҳдаг нажот сўрайди. Аллоҳ пайғамбар ва мўмин аҳлига нажот беради, фақат бир қолувчилардан бўлган кампирни бошқа кофирлар билан қўшиб ёмғирлар билан ҳалок қилади.

“Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир”.

Мадян қавми тарихи. Пайғамбар худди аввалгилардек даъва қилади ва ўз қавмини тароздан уриб қолишдан, ерда бузғунчилик қилишдан, бировларнинг ҳаққини поймол қилишдан қайтаради.



375-бет (Шуаро 184-206)

Пайғамбар Яратган Зотдан қўрқишга чақиради. Қавм уни сеҳрланганликда айблайди, оддинй одамлигини баҳона қилишади, ёлғончи дейишади. Ўзларига бало ёғилишини сўрашади агар пайғамбар ростгўй бўлса. Аллоҳнинг жазоси устиларига ёғилади.

““Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.”.

Қуръоннинг Буюк Аллоҳдан фаришта Жаброил орқали Муҳаммад (с.а.в)га ваҳий бўлиб туширилгани, унинг соф аниқ араб тилида эканлиги. Унда аввалги Китоблардаги хабарлар бор, Бани Исроил олимлари тасдиқлай оладилар.

Кофирлар азоб келмагунича имон келтирмайдилар, Ўша Кун бирдан келганда афсусланиб яна муддат сўраб қоладилар, ҳозир эса истеҳзо билан жазони тезлатишни сўрайдилар. Улар бу дунёда йиллар мобайнида ҳузурланиб турадилар ва ваъда қилинган нарса келиши ҳақида тафаккур қилиш...



376-бет (Шуаро 207-227)

Бу дунё вақтинчалик неъматлар ёрдам бермас.

Аллоҳ ҳалок қилган шаҳарларга эслатиш учун пайғамбарлар юборилган.

Ваҳий шайтонлардан нозил бўлмаган ва бунинг имкони ҳам йўқ. Шайтонлар самодаги гапларга яширинч қулоқ тутиш даражасига четлатилганлар.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)га илоҳий амрлар:

“Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўлурсан.

Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир.

Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат.

Бас, агар улар сенга исён қилсалар: «Мен сиз қилаётган амаллардан безорман», дегин.

Ва азиз ва меҳрибон зотга таваккал қил;

Сени қоим бўлганингда кўрадиган.

Ва сажда қилгувчилар ичида ҳаракатланишингни (кўрадиган) Зотга.

Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир.”

Шайтонлар уйдирмачи ва гуноҳкор одамларга нозил бўлади, бу одамлар шайтонларга қулоқ соладилар, аксари ёлғончи.

Гумроҳ адашганлар шоирларга эргашадилар, улар войдилар кезадилар ва айтганларига амал қилмайдилар. Имонли ва солиҳ амал қиладиган, Аллоҳни кўп зикр қиладиган, мазлум бўлгач нусрат топадиган шоирлар мустасно. Золимлар ўз ҳалокатини вақти келиб биладилар.



377-бет (Намл 1-13)

“То. Сийн. Ушбулар Қуръон-очиқ китоб оятларидир”.

Қуръон ғойбга имон келтирган ва Ислом арконларини бажарадиган мўминларга Ҳидоят ва хушхабардир.

Имон келтирмаганлар амаллари ўзига чиройли кўринади, улар адашиб юрадилар ва охиратда жазоланадилар.

Пайғамбар Қуръонни шубҳасиз Ҳаким ва Билувчи Зотдан олади.

Аллоҳ Мусо (а.с) билан сўзлашгани, унга мўжизалар ато қилиб, Фиръавн аҳлига жўнатиши. Аллоҳ Мусо (ас) дейди: “…«Эй Мусо! Қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда Пайғамбарлар қўрқмаслар! Лекин ким зулм қилсаю сўнгра ёмонлик кетидан унга яхшиликни бадал қилса, бас, Мен, албатта, мағфиратли ва меҳрибондирман”.

Адашганлар асо ва оқ қўл мўжизасини кўриб, бу нарсаларни очиқ сеҳр дейдилар, ҳақиқатни инкор қиладилар.



378-бет (Намл 14-22)

Улар ҳақни ичларида билсаларда золимлик ва кибр туфайли уни икор қиладилар, ва оқибатлари аянчли.

Довуд(а.с) ва Сулаймон (а.с)га илм ато қилингани, улар Аллоҳга шукрона ҳамдлар айтишади.

Қушлар тилини билган Сулаймон (а.с) одамлар, жинлар ва қушлардан иборат аскарлари билан юриш қилиши.

“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди”.

Ҳудҳуд қуш Сулаймон (а.с)га Сабаъ мамлакатидан ишончли хабар етказиши.



379-бет (Намл 23-35)

Ҳудҳуд хабари: Сабаъ маликаси катта тахтга эга эканлиги, унинг халқи шайтон адаштиргани сабабли Қуёшга сиғиниши ҳақида. Ҳудҳуд Аллоҳнинг тавхидини тасдиқлаши.

Сулаймон (а.с) маликага хат йўллайди, малика хат “бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошланганига эътибор беради. Малика аёнларидан маслаҳат сўрайди, улар қарорни ўзига хавола қилишади. Малика ўз мамлакатини хатарга солмаслик ва урушга йўл қўймаслик мақсадида Сулаймон (а.с)га совға салом билан ўз элчиларини юборади.



380-бет (Намл 36-44)

Сулаймон (а.с) элчилар совғаси билан овунмаслиги, зеро Аллоҳнинг ато қилган неъмат бундан анча буюклиги ва барибир Сабаъ мамлакатига юриш қилишини эълон қилади.

Сулаймон (а.с) аёнларидан маликанинг тахтини ким тез келтириб бера олишини сўрайди.

Тажима: “Жинлардан бўлган Ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунга қувватим ва ишончим бор», деди.  Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. Қачонки, у(Сулаймон) у(тахт)ни ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деди”.

Малика Сулаймон (а.с) ҳузурига ташриф буюргач унга яшириб қўйилган тахтни кўрсатишади, малика уни ўз тахтига ўхшашини айтади. Саройга кирганда оёқ ости биллурдан бўлганидан уни сув деб ўйлайди ва пойчаларини кўтаради. Малика ўз куфридан воз кечиб, Оламлар Роббисига имон келтириб  Сулаймон (а.с) дини, яъни Исломга киради.



380-бет (Намл 45-55)

Самуд қавмига ўз халқидан Солиҳни пайғамбар қилиб юборилиши. Солиҳ (а.с) қавмини яхшиликка, тавба қилишга чорлайди. Самуд қавми икки қарши гуруҳга бўлиниб, пайғамбардан шумланаётганларини айтади. Пайғамбар шумланишларига сабаб бўлган аломатлар аслида Аллоҳнинг синовлигини айтади.

Самуд ичида тўққизта бузғунчи тоифа пайғамбарни макр билан яширинч ўлдирмоқчи бўлишлари. Уларнинг бу макрлари ўзларининг ҳалокатига айланди.

Лут (а.с) ўз қавмини ҳамжинслик алоқа гуноҳидан қайтаради: «Сиз кўриб-билиб туриб, фоҳиша иш қиласизми?! Сиз, албатта, аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиласизми?! Йўқ! Сиз жоҳиллик қилаётган қавмдирсиз!» деди”.

Жамшид Муслимов

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР