loader
Foto

Йигирма еттинчи суҳбат: Бу дунёда ким, нима мақсад билан ва қандай яшайди?

Кимки Охиратни қўйиб, бу дунё неъматларини афзал билса ва шуларни тезроқ ҳамда кўпроқ қўлга киритишни хоҳласа, у маълум даражада бу мақсадига эришади. Бинобарин, ундай кимса ўзини жаннатдан маҳрум этади.

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Охиратга иймон келтирган инсонлар билан унга иймон келтирмаган инсонлар орасидаги фарқ қандай бўлиши кераклигига ишора қилади. Охиратнинг албатта келишига қаттиқ ишонган одамлар ўша кун учун ҳаракат қиладилар. Унга ишонмаганлар эса кўз очиб кўрган мана шу дунёлари учун ҳаракат қиладилар. Бу дунёдан ақллари етган матоҳларни кучлари етса-етмаса қўлга киритиш учун интилиб яшайдилар.

Аллоҳ таоло битта дунёда яшаб икки хил мақсадни кўзлайдиган бу икки тоифанинг ўз ҳаракатлари оқибатида эришадиган натижаларини жуда чиройли ва таъсирли услубда таърифлайди.

"Кимки шошилинч келиб кетувчи нарсани хоҳлайдиган бўлса, Биз унга - Ўзимиз хоҳлаган одамга - Ўзимиз хоҳлаган нарсани тезлаштириб берамиз".

Бу ерда шошилинч келиб кетувчи деб ушбу дунё айтилмоқда. Дарҳақиқат, дунё Охиратдан олдин "шошиб" келиб, яна "шошиб" бирпасда кетиб қолади. "Аллоҳ таоло хабар берадики, кимки йўқ бўлиб, тугаб кетадиган дунёни хоҳлайдиган бўлса, шу учун ишлаб, ҳаракат қилса, ўзининг бошланиши қаердан эдию борадиган охирги ери қаерда эканини унутса, Аллоҳ унга бу дунёнинг матоҳлари ва ўткинчи нарсаларидан Ўзи азалда Лавҳулмаҳфузда ёзиб қўйган, Ўзи хоҳлаган нарсани беради. Лекин булар фойдасиз ва вақтинча матоҳлардир. Кейин Аллоҳ Охиратда унга жаҳаннамни беради, у ўша ерга кириб азобини тортади... У инсон жаҳаннамга хорланган ва шарманда бўлган ҳолатда киради. У ҳам Аллоҳ томонидан, ҳам халқ томонидан қораланган ва Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлган ҳолда қолади. Демак, унга ҳам азоб, ҳам шармандалик жамлаб берилади". (Саъдий).

Охиратни тарк этиб, фақат шу дунёни деганлар учун Аллоҳ уларнинг ниятлари ва ҳаракатларига яраша Охиратда олишлари мумкин бўлган яхшиликларини шу дунёда тезлатиб беради. Охиратга эса уларга фақат жаҳаннам қолади холос. Бунинг устига бу дунёда шунча ҳаракат қилганлари билан ҳам барибир Аллоҳ азалда ёзиб қўйганидан ортиғини ола олмайдилар.

Табарий бундай кимсаларнинг таърифини яна ҳам тушунарлироқ қилиб келтирадилар: "Кимники ғаму ташвиши, қайғу алами, қидирган нарсаси ва нияти фақат дунё бўлса, Аллоҳ унга шу ҳаётда Ўзи хоҳлаган миқдорни тезлатиб беради. Кейин уни жаҳаннамга ташлайди".

Куртубий: "...Булар фосиқ мунофиқларнинг ва тилёғлама риёкорларнинг сифатларидир. Улар ғанимат ва бошқа тез келувчи дунёвий нарсаларни қўлга киритиш учун Ислом ва тоат либосини кийиб оладилар. Охиратда улардан у амал қабул қилинмайди, бу дунёда эса уларга тақсимлаб кўйилганидан ортиқча нарса берилмайди".

Аллоғ бу зиёнкор қавмнинг аянчли ҳолатларини баён этиш муқобилида мўмин бандаларнинг ҳам таърифларини келтирадики, бу услуб иймонли ўқувчига қониқиш ва роҳат бахш этади: "Кимки Охиратни ирода қилса ва мўмин бўлган ҳолида шу йўлда жиддий ҳаракат қилса, бас, ана ўша инсонларнинг ҳаракатлари қадрланади". Яъни, "Кимки Охиратни истаса, шунга рози бўлса, уни бу дунёдан устун қўйса, самовий китоблар ва набавий асарлар буюрганидек Охират учун ҳаракат қилса, Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, элчиларга ва Охират кунига ишонган ҳолда имкони етганича амал қилса, унинг амали қабул қилинган, ўсиб-кўпайиб борувчи, ҳимоя қилиб қўйилган бўлади. Бундай йўл тутган кишиларнинг ажрлари ва савоблари Раббилари ҳузурида сақланиб туради. Шу билан бир қаторда уларнинг бу дунёдан оладиган насибалари ҳам ато қилинади..." (Саъдий).

"Аллоҳ уларнинг яхши амалларини қадрлайди, гуноҳларини кечиради". (Табарий).

Мўминлар ҳам, фосиқлар ҳам бу дунёда Аллоҳнинг неъматларидан баробар фойдаланадилар. Иймон аҳли ўз насибаларини Аллоҳнинг розилиги билан оладилар. Кофир-фосиқларники эса уларга бериладиган азобларнинг яна ҳам қаттиқрок бўлиши учундир.

Аллоҳ таоло икки тоифанинг Охиратдаги оқибатлари баёнидан сўнг, яна уларнинг бу дунёдаги ҳаётларига эътиборни қаратади. Негаки, бу дунёдаги инсонларнинг ҳаёт тарзи, турмуш даражалари уларнинг кофир ёки мўмин эканликларидан қатъий назар турли-тумандир. Бир қарасангиз, кофир ва фосиқ кимсаларнинг роҳат-фароғат, айш-ишрат ичида ҳаёт кечираётганларини кўрасиз. Бир томонда мусулмонларнинг қийналиб умр ўтказаётганларига гувоҳ бўласиз. Баъзан бунинг акси хам бўлади. Аллоҳ бу ҳолатларнинг сабабини тушунтириб, бундай дейди: "Ҳар қайсиларини - буларни ҳам, ана уларни ҳам Раббингизнинг марҳаматидан қувватлантирамиз. Раббингизнинг марҳамати ман этилган эмас".

"Эй Муҳаммад, Раббингиз ҳар икки тоифага - шошилинч дунёни хоҳлайдиганларга ҳам, мўмин бўлган ҳолда Охиратни хоҳлаб, унинг учун ҳаракат қиладиганларга ҳам Ўзининг марҳаматидан ато қилади. Ҳар икки гуруҳни то муддат тугагунча, уларга ёзилган муҳлат тўлиқ ниҳоясига етгунча Ўз ризқидан озиқлантиради. Ўлимдан сўнг уларнинг ҳолатлари бир-бирларидан фарқли равишда ўзгаради..." (Табарий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Агар сен банда гуноҳ қилаётган бўлса ҳам Аллоҳ у яхши кўрган нарсаларни бераётганини кўрсанг, бас бу фақат истидрождир, холос". Кейин бу оятни тиловат қилдилар:

"Қачонки, улар ўзларига эслатилган нарсаларни унутганларидан сўнг устларига ҳамма нарсанинг эшикларини очиб юбордик. То ўзлари эришган нарсалардан хурсанд бўладиган пайтга етганларида уларни тўсатдан азобга гирифтор қилдик. Қарабсизки, бир лаҳзада ҳамма нарсадан маҳрум бўлдилар". (Анъом сураси, 44-оят). Бу оятда кофирлар даъват ва насиҳатни қабул қилмаганларидан сўнг, уларнинг устларига неъмат дарвозалари очиб юборилгани, бундан мағрурланиб кетган иймонсизлар шод-хуррам бўлиб турган пайтларида тўсатдан оммавий азоб келиб, уларни ҳалок қилгани ҳақида хабар берилмоқда.

Бу дунёда одамларнинг ҳаёт даражаси турли-туман, паст-баланд экан, Охират ҳаёти ҳам шунга ўхшашдир. У ерда мўминларнинг даражалари бу дунёдаги ибодатлари, амалларига қараб юксалиб бораверади.

"Қаранг, Биз бирларини бирларидан қандай устун қилиб қўйганмиз. Охират даражалари эса ниҳоятда улкан ва афзаллиги жуда буюкдир". Бу ваъдани эшитган инсонлар, албатта, Охиратдаги даражалари ортиқроқ бўлишига ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Улар дунёга муккадан кетишдан сақланишлари даркор.

Ибн Масъуд дедилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйра устида ёнбошлаб ётган эканлар. Бўйра ёнларига ботиб кетибди. Уйғонганларидан кейин ёнларини силай бошладим. Кейин айтдим: Эй Расулуллоҳ, бизга айтганингизда-ку, бўйра устига бирор нарса солиб берардик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Мен нима учун келдим дунёга?! Дунё учунми?! Мен билан бу дунёнинг мисоли шунга ўхшайдики, бир туяга минган одам дарахт соясида дам олди-да, кейин дарахтни тарк этиб, йўлига равона бўлди".  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ичида мана бу сўзлар бўлар эди: "Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини жон сақлашга кифоя киладиган озуқа қилгин". (Муслим).

"Бу ҳадисда кифоя қиларли даражадаги ризқнинг афзаллигига, дунёдан ҳам кифоя қиларли миқдорда олиб, ундан ортиғидан тийилишнинг яхши иш эканига далил бор. Бу Охират неъматининг тўлиқ бўлишига умид этиш, боқий қоладиганни фоний бўладигандан устун қўйиш бўлади".

"Кимнинг ғам-ташвиши Охират бўлса, Аллоҳ унинг тарқоқ ишларини жамлайди, бойлигини унинг қалбида қилади, дунё унинг олдига мажбурликдан келади. Кимники нияти дунё бўладиган бўлса, Аллоҳ унинг қидирган нарсасини тўзитиб юборади, фақирлигини кўзининг олдига келтириб қўяди, дунёдан эса фақат унга ёзилгани келади, холос".

"Анас ибн Моликдан ривоят қилинади. У киши дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қиёмат куни дунё аҳлининг кофирлари ичидан энг кўп неъматга эришган киши олиб келинади. "Уни дўзахга бир шўнғитиб олинглар", деб айтилади. Шундан кейин дўзахга шўнғитиб олинади. Кейин унга айтилади: "Эй фалончи, сенга (дунёда) бирор марта неъмат текканмиди?" У айтади: "Йўқ, менга бирор марта ҳам неъмат етмаган". Яна мўминлардан энг қаттиқ зарар ва балолар кўрган бир инсонни олиб келинади. "Уни жаннатга бир марта шўнғитиб олинглар", дейилади. Уни жаннатга шўнғитиб олиб чиқадилар. Кейин унга: "Эй фалончи, сенга (дунёда) бирор зарар ёки бало етганми?" - деб сўралади. У: "Менга бирор марта ҳам зарар ёки бало етгани йўқ", - дейди".

Ха, хоҳ неъмат бўлсин, хоҳ машаққат бўлсин, ўткинчи дунёники экан, у Охират неъмати ва азоби олдида ҳеч нима бўлмай қолади. Шундай экан, биз мўминларга бу дунёдан Аллоҳнинг Ўзи ёзиб, тақсимлаб қўйган покиза ризқи яхши. Бироқ, шошқалоқлик, нафсини жиловлаб ололмаслик, борига қаноат қилмаслик феъли айрим одамларда кўринади. Аллоҳнинг берганига рози бўлиб, ховлиқиб ҳам кетмасдан, дангасалик ҳам қилмасдан ҳалол меҳнат ва ибодат билан ўрта йўлдан боришимизни Аллоҳ насиб этсин.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР