loader
Foto

Йигирманчи суҳбат: Буюрилгандек амал қилинг, золимларга ён босманг!

“Сиз ва сиз билан бирга тавба қилганлар қандай буюрилган бўлсангиз, ҳақ йўлда шундай турингиз, ҳаддан ошиб кетмангиз. У шубҳасиз, сизларнинг қилаётган амалларингизни кўриб турувчи Зотдир. Золим бўлган кимсаларга мойил бўлиб қолмангизким, сизларни дўзах олови домига тортур ва сизларга Аллоҳдан бошқа бирор дўст топилмас. Кейин сизларга ёрдам ҳам берилмас”. (Ҳуд сураси, 112, 113-оятлар).

Тафсирлардан маълум бўладики, Қуръони каримдаги فَاسْتَقِمْ كَمَآ أُمِرْتَ – “Қандай буюрилган бўлсангиз, ҳақ йўлда шундай турингиз”, ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг қаттиқ таъсир қилган оят эди. “Ибн Аббос дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу оятдан ҳам кўра қаттиқроқ ва машаққатлироқ оят нозил бўлган эмас. Шунинг учун асҳоблари у кишига соч-соқолингизга тез оқ тушибди-я, деганларида “Мени Ҳуд ва унинг шериклари қартайтирди”, дегандилар”. (Қуртубий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг оғир таъсир қилган оятда нималар дейилган экан?

Аллоҳ таоло бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишига эргашган мўминларни ҳақ йўлда мустаҳкам туришга буюради. Оятда “истиқомат” калимаси ишлатилган бўлиб, у “ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғиб кетмасдан бир йўлда давом этишдир. Демак, “истақим” дегани Аллоҳнинг амрига итоатда бўлишда давом этинг, деганидир”. (Қуртубий). Суфён ибн Абдуллоҳ ас-Сақафий айтадилар: Мен ё Расулуллоҳ, менга Исломда бир сўз айтингки, у ҳақда сиздан кейин ҳеч кимдан сўрамайин, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “قل آمنت بالله ثم استقم” - “Иймон келтирдим, деб айтгин-да, кейин шу сўзингда мустаҳкам тур”. (Муслим). Бир сўзда собит туриш енгил иш эмас. Бу ҳаёт шунақа мураккаб, қолаверса Аллоҳнинг синовлари шунақа кучлики, у анча-мунча забардаст инсонларни ҳам аввалда айтган сўзларидан тондириб, қилиб юрган ишларидан воз кечтириб юборади.

Ҳуд сурасининг бундан аввалги 110, 111-оятларида худди шу қабилдаги буйруқларни бажара олмаган, яъни хақ устида бир хилда барқарор ва бардавом бўла олмаган Бани Исроил қавми ҳақида ҳикоя қилинган эди. У оятларда “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга китоб, яъни Таврот бергани, Таврот Мусонинг буйруқлари ва қайтариқлари устида иттифоқ бўлишга буюргани, жамланишга чақиргани, локин шундай бўлишига қарамасдан Тавротга мансуб бўлганлар унда жиддий ихтилофлар қилишгани, бу эса уларнинг ақидаларига ва диний бирликларига путур етказгани хақида хабар беради”. (Саъдий).

Демак, модомики, Бани Исроил қавми Мусо алайҳиссалом билан ихтилоф қилишган, Таврот кўрсатган йўлда мустаҳкам тура олишмаган экан, энди барча умматларга нисбатан ўрта, мўътадил ва энг тўғри йўлда бўлган мусулмонлар аввалгилардан фарқли равишда сабр ва чидам билан ҳақ йўлни тутиб боришлари керак эди.

Саъдий: “Аллоҳ аввалгиларнинг ҳақ йўлда собитқадам бўла олмаганлари, оқибатда ихтилоф ва бўлинишга юз тутганлари туфайли Ўз набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у киши билан бирга бўлган мўминларни ҳақ йўлда қандай буюрилган бўлсалар, ўшандай туришга, Аллоҳнинг шариатлар ичидан танлаб жорий қилган шариатига юришга, Ўзи хабар берган саҳиҳ ақидаларга эътиқод қилишга, бу айтилганлардан ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғиб кетмасликка, ҳақ йўлда бардавом бўлишга, Ўзи белгилаб берган истиқомат йўлида чегарадан чиқмасликка буюрди.

“У шубҳасиз, сизларнинг қилаётган амалларингизни кўриб турувчи Зотдир”. Яъни сизларнинг амалларингиздан бирор нарса Унга махфий қолмайди, улар учун сизларга жазо ва мукофот беради. Бу сўзларда истиқомат йўлига киришга тарғиб, унинг тескарисига юришдан таҳдид бор. Шунинг учун Аллоҳ истиқомат йўлидан оғиб кетган кимсаларга мойил бўлишдан огоҳлантириб дедики: “Золим бўлган кимсаларга мойил бўлиб қолмангизким, сизларни дўзах олови домига тортур ва сизларга Аллоҳдан бошқа бирор дўст топилмас”. Демак, агар сизлар уларга мойил бўлсангиз ва уларнинг зулмига қўшилсангиз ёки улар қилаётган зулмга рози бўлсангиз, “сизларни дўзах олови домига тортур”. Агар сизлар шундай иш қилсангиз, сизларни Аллоҳнинг азобидан қутқариб қолувчи, сизларга Аллоҳнинг савобини олиб берувчи “Аллоҳдан бошқа бирор дўст топилмас”.

“Кейин сизларга ёрдам ҳам берилмас”. Яъни сизларга азоб ёпишгач, уни ҳеч ким сизлардан даф эта олмайди. Мана шу оятда ҳар қандай золимга ён босишдан огоҳлантириш бор. “الركون” – мойил бўлишдан мурод, золимнинг зулмига мойил бўлиш, унга қўшилиш, зулмида унга ён бериш, унинг зулм ишларига рози бўлишдир.

Агар бу таҳдид золимларга мойил бўлиш ҳақида айтилаёган бўлса, унда золимларнинг ўзининг аҳволи нима бўларкин?! Аллоҳдан офият сўраймиз – зулмдан Ўзи асрасин”.

Маълумки, золимлар деган сўздан мурод энг аввало ширк ва куфр аҳлидир. Бироқ бу дегани мусулмонлик даъвосини қилган ҳолда Аллоҳнинг бандаларига зулм қиладиганлар бу оятнинг ҳукмига дохил бўлмайди, дегани эмас. Негаки, Аллоҳ зулмнинг ҳар уч турини (яъни ширк келтириш, ўз нафсига зулм қилиш ва инсонларга зулм қилишни) ҳамма инсонларга, жумладан, кофирга ҳам, мушрикка ҳам, мусулмонга ҳам баб-баробар ҳаром қилган. Табарий уламоларнинг бу оятдаги зулм куфр ва ширк аҳлининг иши экани ҳақидаги сўзларини келтирганларидан сўнг айтадилар: “Аммо аҳли Ислом ичидаги гуноҳкорларга келсак, уларнинг гуноҳлари ва амалларини Аллоҳ яхши билади. Ҳеч ким Аллоҳга гуноҳ бўладиган бирор ишда келишувга рози бўлиши ва унга мойил бўлиши мумкин эмас”.

Муфассир уламолар бу оят куфру ширк аҳлини ҳам, мусулмонлар ичидаги маъсият аҳлини ҳам қоралашини айтадилар.

Қуртубий: “Оят куфр аҳлидан ва бидъатчилару бошқалардан иборат гуноҳ аҳлидан алоқани узишга далолат қилади. Чунки улар билан бирга бўлиш куфр ёки гуноҳдир. Чунки бирга бўлиш дўстликдан пайдо бўлади”.

Шуни ҳам эслаш лозимки, золимлар билан зарурат ва мажбурлик юзасидан зоҳиран алоқа қилиш жоиз. Аммо кўп ҳолларда манфаатпараст ва дунёпараст одамлар шариатнинг бу рухсатини суиистеъмол қиладилар ва: “Мен улар билан зоҳиран биргаман холос, уларга тил учида муомала қилиб, ишимни битираяпман, Исломга ва мусулмонларга ҳам фойда келтираяпман”, дейдилар. Тилда шундай. Амалда эса бундай кимсалар ҳеч қачон золимларни Аллоҳнинг тавҳидига чақира олмайдилар. Золимларни зулм қилишдан ҳеч қандай усул билан қайтармайдилар. Чунки бундай қиладиган бўлсалар, улар бир лаҳзада золимларнинг остонасидан қувилиб кетадилар.

Ибн Касир дейдилар: “Золим бўлган кимсаларга мойил бўлиб қолмангиз”. Яъни золимлардан мадад сўраманглар, унда сизлар ўшаларнинг қилаётган амалларига рози бўлгандек бўлиб қоласизлар, шу сабаб “сизларни дўзах олови домига тортур ва сизларга Аллоҳдан бошқа бирор дўст топилмас. Кейин сизларга ёрдам ҳам берилмас”. Яъни сизларни қутқарадиган дўст, Унинг азобидан халос этадиган ёрдамчи бўлмас”.

Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан аввалда ўтганлар Аллоҳнинг буйруқларини мукаммал бажо қилишда нуқсонга йўл қўйган ва бу оят бизни ана ўша ҳолатлар такрорланишидан огоҳлантирган экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир ҳадисларини эслашимиз лозим. Токи, бизнинг орамиздан ҳам кимлардир бу сўзлар бизга унча тааллуқли эмас, деб хотиржамликка берилмасинлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар ўзларингиздан аввал ўтганларнинг йўлларига қаричма-қарич, тирсакма-тирсак, қулочма-қулоч эргашиб кетасизлар. Ҳатто улардан бири эчкиэмарнинг инига кириб кетса, сизлар ҳам кирасизлар. Ҳаттоки, уларнинг биттаси йўл устида онаси билан ётса, шуни ҳам қиласизлар”. (Саҳиҳ ҳадислар силсиласи, 1348).

Наузу биллаҳ мин залика куллиҳ!

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Иймон келтиргандан кейин шу сўзда мустаҳкам туриш ҳаммага ҳам насиб этаверадиган ўнғай иш эмас. Кўп одамлар ё ўнгга ёки сўлга оғиб кетадилар. Ҳар бир мусулмон бундан эҳтиёт бўлиши ва Аллоҳдан ҳақ йўлда собит қилишини сўраб дуо қилиши лозим.

2. Исломда туриб ихтилоф қилиш, бўлиниш, бир-бирини қоралаш, жанжаллашиш аввалги умматларда юз берган. Бу умматнинг ҳам бир қисми шу балога мубтало бўлиши муқаррар. Мўмин одам ана ўшалардан бўлиб қолмасликка ҳаракат қилиши лозим.

3. Золимларнинг зулмида бевосита иштирок этмаса ҳам, уларга мойил бўлиш, рози бўлиш бу уммат ичида содир бўладиган мусибат.

4. Золимларни зулмдан қайтармасдан улар билан яхши ишларда ҳамкорлик қилиш уларнинг зулмига рози бўлишдир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР