loader
Foto

Йигирма иккинчи суҳбат: Иймон, амал, даъват, сабр

 Ибн Касир: “Бу сўзлар одамлар итоат этиб, эргашсинлар учун Аллоҳ субҳонаҳу Луқмони ҳакимдан нақл қилаётган фойдали васиятлардир: “Эй ўғилчам, шубҳа йўқки, агар амалинг”, яъни зулм ёки гуноҳ “хантал уруғи вазничалик бўлиб, у хоҳ бир харсанг тош ичида бўлсин ёки осмонларда ёки ерда бўлсин, шубҳасиз, Аллоҳ уни” Қиёмат куни адолат тарозулари ўрнатилган пайтда “олиб келтиради”. Яхшисига – яхшилик, ёмонига – жазо. ...Агар ўша зарра сип-силлиқ харсанг тош ичига қаттиқ яшириб қўйилган бўлса ҳам ёки осмонлару ернинг қайсидир бир бурчагида ғоиб бўлиб, йўқ бўлиб кетган бўлса ҳам Аллоҳ уни олиб келтиради. Чунки бирор нарса ундан яшириниб қолиб кетмайди. Осмонлару ерда зарра мисқол нарса ундан қочиб кета олмайди. Шунинг учун Аллоҳ айтдики: “Албатта Аллоҳ Латийфдир, Хабийрдир”. Латийфдирким, нарсалар ҳар қанча нозик, кичик ва арзимас бўлса ҳам Унга махфий қолмайди. Хабийрдирким, ҳатто қоронғи зулмат қўйнида ўрмалаб кетаётган чумолини ҳам билади”.

لَطِيفٌ – “Латийф” – Аллоҳнинг сифатларидан ва исмларидан бири. “Латийф” сени мақсадингга мулойимлик билан етказувчи Зот. ...Ибн Асир ўз тафсирида айтади: “Латийф” бирор ишни қилишда, манфаатларнинг энг нозик жиҳатларигача билишда ва уни халқларидан кимга тақдир қилган бўлса, ўшанга етказишда мулойимлик билан амал қиладиган Зотдир”. خَبِيرٌ – “Хабийр” – Аллоҳнинг исмларидан бири. Бўлган ва бўладиган ишларни билувчи Зот. (“Лисонул-араб”).

Саъдий: “Албатта Аллоҳ Латийфдир, Хабийрдир”. Яъни илмида, билимдонлигида шунақа диққатлики, сирларнинг ортида нималар борлигидан хабардор, саҳрою денгизлар қаърида яширинган нарсалардан воқиф. Бундан мақсад – Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис этишга даъват, қабиҳ ишнинг хоҳ озини, ҳоҳ кўпини бўлсин, қилишдан огоҳлантириш”.

Муфассирлар бу оятдан яна шундай маъноларни ҳам хулоса қиладиларки, Аллоҳ шундай қудратли ва билимдон Зотки, у ҳаётда бандасига ёзиб қўйган нарсани вақти соати келганда бу оламнинг қайсидир бир бурчагидан бўлмасин етказиб беради.

Қуртубий: “Яъни агар инсон учун аталган хантал уруғичалик ризқ ана шу айтилган манзилларда бўладиган бўлса ҳам Аллоҳ уни кимнинг ризқи бўлса, ўшанга етказиб беради. Демак сен ризқ қидиришни баҳона қилиб, елкангдаги фарзларни адо этишдан, Менга тавба қилганларнинг йўлларига эргашишдан чалғиб кетмагил”.

Муфассир бу сўзларнинг сўнггида оятни мана шундай тушунилганда, яъни Аллоҳнинг ҳам амалларни ва ҳам инсон ризқини қаердан бўлса ҳам яширинган жойидан олиб келтиришга қодир Зот экани назарда тутилса, қалбларда ҳам умид, ҳам хавф ҳисси баробар шаклланади, дейдилар.

Бу насиҳатларда мусулмонлар фарзанд тарбиясида фойдаланишлари учун чиройли ибратлар бор. Жумладан, эътибор берилаётган бўлса, Луқмон ўз ўғилларига “ўғилчам”, деб мурожаат қилаяптилар. Бу фарзандга дарс ёки тарбия бераётганда уни бир нав эркалаб-суйиб, унга ёқадиган иборалар билан мурожаат қилишга ишорадир. Аксинча, болани ҳар хил баҳоналар билан таҳқирлаш, арзимаган ишлар учун ҳам қаттиқ койиб бериш нотўғри.

Ёшларга Ислом таълимотларини ўргатилганда энг биринчи навбатда уларнинг қалбларига покиза эътиқодни жойлаштиришга эътибор берилади. Қалб иши тўғри бўлса, иншоаллоҳ бадан иши, яъни амал ҳам тўғриланади. Тафаккур тўғри йўналиш касб этади.

Дунёга эндигина назар солаётган фарзандларга Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб-билиб, назорат қилиб туради, деган ақидани чуқур сингдириш лозим. “Аллоҳдан ҳеч нимани яшириб бўлмайди. Ҳеч ким йўқ ерда ҳам Ундан қўрқ. Эртага нима еб, нима ичаркинман, нима кияркинман, деб асло ғам чекма. Сен Аллоҳнинг айтганларини чиройли қилиб бажар – Аллоҳ ҳам сенинг ризқингни қаердан бўлмасин етказади, ишларингни битиради”. Уларга бериладиган дастлабки таълимотлар шундай бўлади.

Ақида билан амал ёнма-ён ва эгизакдир. Эътиқод амал билан мустаҳкамланмас экан, у сув юзидаги кўпикка ўхшаб беқарор бўлиб қолади. Солиҳ амалларнинг боши эса намоздир.

Саъдий: “Эй ўғилчам, намозни барпо қил”. Луқмон ўғлини намозга ундади. Намозни алоҳида зикр қилди, чунки у баданий ибодатларнинг энг буюгидир.

“Яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар”. Бу талаб яхшиликка буюриш учун уни танишни, мункардан қайтариш учун уни ҳам ажрата билишни тақозо қилади. Яна яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга бўлган буйруқ шу иш учун восита бўладиган мулойимлик, сабр каби хулқларга эга бўлишни ҳам талаб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ очиқ айтди: “Сенга етган озорларга сабр қил”.

Инсон ўзи буюраётган ишни аввало ўзи бажариши, қайтараётган ишдан ўзи тийилиши лозим экан, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ўз нафсини тарбиялаб, мукаммаллаштириб боришни, бошқаларни ҳам комиллик сари бошлашни кафолатлайди”.

Демак, фарзандларга бошқалар орасида ва муносиб ўринларда яхши ишлар ҳақида чиройли усулда гапиришни, яхшиликка даъват қилишни ўргатиб борилади. Бу унинг нутқини ўстиради. Журъатли ва хушмуомала инсон бўлиб тарбия топишига ёрдам қилади. Шу билан бирга унга у ўзи гапираётган гапга аввало ўзи амал қилиши шарт эканини уқтириб турилади.

Инсон гапирган гапига ўзи амал қилишининг мисолларидан бири машаққатларга сабрли бўлишда кўринади.

Саъдий: “Инсон бир нарсага буюриб, бошқа бир ишдан қайтарса, ўзи ҳам синовларга дуч келишини, амри маъруф ва наҳйи мункар нафсларга оғир ботишини билгани учун Луқмон ўғлини сабрга чақирди. “Сенга етган озорларга сабр қил”. “Албатта” Луқмон ўғлига насиҳат қилаётган “бу” ишлар “қаттиқ бел боғлаш керак бўлган буюк ишлардандир”.

Дарҳақиқат, ҳар қандай ишда бўлгани каби амри маъруф, наҳйи мункарнинг ҳам чиройли самаралари билан бир қаторда оғир оқибатлари бўлади. Ихлос билан олиб борилган таъсирли даъватлар туфайли минглаб инсонлар ҳақ йўлни топадилар. Бу хурсандликнинг ёнида қийинчиликлар ҳам келади. Мусулмон одам ана унисига шукр, бунисига сабр қилади. Шунда машаққат билан қўлга киритган ютуқ ва савобларини ҳеч бир зиён етказмасдан ўзида сақлаб қолади. Аммо даъватнинг ширин меваларини хурсандлик билан териб олиб, унинг аччиқликлари келганда атрофдагиларга жаҳл қиладиган одам йиллаб йиққан савобларидан бир лаҳзада ажралади. Ўзининг даъвати натижаларини йўққа чиқаради. Ундай даъватчи ўзининг ёшликдан бошлаб етарли тарбия олмаганини кўрсатади. Шунинг учун фарзандларни болалик пайтларидан қийинчиликларга сабрли қилиб тарбиялаш, хам руҳан, ҳам жисмонан чиниқтириб бориш лозим.

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради. У Охиратда зарра миқдоридаги амални ҳам ҳозир қилади. Бу дунёда эса банданинг ризқини оламнинг қайси бурчагидан бўлса-да етказади.

2. Фарзандга тарбия беришда, дин аҳкомларини ўргатишда ширинсуханлик билан муомала қилинади. Уни илм олишга қизиқтириш усулларидан фойдаланилади.

3. Амри маъруф-наҳйи мункар ҳар бир мусулмонга унинг тоқатига яраша фарз бўлади. Бу фарзни бажаришда инсон албатта қийинчиликларга рўпара келади. Шундай пайтда у савоб умидида сабр қилиши, тилини ноўрин сўзлардан тийиши лозим.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР