loader
Foto

Қуръон мавзулари: йигирма иккинчи оқшом, йигирма иккинчи жуз...

Пайғамбар (с.а.в) аёллари-аҳли байт намуна сифатида гўзал ахлоқ амрлари: бу аёллар бошқа ҳеч қайси аёллар каби эмас, тақво қилиш, овоз билан ҳам фитнага сабаб бўлмаслик, гапирганда яхши қавлларни айтиш, уйда виқор билан қолиш, очиқ сочиқ юрмаслик, намозни тўкис адо этиш ва закот тўлаш, уйда тиловат қилинаётган оятлар ва ҳикматларни эслаш.

“Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар–ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир”.



423-бет (Аҳзоб, 36-43)

Аллоҳнинг ҳукми бўйича мўмин ва мўминада ихтиёр йўқлиги, осийлик қилиш адашувдир.

Пайғамбар (с.а.в) асранди ўғли Зайд талоқ қилган Зайнабга никоҳланиши ҳақида.

Пағамбарлар сифати: Аллоҳ ҳукм қилган фарзда танглик сезмайдилар, юклатилган рисолат элчиликни етказадилар. Аллоҳнинг амри қадр билан белгинаган. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлар бўлганликлари. Аллоҳ энг ҳисоб қилувчидир.

“Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”.

Мўминларга эртаю кеч зикр билан машғул бўлишларига амр “У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадир. У мўминларга ўта меҳрибон бўлган зотдир”.



424-бет (Аҳзоб, 44-50)

Аллоҳ мўминларга гўзал салом ва ажрлар тайёрлаб қўйгани.

Пайғамбар гувоҳлик берувчи, хушхабар ва огоҳлантириш етказувчи, Аллоҳ изни билан Аллоҳга даъват қилувчи чироқли нур экани.

Аллоҳнинг пайғамбарга амри: мўминларга Аллоҳнинг фазлу марҳаматини етказиш, кофирлар ва мунофиқларга итоат қилмаслик, уларнинг озорларига парво қилмаслик, энг зўр вакил зот Аллоҳга таваккал қилиш.

Мўминларга никоҳ ва талоқ ҳукмларига оид масала: қўл теккиздирилмаган талоқ иддани талаб қилмаслиги, ажрашганда гўзал муомила қилиш. Пайғамбар кимга никоҳланишга дуруст эканлиги ҳукми ва ҳикмати.



425-бет (Аҳзоб, 51-54)

Пайғамбар аёллар билан қандай муомила қилиш ҳукми, никоҳ ҳудудлари.

Имон келтирганларга хитоб:  пайғамбар ҳиммати ва ҳаёси билан суистеъмол қилмаслик, одоб сақлаш, парда ортидан сўраш, пайғамбардан кейин қолган аёлларига никоҳланиш ҳаромлиги.

Одамлар махфий сақлаган нарсалари Аллоҳга ошкора эканлиги.



426-бет (Аҳзоб, 55-62)

Парда ҳижобсиз муомила қилинадиган яқин кишилар ҳақида. Тақво қилишга чақириқ.

Пайғамбар (с.а.в)га саловот айтиш мўминларга буюрилгани. Аллоҳ ва фаришталар ҳам саловот айтадилар.

Аллоҳ ва элчисига озор берувчилар дунё ва охиратда лаънатланадилар, уларга азоб тайёрлиги.

Мўмин ва мўминаларга озор берганлар ўзларига бўхтон ва очиқ гуноҳ олганликлари.

Пайғамбар аёллари ва бошқа мўминаларга жилбоб тутишларига амр.

Таржима: “Қасамки, агар мунофиқлар, қалбларида марази борлар ва Мадинада миш-миш тарқатувчилар тўхтамасалар, сени уларга қарши қўзғотурмиз. Сўнгра улар у(Мадина)да сенга озгинадан бошқа қўшни бўла олмаслар. Лаънатланган ҳолларида, қаерда топилсалар, тутилурлар ва ўлдириб ташланурлар. Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳ тутган йўл ҳам шудир. Аллоҳнинг йўлига ҳеч бадал топа олмассан”.



427-бет (Аҳзоб, 63-73)

Одамлар қиёмат соати сўраганда бунинг жавоби: Бу соат қачонлигини фақат Аллоҳ билади, эҳтимол яқин қолгандир?

Кофирлар дўзаҳда қилмишларидан афсусда бўладилар, Исломда бўлмаганликларидан надоматда бўладилар ва бошлиқларини лаънатлаб, уларга азобни икки ҳисса қилишни сўрайдилар.

“Эй иймон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни улар айтган нарсадан поклади. Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар. Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир”.

Аллоҳ омонатни осмонлар, ер ва тоғларга таклиф қилганда улар кўнишмаган. Инсон эса бу омонатни кўтарди. Инсон - золим ва жоҳилдир.

Аллоҳ эракак ва аёл мунофиқлар, мушрикларни азоблайди. Мўмин ва мўминалар тавбасини қабул қилади. Аллоҳ - мағфиратли ва раҳмли зот.



428-бет (Сабаъ, 1-7)

Сабаъ сураси

“Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир. У ерга нима кирса ва ундан нима чиқса, биладир, осмондан нима тушса ва унга нима чиқса, биладир. Ва У ўта раҳмли ва ўта мағфиратли зотдир”.

Қиёматни инкор қилувчилар билан бахс, уларнинг даъволари бекор ва охиратда уларга жазо муқаррарлиги. Имон келтирганлар учун гўзал мукофот борлиги. Оятларда нозил бўлган ҳақиқатларни илм эгалари тасдиқлайдилар, кофирлар эса қайта тирилишни мазаҳ қиладилар.



429-бет (Сабаъ, 8-14)

Кофирлар мазаҳ қилишларига сабаб осмон, ер ва ортларидаги нарсалардан ибрат олмасликларидан эканлиги. Аллоҳ ҳохаласа устиларига осмон парчалари ташлаб ва ер юттириб ҳалок қилиши мумкин.

Доуд (а.с)га берилган фазл неъматлари: тоғ ва қушлар у билан тасбеҳ айтганликлари, пайғамбарга темир юмшоқ қилиб берилгани, совутлар ясаш, бичимни ўлчоқли қилиш, солиҳ амаллар қилишга амр.

Сулаймон (а.с)га шамол, мис кон булоғи  ва жинларни хизматкор қилиб қўйилгани Аллоҳнинг неъмати эканлиги.  Жинлар катта буюмлар ясаб беришар эди. Довуд оиласига шукр қилишлари учун эслатма.

“Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди”.



430-бет (Сабаъ, 15-22)

Моддий ва омонлик неъматларига кўмилган Сабаъ аҳли ношукурлиги учун қаттиқ жазоланиши. Иблис уларга ҳукмрон бўлмай туриб уларни адаштирганди. Фақат имон келтирганлар Иблисга эргашмадилар.

Мушрикларга хитоб: улар умуман бирон зарар етказа олмайдиган маъбудларга дуо қилиб сиғинишлари.



431-бет (Сабаъ, 23-31)

Қиёматда Аллоҳ изни билан шафоат бўлиши мумкин, у кунда ҳамма ҳақни тан олиб ортиқча гапира олмай, туришади. Кофирларга Аллоҳнинг ризқ берувчилигини, ҳар ким ўзи учун жавобгарлигини эслатиш. Пайғамбар фақат хушхабар ва огоҳлантиришни етказади, кўпчилик буни билмайди.

Бу дунёда кофирлар Ислом ҳақиқатларини мутлақо тан олмайдилар, қиёмат келганда эса афсусланиб бир бирларига гап қайтариб турадилар ва зафи санлганлари мутакаббирларини имондан тўсганликда айблашади.



432-бет (Сабаъ, 32-39)

Қиёматда кофирларнинг катталари (мутакаббирлари) заифларга сизни имондан тўсилишга мажбурламагандик, дейишса ҳам заиф саналган кофирлар кеча кундуз макрига алданганликда ва катталари ширкка мажбурлаганликда айблаб тураверадилар ва ҳаммаси дўзағга гирфтор бўлади.

Қайси қавмга рисолат келса маишатбозлари моллари ва болаларига ишониб очиқ куфр келтирар эдилар. Кофирларга мол ва болалалрининг нафи бўлмайди, имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар учун эса мол ва фарзандлар яхшилиги зиёда қилиб берилади.

Аллоҳ оятларини ожиз қолдирмоқчи бўлганлар ўзларини азобга тайёрлайдилар.

“Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир»”.



433-бет (Сабаъ, 40-48)

Фаришталарга сиғинишни даъво қилувчилар аслида жинларга сиғинганликлари Қиёматда фош бўлиши ва жазоланишлари.

Оятлар тиловат қилганда кофирлар “аждодларимизга эргашишдан тўсмоқчи холос, булар уйдирма, очиқ сеҳр”деб баҳона қилишлари. Аслида уларда бу ҳақда китоб ва илм йўқ эди. Аввалги қавмлар ҳам пайғамбарларни ёлғочига чиқаришган.

“Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт.

Сен: «Мен сизлардан ҳеч бир ажр-ҳақ сўрамадим. Бас, у сизга бўлсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У зот ҳар бир нарсага Ўзи шоҳиддир», деб айт.

Сен: «Албатта, Роббим ҳақни отур. У зот ғайбларни ўта билгувчидир», деб айт”.



434-бет (Сабаъ, 49 - Фотир, 3)

“Сен: «Ҳақ келди! Ботил бошлай олмас ва қайтара ҳам олмас», деб айт. Сен: «Агар мен залолатга кетган бўлсам, ўз зараримга кетурман. Агар ҳидоят топсам, Роббим менга ваҳий қилган нарса туфайли топурман. Албатта, У зот ўта эшитгувчи, яқиндир», деб айт.

Сен: «Агар мен залолатга кетган бўлсам, ўз зараримга кетурман. Агар ҳидоят топсам, Роббим менга ваҳий қилган нарса туфайли топурман. Албатта, У зот ўта эшитгувчи, яқиндир», деб айт”.

Маҳшарда кофирлар таваса тушиб, қоча олмасликларини билиб “имон келтирдик” деб турадилар...

“Ҳолбуки, унга олдин куфр келтирган эдилар. Ғойибга узоқ жойдан тош отар эдилар.”

Эди улар қадрлаган дуёдан тўсилиб қолганлар, шак шубҳада бўлиб ўтганлар ҳақида ибратланмаган эдилар.

Фотир сураси

Таржима “Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”.

Аллоҳ раҳматини очиб берса ҳеч ким тўса олмас. Инсонларга хитоб: Аллоҳ неъматларни ризқ берадиган ягона Илоҳ ибодатга лойиқ, бас, қаён кетмоқдалар?



435-бет (Фотир, 4-11)

Пайғамбарни аввалги халқлар ҳам ёлғочига чиқаришган.

Шайтон инсонларга душманлиги, шайтон ўз гуруҳини қизиган дўзаҳга чорлайди. Шайтон душмандек тутилиши кераклиги.

Куфр келтирганларга шиддатли азоб, имон келтириб солиҳ амал қилганларга мағфират ва улкан ажр бор.

Ёмон амалини ўзига зийнатлаб, уни гўзал деб билган кимсалар бор. Аллоҳ истаган кимсани залолатга солиб, истаганини ҳидоятга йўллайди. Адашганлар ҳақида ачиниш бўлмасин, уларнинг ишларини Аллоҳ аниқ билади.

Аллоҳ шамоллар билан булутлани йўллаб, ундан ёмғир ёғдиради ва ўлик ерни тирилтиради. Ана шундай қиёматда ҳам одамларни қайта тирилтиради.

“Кимки иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир. Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни. Макр ила ёмонликлар қилганларга шиддатли азоб бордир. Ана ўшаларнинг макри ботил бўлур".

Аллоҳ одамзотни тупроқдан сўнг нутфадан яратиши, ҳомила бўлганда инсоннинг жинси, умри Аллоҳнинг илми ва китобида бор эканлиги.



436-бет (Фотир, 12-18)

Суви турлча бўлган дарё ва денгиздан инсон учун неъматлар олиниши.

Кеча ва кундуз, қуёш ва ой беминнат ҳизматкор қилиниши Аллоҳнинг амри билан, улар Аллоҳнинг мулки. Сохта маъбудлар эса данак пўстлоғига ҳам эга эмас, уларга дуо қилинса улар эшитмайдилар, эшитса ҳам жавоб беролмайди, қиёматда ширкни инкор қиладилар. Бунинг хабарини энг хабардор зот бермоқда.

Инсоларга хитоб: одамлар Аллоҳга мухтож, Аллоҳ одамлардан мухтожмас, энг бой ва ҳамдга лойиқ зотдир, истаса бу инсониятни кетгазиб, янги халқни келтиради, У учун бу қийин иш эмас.

Қиёматда бир бирининг юки кўтарила олмайди сўрашса ҳам, қариндош бўлса ҳам.

“...Сен фақат ғайбдаги Роббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир”.



437-бет (Фотир, 19-30)

“Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлмас. Зулумотлар билан нур ҳам. Соя билан жазирама ҳам. Тириклар билан ўликлар тенг бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсага эшиттирур. Сен қабрлардаги кимсаларга эшиттиргувчи эмассан”.

Аллоҳ пайғамбарга ҳақни етказадиган огоҳлантирувчи ва башоратчи қилиб юборилганини айтади, авваллари ҳам пайғамбарлар турли мўжизалар, саҳифалар ва нурли китоблар билан юборилган. Бунга куфр келтирганларни Аллоҳ қаттиқ тутди.

Аллоҳ ерга сув тушириб ранг баранг нозу неъматлар, чорвалар туширган.

“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир”.

Аллоҳ китобини тиловат қиладиганлар, намозни адо қиладиганлар, закотни махфий ёки ошкора берадиганлар касодга учрамаслар, бу тижоратдан умидвор бўладилар ва улуғ неъматлар билан мукофотланадилар зеро Аллоҳ мағфиратли ва шукр қилувчидир.



438-бет (Фотир, 31-38)

Бу Қуръон ҳақдир ва аввалги ҳақиқатларни тасдиқлайди, Қуръон бу уммат учун мерос бўлди ва бу энг улкан фазл эканлиги, ушбу умматда имонлари турлича бўлган одамлар борлиги. Мўминлар неъматларга тўла жаннатга кирадилар, ғам қайғулардан қутулганликлари учун Аллоҳга шукроналар, ҳамдлар айтадилар.

Кофирлар дўзаҳга киритилиб, уларга на ўлим, на азобни енгиллатиш бўлади. Улар ёлбориб яна чиқарилишни сўрайдилар, солиҳ амаллар қилишни ваъда қиладилар. Уларга фурсат ва огоҳлантириш берилгани эслатилади. Энди кеч, золимларга ёрдамчи бўлмас. Аллоҳ еру осмон ғайбини ва диллардаги сирларни тўлиқ билгувчидир.



439-бет (Фотир, 39-44)

Мўминлар ер юзига халифа қилинган. Кофирлар эса фақат ўзларининг зарарларига куфр қиладилар ва куфрларини зиёда қиладилар.

Шерик қилинаётган маъбудлар яратувчилик, ер ишларини идора тадбир қилиш мисолини хужжат қилиб келтира олмайдилар, уларга китоб китоб ҳужжат қилиб берилмаган. Золимлар бир бирларига ёлғон берадилар. Шу нарсаларни айтишни Аллоҳ пайғамбарга буюрди.

Осону ерни қулаб кетишдан тутиб турувчи Аллоҳдир.

Араблар ўзларига пайғамбар келса жон-жаҳдлари билан эргашишга ваъда берган эдилар, улардан пайғамбар чиққанда уларда нафрат зиёдалашди, макр қилдилар, ўзларига макр қайтарилди. Улар ўтган қавмлар суннатига эргашдилар, Аллоҳнинг суннатига бадал топиб бўлмас, уни ўзгартириб бўлмас. Улар ер юзини сайр қилиб ўзларидан анча кучли бўлган ўтган халқларнинг оқибатлардан ибрат олишлари керак эди.  “...На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У зот ўта илмли ва ўта қодирдир”.



440-бет (Фотир, 45 - Ёсин, 12)

Барча одамлар ажалига етиб, қилмишига яраша олади, унгача Аллоҳ ўзларига ташлаб қўяди, У барча бандаларини кўриб турибди.

Ёсин сураси

“Йа.Син. Қуръони Ҳаким ила қасам. Албатта, сен Пайғамбарлардандирсан. Сироти мустақиймдасан. Бу Азизу Раҳимнинг нозил қилганидир. Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари эса, ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун”.

Одамларнинг аксари ҳақ келганда имон келтирмас, бўйинларига кишан солиб ғўдайиб қоладилар, ён атрофларини кўрмайдилар, олд орқаларига тўсиқ, кўзларига парда тушади. Уларни огоҳлантирса огоҳлантирмаса ҳам имонга келтирмаслар.

Қуръон-зикрга эргашганлар, ғойибона Роҳмандан қўрққанлар учун пайғамбар огоҳлантиради ва мағфират ва гўзал ажр хабарини етказади.

Ўлганлар тирилишлари ва қилган амаллари учун жавоб беришлари муқаррарлиги.



441-бет (Ёсин, 13-27).

Бир шаҳарга пайғамбарлар даъват билар бориш қиссаси мисол келтирилиши. Уларни шаҳар аҳли ёлғончига чиқарадилар, уларни шумликда айблайдилар ва тошбўрон қилиш билан қўрқитадилар. Пайғамбарлар ҳақни айтиб тураверадилар.  Шаҳарнинг  четидан бир киши шошилиб келиб, пайғамбарларга итоат қилишга чақиради, уларнинг эвазига ҳақ сўрмаганликларига эътибор қаратади ва ўзининг имонини эълон қилади, ширкни инкор қилади ва уни эшитишларини талаб қилади.

“«Жаннатга кир», дейилди. У: «Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди”.

Жамшид Муслимов

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР